– Рўза тутган кишига қандай ишларни қилиш суннат?
– Саҳарлик қилиш; субҳдан илгари рўзага ният қилиш; рўза билан нафсни ёмон ниятлардан тўхтатишни қасд қилиш; рўза бўлган ҳолда бефойда сўзлардан ҳамда ибосиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш; киши билан уришмоқдан ва ҳар бир гуноҳ ишлардан ўзини тортиш; мумкин қадар зикр ва тасбеҳ ила ва ҳам Қуръон ўқимоққа машғул бўлиш; қуёш ботган вақтда шом намозини ўқимасдан илгари оғиз очиш суннатдир.
– Рўза тутган кишиларга қандай ишлар макруҳ ҳисобланади?
– Фойдасиз сўзларни сўзлаш; ибосиз сўзларни сўзлаш; одамлар билан ёқалашиш; ҳаммомга тушиш; сувга шўнғиш; таомни татиб кўриш; ўтар рўза, яъни бир кун кечгача рўза тутиб оғиз очмасдан иккинчи кун рўзасини давом эттириш каби ишлар макруҳ.
– Рўза тутган кишига қандай ишларни қилиш дуруст бўлади?
– Сотиб оладиган нарсаларни тил теккизиб татиб кўриш, зарур бўлганда таом чайнаб бериш, кўзига сурма тортиш, юзини мойлаш, мисвокдан фойдаланиш, қон олдириш, зулук солдириш, обдаста билан ғусл қилиш, совун билан покланиш дуруст бўлади, макруҳ эмас.
– Рўзани қандай нарсалар бузади?
– Кунжут қадар бўлса ҳам, таом ейиш; бир қатра бўлса ҳам, сув ичиш; эр билан хотиннинг якинлик қилиши рўзани бузади.
– Бир киши ўзининг рўза эканини била туриб ихтиёрий равишда рўзани бузадиган ишларни биринчи марта қилса, у киши нима қилиши лозим?
– Рўзасининг қазосини тутиши ва ҳам каффорат қилиши лозим.
"Ибодати исломия"дан.
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати