Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Сентябр, 2026   |   20 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:27
Қуёш
05:50
Пешин
12:23
Аср
17:00
Шом
18:59
Хуфтон
20:17
Bismillah
02 Сентябр, 2026, 20 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Рамазоннинг 22 баракаси

19.04.2021   19467   8 min.
Рамазоннинг 22 баракаси

Ислом динида Рамазон ойи улуғ ойлардан ҳисобланади. Унда рўзадор одамнинг уйқуси ҳам ибодат, намозини қоим қилиш ҳам ибодатдир. Унинг ҳар бир амалига кўплаб савоблар зиёда қилинади. Рамазон мусулмон кишининг дуоси қабул бўладиган ойдир. Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг раҳмат ва баракалари ёғиладиган ойдир. Рамазон мўмин ва мусулмонлар учун барака ойидир. Уларнинг ададини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Эътиборингизга Аллоҳ таоло қодир қилганича улардан 22 тасини келтириб ўтамиз:

1. Рамазонда Қуръоннинг баракаси:

Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида «Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у Зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Тасаввур қилинг: Қуръони карим тиловат қилинганда ерга қанчадан қанча фариша тушади. Аллоҳ таолонинг энг сўнги китобининг шу ойда нозил бўлиши ҳам бу ойнинг улуғ баракотли ой эканлигини билдиради.

2. Рамазонда рўзанинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади»,  дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Ҳадиси қудсийда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббилари Аллоҳ таолодан ривоят қилганлар) Аллоҳ таоло: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир. Унинг мукофатини Мен берурман. У (одам боласи)шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилур», –деди. Имом Муслим ривоят қилганлар.

3. Рамазондаги биринчи кечанинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади. Дўзаҳ эшиклари ёпилади. Улардан бирон эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Хар кеча бир нидо қилувчи: «Эй яхшиликни истовчи, келиб қол! Эй  ёмонликни истовчи, бас қил», – деб нидо қилади», –  дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.

4. Рамазон кечаларида қоим бўлиш ва таҳажжуднингбаракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.

5. Рамазон ойида садақанинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда ўз умматларига ўрнак бўлар эдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам  яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг энг авжи Рамазонда бўлар эди. У Зот Рамазонда эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар.

6. Рамазонда ифторнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики, ифторга шошилишар экан, одамлар яхшиликда бўлаверадилар», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жала: «Бандаларимнинг менга маҳбуброғи оғиз очишни тезлатганлари» , деб айтди»,  дедилар.

7. Ифторлик қилиб беришнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади.бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас»,  дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.

Бу билан у ўзи рўза тутмаса бўлади дегани эмас. Чунки рўза фарз ибодат ҳисобланади. Бу ҳадис ифторлик қилиб беришнинг қанчалик савоби улуғ иш эканини билдириш учун айтилган.

8. Рамазонда ифторлик пайтида қилинадиган дуонинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ифторлик вақтида: «Аллоҳ номи билан, Аллоҳим сен учун рўза тутдик. Сенинг ризқинг билан ифторлик қилдик, бизлардан (рўзамизни)қабул қилгин. Албатта, Сен ўзинггина эшитувчи, билувчисан»,  демоқни васият қилдилар.

9. Рамазонда ижобат бўладиган дуо баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўзадор учун ифторлик вақтида рад қилинмайдиган дуо бор», дедилар. Бошқа бир ҳадисда «Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади. Роббисига йўлиққан вақтда (Рўзаси) билан хурсанд бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.

10. Рамазонда Лайлатул қарднинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Чунки Қадр кечаси минг ойдан афзалдир. Шунинг учун баъзи саҳоба ва тобеинлар Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ғусл қилиб, ўзларига хуш бўйликлар сепиб юришарди. Қадр кечаси шу ўн кун ичида бўлгани учун.

11. Рамазонда саҳарликни баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Яна бошқа бир ҳадисда: «Бизларнинг рўзамиз билан аҳли китоблар рўзасини орасини ажратиб турадиган нарса саҳарда таомланмоқ»,  деганлар.

12. Рамазонда фитр садақасини баракаси: Рўзадор рамазон рўзасини тутиб бўлгандан кейин рўза давомида қилган хато ва камчиликларни тўлдириш учун беради. Фитр садақаси Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Ундан олдин бериш жоиздир. 

13. Рамазон ойида умранинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон ойида қилинган умра ҳажга тенгдир», деганлар.

14. Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳиднинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, рўзадорнинг оғзидаги ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир»,  дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.

15. Рамазонда чиройли хулқ ва одобли бўлишнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз рўза тутса, фаҳш ҳамда лағв сўзларни гапирмасин. Агар бирор киши сўкса ёки уришса, мен рўзадорман», десин», дедилар.

16. Рамазонда унутиб таом истеъмол қилишнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини давом эттираверсин. Чунки Аллоҳ у кишини таомлантирибди ва сероб қилибди, холос»,  дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар.

17. Рамазонда рўзани очиб бўлгандан кейин таомланиш ва серобланишнинг баракаси:

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар» (Бақара сураси, 187-оят).

18. Рамазоннинг  ёши улуғлар ва ҳомиладор аёлларга баракаси:

Аллоҳ таоло катта ёшдаги рўза тута олмайдиган кишиларни фидя беришга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сураси 184-оятида:«(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим», деб марҳамат қилган.

Ҳомиладор аёл бўлса туғуб бўлгандан сўнг рўзасининг қазосини тутиб беради.

19. Рамазонда жаннатнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло рамазонниг хар кунида жаннатини зийнатлайди»,  деганлар.

Яна бошқа бир ҳадисда эса Жаннатдаги бир эшик фақат рўзадорлар учун эканлиги айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор. У «Райён» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди.«Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди», дедилар. Имом Бухорий ривояат қилганлар.

20. Рамазонда истиғфорнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда фаришталар рўзадорлар ифторлик қилгунларича уларга истиғфор айтадилар»,  дедилар.

21. Рамазонда хайрли ишларнинг баракаси:

Имом Суфён Саврий агар рамазон келса, ҳамма нафл ибодатларни тарк қилиб, фақат Қуръон тиловат қилар эдилар.

22. Барча тоатларнинг жамланишидаги барака:

Рамазонда барча тоатлар жамланади. Мисол: намоз, рўза, кечқурун қоим бўлиш, Қуръонни хатм қилиш, умра, ифторлик қилиб бериш, истиғфор, тавба, қариндошлардан хабар олиш ва бошқа ибодатлар.

Обид МИРҲАМИДОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

28.08.2026   47177   6 min.
Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.

28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.

Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.

– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.

Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.

– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.

Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.

Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.

Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.

– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.

Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.

Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.

Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.

Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.

– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.

Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари