Индонезиянинг етакчи радиоканали "Индонезия овози" " Ўзбекистонда Рамазон" эшиттиришини эфирга узатди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Дастур бошловчиси Асмавати мамлакатимизнинг Индонезиядаги элчихонаси ходимлари билан масофавий мулоқот қилди.
Эфирда Ўзбекистонда Рамазон ойини нишонлаш одатлари, оила ва дўстлар билан ифторларни ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари ва анъанавий таомлар – нишолда ва палов тайёрлаш ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, юртимизда Рамазон ойини ўтказишни истаган индонезиялик сайёҳ ва зиёратчилар учун зиёрат туризми имкониятлари муҳокама қилинди.
Куни кеча Индонезияда ўзбек меъморлик услубида илк марта қурилган Имом ал-Бухорий масжиди очилиши, айни кунларда мамлакат бўйлаб Абу Али ибн Синонинг "Шарқдан нур" ҳаёти ҳақидаги ҳужжатли фильми ҳақида ҳикоя қилинди.
Дастур якунида элчихона ходимлари Индонезия мусулмонларини Рамазон ойи билан табриклаб, икки мамлакатга тинчлик ва фаровонлик тилашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Чирчиқ шаҳрида кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига қувонч улашишга қаратилган саховат тадбири ўтказилди.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов тадбирда иштирок этиб, болажонларга самимий тилаклар билдирди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти филиали кўмагида 35 нафар боланинг ҳар бирига велосипед ва турли совғалар берилди. Шунингдек, тадбирда саховатпеша ҳомийлар томонидан байрамона дастурхон ёзилиб, болажонлар учун кўнгилочар ва байрамона дастур ташкил этилди.
Бундай хайрли ташаббуслар юртимизда инсон қадри, оила ва болалар манфаатларига юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Саховат тадбири болажонларга унутилмас қувонч бағишлаб, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати