Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Динда террор йўқ – Ислом қўпорувчилик дини эмас!

6.04.2021   1952   12 min.
Динда террор йўқ – Ислом қўпорувчилик дини эмас!

ОГОҲЛИК – ДАВР ТАЛАБИ 

Бугун биз шундай даврда яшаяпмизки “фалон киши коинотда яшаш учун жой буюртма қилибди, фалон компания у номдаги энг юқори технологияларга эга маҳсулотини тақдимот қилибди, буниси қуёш нури билан ҳаракатланадиган учар машина ишлаб чиқибди”, деса ҳеч ким ажабланмай қўйди.

Лекин дунёнинг фалон мамлакатида террорчилик хуружи кузатилибди деса, ер юзидаги етти миллиарддан зиёд одам юрагини ҳовучлайдиган бўлиб қолди. Энг ёмони, сайёрамиз аҳолисининг аксарияти террорни ҳали-ҳануз дин билан ёнма-ён ишлатмоқда.

Қўли қонга ботган, на дини, на миллати, на виждони бор разил кимсалар – террорчилар ўлдирса ҳам, қайсидир жойни портлатса ҳам, қаёққадир ўт қўйса ҳам энг улуғ калима – “Аллоҳу акбар”ни талаффуз қилаётгани диндан бехабар кишиларнинг ана шундай хулосага келишига сабаб бўлаётгандир. Хўш, аслида ҳам шундайми?

ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ДИНИ

Бугун кўпчилик ўйлаганидек, Ислом қўпорувчилик дини эмас, балки тинчлик динидир. Динимиз тинчлик, хотиржамлик, ҳузур-ҳаловат, сулҳ ва омонлик каби маъноларни англатади. Бу номни Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаган. Зотан, Буюк Раббимизнинг гўзал исмларидан бири ҳам “Ас-салом”дир.

“Ислом” сўзи “итоат ва бўйсуниш”, “ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш” ҳамда “сулҳ ва омонлик” деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. Ислом, бу – Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.

Бу дин шундайки, ҳатто бошқа динларни ҳам инкор этувчи шахсларга нисбатан ширинсуханлик билан чиройли муомала қилишга ундайди. Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломга ўзини Худоман, деб даъво қилган Фиръавнга ҳам Аллоҳ таоло юмшоқ ва мулойим сўз билан гапиришга буюрди: (Эй, Мусо!) Сен ўзинг ва биродаринг (Ҳорун) Менинг оятларимни (одамларга) олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у(“Мен – худоман”), деб ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса” (Тоҳо сураси, 44-оят).

Ва ҳолбуки, Худойи таоло қодир эди Мусо алайҳиссаломга: “Эй, Мусо, Фиръавнни олдига борганингизда асонгизни ушланг, аждаҳога айланиб Фиръавнни ютиб юборсин” дейишликка. Лекин Худойи таоло Ўзининг энг улуғ пайғамбарларидан бири бўлган, Аллоҳ таоло билан воситасиз гаплашган, Қуръони Каримда у кишининг номлари 136 марта зикр этилган, алоҳида бир Муқаддас китоб нозил қилинган, севимли пайғамбарларидан битталари бўлган бўлсалар-да ширин сўз ва мулойимлик ила муносабат қилишни амр-фармон қилади.

Ислом террорни, фасод ва бузғунчиликни бутунлай қоралайди, лаънатлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюриб: “Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят), шу суранинг 60-оятида эса: “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”деб марҳамат қилган.

Моида сурасининг 32-оятида эса: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”, деб марҳамат қилинган.

Муфассирларнинг таъкидлашларича, аслида ушбу оят ҳукми Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, бироқ у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир. Оятнинг тақозо этишига кўра, Ер юзида фитна-фасод, бузғунчилик, қотиллик, қўпорувчилик, қароқчилик каби разил ишларни қилган кимсалар қилмишларига яраша жазога тортилиши керак.

Ҳадиси шарифларда: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти); “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.

ТЕРРОРИЗМ ДИН БИЛАН АЛОҚАДОР ЭМАС

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассами ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, дея таъкидлаган эдилар.

Мана шу таклифлардан келиб чиқиб БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2017 йил 21 декабрь куни “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилди. Ушбу ҳужжатга кўра, терроризм, зўравон экстремизм ҳеч бир дин, миллат ва цивилизация билан алоқадор эмас ва боғлиқ ҳолда талқин қилинмаслиги керак.

“Террор” атамаси пайдо бўлганига чорак асрдан ошди. Террор дастидан минг-минглаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлмоқда, миллионлаб заминдошларимиз ўз уйидан, ватанидан чиқишга мажбур бўлиб, сарсон саргардон юрибди. Минглаб болалар таълим олиш у ёқда турсин, уйсиз бошпанасиз, баъзилар ҳатто яқинларисиз ёлғизликда, ночор ҳаёт кечирмоқда. Бу эса терроризм, экстремизмнинг аччиқ мевасидир.

 

ЭКСТРЕМИЗМ – ИНСОНИЯТ ДУШМАНИ

“Экстремизм” тушунчаси Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда қайта-қайта келган “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” каби сўзлар билан ҳамоҳанг бўлиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қаттиқ қораланган. Масалан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларини ғулувдан қайтариб, бундай марҳамат қилади: “Эй аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз!..” (Нисо сураси, 171-оят). Бошқа ояти каримада: “Айтинг: “Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят), деб зикр қилинган.

Муқаддас динимизда якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилиб, бирдамликка чақирилади. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошишдан қайтарилишнинг сабаби, бу омиллар ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Ваҳоланки, оятда:: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум сураси, 32-оят), деб марҳамат қилинган.

Динда ғулувга кетишнинг оқибатлари жуда ёмон. Аввало, бу ақиданинг бузилишига олиб келади. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж, муътазила ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши, асосан, динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Ғулув машаққат бўлгани боис одамлар тўғри йўлдан озиб, диндан нафратланиб, безиб қоладилар. Охир-оқибат шариатда буюрилган амалларни бажаришдан қониқиш ҳосил қилмай, ўз-ўзига машаққат туғдирадиган янги бидъат амалларни ўйлаб топиши ва динни машаққатдан иборат қилиб кўрсатишга сабаб бўладилар. Бу эса Ислом динининг мўътадиллик ва енгилликка чақирувчи, машаққат ва қийинчиликларни бартараф этишга асосланган таълимотларига зиддир. Зеро, енгиллик, Исломнинг асосий шиорларидан биридир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Осонлаштиринг, асло қийинлдаштирманг. Башорат беринг, ҳеч ҳам нафратлантирманг”, дейилган.

Ислом дини фасодга қарши курашиб, ошкора ва ботиний фитналардан қайтарган. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 56-оятида: “Ва ислоҳ қилингандан кейин Ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир”, деб марҳамат қилади.

Муфассирлар ушбу оят тафсирида “арз”, яъни “ер” сўзи, араб қоидаларига кўра, алиф-лом билан келгани учун муайян бир жойга – Мадина шаҳрига далолат қилади, дейишади. Шунда оятнинг мазмуни “Мадина шаҳри ислоҳ қилинганидан кейин у ерда фасод ишларни қилманг” бўлади. Мадина ер юзидаги кичкина шаҳар. Мана шу жойда ҳам фасод қилмасликка буюриляпти. Модомики, кичик шаҳарда фасодга чек қўйилмас экан, худди учқун бутун бошли ўрмоннинг кулини кўкка совурганидек, фасод ишлар – экстремизм, терроризм ҳам ер юзини вайрон қилади.

Ҳозирги кунда айрим давлатларда ғулувга кетган, қўли қонга ботган бир қанча экстремистик гуруҳлар фаолият олиб бораётгани барчани бирдек ташвишга солмоқда. Ғарб мамлакатларининг баъзи оммавий ахборот воситалари ушбу экстремистик гуруҳларнинг қўпорувчилик ҳаракатларини Ислом дини билан боғлашга уринмоқдалар. Ваҳоланки, Ислом дини экстремизмни, терроризмни қаттиқ қоралайди, лаънатлайди. Динимиз экстремизмга қарши курашни ўн беш аср олдин бошлаб юборган. Ислом мўътадил экани унинг ҳар қандай экстремизмга, хунрезликка қарши эканлигининг яққол исботидир.

Турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган кимсаларнинг гумроҳлиги шундаки, кўр кўрни қоронғида топибди деганидай, улар фақат ўзларига ўхшаш кишиларнинг гапларига ишонишади. Самимий насиҳат қилиб, тўғри йўлни кўрсатган олимлар у ёқда турсин, баъзан айримлари ота-онаси, акасини ҳам тан олишмайди. Булар ҳақида Қуръони каримда: “Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз” (Сажда сураси, 22-оят), деб марҳамат қилинган.

Шукрки, бағрикенг юртда яшаяпмиз. Мамлакатимизда шонли саналар, байрамлар муносабати билан адашиб турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиб озодликдан маҳрум этилган, айни пайтда қилмишига чин пушаймон бўлиб, бутунлай тузалиш йўлига ўтган фуқароларни афв этиш тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг фармонлари эълон қилиняпти.

Оиласи бағрига қайтаётган бундай фуқаролар билан кайвонилар, ҳожи оталар иштирокида суҳбатлар ўтказиб, уларга динимизнинг асл моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо муаззам Каъба деворига суяниб бундай деганлар: “Эй Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг баланд. Лекин агар сени етти марта бузиб вайрон қилганимда ҳам бир мусулмонга озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”.

Видолашув ҳажида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, қонингиз, молингиз ва обрўйингиз бир-бирингизга худди бугунги кундай, шу шаҳардай ва шу ойдай ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу ҳадис шарҳида: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни ардоқли, улуғлиги, азизлиги, ҳурмати аён бўлган нарсалар: Қурбон ҳайити, Макка шаҳри ва муҳаррам ойи каби ўзаро молларини, жонларини ва обрўларни ҳурмат қилишга даъват қилдилар”, деган.

Хўш, энди дўппини ечиб қўйиб, ўйлаб кўрайлик. Ҳатто қушнинг ҳам ини бузилишига қарши бўлган, эр-хотиннинг жанжаллашишига олиб борадиган барча йўлларга ўзининг қатъий ҳукмлари билан чора кўриб қўйган Исломни қандай қилиб терроризм, экстремизм билан чоғиштириш мумкин?

ХУЛОСА

Маълумотларга кўра, сўнгги 10 йилда терроризм, экстремизм оқибатида жаҳон иқтисодиётига 583 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилган. Кейинги 15 йилда террорчилик ҳаракатлари натижасида 91 минг бегуноҳ инсон ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти ёш болалар, аёллар ва қариялардир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тузилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси дунё жамоатчилигини безовта қилаётган терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг ўткир муаммоларига ечим сифатида илм-маърифат, ўзгаларга адолатли ва бағрикенг ёндашув ҳамда тинчликпарвар сиёсатни тарғиб қилади.

Бугун куч ишлатиш, босиб олишдан кўра кўпроқ тинчликпарвар сиёсат ҳар жиҳатдан самарали бўлмоқда. Ана шу тажриба орқали радикал гуруҳлар фаолиятининг 7 фоизи қуролли аралашув натижасида тўхтатилган бўлса, уларнинг 40 фоизи тинч йўл билан – сиёсий музокаралар ўтказиш воситасида барҳам топган. Зотан, дунё бўйлаб экстремистик ташкилотларнинг 38 йиллик фаолияти таҳлиллари шуни кўрсатмоқда.

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Яхшисини беринг

25.11.2024   1805   3 min.
Яхшисини беринг

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.

Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...

Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.

– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?

– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?

– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.

 Онам бирпас ўйлаб туриб:

– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.

– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.

– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....

Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.

Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.

Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!

Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон

Мақолалар