— Одатда ифторликка қўшнилар, яқин қариндошлар чақирилади. Лекин уларнинг орасида баъзан тутмаганлари ҳам бўлади. Бир сафар танишимни ифторликка чақирсам: “Соғлиғим сабабли рўза тутолмадим, ифторликка боролмайман, борсам ифторлик қилган одамнинг савобини камайтириб қўяман”, деди. Дўстимнинг гапи тўғри-ми? Фақат рўза тутганлар учун ифторлик қилиш керак-ми?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ифтор қилдириш дегани рўза тутган кишини куннинг охирида бирон таом ёки ичимлик билан икром қилиш маъносидадир. Шунинг учун ифтор дастурхонига рўзадорлар чақирилади. Аммо шаръий сабаб билан рўза тутмаган кишилар у дастурхондан таомланишлари жоиз. Савоби камайиб қолади, деган гап нотўғри.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
CАВОЛ: Айтишларича, рўзадор одам ўз сўлагини ютса рўзаси очилиб кетиши мумкин экан. Бу гап қанчалик тўғри? Саволим ножоиз бўлса олдиндан узр.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Рўзадор сўлаги (туфуги)ни ютиши билан рўза очилмайди. “Муҳитул Бурҳоний” номли китобда бу ҳақида бундай дейилади:
وَإِذَا جَمَعَ الصَّائِمُ رِيْقَهُ فِي فَمِهِ ثُمَّ ابْتَلَعَهَا لَمْ يُفْطِرْهُ
“Рўзадор оғзида туфугини йиғиб кейин ютиб юборса, рўзаси бузилмайди”.
Қасддан сўлагини оғзида тўплаб ютиш эса макруҳ бўлади. Бу ҳақда “Фатовои ҳиндийя”да қуйидаги жумлалар келтирилган:
وَيُكْرَهُ لِلصَّائِمِ أَنْ يَجْمَعَ رِيقَهُ فِي فَمِهِ ثُمَّ يَبْتَلِعَهُ كَذَا فِي الظَّهِيرِيَّةِ
“Рўзадор туфугини оғзида йиғиб кейин ютиб юбориши макруҳ бўлади. “Зоҳирийя”да шундай келтирилган”.
Демак, туфукни қасддан оғизда йиғиб, ютишдан иложи борича сақланиш керак бўлади. Одатдаги ҳолатда эса сўлакни ичга ўтиши макруҳ эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази