Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб этар экан, илм таҳсил қилишни мурғакликдан бошлашга ундайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида “Бешикдан қабргача илм изланг” дейилганда ҳам, айнан шу маъно ифодаланган. Қолаверса, ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир, деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.
Тарихга назар солсак, дунёга машҳур алломаларнинг аксарияти илм олишни болалик вақтларидан бошлаганларига гувоҳ бўламиз. Ушбу мақолада ислом маърифатининг ҳамиша навқирон эканлиги, ислом цивилизациясига улкан хисса қўшган, илм ва тафаккур бобида бемисл маънавий ҳазина қолдириб кетган улуғлар ҳаётларининг илк бўсағасидаёқ олимлик мартабасини қўлга киритишларининг сир-асрорлари ҳақида баҳс юритамиз.
Биз ёшлик чоғидаёқ илм соҳасида кўзга кўринган улуғ имомларни ҳаёлимизга келтирсак, кўз ўнгимизда Ислом динининг шайхи, умматнинг олими Имом Молик ибни Aнас раҳимаҳуллоҳ (93-179ҳ.) намоён бўлади. У зот илмни саҳобаларнинг ўқувчилари бўлмиш тобеинлардан олганлар. Етти ёшларида илм олишни бошлаб, ўн етти ёшга етганларида шаръий илмлардан дарс бериш ва фатво бериш даражасига эришганлар. У зотнинг дарс ҳалқалари кенгайиб ҳатто ўзларига замондош бўлган устозларининг ҳалқаларидан ҳам ўтиб кетган. Қози Иёз (544ҳ.да вафот этган)нинг “Тартиб ул-мадорик” номли асарида келишича: “Суфён ибни Уяйна шундай дейди: “Молик ибни Aнас дарс беришни бошлаганида 17 ёшда эди. Ўша пайтда кўплаб катта уламолар ҳаёт бўлишига қарамай, имомлиги эътироф этилган эди”. Ибн ул-Мунзир айтади: “Имом Молик устозлари Нофеъ (Ибн Умарнинг мавлоси) ва Зайд ибни Aслам (136ҳ.да вафот этган)нинг ҳаётлик чоғларида ҳам турли хил масалаларда фатво берар эди. Aйюб Сахтиёни (131ҳ.да вафот этган) айтади: “Мен Мадинага Имом Нофеъ ҳаётлик пайтида келганимда Имом Моликнинг ўз дарс ҳалқаси бор эди”. Имом Заҳабий (748ҳ.да вафот этган) ўзининг “Сийар аъламин нубала” номли асарида Имом Нофеънинг вафот этган йили тўғрисидаги ихтилофни зикр қилгач шундай дейди: “Бу борадаги энг тўғри маълумот шундайки, Имом Нофеънинг вафот этган санаси 117-ҳижрийдир”. Имом Заҳабий Имом Моликнинг ёшлик чоғидаёқ илм пешвосига айланганлигини таъкидлаб шундай дейди: “Имом Молик 10 ёшидан ўтганидан фиқҳ илмини ўрганди, 21 ёшга етганида шаръий илмлардан дарс бериш ва фатво бериш мартабасига эришди. У ёш йигит бўлишига қарамасдан, ундан кўплаб инсонлар ҳадис ривоят қилдилар. Aбу Жаъфар Мансур (158ҳ.да вафот этган) ва ундан кейинги Ҳалифаларнинг даврида ер юзининг турли минтақаларидан талабалар унинг одига илм олиш учун келдилар. Ҳалифа Рашиднинг даврида эса унинг талабалари ниҳоятда кўпайиб кетди. Имом Молик биз юқорида келтирган тартибга кўра илм аҳлидан иборат машойихларнинг ижозатини қўлга киритгандан кейингина фатво беришга киришди. Бу тўғрисида Хатиб Бағдодий (463ҳ.да вафот этган) ўзининг “Aл-Фақиҳ вал-мутафаққиҳ” асарида Имом Моликдан шундай сўзни келтиради: “Имом Молик айтади: “Мен то 70та шайх менинг фатво беришга муносиб эканлигимга гувоҳлик бермагунча фатво беришни бошламадим”. Имом Заҳабийнинг келтиришича, Имом Молик ўзи ҳақида шундай дейди: “Мен бирор фатво борасида ўзимдан олимроқ кишидан мени шу фатвога муносиб кўрасизми деб сўрамагунча жавоб бермас эдим. Мен Робиъа ибн Aбдурраҳмондан ва Яҳё ибни Саид Aнсорийдан сўраганимда улар мени фатво беришга буюрган эдилар”. Шунда Имом Моликка: “Aгар улар сизни фатво беришдан қайтарганларида нима қилардингиз?” деб айтилди. Молик: “Унда тўхтар эдим. Кишига то ўзидан олимроқ кишидан сўрамагунча ўзини жонини фатво бериш ишида хатарга қўйиши мумкин эмас”, дея жавоб берди. Имом Моликнинг ана шу сўзида бир олимнинг мужтаҳид эканлигига ижтиҳод ҳаққи ва мартабасига эга бўлган кишиларнинг эътирофи лозим эканлигига ишора бор. Имом Шотибий ҳам ўзининг “Ал-Мувафақот” номли асарида бу масалани олимнинг ижтиҳодга ҳақли бўлиши учун лозим бўлган шартлардан бири сифатида келтиради. Қози Иёз шундай келтиради: “Имом Молик айтади: “Масжидда ҳадис ва фатво бериш учун ўтирмоқчи бўлган киши шу иши тўғрисида салоҳият ва фазилат эгалари ҳамда масжидда ўз ўрнига эга кишилар билан кенгашмагунча ўтириши раво эмас”. Имом Молик бу сўзи билан ўзининг замони ва маконидаги илм аҳлини назарда тутган. Имом Моликда ана шундай фазилатлар мужассам бўлгани учун уммат унинг илмини қабул қилди. Ҳатто унинг замонасида ўзидан кўра ёшда улуғроқ кишилар ҳам ундан ҳадис ривоят қилдилар”.
Ўша даврларда ер юзининг турли минтақаларидан кўплаб кишилар Имом Моликдан илм ўрганиш учун келиб, унинг беқиёс илм соҳиби эканини эътироф этганлар. Миср ва Марокашда бирдек шуҳрат топган олим Лайс ибн Саъд Ал-Форисий (175ҳ. вафот этган), Шом диёрининг олими ва муфтийси Ал-Aвзоий (157ҳ. вафот этган), Кўфанинг энг етук олими Суфён Саврий (161ҳ. вафот этган), Басра аҳлининг олими Шўба Ибн Ҳажжож (160ҳ. вафот этган) каби Имом Моликдан ёши улуғ бўлган имомлар ундан кўплаб ҳадисларни ривоят қилганлар.
Илм гуркираган ана шу даврлардаги бошланғич мактабларда ёш болаларнинг илмий иқтидорини ўстиришга ёрдам берадиган маърифат асослари ўқитилган.
Ёшлик вақтидан олимлик мартабасига етган уламолардан яна бири, Имом Муҳамма ибн Идрис Аш-Шофеъийдир (150-204ҳ.). Имом Шофеъий фақирлигига қарамасдан, жуда кичиклигидан таълим олишни бошлаган, етти ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, ўн беш ёшга кирганида фатво бера бошлаган. Ҳатиб Бағдодий ўзининг “Тарихи Бағдод” китобида келтиришича: Имом Исмоил Музаний (264ҳ. вафот этган) шайхи Имом Шофеъийни шундай деганини эшитган: “Мен етти ёшимда Қуръонни, ўн ёшимда эса “Муватто”ни ёд олганман” (“Муватто” - Имом Моликнинг ҳадислар тўплами).
Имом Шофеъий фақирликда катта бўлган. Шамсиддин Заҳабийнинг “Сийар” китобида Имом Шофеъийнинг ўзи ҳақида айтган қуйидаги гапи келтирилади: “Мен онамнинг қарамоғида ёш етим қолдим, муаллимга бериш учун ҳеч нарсаси йўқ эди. Мен бир муаллимга йўқлигида шогирдларига қараб туришга ёрдам бериш эвазига шогирд тушдим”. Йўқсиллик Имом Шофеъийнинг иқтидорини, таълим олишга бўлган иштиёқини тўхтата олмади, натижада у учинчи ҳижрий юз йиллик аввалидаги “Мужаддид” ҳисобланади, - дейди Имом Заҳабий.
Муҳаддисларнинг султони ва имоми, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (194-256 ҳ.) болалигидан илм лаззатини тотган зотлардан эди. У ўзи ҳақида шундай дейди: “Мен мактабда, ўн ёшимда эканимда ҳадис ёдлай бошладим, сўнг ўн олти ёшимда бир неча илмий китобларни ёд олдим, ўн саккиз ёшимда эса, бир неча китоблар тасниф қила бошладим”.
Имом Бухорийнинг хос котиби бўлган Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Ал-Варроққа таянган ҳолда келтирилган ушбу сўзга қулоқ солайлик. Варроқ Имом Бухорий ҳақида “Шамоили Бухорий” номли китоб ёзган бўлиб, шундай дейди: “Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан: ҳадис тўплашни қандай бошлаган эдингиз? - деб сўрадим. У киши шундай жавоб берди: “Мен бошланғич мактабдалик чоғимда ҳадисларни ёд олишни бошладим. Ўша вақтда ўн ёш ёки ундан ҳам кичик эдим. Бошланғич мактабдан чиқиб Ад-Дохилий ва бошқа уламоларнинг дарсига қатнай бошладим”.
Имом Бухорий айтадилар: “Ад-Дохилий бир куни одамларга дарс ўқиб бераётиб: Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан ривоят қилган, - деди. Шунда Мен: Эй Абу Фалон! Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган, - дедим. У мени урушиб берди. Мен: Агар сизда бунинг асли бўлса унга қараб қўйинг, - дедим. Сўнг у ичкарига кириб аслига мурожаат қилди ва чиқиб: Бу қандай бўлди, эй бола?!- деб ҳайрон бўлди. У, Зубайр ибн Адий (131ҳ. вафот этган) бўлиб, у Иброҳим Нахаъийдан (96ҳ. вафот этган) ривоят қилган, - дедим. Шундан кейин у мендан қаламимни олиб, китобидаги хатони тўғрилаб қўйди ва тўғри айтибсан, - деди”. Имом Бухорийнинг баъзи дўстлари ундан: Ўшанда неча ёшда эдингиз, деб сўрашганда, у: “ўн бир ёшда эдим, ўн саккиз ёшимни қоралаганимда эса, саҳобалар, тобеъинлар ва уларнинг айтган сўзлари ҳақида китоб тасниф қила бошладим. Ойдин кечаларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида “Тарих” китобини ёздим”, деб жавоб берадилар.
Ёшлик даврларидан қобилият ва иқтидор эгаси бўлиб улғайиш фақат шариат уламоларига хос бўлиб қолмасдан балки, ўша даврларда тиббиёт, фалсафа ва бошқа кўплаб фанларда қалам тебратган алломаларга ҳам насиб этган. Масалан, дунёнинг энг йирик файласуфларидан саналмиш Абу Али Ибн Сино (370-428ҳ.) ҳам болалигидан Қуръони каримни ёд олган ва фиқҳ дарслари ҳалқаларида иштирок этган.
Ибн Абу Усайбианинг (668ҳ. вафот этган) “Уйунул анба фи табақотил атибба” китобида келтирилишича, Ибн Сино ўзининг таълим олиш босқичларини изоҳлаб, шундай дейди: “Қуръон ва адаб устозларининг ҳузурига келтирилдим, ўн ёшга кирганимда Қуръон ва адаб илмларидан кўпини ўргандим, сўнг ўзим учун илмий китобларни ва уларнинг шарҳларини мутолаа қилиб, мантиқ илмини эгалладим. Кейин менда тиб илмига рағбат уйғонди ва тиббиётга оид китобларни ўқий бошладим. Тиббиёт қийин илмлардан эмас, шунинг учун ажабланмаса ҳам бўлади мен оз муддат ичида уни пухта ўрганиб олдим, ҳатто, табобат фузалолари ҳам мени ҳузуримга келиб табобатга оид китобларни ўқий бошладилар”.
Ажабланарли ери шундаки, Ибн Сино фалсафа, мантиқ ва тиббиёт илмларида пешқадам бўлишига қарамай, фиқҳ илмини ўқишни тарк этмаган балки, у билан шуғулланишни ўзига вазифа қилиб олган, натижада уни пухта эгаллаган. Бу ҳақда Ибн Синонинг ўзидан эшитайлик: “Мен беморларни кўздан кечирар эканман, ўз тажрибаларимдан келиб чиққан ҳолда, беқиёс муолажа усулларини кашф қилдим. Шу билан бирга мен фиқҳ илмини ўрганишни тўхтатмадим, фиқҳ уламолари билан мунозара қилар эдим, ўшанда мен ўн олти ёшда эдим. Сўнг, яна бир ярим йил илм таҳсилига ва китоб ўқишга берилдим. Натижада, мантиқ ва фалсафа илмларининг ҳамма мавзуларини қайта кўриб чиқдим”.
Айнан мана шу жумла жуда ҳам муҳим нуқтадир. Ибн Синонинг ўн олти ёшидаёқ мана шу илмларни мукаммал ва пухта даражада эгаллаши, сўнг ўн саккиз ёшида муҳаққиқлардан бирига айлангани унинг юксак иқтидор ва қобилият эгаси эканини кўрсатади. У шундай дейди: “Мен ўн саккиз ёшимда ушбу илмларнинг ҳаммасини батамом ўзлаштирдим”.
У ўзининг ёшлик давридаги илм таҳсили ҳақида яна шундай дейди: “Мен ўша пайтларда илмни ёдлар (ҳифз қилар) эдим, бугунга келиб у менда пишиб етилди. Аслида мен ёшлигимда ўрганган илмга янги қўшилгани йўқ”. Мана шу таълим-тарбия дастурида эътибор қаратилиши жуда муҳим бўлган жиҳатдир. Яъни, инсон ҳаётининг болалик чоғи илмни ёдлаш, уни ўзлаштириш, шу йўлда сабр билан бардавом бўлиш давридир. Кексалик чоғи эса, ўрганган илм устида тафаккур, тадаббур қилиш билан уни пишитиш ва касбий малака ҳосил қилиш вақти ҳисобланади.
Ибн Сино яшаган замонга яқин бир даврда, ёшлик давридан илм майдонига кириб келган буюк шахсиятлардан бири Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий (450-505ҳ.) ҳисобланади. Унинг илмдаги мартабаси шу қадар юксакки, буни барча соҳа вакиллари эътироф қилади. Лекин, у тезда омманинг ҳаётидан ўзини четга олиб, кўзга ташланишдан кўра хилватни, маҳшурликдан кўра камтарликни ихтиёр қилди.
Имом Ғаззолий кичиклигиданоқ нафақат илми билан шуҳрат топди балки, тенгқурлари орасида илмий устунлиги билан ажралиб улгурди. Ҳофиз ибн Касир “Бидоя ван Ниҳоя ” асарида – “Ғаззолий имомул Ҳарамайн Жувайнийдан фиқҳни ўрганди, у дунёнинг энг заковатли кишиларидан бўлиб, ёшлигиданоқ устун даражага эга эди, у ҳижрий 484-санада 34 ёшида Бағдоддаги “Низомия” мадрасасида дарс берарди, унинг ҳузурида катта-катта уламолар йиғилар эди” - деб ёзади. “Низомия” мадрасаси ўша замондаги ислом оламининг энг аҳамиятли мадрасаларидан бўлган. У замонасининг ёрқин иқтидорли ва етук уламоларидан бўлгани сабабли бу машҳур мадрасада мударрислик мақомига ўтирган. Ўша даврларда унинг илмий дарсларининг бошларидаёқ олиму-уламолар қатнашган. Бу нарса унинг йигирма ёшидаёқ етук заковатли, шуҳрати кенг ёйилган забардаст олим бўлганини билдиради.
Ғаззолий “Ал-мунқиз миназзолал” китобида ўзи ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Мен, жуда эрта тақлид ғуборларини ўз устимдан силкитиб ташладим, йигирма ёшимга етмасимданоқ илм денгизининг қаърига отилдим, мазҳабларнинг фарқларини тадқиқ қила бошладим, ёшлигимнинг баҳоридан, умримнинг энг гўзал онларидан, балоғатга етганимдан то шу пайтга қадар (ўшанда у эллик ёшда эди) бу денгизнинг тубларига шўнғийман, эҳтиёткорона эмас, балки, шиддат билан қўрқмасдан унинг қаърига интиламан, ҳар бир қоронғуликни ёриб кираман, ҳар қандай мушкул муаммога қарши чиқаман, ҳар бир ёпиқни очишга интиламан ва ҳар қандай фирқанинг ақидасини текшириб кўраман”.
Болалик даврларидан бошлаб, унда тақлид унсурлари бўлмаган, “менда болалигимдан тақлид учун ҳеч қандай восита йўқ эди, мерос бўлиб ўтувчи ақидалардан узоқ эдим” - дейди у. Ижтиҳод қилишга чорлаш ва унга эътибор қаратиш, тақлидни тарк этиш - катта уламоларнинг одатларидан эди. У: “тақлиддан узоқлашгандан сўнг яна унга қайтишдан умид йўқ” - дейди. Унда эрта уйғонган мана шу иқтидор воситасида, у ҳижрий олтинчи юз йилликнинг мужаддидига айланди. Булар ҳақида Жалолиддин Суютий (911ҳ. вафот этган) “Мақомот”ида келтирган. Ўша замонларда етишиб чиққан жуда кўп имомлар ва уламолар етим бўлганлар, улар оналарининг илмга риояси ва ташвиқи туфайли юксак илмий даражаларга эришганлар.
Балоғат ёшига етмасидан аввал юксак иқтидор ва қобилият намунасини кўрсатган, ижтиҳод мартабасига кўтарилиб, “Юз йиллик мужаддиди” унвонига сазовор бўлган зотлардан бири, шубҳасиз, Имом Жалолиддин Суютий (849-911ҳ.) бўлиб, унинг исми болалик давридан илм-маърифатга ошно бўлганлар қаторидан ўрин олган.
Жалолиддин Суютий ҳам саккиз ёшига етмасидан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган, кейин фиқҳ, усул ва наҳв илмларида жуда кўп китобларни ёд олган. У ҳижрий 864-йиллардан бошлаб, яъни ўн беш ёшида илм билан машғул бўлди. 866-йилда, ўн етти ёшида у илк илмий рисоласини ёзди. Йигирма икки ёшида фатво соҳасида ўзини намоён қилди. Бу ҳақда у ўзининг “Аттаҳаддус бинеъматиллаҳ” китобида шундай дейди: “Мен ҳижрий 871-йилдан фатво беришни бошладим, мен ёзган фатволарнинг миқдорини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди”.
Шундан маълум бўладики, унинг таълим бериш ва фатвога мутасадди бўлганлиги қуруқ даъво эмас, балки, бунинг ортида катта илмий лаёқат ва умумий мақбулият турибди. Агар, шундай бўлмаганда эди, унга ҳар тарафдан фатво сўровчилар келмас эди.
Имом Суютий ҳижрий 872ҳ. йилда 23 ёшида “Тулуний” жомеъсида ҳадис имло қилиш мажлисларини ташкил қилди. Бу ёш унинг бошқа тенгқурларига қиёсан ва табиий лаёқат жиҳатидан анча кичик ҳисобланади. Шунга қарамай, яъни ўша пайтда Ҳофиз Саховийдек (902ҳ. вафот этган) ундан ёши каттароқ улуғлар борлигига қарамай бутун Миср диёри уни эътироф этган эди.
Ҳадисларни ёздириш (имло) мажлисларини ташкил қилиш билан Суютий Ҳофиз ибн Ҳажарнинг ҳижрий 852-йилда вафот этганидан кейин тўхтаб қолган қадимий илмий анъанани қайта йўлга қўйди. Кейинчалик, Мисрда вабо тарқалиши натижасида ҳамма ўз жонини асраш билан овора бўлиб қолди, шунинг натижасида ҳижрий 873-йилнинг шаъбон ойида имло мажлислари ҳам тўхтаб қолди.
Имом Суютий ҳам етим ва фақир ҳолда улғайган, фақирлиги билан фахрланган. У ўзининг “Тарзул Имома” номли мақомотларида ғанимларидан бирига шундай дейди: “Аммо, сенинг мени фақирлигим билан камситишингга келсак, албатта, фақирлик бу Аллоҳнинг ҳузурида яхши кўрилган нарсалардандир, олимлар айтадиларки: мурувват эгалари асло мол билан фахрланмайдилар”. У ўзининг ўта фақир ҳолатига қарамасдан, мутлақ мужтаҳид даражасига етган бўлиб, бу ҳақда шундай дейди: “Аммо ижтиҳод масаласига келсак, Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсинки, мен, шаръий ҳукмларда, ҳадис ва арабча илмларда мужтаҳид мутлақ мартабасига етиб келганман”. “Мужтаҳиди мутлақ” деб, “усули фиқҳ” илмида умумий очиқ шаръий далиллардан ҳукмларни мустақил тарзда истинбот қилиб олувчи маърифатли ва лаёқатли олимга айтилади. Унинг акси “мужтаҳиди муқайяд ёки мунтасиб” бўлиб, унинг чиқариб олган ҳукмлари муайян бир фиқҳий мазҳаб имомининг усулига тобеъ бўлади.
Имом Суютий ўзининг тўққизинчи юз йилликнинг мужаддиди эканлигига эътироз қилувчи кишилардан бирига шундай жавоб қайтаради: “Агар бири: албатта, аввал ўтган саккиз аср имомларидан ҳеч бири уни (мужаддидликни) даъво қилмаганлар, фақатгина уларга эргашганларгина бу мақомга уларни лойиқ кўрадилар, - деса, биз айтамизки, имом Ғаззолий бунга даъво қилган, чунки, у етук имомлардан бўлган ва буни, унинг ўзи “Ал-Мунқиз миназзолал” китобида аниқ баён қилган”. Суютий ҳам имом Ғаззолийнинг мужаддидлик мартабасига етганини тасдиқлайди. Имом Ғаззолий “Ал-Мунқиз миназзолал” китобида: “Гувоҳлик берамизки, албатта, бу ҳаракат яхшилик ва рушду-ҳидоятнинг манбаъидир. Аллоҳ Таоло буни ушбу юз йилликнинг бошида тақдир қилди ва батаҳқиқ, Аллоҳ Таоло ўз динини ҳар юз йилнинг бошида иҳё қилишини ваъда берган”, - дейди.
Етук иқтидорга эга бўлиш лаёқати фақатгина шаръий илмлар билан шуғулланувчиларга хос бўлиб қолмасдан, балки, фалсафа, тиббиёт ва шу каби фанлар билан шуғулланган илм толибларига ҳам насиб этган. Бундай етук илмий савияга буюк имомлардан ташқари, табиблар, файласуфлар, мутакаллимлар ва воизлар ҳам сазовор бўлишган.
Андалусиялик табиб Абул Ало ибн Зуҳр (525ҳ. вафот этган) ҳақида Ибн Абу Усайба “Уюнул Анба” китобида шундай келтиради: “У кичиклигида “Ишбилия” (Севилья) амири Мўътазид биллаҳ Абу Амр Ибод ибн Ибоднинг (461ҳ. вафот этган) даврида тиббиёт билан машғул бўлди. Шунингдек, у адабиёт билан ҳам шуғулланди, китоблари гўзал таълиф ва тасниф қилинган, ўша пайтлардаёқ ибн Синонинг “Қонун”и Мағриб диёрларига етиб келганди. У жуда кичиклигиданоқ ўзини кўрсатди, у аввалгиларнинг китобларини тушуниб мутолаа қилар, ҳатто тиббиётнинг идрок ожиз қоладиган жиҳатларигача мукаммал ўрганди”.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ўша замонларда илмлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган, яъни илмнинг бир тури бошқасидан ажратилмаган. Шунинг учун жуда кўп уламолар бир вақтнинг ўзида ҳам фақиҳ, ҳам табиб, ҳам файласуф бўлган. Масалан, Ибн Жавзий фақат муҳаддис, воиз ва ҳанбалий мазҳабининг фақиҳи бўлибгина қолмасдан, балки, етук табиб ҳам бўлган. Имом Заҳабийнинг “Сияр”ида келган ибора билан айтганда, “у тафсирда денгиз, сийрат ва тарихда аллома, ҳадис илмларида маърифат эгаси, ижмоъ ва ихтилоф бобларида етук фақиҳ, тиббиётда ишончли эди”. Шунингдек, Ибн Сино ҳам йигирма ёшига етмасиданоқ ҳам файласуф, ҳам табиб, ҳам фиқҳда мунозара қила оладиган даражада мутахассис эди.
Ибн Ҳажарнинг “Инбоъул ғумр” китобида Тожиддин Субкийнинг (776ҳ. вафот этган) таржимаи ҳолини ўқисак, “у ўн ёшида отасидан кейин уммавийлар жомеъсининг хатиблигига сайланди, у отасининг ҳаётлиги даврида Аминийяда етти ёшидан бошлаб дарс бера бошлаган”. Ибн Ажамийнинг (833ҳ. вафот этган) китобида ҳам унинг таржимаи ҳоли ҳақида: “отаси унга ёшлигидан эътибор берди, у ҳижрий 788-йилда ўн бир ёшида Зоҳирия мадрасасининг очилишида одамларга таровиҳ намозида Қуръонни тўлиқ ўқиб берди”, - дейилади.
Юқоридаги маълумотлардан хулоса қилган ҳолда айтишимиз мумкинки, ислом дини инсониятни илм-маърифат олишга болалик чоғиданоқ киришмоғига чорлови натижасида ҳар юз йилда оламшумул кашфиётлар қилган ва бутун оламга илмий-маърифий соҳада пешқадам бўладиган улуғ зотларни етиштириб берган. Яъни, жуда ёш бўла туриб буюк, ҳамма эътироф қиладиган олимлар етишиб чиққан. Бунда асосий аҳамият касб этган учта жиҳат диққат-эътиборимизни тортади. Биринчи, инсондаги Аллоҳ таоло ато этган илмга бўлган рағбат ва қобилиятни болалик чоғидан англаган ҳолда уни тўғри йўналтириш. Бунда ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи кишиларнинг роли жуда каттадир. Иккинчи, шогирдидаги ноёб қобилиятни илғаган устоз бутун эътиборини унинг келажакда оламга машҳур уламо бўлиб етишишини аввало, чин дилидан исташи ва шу билан бирга бунинг учун беғараз кўмак бериши. Ваниҳоят учинчи, илм толибини моддий ва маънавий қўллаб қувватловчи савобталаб ҳомийларнинг бўлиши. Мана шу учта омилнинг жам бўлиши илмнинг ривож топишига, забардаст уламоларнинг етишиб чиқишига асос бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков
Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.
Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.
21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).
Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси