Жорий йилда ўзбекистонлик қориларни хориж давлатларга юбориш давом этмоқда. Куни кеча 2 нафар қоримиз Россия Федерацияси шаҳарларига жўнаб кетишди.
Россия Федерацияси Узоқ шарқ мусулмонлари диний идораси таклифига кўра, Тошкент шаҳридаги “Тўлқин Акром ўғли” масжиди имом ноиби Жамолиддин Қодиров ва “Саид Ваққос ота” масжиди имом ноиби Фазлиддин Мамадалиев Владивосток ва Жанубий Сахалин шаҳарларида мутасадди вакиллар томонидан кутиб олинди.
Қориларимиз Рамазон ойи давомида таровиҳ намозларида Қуръони каримни масжид қавмига хатм қилиш билан бирга диний-маърифий суҳбатлар ҳам ўтказишади.
Аллоҳ таолодан қориларимизга ўзга юрт меҳробларида нусрат тилаб, юзлари ёруғ, ҳифзлари мустаҳкам бўлишини, буюк алломаларимиз каби Ватанимиз довруғини баланд кўтарсин.
Сафар тафсилотлари ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, “Ҳаж” ва “Умра” сафарларини ташкил этиш ва зиёратчиларга қулай шароитлар ҳозирлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Хабар берганимиздек, мамлакатимизда ҳаж мавсуми жорий йил 13 май кунидан бошланди. (https://t.me/muslimuzportal/41370)Айни кунларда Мадинаи мунавварада ибодатларини ниҳоясига етказган юртдошларимиз бирин-кетин Макка шаҳрига йўл олмоқдалар.
17 май куни навбатдаги зиёратчилар Маккаи мукаррамага шинам автобусларда етиб келди. Бўлғуси ҳожиларга муқаддас шаҳардаги “Аброж Дана” ва "Вафақ ал-Саҳа" меҳмонхоналарида зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб, иззат-икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган юртдошларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, уларга бўлган катта эҳтиром ва эътиборни нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Шу кунларда ушбу муқаддас шаҳарда тоат-ибодатларини адо этаётган юртдошларимиз ҳар қадамда давлатимизнинг ғамхўрлигини ҳис қилиб, ўз дуоларида юритимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тиламоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати