Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

16.04.2021 й. Рўза – диннинг аркони

13.04.2021   8411   12 min.
16.04.2021 й. Рўза – диннинг аркони

     بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ لله الَّذِي أَوْضَحَ لَنَا مَعَالِمَ الصِّيَامِ وَالقِيَامِ. وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ سَيِّدِ الْأَنَامِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ البَرَرَةِ الْكِرَامِ، اَمَّا بَعْدُ

РЎЗА – ДИННИНГ АРКОНИ

(Рўзага оид фиқҳий масалалар)

Ҳурматли жамоат! Маълумки, Рамазон ойи дунёдаги барча мусулмонлар томонидан соғинч ва катта тайёргарлик билан кутиб олинади. Зеро Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, У Зотнинг саҳобалари, тобеинлар ва солиҳ инсонлар Рамазон ойига катта эътибор бериб, бу ой келганида ниҳоятда хурсанд бўлишган.

Муборак Рамазон ойи қадимдан бизнинг юртимизда ҳам ўзгача шукуҳ, жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат ва шукроналик кайфиятида ўтказилади.

Ушбу ойда Аллоҳ таоло мусулмонларга рўза тутишни фарз қилиб, рўза тутганларга кўплаб ажру савоб ва юксак мартабаю мақомларни ваъда қилди. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

إِنَّ اللهَ فَرَضَ صِيَامَ رَمَضَانَ وَسَنَنْتُ لَكُمْ قِيَامَهُ فَمَنْ صَامَهُ وَقَامَهُ إِيْمَاناً وَاحْتِسَابًا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

(رواه الإِمامُ النسائى عن ابْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ، عِنْ أَبِيه، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما)

яъни: Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимики имон ва ишонч билан савоб умидида рўза тутса ва кечалари қиёмда турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок ҳолда чиқади” (Имом Насаий ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда Рамазондек буюк фазилатларга бой ойда фақат рўза тутибгина кифояланмасдан, балки кечалари қоим бўлиб, Аллоҳнинг буюк ваъдаларига сазовор бўлишликка тарғиб қилинмоқда.

Рўза ибодати – Жаннатдаги Райён эшигининг калитидир! Жаннатга киришнинг ўзи – катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. Бу эшикдан эса фақат рўзадор бўлганлар кира оладилар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنَّ فِى الْجَنَّةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ الرَّيَّانُ، يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لاَ يَدْخُلُ مَعَهُمْ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، يُقَالُ: أَيْنَ الصَّائِمُونَ؟ فَيَدْخُلُونَ مِنْهُ فَإِذَا دَخَلَ آخِرُهُمْ أُغْلِقَ فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ

(رَوَاهُ الإِمامُ مُسْلِمٌ عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Жаннатда бир эшик бор, у Райён деб аталади. Қиёмат кунида ундан фақат рўзадорларгина кирадилар, улардан ўзга бирор киши ҳам (ўша эшикдан) улар билан бирга кирмайди. “Рўзадорлар қани?” дейилади. Улар ўша эшикдан кирадилар, уларнинг охиргиси кириб бўлганда, эшик беркитилади. Бошқа ҳеч ким ундан кирмайди” (Имом Муслим ривоят қилганлар).

Муҳтарам азизлар! Рўза тутишни савоби кўплиги ва фазилатлари ҳақида бундан бошқа кўплаб ҳадиси шариф ва уламоларнинг ўгитлари мавжуд. Шундай экан, рўзадорларга ваъда қилинган савобларга эришиш учун киши имкон қадар рўзага оид масалаларни билиши керак. Шуни инобатга олиб, суҳбатимиз давомида рўза ибодатига оид юртдошларимиз томонидан энг кўп сўраладиган масалаларга тўхталамиз:

  • Рамазонда саҳарликдан ухлаб қолган одам, ўйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, “рўзани ният қиламан” деса, нияти ҳам, ўша куни тутадиган рўзаси ҳам нотўғри бўлади. Шундай экан, Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин.
  • Рўзадор киши унутиб еса ёки ичса, рўзаси очилмайди, лекин рўзадорлиги ёдига келган заҳоти еб-ичишдан тўхтайди, ҳатто оғзида чайнаб турган луқмани ҳам ютмайди.
  • Рўзадор киши мушк, атир ва бошқа хушбўйликларни ҳидлаш билан рўзаси очилмайди.
  • Рўзадор киши қон олдириши ёки бировга қон бериши мумкин. Агар қон олдириш рўзадорни ҳолсизлантириб қўядиган бўлса, макруҳ бўлади. Бундай ишларни оғиз очгандан кейинга қолдирган яхшироқ.
  • Қасддан қайт қилмаса, рўза очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса, оғиз тўла бўлса, рўза очилади; оғиз тўла бўлмаса, очилмайди. Таом оғзига келиб, сўнг беихтиёр қайтиб кетса, рўза очилмайди.
  • Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса, макруҳ бўлса-да, рўза очилмайди, лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юбормасдан, оғзидан чиқариб юбориши даркор, акс ҳолда рўза очилади (“Раддул муҳтор”).
  • Эҳтилом, яъни уйқуда булғаниш, рўзани бузмайди. Чунки, у ўз ихтиёри билан бўлмаган. Бундай ҳолатда рўзадор ғусл қилиб олиши етарли бўлади. 
  • Аёл киши рўза тутаётганда ҳайз ёки нифос қони келиб қолса, рўзаси очилади ва қазосини тутиб бериши зиммасига лозим бўлади.
  • Ёнбош ёки тери остига (озуқа ва қувват бермайдиган) укол олиш билан рўза бузилмаслигига уламолар якдил фикр билдирганлар. “Фатовои ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. Одатий йўллардан бошқа жойлардан терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (гарчи томирдан чақсада), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида тери орасидан ичкарига сув ўтиши, рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилганлар”.

Коронавирусга қарши эмлашга келсак, у ҳам тери ости ва мушакка қилинадиган уколлардан бири. Бунинг устига озиқлантирувчи эмас. Юқоридаги фатво ва ҳозирги кундаги дунё Фатво уюшмаларининг фатволарига биноан рўзадор ҳолда эмланиш рўзани бузмайди.

  • Уламоларнинг кўпчилиги томир орқали қилинган укол рўзани бузади деганлар.
  • Кўзга дори томизилса, рўзани очмайди (“Фатовои ҳиндия”). Замонавий тиббиёт кўздан димоққа йўл борлигини исботлаган. Шунинг учун бу ишни эҳтиётан, ифтордан кейинга қолдирган маъқул.
  • Бурун, қулоқ, орқа аврат каби аслий йўллардан суюқлик, дори томизиш, клизма туфайли ичкарига ёки мияга бирор нарса етиб борса, рўза очилади (“Бадойиус санойе”).
  • Сепиладиган ёки тил остига қўйиладиган дори ўзи ёки оғиз суви билан аралашиб ичга кетадиган бўлса, рўзани очади. Ичга кетмайдиган, фақат оғизда қоладиган бўлса, фақат унинг таъмини сезиш сабабли юрак тинчланадиган бўлса ва махсус асбоб (пульверизатор) билан оғизга совуқ ҳаво юбориладиган бўлса, рўза очилмайди.
  • Нафас қисиши ва бошқа касалликларда ишлатиладиган аэрозоллар, агар газ кўринишида бўлса, рўзани очмайди. Агар суюқ дорилар кўринишида бўлса, томоқдан ўтса рўзани бузади. Рўзадор киши бурни битиб қолиб, нафас йўлларини очишига зарурат туғилса, уламоларимиз бурун четига суртиладиган мазлардан фойдаланишни тавсия қилганлар.
  • Турли суртма дорилар ва шу каби воситаларни баданга суртиш билан рўза очилмайди.
  • Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган. Бу йилги фидя миқдори 25 000 (йигирма беш минг) сўм деб белгиланди.
  1. Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.
  2. Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар (“Баҳрур роиқ”).

Афсуски, ҳозирги кунда Рамазон ойида бемор бўлиб, тузалгандан кейин қазосини тутиб беришга лаёқати бўлган баъзи кишилар беморликларида рўзанинг фидясини бериб қўйиб, тузалганларидан кейин “мен қазо бўлган рўзаларимни тутмайман, чунки мен фидясини берганман” демоқдалар. Ваҳоланки, шариатимиз фидя беришни уларга буюрмаган, балки тузалганларидан кейин қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб беришларини фарз қилган. 

  • Рўзани қасддан бузиш асло мумкин эмас! Бу катта гуноҳ бўлади! Рўзадор киши кундуз куни, қасддан жинсий алоқа қилса ёки еб-ичса рўзаси бузалида ва каффорат вожиб бўлади.

Муҳтарам жамоат! Шуни ҳам унутмаслик керакки, аҳли сунна вал жамоа эътиқодимизга кўра, шаръий узрсиз рўза тутмаган киши гуноҳкор бўлса-да, уни имонсиз демаймиз. Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда баъзи бир кишилар томонидан рўза ва намоз каби шариатимизда фарз қилинган амалларни бажармаётган кимсаларни имонсизликда айблаб, уларни кофирга чиқариб, қонини ҳалол санамоқдалар. Ваҳоланки, Ислом таълимотига кўра, намоз, рўза ва закот каби фарз амалларни бажармасликни ўзи билан киши имонидан ажралмайди, балки бу амалларни фарзлигига ишонмаса, уларни бажариш шарт эмас деб, инкор қилсагина, имонига таъсир қилади. Аммо фарзлигига ишониб, уни тасдиқласаю дангасалик ва бепарволик билан фарз амалларни бажармаса, гарчи гуноҳкор бўлса-да, имонидан ажралмайди. 

Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:  “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз” (Сунани Абу Довуд, 2532-ҳадис).

“Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган мусулмон кишини динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир!” деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар (яъни агар кофирликда айбловчи ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади)”, деб таъкидлаганлар (Имом Бухорий, 6103-ҳадис). Бошқа ҳадиси шарифда “Бузуқ ва кофир бўлмаган одамнибузуқ” ва “кофир” деган одамнинг ўзи кофир ва бузуқдир”, дейилган (6045-ҳадис).

Шундай экан, ижтимоий тармоқларда ўтириб олиб, мусулмонларни кофирга чиқараётган нодонлар ушбу ҳадиси шарифлар борлигини унутмасинлар! Шунингдек, бировларга туҳмат қилиб, охиратларини куйдирмасинлар!

 Мазкур ҳадиси шарифлар ва улардан бошқа ривоятларни пухта ўрганган “Аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодидаги уламоларимизнинг кўрсатмаларига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Фиқҳул акбар” асарларида мазкур масалага қуйидагича ҳукм берганлар: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса”. Абу Жаъфар ат-Таҳовийнинг “Ал-ақидатут-таҳовия” рисоласида эса “Бизнинг Қибламизга қараб намоз ўқигувчиларни мусулмон санайверамиз. Шарт шуки, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган барча маълумотларни эътироф этадиган бўлсалар”, дейилган.

Афсуски, айрим ёшларимиз Интернетда насл-насаби, диний маълумоти, кимга хизмат қилиши номаълум кимсаларнинг таъсирида ватандошлари, ҳатто яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда аянчли ҳолатдир.

Мазкур муаммонинг энг оғир жиҳати шундан иборатки, ўз диндошлари, юртдошлари ва қавм-қариндошини кофирликда айблаётган бу каби ёшлар кейинги босқичда “раҳнамо” ва “устозлари” томонидан гўёки “ҳижрат”га чиқиш даъвосида Сурия, Афғонистон каби қуролли тўқнашувлар кетаётган ўлкаларга чорланмоқда. Мазкур ҳудудларга борганлар эса бегуноҳ одамларни ўлдириш, босқинчилик қилиш, бировларнинг уй-жойини эгаллаб олиш каби исломда буткул ҳаром қилинган қабиҳ, гуноҳи кабира ишларга қўл уриб, охир-оқибатда жувонмарг бўлиб кетмоқда.

Шу нуқтаи назардан, ёшларимиздан Интернет ва бошқа воситалар орқали тинч-осойишта яшаб келаётган мусулмонларни, айниқса, диний уламоларни кофирга чиқариб обрўсизлантиришга уринаётган, давлат ва жамиятга қарши фитна чиқариш, барқарор юртни барбод қилиш каби гуноҳ ишларга даъват қилаётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишларини сўраймиз.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойининг фазилатларидан тўлиқ фойдаланиш учун тавфиқ бериб, Ўзининг севимли, соим ва қоим бандаларидан бўлишимизни насиб айласин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келаси жума маърузаси “Закот – молиявий ибодат” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жаннатнинг мисоли

26.08.2026   27052   3 min.
Жаннатнинг мисоли

“Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли шуки, унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир. Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир” (Раъд сураси, 35-оят).


Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бир­бирига ўхшаш эмас.


Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).


Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.


Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.


Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.


Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.


Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.


Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.


Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан

Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Ибратли ҳикоялар