Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Бепарволик – пушаймонлик, эҳтиёткорлик – омонлик

26.04.2021   3109   5 min.
Бепарволик – пушаймонлик, эҳтиёткорлик – омонлик

Ислом дини ҳар қандай шароитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкилиши кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум. Бугунги кунда ўзини фуқаро сифатида англаётган барча юртдошларимиздан турли кучлар томонидан қилинаётган фитналар, турли тажовузлар моҳиятини тўғри ва теран англаш талаб этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга фитналар тўғрисида жуда кўп бора айтиб, ундан эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаганлар. 

Солим (ибн Абдуллоҳ ибн Умар) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар ёнида  туриб: “Фитна ана у тарафдан, шайтон шоҳи (ёки қуёш тожи) чиқадиган томондан содир бўлади”, — дедилар”. Ваҳоланки, ҳозирги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршилик, жумладан, Яқин Шарқда, Ироқ ва Сурия мамлакатларида бўлаётган қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди. Шу ўринда қуйидаги ҳадиси шарифга диққат қилинг. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар бошига бир замон келурки, унда қотил нима учун қатл қилганини ва мақтул нима учун қатл қилинганини англамайди», – дедилар». Муслим ривоят қилган. 

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва ундай фитналарни ташкиллаштирувчи фитначилардан эҳтиёт бўлишимизга чорлаб, Анфол сурасининг 25-оятида шундай дейди: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”. 

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу каби фитналардан эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаб: “Фитналар содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган афзалдир, тик турган эса юриб кетаётгандан, юриб кетаётган эса югуруб кетаётгандан афзалдир, кимки фитнага аралашиб қолса, ҳалокатга учрайди ва кимки ундан паноҳ топса, дарҳол яширинсин!” – дедилар. 

Бугун инсоният ғоявий урушлар, маънавий зиддиятлар, бир ҳовуч зўравон ғояларнинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган бир вазиятда яшаяпти. Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Мусулмонлар бундай шароитларда ҳар қачонгидан ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлидан қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ. 

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”-дея огоҳ этган эдилар. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара (Мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқ)нинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар,” – дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз? У зот: “Амирларингизнинг фармоишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!” – дедилар”. Мазкур ҳадиси шарифдан маълум бўладики, жамият орасида турли фитналар бошланганда халқ учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, ҳокимларга итоат этиш, фармонларини бажаришдир. Чунки, одатда юрт раҳбаригина халқ тинчлигини таъминлаб бериш ва фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун жон куйдирар экан. 

Хулоса шуки, жонажон юртимизни турли хил фитна, ғаразли хуруж ва ёт ғоялардан, ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг асл мақсадларини биринчи навбатда ўсиб келаётган ёш авлодга шунингдек, барча фуқароларимизга тушунтириш муҳим эканлигини ҳар биримиз чуқур ҳис этишимиз керак. 

Дин ниқоби остидаги ҳар хил оқим ва фирқаларнинг диний-экстремистик руҳдаги ақидалари барқарор ҳаётимизга таҳдид солаётгалигини бот-бот такрорлаб, ватандошларимизни лоқайдлик, бефарқликдан йироқ бўлган ҳолда мавжуд вазиятдан огоҳликка чақиришга ҳар биримиз бурчлимиз. Зеро, донишмандлар “бепарво – пушаймонда, эҳтиёткор – омонда” дея бежиз айтишмаган.

 

Х.Матякубов

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   229   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар