Яна бир Рамазонгача – раҳмат ва мағфират ойигача яшашимизга имкон берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Келинг, бу ойни охират ҳаёти учун кўпроқ фойда билан ўтказишга ҳаракат қилайлик, чунки эҳтимол кимдир учун бу охирги рамазон ҳам бўлиши мумкин.
Рамазон - бу бошидан бошлаш, тавба қилиш ва ҳаётингизни ўзгартириш учун имконият.
Агар сиз Қуръон ўқишни, тинглашни ёки ёдлашни, қўшимча ибодат қилишни, тунларингизни ибодат билан ўтишини, Аллоҳни кўпроқ зикр қилишни истасангиз ўша ишингизни шу муборак ойдан бошланг!
Ушбу имкониятни қўлдан бой берманг!
Аллоҳ бу ойни биздан рози бўладиган тарзда ўтказишимизга ёрдам берсин!
Ўтган Рамазонда биз билан бирга бўлган қанча дўст ва ёронларимиз, устозларимиз бугун қабрлардан жой олишган.
Ўлим тўсатдан келади ва ўлимдан кейин ҳеч ким бу дунёга қайтмайди.
«Токи қачон улардан (яъни мушриклардан) бирига ўлим келганида:
«Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур». (Мўминун, 99-100 оятлар).
Ўлимдан кейин бу дунёга қайтишнинг иложи йўқ, лекин ҳамма: агар у гуноҳкор бўлса - тавба қилиш ва агар у яхшилик қиладиганлардан бўлса - яхши амаллар сонини кўпайтириш учун хоҳлайди.
Агар бу Рамазондан кейин вафот этсак-чи?
Биз яна рўза тутиш учун қайтиб келишни, қабрда ва охиратда бизга кўпроқ фойда келтирадиган амалларни бажаришни хоҳламаймизми?!
Ўзингизни гўёки ўлимдан кейин яна ҳаётга қайтгандек тасаввур қилинг! Қайтиб келганингиз, шу ойда ҳаётингизни яхшилаш учун, илгари йўқотганларингизни қоплаш учун, Қиёмат куни тарозида оғир келадиган савоб ишларни бажариш учун яна бир имкониятга эга эканлигингизни ўйлаб кўринг...
Аллоҳдан бизни гуноҳларимиздан поклашни, тавбамизни қабул қилишини ва яхшилик қилганларнинг ажрини зиёда қилишни сўраймиз.
Ёқуб Умар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сиз ҳеч қачон ютқазмайдиган, касодга учрамайдиган учта тижорий келишув ҳақида эшитганмисиз? Унда ушбу оятга қулоқ тутинг:
"Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар,
- намозни тўкис адо этиб,
- Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар" (Фотир сураси, 29-оят).
Изоҳ: "..ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар". Бу ушбу оятнинг асосий хулосасидир. Дунёдаги тижоратда фойда ҳам, зарар ҳам бўлиши мумкин. Лекин юқорида санаб ўтилган уч амални – Қуръон тиловати, намоз ва инфоқни – бажарган инсонлар Аллоҳ билан бўлган "тижорат"дан ҳеч қачон ютқазмайдилар. Бу тижоратнинг фойдаси бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бўлади. Бу дунёда қалб хотиржамлиги, барака, ҳаётда маъно топиш кабилар, у дунёда эса Аллоҳнинг розилиги, жаннат ва абадий саодатдир. Бу тижорат – ҳақиқий ва абадий муваффақиятдир.
Доктор Аҳмад Исо Маъсоравий