Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 13–19 ноябрь кунлари юртимиз бўйлаб Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилади.
Ушбу ҳафталик доирасида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан "Бағрикенг Ўзбекистон – умумий уйимиз" мавзусида Халқаро пресс-клуб бўлиб ўтди.
Унда бир қатор ташкилотлар, миллий маданий марказ раҳбарлари ва конфессия вакиллари иштирок этди.
Спикерлар мамлакатимизда олиб борилаётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сиёсатига юқори баҳо бериб, юртимизда кенг нишонланадиган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар халқларимиз орасидаги дўстлик ришталарининг ривож топишига, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлашди.


Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати
Озарбайжонда бўлиб ўтган Саййид Яҳё Бокувийнинг бой маънавий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференциянинг ёпилиш маросими рамзий маънога эга бўлган тарихий Ағдам шаҳрида ўтказилди. Унда туркий давлатлар, араб-мусулмон мамлакатлари диний пешволари, уламолар ва соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугунги мураккаб даврда тинчлик ва ҳурлик энг бебаҳо неъмат эканини алоҳида таъкидлаб, уммат бирлиги, ҳамжиҳатлик ва диний-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш заруратига тўхталдилар. Шунингдек, давлат Раҳбарлари ўртасидаги самимий биродарлик ва олий даражадаги ўзаро ташрифлар халқларимиз тарихида янги саҳифа очганини эътироф этдилар.
Йиғилишда Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ҳам сўзга чиқиб, яқинда бўлиб ўтган Озарбайжон етакчисининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи ва имзоланган "Абадий дўстлик шартномаси" қардошлик муносабатларимизни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
Анжуман якунида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода жанобларининг таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганлар ва бутун ислом уммати ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Муфтий ҳазратлари ўз дуоларида эл-юртларимиз тинчлиги, мамлакатларимиз фаровонлиги ҳамда анжуманда кўтарилган муҳим масалалар мусулмонлар ва бутун уммат манфаати учун хизмат қилишини Ҳақ таолодан сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати