Жорий йилда ўзбекистонлик қориларни хориж давлатларга юбориш давом этмоқда. Куни кеча 2 нафар қоримиз Россия Федерацияси шаҳарларига жўнаб кетишди.
Россия Федерацияси Узоқ шарқ мусулмонлари диний идораси таклифига кўра, Тошкент шаҳридаги “Тўлқин Акром ўғли” масжиди имом ноиби Жамолиддин Қодиров ва “Саид Ваққос ота” масжиди имом ноиби Фазлиддин Мамадалиев Владивосток ва Жанубий Сахалин шаҳарларида мутасадди вакиллар томонидан кутиб олинди.
Қориларимиз Рамазон ойи давомида таровиҳ намозларида Қуръони каримни масжид қавмига хатм қилиш билан бирга диний-маърифий суҳбатлар ҳам ўтказишади.
Аллоҳ таолодан қориларимизга ўзга юрт меҳробларида нусрат тилаб, юзлари ёруғ, ҳифзлари мустаҳкам бўлишини, буюк алломаларимиз каби Ватанимиз довруғини баланд кўтарсин.
Сафар тафсилотлари ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз, иншоаллоҳ.





Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати