Нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсидиқов, олий мадраса ректори Жобир домла Элов, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази директори Азизхўжа Иноятов ҳамда мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказларидан келган фалсафа, психология, тарих ва исломшунослик соҳалари олимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Анжуман иштирокчилари ислом маърифатининг инсон камолотидаги ўрни, ёшларни ватанпарварлик ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш ҳамда жамиятда маънавий муҳитни соғломлаштириш каби долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилди.
Маърузаларда аждодларимиздан мерос қолган бой илмий хазинани ўрганиш ва уни ёш авлод қалбига сингдириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси экани алоҳида қайд этилди.
Айниқса, глобаллашув шароитида ахборот маконидаги таҳдидларга қарши ёшларда мустақил фикрлаш ва мафкуравий иммунитетни шакллантиришда диний-маърифий ишларнинг аҳамиятига урғу берилди.
Уламолар, психолог ва файласуф олимлар томонидан инсон маънавиятини юксалтириш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш юзасидан илмий асосланган таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.
Тадбир якунида ёш олимларнинг илмий изланишлари юқори баҳоланиб, бу каби анжуманлар илм-фан ва маънавият ривожига, айниқса, навқирон авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Фаол иштирок этган маърузачи ва олимларга Мир Араб олий мадрасаси раҳбарияти томонидан махсус сертификатлар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати