Ислом динида Рамазон ойи улуғ ойлардан ҳисобланади. Унда рўзадор одамнинг уйқуси ҳам ибодат, намозини қоим қилиш ҳам ибодатдир. Унинг ҳар бир амалига кўплаб савоблар зиёда қилинади. Рамазон мусулмон кишининг дуоси қабул бўладиган ойдир. Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг раҳмат ва баракалари ёғиладиган ойдир. Рамазон мўмин ва мусулмонлар учун барака ойидир. Уларнинг ададини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Эътиборингизга Аллоҳ таоло қодир қилганича улардан 22 тасини келтириб ўтамиз:
1. Рамазонда Қуръоннинг баракаси:
Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида «Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у Зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Тасаввур қилинг: Қуръони карим тиловат қилинганда ерга қанчадан қанча фариша тушади. Аллоҳ таолонинг энг сўнги китобининг шу ойда нозил бўлиши ҳам бу ойнинг улуғ баракотли ой эканлигини билдиради.
2. Рамазонда рўзанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Ҳадиси қудсийда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббилари Аллоҳ таолодан ривоят қилганлар) Аллоҳ таоло: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир. Унинг мукофатини Мен берурман. У (одам боласи)шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилур», –деди. Имом Муслим ривоят қилганлар.
3. Рамазондаги биринчи кечанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади. Дўзаҳ эшиклари ёпилади. Улардан бирон эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Хар кеча бир нидо қилувчи: «Эй яхшиликни истовчи, келиб қол! Эй ёмонликни истовчи, бас қил», – деб нидо қилади», – дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.
4. Рамазон кечаларида қоим бўлиш ва таҳажжуднингбаракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.
5. Рамазон ойида садақанинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда ўз умматларига ўрнак бўлар эдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг энг авжи Рамазонда бўлар эди. У Зот Рамазонда эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар.
6. Рамазонда ифторнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики, ифторга шошилишар экан, одамлар яхшиликда бўлаверадилар», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жала: «Бандаларимнинг менга маҳбуброғи оғиз очишни тезлатганлари» , деб айтди», дедилар.
7. Ифторлик қилиб беришнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади.бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас», дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.
Бу билан у ўзи рўза тутмаса бўлади дегани эмас. Чунки рўза фарз ибодат ҳисобланади. Бу ҳадис ифторлик қилиб беришнинг қанчалик савоби улуғ иш эканини билдириш учун айтилган.
8. Рамазонда ифторлик пайтида қилинадиган дуонинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ифторлик вақтида: «Аллоҳ номи билан, Аллоҳим сен учун рўза тутдик. Сенинг ризқинг билан ифторлик қилдик, бизлардан (рўзамизни)қабул қилгин. Албатта, Сен ўзинггина эшитувчи, билувчисан», демоқни васият қилдилар.
9. Рамазонда ижобат бўладиган дуо баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўзадор учун ифторлик вақтида рад қилинмайдиган дуо бор», дедилар. Бошқа бир ҳадисда «Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади. Роббисига йўлиққан вақтда (Рўзаси) билан хурсанд бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.
10. Рамазонда Лайлатул қарднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Чунки Қадр кечаси минг ойдан афзалдир. Шунинг учун баъзи саҳоба ва тобеинлар Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ғусл қилиб, ўзларига хуш бўйликлар сепиб юришарди. Қадр кечаси шу ўн кун ичида бўлгани учун.
11. Рамазонда саҳарликни баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда: «Бизларнинг рўзамиз билан аҳли китоблар рўзасини орасини ажратиб турадиган нарса саҳарда таомланмоқ», деганлар.
12. Рамазонда фитр садақасини баракаси: Рўзадор рамазон рўзасини тутиб бўлгандан кейин рўза давомида қилган хато ва камчиликларни тўлдириш учун беради. Фитр садақаси Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Ундан олдин бериш жоиздир.
13. Рамазон ойида умранинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон ойида қилинган умра ҳажга тенгдир», деганлар.
14. Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳиднинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, рўзадорнинг оғзидаги ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир», дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.
15. Рамазонда чиройли хулқ ва одобли бўлишнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз рўза тутса, фаҳш ҳамда лағв сўзларни гапирмасин. Агар бирор киши сўкса ёки уришса, мен рўзадорман», десин», дедилар.
16. Рамазонда унутиб таом истеъмол қилишнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини давом эттираверсин. Чунки Аллоҳ у кишини таомлантирибди ва сероб қилибди, холос», дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар.
17. Рамазонда рўзани очиб бўлгандан кейин таомланиш ва серобланишнинг баракаси:
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар» (Бақара сураси, 187-оят).
18. Рамазоннинг ёши улуғлар ва ҳомиладор аёлларга баракаси:
Аллоҳ таоло катта ёшдаги рўза тута олмайдиган кишиларни фидя беришга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сураси 184-оятида:«(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим», деб марҳамат қилган.
Ҳомиладор аёл бўлса туғуб бўлгандан сўнг рўзасининг қазосини тутиб беради.
19. Рамазонда жаннатнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло рамазонниг хар кунида жаннатини зийнатлайди», деганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда эса Жаннатдаги бир эшик фақат рўзадорлар учун эканлиги айтилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор. У «Райён» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди.«Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди», дедилар. Имом Бухорий ривояат қилганлар.
20. Рамазонда истиғфорнинг баракаси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда фаришталар рўзадорлар ифторлик қилгунларича уларга истиғфор айтадилар», дедилар.
21. Рамазонда хайрли ишларнинг баракаси:
Имом Суфён Саврий агар рамазон келса, ҳамма нафл ибодатларни тарк қилиб, фақат Қуръон тиловат қилар эдилар.
22. Барча тоатларнинг жамланишидаги барака:
Рамазонда барча тоатлар жамланади. Мисол: намоз, рўза, кечқурун қоим бўлиш, Қуръонни хатм қилиш, умра, ифторлик қилиб бериш, истиғфор, тавба, қариндошлардан хабар олиш ва бошқа ибодатлар.
Обид МИРҲАМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Иймон ва тафаккур
Доктор Зағлул Нажжор шундай дейди:
“Рамазон ойи кириб келганда инсон ўз нафси билан бир лаҳза тўхтаб, фикр юритиши ва тафаккур қилиши керак. Чунки ҳар бир Рамазон – Қуръони карим билан янги саёҳатдир. Мен одатда бир сура ёки бир нечта оятни танлаб, унинг маънолари ҳақида чуқур ўйлайман, сирларини англашга ҳаракат қиламан.
Бу йил эса менинг эътиборимни бир ояти карима ўзига тортди. У қалбимни ларзага солди ва Яратган Зотнинг буюк қудратини янада чуқур ҳис қилдирди. Ушбу ояти карима инсонни фақат қарашга эмас, балки чуқур тафаккур қилишга чорлайди.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Ахир улар туяларга қараб, қандай яратилганига боқмайдиларми – у қандай яратилган?” (Ғошия сураси, 17–оят).
Туя – ер юзини кезувчи ажойиб мўъжизакор ҳайвонлардан биридир. Келинг, унинг баъзи ҳайратланарли хусусиятлари ҳақида мулоҳаза қилайлик.
Туя шўр сувни ҳам ичиши мумкин. Аммо шунга қарамай, унинг танасидаги мувозанат бузилмайди. Чунки унинг буйраклари жуда мукаммал тозалаш тизими каби ишлайди: сувни туздан ажратиб, танасига тоза ҳолда етказади.
Туя қаттиқ тиканларни ҳам бемалол истеъмол қила олади. Бу эса унинг оғзи ва ҳазм тизими ўзига хос тарзда яратилгани билан боғлиқ. Шу сабабли тиканлар унга зарар етказмайди.
Туянинг кўзлари ҳам жуда ажойиб тарзда яратилган. Унда икки хил қовоқ бор: бири оддий қовоқ, иккинчиси эса шаффоф пардага ўхшайди. Қум бўрони пайтида шу шаффоф қовоқ ёпилиб, туя йўлини кўришда давом этади, аммо кўзига бир дона қум ҳам кирмайди.
Унинг яна бир ажойиб хусусияти - танаси ҳароратини муҳитга мослаштира олишидир. Совуқ жойда ҳароратини кўтаради, жуда иссиқ саҳрода эса пасайтиради. Бу даражадаги мослашув бошқа айрим жонзотларда учрамайди.
Шунинг учун Қуръон каримда: “Улар туяга қарамайдиларми – у қандай яратилган?” – дея тафаккурга чақирилади.
Бир оз диққат билан қараган инсон ушбу махлуқнинг ҳар бир аъзосида Аллоҳнинг қудрати намоён эканини кўради. Гўёки унинг ҳар бир ҳужайраси: “Бу Аллоҳнинг яратишидир”, деб гувоҳлик бераётгандек.
Олимлар айтадиларки, ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсон эътиборини туя яратилишидаги сирларга қаратмоқда. Чунки унда тафаккур қилган инсон учун тавҳид (Аллоҳни ягона деб эътиқод қилиш) га элтувчи далиллар ва илоҳий қудратнинг белгиларини кўриш мумкин.
Ҳақиқий илм аҳллари шуни таъкидлашади: туя яратилиши ҳақида тафаккур қилган инсон Қуръон карим табиатига бекорга ишора қилмаганини англайди. У инсон ақлини оддийдек кўринган, аммо ажойиб яратилган махлуқотлар орқали Аллоҳ таолонинг қудратини англашга чақирмоқда:
“Эй Роббим, Сен нақадар буюксан!
Китобингдаги ҳар бир оят – нур,
яратган ҳар бир махлуқинг – далил,
ва ҳар бир тафаккур – иймон эшикларидан бирини очади”.
Илёсхон Аҳмедов таржимаси.