Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Рамазонга тайёрмисиз?

7.04.2021   2227   3 min.
Рамазонга тайёрмисиз?
  1. Аллоҳдан рамазон ойига соғ-саломат етказишини ҳамда Рамазон рўзасини тутишга мушарраф этишини сўраб дуо қилинг. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ражаб ойи келса, Аллоҳга “Ё Аллоҳ, бизга Ражаб ва Шаъбон ойларини хайрли қилгин ва Рамазонга етказгин”, деб дуо қилар эдилар. Шунингдек, саҳобийлар ҳам муборак Рамазон ойи келмасидан олдин “Аллоҳ бизни рамазонга етказ”, деб дуо қилишга одатланганлар.
  2. Рамазон ойининг ҳар бир кунининг режасини тузинг. Рамазон – ғанимат ойдир. Унинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиш лозим. Аллоҳ таоло Рамазон ойининг ҳар бир кунини бандалар савобларини кўпайтириб олишлари бошқа кунлардан кўра афзал қилган.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта сахий зот бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди.  Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Афсуски, ҳаётимиздаги барча майда ишларни ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳисоб-қитоб қиламиз-у, бироқ рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликдан бепарволик сабабли маҳрум бўламиз. Зеро, охиратнинг ободлиги бу дунёни обод қилиш билан бошланади. Абадий саодатга эришиш учун ибодатларни гўзал тарзда адо этишга одатланиш лозим. Шу сабабли, мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ойининг ҳар бир кундузию кечасини ўтказиш тартибини режалаштириб олишлари мақсадга мувофиқ.

  1. Рамазон ва унга тааллуқли бўлган масалаларни пухта ўзлаштириб олинг. Ҳар бир мўмин-мусулмон Рамазон ойи рўзасига оид бўлган масалаларни бу ой келмасидан аввал яхшилаб ўзлаштириб олиши керак. Рўзанинг барча қоидаларини тушунмай, унга кўр-кўрона амал қилиш, гўё мевасиз дарахт каби бўлади. Ислом дини – илм дини бўлиб, ҳар бир мусулмон эркак ва аёл ўзи учун фойдали ва зарарли нарсаларни билиб олиши шарт. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!» (Анбиё, 7)
  2. Рамазон рўзасини тутишга холис ният қилинг. “Ҳаво жуда иссиқ, рўза тутишга кучим етмайди” каби турли баҳоналар билан бу ойнинг фазилатларидан бебаҳра қолманг! Агар рўза тутишни холис Аллоҳ учун адо этишни ният қилсангиз, Аллоҳнинг ўзи енгиллик, барака ато этади.
  3. Рамазон ойи келаётганидан хурсанд бўлинг. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойи келса, бахтиёр ва хурсанд бўлиб кетар эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рамазон ойи келди. Рамазон ойи Аллоҳ рўза тутишни фарз қилган раҳмат ойидир. Бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилади”, дер эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобийлари, тобеийлар бу ой келишини интизорлик билан кутишар эди.
  4. Муборак Рамазон ойига етказгани учун Аллоҳга ҳамд айтинг. Чунки Аллоҳ сизни соғ-саломат бу ойга етказиб, ўзининг чексиз раҳмат ва марҳаматига лойиқ кўрди.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

РАМАЗОН-2021
Бошқа мақолалар

Самарқанд шайхул исломи

9.01.2025   2278   9 min.
Самарқанд шайхул исломи

Бу зотнинг тўлиқ исми Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Абу Лайс ас-Самарқандий ал-Ҳанафийдир. Самарқандда таваллуд топгандир. Самарқанд ўзининг кўп олимлари билан машҳур бўлган ҳамда Самарқанд аҳли илмни яхши кўрган. Бу маълумотлар Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад Насафийни “Ал қанд фий уламаи Самарқанд” асарида келтирилган.

Абу Лайс Самарқандий бошланғич таълимни Самарқандда олган. Сўнг уламоларининг кўплиги билан машҳур бўлган Балхга кетади. Илмни мустаҳкамлаб Самарқандга қайтади. Абу Лайс нафақат Самарқанд ва Балх уламолари орасида илмий мавқега эга, балки Ҳанафий уламоларининг орасида ҳам ўз мавқега эгадир. Бунга бир қанча мисоллар далолат қилади:

  1. Абу Лайс Самарқандийнинг китоблари устида кўплаб уламолар машғулотлар, дарслар ва имлолар олиб борган. Масалан биргина “Уюнил масоил” китобига кўплаб уламолар шарҳлар битган. Жумладан, Муҳаммад ибн Абдул Ҳамид ас-Самарқандий ал-Ъала ул-Олам, Муҳаммад ибн Умар ибн Арабий ал-Жорий. “Ал-Муқаддимату фис-солати” асарига Жаброил ибн Ҳасан ибн Усман ал-Жанжавий 752-ҳижрий санада, Мустафо ибн Закариё ал-Қирмоний 809-ҳижрий санада, Ҳасан ибн Ҳусайн ат-Тулуний 909-ҳижрий санада, Лутфуллоҳ ан-Насафий ал-Кайдоний 750-ҳижрий санада ва бошқа уламолар шарҳлар битган.[1]
  2. Мусаннафотлар соҳибларининг машҳурлиги ва уларнинг кўплиги.
  3. Мазҳаб фуқаҳоларидан қилган ривоятларига ва қавлларига кўпчилик асҳабул мутунларнинг суянишлари.
  4. Баъзи муҳим китоблар билан шуғулланиши. Мисол учун, Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳул-акбар” ва Муҳаммад ибн ал-Ҳасаннинг “ал-Жомиъус-сағир асарларига шарҳлар битган.
  5. Таълиф қилган илмий йўналишларини фиқҳ, тафсир, ақоид ва мавъизалар бўйича тартибга солди.
  6. Мазҳабда таржиҳ асҳобидан бўлишлиги.
  7. Тафсир, фиқҳ, усул (дин асослари), ақида, хутбалар, зуҳд бўйича кўплаб асарлар яратган буюк аллома Самарқанд шайхулисломи бўлганлиги.

 У яшаган даврда юртимизда луғат, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари ривожланган. Мана шундай илмий муҳитда яшаб ижод этган аллома самарали мерос қолдирган. Унинг “Баҳр ал-улум” (“Илмлар уммони”), “Уюн ал-масойил” (“Масалалар сарчашмаси”), “Танбеҳул-ғофилин” (Ғофилларга танбеҳлар”), “Бўстон ал-орифин” (“Орифлар бўстони”) каби асарлари бизгача етиб келган ва нашрлар этилган.

Алломанинг туғилган йили сифатида муаррихлар ҳижрий 301-310 йиллар ораси ва 911-милодий йилни кўрсатадилар. Олимнинг куняси Абу Лайс, яъни “Лайснинг отаси”. “Лайс” луғатда шер, арcлон маъносини беради. У зотнинг Лайс деган фарзандлари бўлганми ёки “Абу Туроб” сингари мажозий лақабми, номаълум. Ҳар ҳолда куня экани аниқ. Куняси билан лақаби қўшиб айтилар эди, масалан: "Фақиҳ Абу Лайс айтди" каби. Лақабларидан бири “ал-Фақиҳ” бўлиб, шу лақаб билан машҳур бўлган. Аллома фиқҳ илмида юксак мартабага эришган, ўз замонасида унга тенг келадиган олим топилмас эди.  Фақиҳ сўзининг
олдида араб тилидаги “ал” артикли қўшилиб, уни “ал-Фақиҳ” деб аталиши ҳам шунга ишоратдир.

Абу Лайснинг ўзи ҳам “ал-Фақиҳ” лақабини яхши кўрар эди. Чунки, ривоятларга қараганда, “Танбеҳул ғофилин” китобини ёзган маҳалларида бир кеча у кишининг тушларига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб, ёзган китобларини тутқазиб: "Ё Фақиҳ! Китобингни ол!” дейдилар. Уйғонганларида китобларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак қўлларини, изларини кўрадилар. Шундан кейин “Фақиҳ” деган номни яхши кўрди ва у туфайли кўп барокатларга ноил бўлади. Иккинчи унвони “Имомул-ҳуда”. Бу лақаб билан яна бир буюк аллома Абу Мансур ал-Мотуридий ҳам аталган.

Абу Лайснинг вафоти ҳақида ҳам муаррихлар турли саналарни кўрсатадилар. Довудий ўзининг “Табақот ал-Муфассирин” китобида 393-ҳижрий йилнинг жумод ал-охир ойининг сешанба 11-кечасида вафот этган, деган. “Жавоҳир ал-мўзиъа” асарида 373-сешанба кечасида, “Кашф аз-зунун” асарида 376, ёки 383, ёки 375-ҳижрий йилда вафот этган дейилади. Араб мероси тарихида 373, ёки 375, ёки 393-ҳижрий вафот этган дейилган.

Яъни, аллома 985 ва 1003-милодий йиллар орасида вафот этган. Манбаларда унинг оиласи ҳақида ҳеч нарса ёзиб қолдирилмаган. Абу Лайс Самарқандий Самарқандда шайхул-ислом даражасига кўтарилган. Лекин унинг расман қози бўлгани ҳақидаги маълумот манбаларда кузатилмайди. У ўз  даврида энг зарурий илм – фиқҳни эгаллагани боис, фатволар айтишга лойиқ бўлган ва унинг фатво ҳамда ҳикматли сўзлари кишилар орасида тарқалган. Жумладан, Салоҳиддин Ноҳий унинг фиқҳий асарлари матни тузилишига кўра ўз тадқиқотида алломани мадрасаларда мударрислик қилганини тахмин қилади. Шунингдек, Абу Лайс тафсирида ҳадислар, ривоятлар, қироатлар, луғавий манбаларга алоҳида аҳамият берилиши ҳам унинг мударрислик қилганини тасдиқлаши мумкин.  Абу Лайс Самарқандий илмий салоҳиятининг шаклланишида аввало олим оиласида таваллуд топгани таъсир кўрсатган бўлса, кейинчалик Балх, Самарқанд ва Бухоро каби муҳим илмий мавқега эга бўлган шаҳарлар олимларининг таълим-тарбиялари сезиларли бўлган. Абу Лайс Самарқандий Балхлик олимларнинг Самарқандга келиши, у ерга сафар қилиш муносабати билан илм ўрганган бўлса, айрим ҳолларда уларнинг асарларини мутолаа қилиш ва ўрганиш орқали уларни ўзининг устози деб ҳисоблаган.

Абу Лайс Самарқандий шаклланган илмий муҳит асосан ҳанафий  мазҳаби олимлари таъсирида бўлган. Кўпчилик тарожум асарларида Абу Лайс Самарқандийнинг икки ёки уч устози зикр этилади холос. Бунга сабаб балки олимга кўпроқ таҳсил берган устозини зикр этиш билан кифояланиш бўлса керак. Унинг асарларида ўз давридаги кўплаб олимларнинг сўзлари, ривоятлари келтирилган. Олим уларни ўз асарларида зикр этган. Тадқиқот доирасида Абу Лайс Самарқандийнинг 24 устози аниқланди. Тафсирида 20 устози, “Танбиҳ-л-ғофилин”да 4 устози зикр этилган. Олимнинг барча устозлари ҳанафий мазҳаби уламолари бўлиб, уларнинг кўпчиликларининг силсиласи Нуъмон ибн Собит Абу Ҳанифа, Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасанга бориб тақалади. Бу устозларнинг баъзилари ҳақидаги маълумотлар тарожум асарларида зикр этилган. Муҳаммад ибн Фазл Бухоро ва Самарқандга келгани ва Самарқандда вафот этгани, Халил ибн Аҳмад Фарғона қозиси бўлгани ва шу ерда ёки Самарқандда вафот этгани, Абу Жаъфарнинг Бухоро ва Самарқандга келгани ва Бухорода вафот этгани ҳақидаги маълумотлар уларнинг Самарқанд илмий муҳити билан боғликлигини кўрсатади. Улар ўз замонларининг етук олимлари бўлиб, Абу Лайс Самарқандийга устозлик  қилганлар Абу Лайс Самарқандий тафсирининг ЎзРФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган нусхасининг биринчи варағида шундай маълумот мавжуд: “Абул-Маҳомид Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ануш Ҳасийрий “Ҳодий Ҳасийрий” асарининг охирги қисм иккинчи – “Фатво беришда эҳтиёт қилиш” номли фаслида  шундай ёзади: 258/872 санада вафот  этган Самарқанд ҳофизи фақиҳ Абу Лайс: “Самарқандда 40 йил фатво бердим, ушбу 40 йилда фақат илгари ўтган уламоларнинг сўзларига таяндим. Менинг китобимдан қиёмат куни ғийбатдан бирор нарса чиқмайди. Ўнг қўлимни чап қўлимдан ажратганимдан буён ёлғон гапирмадим, ҳеч кимга қушнинг бошини сувга солиб кўтарганда бошида қолган сувчалик ёмонлик истамадим”, деган.

“Абу Лайс фозил, тақводор, буюк имом бўлиб, юз минг ҳадисни ёд билган. Вакиъ, Муҳаммад ибн Ҳасан, Ибн Муборак, Абу Юсуф ва бошқа олимлар китобларини мутолаа қилар эди. Унинг кўплаб асарлари бор”.

Барча манбаларда Абу Лайс Наср ибн Сайёр ҳофиз, Наср ибн Муҳаммад эса фақиҳ деб аталган. Юқоридаги маълумотда Абул-Лайс Наср ибн Муҳаммад билан ҳофиз Абу Лайс Наср ибн Сайёр ибн Фатҳ ҳақидаги маълумотлар чалкаштириб юборилган. Шунингдек, кўрсатилган вафот йили ҳам ҳофиз Абул-Лайс вафот этган йилига яқинроқ келади.  Шу каби ушбу икки алломани адаштириш ҳоллари манбаларда  учрайди.

Жумладан, у иккисини бир олим деб кўрсатилган ўринлар ҳам мавжуд. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандийнинг Муҳаммад Шайбонийнинг китоби билан танишганлиги, ўз ижодида Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, Вакиъ, Ибн Муборакларнинг силсилалар орқали ривоятларини кўп келтирганлиги сабабли бу маълумотлар Абу Лайс Наср ибн Муҳаммадга тегишли деб ҳисоблаш мумкин. У ўзининг тафсирида Муҳаммад ибн Ҳасан “Ас-Сияр ал-Кабир” асаридан маълумот келтиради.

Туғилган жойи Самарқанддир. “Баҳр ал-улум” тафсирининг кириш қисмида у шаҳар ҳақида бундай дейилади: “Араблар уни Сирон ҳам дейдилар. Сафд водийсининг жанубида жойлашган бу жой иқлими яхши ва катта шаҳардир”. Бир шоир  бу ер ҳақида шундай деган эди:

Инсонлар учун охиратда жаннат бордур,
Бу дунёнинг жаннати Самарқанддур.

Бу шаҳар толиби илмлар маскани бўлган. Бу ерга уламо-ю фуқаҳолар, тасаввуф аҳллари сафар қилар эдилар. Шунинг учун бу ер бошқа юртлар ичида муҳим илмий ўрин эгаллаб турар эди, чунки Абу Лайс Самарқандий қаторида у кишининг олимлардан бўлган шериклари ва дўстлари ҳам кўп эди.

ТИИ талабаси Мирзақосим Саидмирзаев

[1] Тарихи ат-турас ал-арабий. 1-жилд, 3-жуз, 107 ва ундан кейинги саҳифалар.