Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта сахий зот бўлсалар-да, Рамазон кириши билан саховатлари, яхшиликлари янада ортиб кетар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг саховатлари Рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига тушадиган пайтларда – айниқса, зиёда бўларди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да тез эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Афсуски, ҳаётимиздаги барча майда ишларни ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳисоб-қитоб қиламиз-у, бироқ рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликдан бепарволик сабабли маҳрум бўламиз. Зеро, охиратнинг ободлиги бу дунёни обод қилиш билан бошланади. Абадий саодатга эришиш учун ибодатларни гўзал тарзда адо этишга одатланиш лозим. Шу сабабли, мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ойининг ҳар бир кундузию кечасини ўтказиш тартибини режалаштириб олишлари мақсадга мувофиқ.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси Нуман Куртулмуш Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига самимий табриклари ва эзгу тилакларини йўллади:
Аввало, Азиз қардош ва дўст Ўзбекистон халқига энг самимий саломларимни, ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этаман.
Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги географик масофага қарамай, қалбларимиз бир-бирига энг яқин халқларданмиз. Мустаҳкам биродарлик ришталаримиз мавжуд. Умумий тарихимиз, маданий меросимиз ва қадриятларимиз бор. Ўзбекистон бизнинг ота юртимиздир.
Айниқса, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдоған раҳбарлигида икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихий даражада мустаҳкамланиб, изчил ривожланмоқда.
Бунга мисол сифатида жорий йил январь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенг таркибдаги делегация билан Туркияга амалга оширган ташрифини келтириш мумкин. Ушбу ташриф доирасида Истанбулдаги Ўзбекистон мактаби ҳамда Ҳатай вилоятида зилзиладан жабр кўрган фуқаролар учун барпо этилган “Ўзбекистон маҳалласи”нинг очилиш маросимлари икки мамлакат ўртасидаги қардошлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ҳурматли биродарим – Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов билан биргаликда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида жойлашган “Ўзбекистон маҳалласи”га ном бериш маросимида иштирок этдик. Маросим самимий ва дўстона муҳитда ўтди.
Фурсатдан фойдаланиб, Туркияда юз берган зилзиладан кейин Ўзбекистон халқи томонидан кўрсатилган беқиёс қардошлик ёрдами учун яна бир бор самимий миннатдорчилигимизни билдираман.
“Ўзбекистон маҳалласи” ва “Ўзбекистон мактаби” икки давлат ўртасидаги дўстлик ва биродарликнинг абадий рамзларига айланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан тараққиётни биз ҳар бир ташрифимизда ўз кўзимиз билан кўрмоқдамиз. Барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Ўзбекистон нафақат иқтисодий тараққиёт, балки фикр, фалсафа, илм-фан ва санъат соҳаларида ҳам Ислом цивилизациясининг Учинчи Ренессанси сари дадил қадам ташламоқда.
Бу борада Президент Шавкат Мирзиёевнинг кучли ва самарали раҳбарлигини алоҳида эътироф этаман ҳамда унга чуқур ҳурматимни билдираман.
Ишонаманки, Ўзбекистонда шаклланаётган Учинчи Ренессанс нафақат мамлакатнинг ўзи, балки бутун Ислом олами учун янги юксалиш даврининг бошланиши бўлади.
Буюк маданий меросга эга Ўзбекистон Алишер Навоий, Аҳмад ал-Фарғоний, Али Қушчи ва Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларни етиштирган заминдир. Бу юрт илм-фан, фалсафа, астрономия ва бошқа кўплаб соҳаларда инсоният цивилизациясига беқиёс мерос қолдирган.
Шу билан бирга, ислом илмлари соҳасида ҳам Ўзбекистон улкан маънавий бойликка эга. Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдулхолиқ Ғиждувоний каби буюк тасаввуф уламоларининг мероси ушбу заминнинг Ислом тафаккуридаги юксак ўрнини намоён этади.
Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг илмий мероси бутун ислом оламининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.
Умид қиламанки, Ўзбекистон илм-фан, тараққиёт ва маърифат соҳасидаги ютуқлари орқали нафақат ўзининг янада юксалишига, балки Турк дунёси ва бутун Ислом оламининг равнақига ҳам муносиб ҳисса қўшишда давом этади.
Яна бир бор азиз Ўзбекистон халқига энг самимий саломларим ва эзгу тилакларимни йўллайман.
Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевга мамлакат тараққиёти ва халқаро майдондаги фаолиятида улкан муваффақиятлар тилайман. Аллоҳ таоло ўзларига сиҳат-саломатлик, узоқ ва баракали умр ато этсин ҳамда Ўзбекистон халқи, Турк дунёси ва Ислом олами йўлида янада улкан хизматларни амалга ошириш насиб қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати