Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Рўзадорга макруҳ бўлган амаллар

11.04.2021   3511   2 min.
Рўзадорга макруҳ бўлган амаллар

Макруҳ амал – шариатда ёмон кўрилган, номақбул ва хунук иш саналади. Рўзадорга макруҳ бўлган амаллар дейилганда, рўзани бузмайдиган, аммо савобини камайтирадиган, бузишга яқин бўлган ишлар тушунилади.

  1. Рўзадор сақич ёки шунга ўхшаш нарсани чайнаши макруҳдир. Чунки, кўрган одам рўзадор эмас экан деган хулосага келади. Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам “Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, ўзини шубҳали ўринга ташламасин”, деганлар
  2. Рўзадор аёл ёш гўдагига ёки беморга овқатни чайнаб берса бўлади. Бунда фарзанд она сутига тўймайдиган бўлса ҳамда чайнаб бериладиган таом бўлса жоиз. Чайнамай ҳам едириладиган таом бўлса, оғизга олиб чайнаб бериш шарт эмас.
  3. Аёл киши шўрвани татиб кўриши макруҳдир. Бу фарз рўзасида узрсиз бўлса. Агар узр сабабли татиб кўрадиган бўлса, макруҳ ҳисобланмайди. Эрнинг хулқи, феъли ёмон бўлса, узр саналади. Фарздан бошқа, масалан нафл рўзада хоҳ узр бўлсин, хоҳ узр бўлмасин, таомни татиб кўриш жоиздир. “Фатҳул қодир”да “ким бир нарсани татиб кўрса, оғзи очилмайди, аммо макруҳ бўлади”, дейилган. Хулоса қилинса, фарз рўза тутаётган аёл эрининг хулқи ёмон бўлмаса, таомнинг мазасини, тузини татиб кўриши яхши эмас.
  4. Киши ёғ ёки асални сотиб олаётганда яхшисидан ёмонини ажратиб олиш олиш учун уни татиб кўриши макруҳдир.
  5. Ўпиш, ушлаш ва қучоқлаш агар ғуслни вожиб қилувчи ишга сабаб бўлса макуруҳдир. Агар рўзани бузувчи иш содир бўлишидан қўрқмаса, жоиз деганлар.
  6. Хоҳ кундузи, хоҳ кечки томон бўлсин, рўзадор хўл ёки қуруқ мисвокни ишлатса бўлади. Кўп уламолар кучли эҳтиёж ва зарурат бўлмаса, мисвок қилиш макруҳ, агар ҳалқумга мазаси келса, рўзани бузади деганлар. Биз айтамиз: мисвок хоҳ қурқуқ, хоҳ хўл бўлсин, хоҳ кундузи хоҳ оғиз очишга яқин бўлсин уни ишлатиш жоиздир. Чунки ҳадисда Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан қилинган ривоятда: “Умматимга машаққат бўлмаганида, уларни ҳар намозда мисвок қилишга буюрар эдим”, деб айтганлар. Саҳобалар ҳам Пайғамбаримизни рўзадорлик ҳолатларида кўп маротаба мисвок қилаётганларини ривоят қилганлар. 
  1. Ҳалқумга ютмай боши ва юзидан салқинланиш мақсадида сув қуйиш, хўл латтага ўраниб олиш жоиз. Таҳоратдан бошқа ўринда эса, оғизга сув олиб чайиш макруҳдир.
  2. Таҳорат асносида оғиз ва бурунни муболаға қилиб чайиш ҳам макурҳдир.
  3. Зулук ва шунга ўхшаш нарса воситасида кўп қон олдириб танани заифлаштириш.

       10. Икки-уч кун ифторликсиз улаб рўза тутиш

Кўзга сурма қўйиш макуруҳ эмас. Яъни рўзага зиён бермайди.

“Фатава Сирожия” ва “Фатҳу баби иная” китоблари

асосида Н.Саидакбарова тайёрлади

РАМАЗОН-2021
Бошқа мақолалар

Жаннатга етакловчи "гуноҳ"

22.11.2024   9446   3 min.
Жаннатга етакловчи

Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.

“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.

Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.

Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.

Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.

Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.

Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.

Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади.

Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди. Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди. Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.


Даврон НУРМУҲАММАД