Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448

Оқил киму нотавон ким?

13.11.2023   5091   3 min.
Оқил киму нотавон ким?

Бу дунё охират экинзоридир. Гўё қалб ерга ўхшайди, иймон эса унга сочилган уруғ кабидир. Тоат-ибодатлар эса, ана шу ерни ағдариш, унга ариқ очиб сув келтиришдир.

Дунё муҳаббатига ғарқ бўлган қалб гўё гиёҳ унмайдиган унумсиз ер кабидир. Қиёмат куни ҳар ким ўзи эккан нарсанинг ҳосилини олади. Табиийки, иймон уруғини сочган кишигина унинг ҳосилини кўради. Унумсиз ерда уруғ унмаганидек, чиркин қалб ва ёмон ахлоқнинг иймонга нафи тегмайди.

وَالْبَلَدُ الطَّيِّبُ يَخْرُجُ نَبَاتُهُ بِإِذْنِ رَبِّهِ وَالَّذِي خَبُثَ لَا يَخْرُجُ إِلَّا نَكِدًا كَذَٰلِكَ نُصَرِّفُ الْآيَاتِ لِقَوْمٍ يَشْكُرُونَ

“Яхши ернинг гиёҳи Раббининг изни билан униб чиқаверади. Ёмон ер эса фақат унумсиз бўлур. Шукр қилувчи қавм учун оятларни шу тарзда баён этурмиз” (Аъроф сураси, 58-оят).

Банданинг мағфиратдан умидворлигини ер эгасининг ҳосил унишидан умидвор бўлишига қиёслаш мумкин. Унумдор ерга эга бўлган киши, аввало, унга сифатли, зарарланмаган, заҳарланмаган уруғни танлаб экади. Кейин экиннинг униб-ўсиши учун зарур бўлган бошқа ишларни амалга оширади. Жумладан, суғоради, ўғитлайди, бегона ўтлардан тозалайди, кўчатнинг яхши униб-ўсишига монелик қиладиган нарсаларни бартараф қилади. Сўнгра Аллоҳ таолодан экинини осмондан келадиган офатлардан, чақмоғу довуллардан асрашини сўраб дуо қилади. Мана шунинг оти ҳақиқий умидворлик деб аталади. Аммо уруғни унумсиз, қақраб ётган ерга сочсаю, унга на сув қуйса ва на уни парвариш қилса, шундан кейин ҳам серҳосилни умид қилса, бу умидворлик дейилмайди, балки бу аҳмоқликдан бошқа нарса эмас.

Демак, ражо – умидворлик тушунчасининг банда ўз имкониятидаги жами сабабларни бажариб бўлгач, имконияти бўлмаган, фақат Аллоҳ таолонинг фазли орқали эришиши мумкин бўлган нарсани кутишга ишлатилиши тўғри бўлади.

Банда қалбига иймон уруғини қадаб, уни тоат суви билан суғорса, қалбни жирканч хулқ-атворлар тиканларидан тозаласа ва шундан кейингина то ўлгунича шу ҳолатда қолиб, мағфиратига сазовор бўлишни Аллоҳнинг фазлидан деб умидвор бўлса, ана уни ҳақиқий ражо – умидворлик дейиш мумкин. Аммо қалбдаги иймон уруғини парвариш қилишни унутса, уни разолат тиканлари қуршовидан халос этмаса, дунё ҳой-ҳаваслари талабида умрини ўтказса-ю, сўнгра Ҳақ таолонинг мағфиратидан умидвор бўлса, бу шунчаки ёлғончи “умидворлик” бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

الكيِّسُ مَنْ دَانَ نفْسَه، وعَمِلَ لما بعدَ الموْتِ، والعاجزُ مَنْ أتْبعَ نَفْسَه هواها، وتمنَّي علَي اللهِ. ( رواه التِّرمِذيُّ )

“Оқил ўзини назорат қилиб, ўлимдан кейинги ҳолати учун амал қилган кишидир. Ожиз-нотавон киши эса, ҳавоий нафсига эргашиб, Аллоҳдан яхшиликлар умид қилган кишидир” (Имом Термизий ривояти).

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ягона Ватан, ягона халқ — эзгулик ва меҳр-оқибат сари!

24.08.2026   39374   1 min.
Ягона Ватан, ягона халқ — эзгулик ва меҳр-оқибат сари!

Сурхондарё вилояти ҳокими ташаббуси билан О‘збекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида бошланган “Ягона Ватан, ягона халқ бо‘либ, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остидаги эзгулик челленжи давом этмоқда.

Мазкур эзгу ташаббус доирасида Қумқо‘рг‘он туманида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, э’тибор ва ко‘макка эҳтиёжманд оилаларнинг 51 нафар фарзандларига мактаб о‘қув қуроллари ва со‘мкалар топширилди.

Хусусан, ушбу эзгу тадбир Қумқо‘рг‘он тумани "Шаҳ Машраб" жоме' масжидида О‘збекистон Мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакили Р.Абдуллаев, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги котибият мудири Д.О’роқов, туман Бош имом-хатиби Ҳ.Зайниев ҳамда тумандаги барча масжид имом-хатиблари иштирокида бо‘либ о‘тди.

Бундай эзгу ташаббуслар орқали юртдошларимизга меҳр ва г‘амхо‘рлик ко‘рсатилиб, уларнинг ог‘ирини енгил қилиш, муаммоларига ечим топиш ҳамда хонадонларга байрамона кайфият улашишга алоҳида э’тибор қаратилмоқда.

Зеро, инсон қадри, меҳр-оқибат ва саховат бор жойда эзгулик бардавом бо‘лади.

Қумқо‘рг‘он туман ҳокимлиги Ахборот хизмати 

 

Ўзбекистон янгиликлари