Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Май, 2025   |   9 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:42
Қуёш
05:13
Пешин
12:25
Аср
17:20
Шом
19:30
Хуфтон
20:55
Bismillah
07 Май, 2025, 9 Зулқаъда, 1446

МУҚАДДАС ДАРГОҲ: Ёмон хулқдан сақланиш. ХОТИМА.

31.03.2021   5460   30 min.
МУҚАДДАС ДАРГОҲ:  Ёмон хулқдан сақланиш.  ХОТИМА.

 

МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи ришта никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларнинг бари шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз никоҳ асосида оила қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди:

«Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради...» (Наҳл,72).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир ҳадисларида: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас” (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) суннатлари экан, мусулмон киши никоҳ асосида оила қуриши, турли сабабларни рўкач қилиб, уни пайсалга солмаслиги лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин, чунки бу кўзнинг тийилиши ва фаржнинг поклигидир. Ким бунга қодир бўлмаса, унда рўза тутсин, чунки бу билан шаҳват сўндирилади”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Аллоҳ таоло шу боис эр ва хотиннинг оила қуриб, кўпайиши учун уларга тотувликда, аҳилликда бир-бирларига шафқат ва меҳрибонлик кўрсатиб умргузаронлик қилишни буюрган. Аллоҳ таоло айтади:

«Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» (Рум, 21).

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан 2012 йил “Мустаҳкам оила йили” деб аталди. Ҳукуматимиз жамиятимизнинг асосий бўғини – оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб қувватлаш, бу борада маҳалланинг ўрни ва аҳамиятини кучайтириш, жисмонан соғлом, маънан етук ва баркамол авлодни тарбиялашдек муҳим масалаларга катта эътибор қаратмоқда.   

Мамлакатимизда бу йил бежиз “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилингани йўқ. Чунки оила мустаҳкам бўлса, жамият тотув, аҳил ва барқарор бўлади, унга ҳеч нарса раҳна сололмайди. Агар оилалар жанжал-можаролардан бўшамай қолса, жамиятнинг ҳам тинчи бузилади, юртдан барака кўтарилади, фарзандлар тарбияси бузилади ва инсонлар ўртасидаги муносабатлар издан чиқади.

Кўпинча янги турмуш қураётган келин-куёвларни кўрган ёши улуғлар беихтиёр: “Илоҳо, янги турмуш қураётган келин-куёв бахтли бўлишсин, оиласида тотувлик, аҳиллик ошён қурсин”, деб дуога қўл очишади. Афсус, келин-куёвларнинг ҳаммаси ҳам умрлари давомида оила номли ошёнларини авайлаб асрай олишмайди. Бўлар-бўлмас гап-сўзлар, арзимас баҳоналар билан ширин турмушларини оғуга айлантиришади. Бир-бирларини тушунмасликдан, муроса илмини билмасликдан бир оилада яшаётган икки киши душман-ғанимга айланади. Қанча оилалар бузилиб, кишилар азият чекади, болалар етим бўлади, асаблар қақшайди. Ажрашишмаган тақдирда ҳам, бутун умрлари ғурбат, ғам ва изтиробда ўтади.

Оиланинг тотувлиги бир кишига ёки бир сабабга боғлиқ эмас. Бунинг учун ҳамма – келин-куёв ҳам, ота-оналар ҳам, оила ташқарисидагилар ҳам, кенг жамоатчилик ҳам баравар жон койитмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Янги оила қурган куёвнинг ота-оналари биринчи кунларданоқ кўнгилчанлик қилиб келинни талтайтириб юбормай, турмуш синоатларига тайёрлаб борса, ҳаёт фақат ўйин-кулги ва кўнгилхушликлардан иборат эмаслигини унга тушунтира олса, хотиннинг энг асосий бурчи эрга итоат эканини етказа олса, орада уруш-жанжаллар келиб чиқмайди, икки ёшнинг бахти завол топмайди.

Келин одобли бўлиб, эрининг яқинларини ҳурмат қилса, улар билан муроса қилиш йўлларини ахтарса, ёши улуғ қайнонасини эъзозлаб, хизматини аямаса, оила инқирозга учрамайди, ўртада болалар тирик етим бўлмайди.

Ёки оиладаги катталар, айниқса, қайноналар сал бағрикенгроқ, сабрлироқ, адолатлироқ бўлишса, қайноталар тажрибалари ва мавқеларидан келиб чиқиб, ёшларга насиҳат қилишса, оиланинг бошқа аъзолари келин-куёвнинг турмушига аралашишмаса, ишлар чаппасига кетмайди. Жиндай муросасизлик ҳам баъзан қимматга тушади. Шунинг учун ҳам динимиз ёшлар ўртасида аҳиллик йўқолса, уларни яраштиришга, бунинг учун ҳар икки томондан холис, адолатли ҳакамларни жалб қилишга буюради. Аллоҳ азза ва жалла айтади:

«Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир» (Нисо, 35).

Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш бир нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар” (Имом Табароний ривояти).

Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик каби ҳолатлар учраб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар уруш-жанжаллар, жанг ва можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндош одамлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади. Муносабатлар бузилиб, ахлоқ-одоб қоидалари поймол қилинади, жамият осойишталигига путур етади.

Халқимиз: “Оила қуриш игна билан қаср барпо қилишга тенг”, дейди. Дарҳақиқат, оиланинг, турмушнинг, рўзғорнинг минг бир машаққати, синови бор. Кўпинча оилавий муносабатлар ҳақида сўз борар экан, уни бузилишга олиб борувчи  омил ва сабабларни ҳар ким ўзича ҳар хил шарҳлайди. Кимдир оиладан тинчлик ва хотиржамликнинг кетишида бутун айбни эрнинг лапашанглигига, хотинига сўзини ўтказолмаётганига тўнкайди. Кимдир хотиннинг ўткирлиги, маккорлиги, итоатсизлигини ҳамма ихтилоф ва келишмовчиликлар сабабчиси деб ҳисоблайди. Бошқалар оилавий келишмовчиликлар кўпроқ золим қайноналарнинг ёвузлиги ёки гапуқмас келинларнинг қайсарлиги боис содир бўлади, деб ҳисоблашади. Айримлар асосий жанжал моддий етишмовчиликлардан, қўл калталигидан келиб чиқади, деб ўйлайди. Кимлардир бола тарбиясига эътиборсизлик қилгани туфайли у улғайганида энди бунинг азобини тортаётганидан зорланади. Аслида, бунга ким ёки нима айбдор?

Шайх Муҳаммад Абу Заҳра оилани уч қисмга бўлади: биринчи қисм – эр-хотин, иккинчи қисм – фарзандлар, учинчиси эса – яқин қариндошлар (яъни, ота-она, ака-ука, опа-сингил ва бошқалар)дир. Ана шу уч қисм аҳил-тотув бўлгандагина оила тинч-осойишта ва файзли бўлади, акс ҳолда уруш-жанжалдан боши чиқмайди. Атоқли мутафаккир олима Олиматул Банот: “Оилавий масалаларда эр билан хотин ўртасида тотувлик ва маслаҳатлашиб иш тутиш бўлмаса, бундай оила азоб ва машаққат масканига айланади”, дейди.

Энг алам қиладиган жойи, ҳозир оилавий уруш-жанжаллар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаётган нарсалар жуда арзимасдир. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бошқасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, яна бирида ҳайит йўқловида тоғоранинг битта кам қилинганидан, бошқасида куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган беҳуда гаплар бора-бора оиланинг бузилишига сабаб бўлади. Одамлар оила тақдирига, икки ёшнинг бахтига шунчалар бепарво ва енгил қарайдиган бўлиб кетишганми?

Кейинги пайтда янги турмуш қурганлар ўртасида бўлар-бўлмас, майда нарсалар сабабидан хотинини талоқ қилиш ёки келинларнинг эрларидан талоғини сўраши каби кўнгилсиз ҳолатлар кўпайиб боряпти. Наҳотки, талоқ ниҳоятда жиддий нарса эканини, бу сўздан Аллоҳнинг Арши ларзага келишини тушунишмаса? Савбондан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир аёл эридан сабабсиз талоқ сўраса, жаннат ҳиди унга ҳаромдир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Кўпинча икки ёш бахтига уларнинг ота-оналари ҳам зомин бўлиб қолишади. Келин-куёв турмушига ҳар бир майда-чуйда хусусида аралашавериш, келиннинг қилиқларидан, ишларидан хато топавериш ёки куёвнинг қандай рўзғор тутишида ақл ўргатиш, умуман, ёшларни бўлар-бўлмасга тергайвериш ҳам улар ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўлади.

Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Кечириш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан нарса. Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини танлаб, зиддиятни даф қилиш чорасини кўриши керак. Шундай ҳолатларда бир томоннинг андишага риоя қилиши, ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, жиндай муросага юриши катта можароларнинг олдини олибгина қолмай, оилада чинакам саодат гулшанини барқ урдириб, яшнатиб юборади.

Ривоят қилишларича, бир киши хотинининг муросасизлигидан, итоатсизлигидан тўйиб кетиб, ҳазрат Умарга шикоят қилиш учун у кишининг уйига борибди. Эшикка яқинлашса, ичкаридан аёл кишининг қаттиқ-қаттиқ гапираётгани эшитилибди. Шунда бояги киши: «Халифанинг уйида ҳам бу можаро бор экан, яхшиси, индамай  кетақолай», деб ортига қайтмоқчи бўлибди. Шу пайт ичкаридан ҳазрат Умар чиқиб қолибдилар. Юмуш билан келган одамнинг изига қайтиб кетаётгани сабабини сўрабдилар. Арзга келган одам: “Хотинимнинг зулмидан шикоят қилиб келувдим, қарасам, бу машмаша сизнинг ҳам бошингизда бор экан, шунга қайтиб кетмоқчи бўлиб турувдим”, деб жавоб қилибди. Шунда ҳазрат Умар: “Қизиқ одам экансан-ку, ахир аёллар овқатимизни пиширса, кир-чирларни ювса, болаларимизни тарбия қилса, бутун рўзғор ишларини зиммасига олган бўлса-ю, онда-сондаги норозиликларига сабр қилмасак, инсофдан бўлармикин”, деган эканлар». 

Энди масаланинг бошқа томонига эътиборни қаратайлик. Қиз эри устидан ота-онасига шикоят қилиб келди, дейлик. Ота-она кўпни кўрган, мулоҳазали, ақлли бўлса-ку, яхши. «Қизим, оилада нималар бўлмайди, агар эринг билан бир умр бирга бўлишни истасанг, унинг танбеҳларига рози бўл, сабр қил, ҳаммаси яхши бўлиб кетади», деб панд-насиҳатлар билан изига қайтариб юборишади. Аксари ҳолларда эса, ота ёки она қизининг топиб келган гапини рўкач қилиб, куёвни «тартибга чақиришга», «тавбасига бир таянтириб қўйишга» киришади, ҳатто у билан ёқалашишгача боради. Айниқса, бу ҳол қиз томон бойлик, мартаба ва насабда бир поғона баландроқ оилаларда кўп учрайди. Оқибатда куёв билан қайнота-қайнона ўртасида, қудалар ўртасида «парда кўтарилади». Хўрланган, иззати топталган йигитнинг кўзига ҳеч нарса, ҳатто севиб уйланган аёли, шириндан-шакар фарзандлари ҳам кўринмай қолади. Уйига гап ташиб, «деди-деди»лари билан оиласи бахтини поймол қилган хотинидан воз кечишга мажбур бўлади. Хотинининг жиндай фаросатсизлиги туфайли ширин турмушга хотима қўйилади. Асмо бинти Язид ансориядан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Тенгдош қизлар билан ўтирган эдим, олдимиздан Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтдилар. У зот салом бердилар ва: “Валинеъматларингизга ношукрликдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар. Мен дугоналарим ичида савол беришга журъатлироғи эдим ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, валинеъматларга ношукрлик нима?” деб сўрадим. “Бирингиз ота-она бағрида узоқ вақт эрсиз ўтиради. Сўнг Аллоҳ унга эр неъматини ато қилади, фарзанд беради. (Аммо аёл) жаҳл устида “Сендан ҳеч яхшилик кўрмадим», деб куфрони неъмат қилиб қўяди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти, Ал-Адаб ал-муфрад).

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам): «Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоатда бўладиган, йўқлигингда ўз номусини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиганидир», деганлар (Имом Табарий ва Ибн Абу Ҳотим ривоятлари).

 Динимиз талабига кўра, эр оиланинг раҳбари, унинг ҳамма томонига масъул ҳисобланади. Аммо бу айримлар ўйлаганидек, «деганим деган» қабилида иш тутиш, оиланинг бошқа азоларига зулм ўтказиш ҳуқуқи берилгани эмас. Аксинча, эр хотинининг ҳақларини тўла адо этади, ота-онани ўзи ва хотини томонидан ҳурмат-эҳтиром қилинишини таъминлайди, рўзғор таъминоти билан шуғулланади, оиласини ҳалол ризқ билан боқади. Бу дегани – ўзи еганини оиласига едиради, ўзи кийганини кийдиради, рўзғорнинг керакли жиҳозларини харид қилади. Хотинига яхши муомалада бўлади. Унинг белгилаб қўйилган ҳақларини тўла адо этади. Агар аёл қайсарроқ бўлса, уни панд-насиҳат, танбеҳ билан аста-секин йўлга солади. 

Эрларнинг яна бир вазифаси – хотинлари хато ёки камчиликка йўл қўйса, кечиримли бўлиш, қусурини тузатиш, айбини беркитиш, хотини ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида ихтилоф чиқса, буни ислоҳ қилиш ва муросага келтиришдир.

«Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин», дейишган момоларимиз. Келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб, роҳат-фароғатга ўтиб қолмайди. Аксинча, унинг зиммасига ўзга хонадон фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камолга етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланади. Ахир “Катталар ёшлар учун бир кўприк”, деб бежиз айтишмаган. Келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишлари ҳам бежиз эмас, унга алоҳида меҳр-муҳаббат, алоҳида парвариш керак.

 Ўзбек хонадонларида, яхши тарбия кўрган оилаларда қадим-қадимдан қизларни борадиган еридаги иссиқ-совуққа, аччиқ-тизиққа кўникишга ўргатадилар. “Энди уйинг ўша ер, у жойдан гап ташиб келма, қайнонанг билан муроса қил, сен яхши бўлсанг, хизматингни аямасанг, улар ҳам бошига кўтариб юради”, қабилида насиҳатлар қилинган. Бундай тарбия олмаган қизлар эса баъзан ўз бахтларига ўзлари зомин бўлишади.

Донишмандлар бундай дейишади: “Эр билан хотин оиланинг икки хожаси, хонадоннинг зийнатидир. Эр ва хотиннинг биргаликдаги вазифалари бир-бирларига садоқат, ишонч, эҳтиром, муҳаббат, хотир сақлаш ва ёрдам қилмоқдир. Садоқат уйланишнинг руҳидир. Ноўрин ҳаракатлар, ғавғо-жанжаллар уйланиш руҳини бузиб, оила саодатини барбод этади. Турмуш ва уй-рўзғорга тегишли ишларни эр-хотин бир-бирларидан яширмасликлари керак. Эр баъзида хотинининг ноўрин ишини билса, унга мулойимлик билан насиҳат қилиши, бу ишининг хато ёки гуноҳ эканини тушунтириши зарур. Хотин ҳам эрининг эҳтиёжини, саъйи ва касбида ялқовлигини сезса, уни тўғри йўлга солиб кўнглини кўтарсин, тасалли берсин, ғайрат бағишласин. Икки томон ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-бирларини ташламасликка аҳд-паймон қилишлари талаб этилади. Масалан, улардан бири касал бўлса, иккинчисининг илтифотсиз қараб, уни ўз ҳолига ташлаб қўйиши кечирилмас ҳолдир”.

Оилавий турмуш бежиз “умр савдоси” дейилмаган. Бу савдо сотувчи ва олувчининг розилиги асосига қурилсагина, ғирромлик ва алдов аралашмай ҳалол бўлсагина, иккала тарафга баравар фойда келтиради. Ё сотувчи фақат ўз фойдасини кўзлаб, харидор ҳақида ўйламаса ёки аксинча бўлса, бу савдонинг умри қисқа бўлади. Оила ҳаётида ҳам эр-хотин “ҳалол савдо” қилишсагина турмушлари файзли, ҳаётлари фароғатли кечади.

 Айниқса, ҳозирги пайтда молпарастлик, бойликка ружу қўйиш, кимўзарга дунёсини кўз-кўз қилиш халқимизга қимматга тушяпти. Қанча оилалар арзимас матоҳлар деб бошланган жанжаллардан пароканда бўляпти. Наҳот, кулфатларга сабаб бўлувчи молпарастлик балосидан қутулиш, ҳар ишда қаноатли, камтар бўлиш шунчалик мушкул иш бўлса?!

Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Эр-хотин биргалашиб, қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги барқарор бўлади. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амри­маҳол. Аллоҳ таоло барчамизни оила тотувлиги ҳақида жон куйдирадиган, бир-биримизга меҳр-мурувватли солиҳ бандаларидан этиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин. Оилаларимизда тинчлик-хотиржамлик, ўзаро аҳиллик, муроса ва садоқат барқарор бўлишини насиб этсин.

 

Ёмон хулқдан сақланиш

Фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратиш энг муҳим вазифадир. Зеро, ёшликда ўрганган одоб билан бола ўсиб-улғаяди. Ёш болаларда учрайдиган тажанглик, урушқоқлик, шошқалоқлик, пала-партишлик, қўрслик каби салбий одатлар ўз вақтида тўхтатиб қолинмаса, катта бўлганида буларни ташлаши қийин кечади. Бундай ёмон сифатлар унда мустаҳкам ўрнашиб, бузуқ ахлоқларга айланади. Натижада инсон қанчалик ҳушёр бўлишга уринмасин, кун келиб, унинг бу яширин одатлари юзага чиқади. Шу туфайли баъзи кишиларни бу каби хунук ҳолатларда учратиб қоламиз. Бу ҳолат уларнинг нотўғри тарбия олгани оқибатидандир. Шунингдек, болани беҳуда ишлар ва кераксиз гап-сўзлардан узоқ қилиш керак. Албатта, булар ҳеч қачон боланинг одобига ижобий таъсир ўтказмаган.

Болани ёлғончи бўлишдан сақлаш керак. Агар ота-она болага ёлғон ва хиёнат йўлини қулайлаштирса, унинг дунё ва охират саодатига хавф солган, ҳамма яхшиликдан маҳрум этган бўлади.

Болани ялқов, бекорчи, эринчоқ ва доимо роҳатда бўлишга ташлаб қўймасдан, унга фақат етарлича куч тўплаб оладиган даражада ором берилади. Зеро, дангасалик ва бекорчиликнинг оқибати пушаймонликдир. Меҳнатдан толиқишнинг дунё ва охиратда мақтовли натижаси бор. Буюк муфассир Яҳё ибн Абу Касир ҳам: “Илмга жисмнинг роҳати билан эришилмайди”, деб бежиз айтмаган.

Фарзандни илм ва ибодатга рағбатли қилиб тарбиялаш керак. Ана шунда бола катта бўлганда вақтининг кўп қисмини илм олиш, касб-ҳунар ўрганиш ҳамда ибодат билан машғул бўлишга ажратади. Албатта, ёшлигидан буларнинг барчасига одатланган бола катта бўлганида ҳаётда қийналмайди.

Шунингдек, болани ортиқча овқатланиш, гапириш ва кўп ухлашдан йироқ қилиш керак. Зеро, зиён мана шу нарсаларнинг керагидан ортиғидадир. Уни қорни ва фаржига тааллуқли шаҳватларнинг зарарларидан узоқлаштириш, улар ортидан келиб чиқадиган зарарларнинг оқибатини яхшилаб тушунтириб бериш мақсадга мувофиқ бўлади.

Кўп кишилар фарзандларини ўз ҳолларига ташлаб қўядилар, одоб-тарбия бермайдилар, уларнинг хоҳиш-истакларини амалга оширига ҳаракат қиладилар. Бу ёрдамлари билан баъзида боланинг бахтига зомин бўладилар. Ҳолбуки, улар болани эъзозлаяпмиз, деб, аслида эса келажакда хор бўлишига сабабчи бўладилар, унга раҳм-шафқат қиляпмиз, деб, аслида унга зулм қилган ҳамда яхшиликдан маҳрум этган бўладилар. Шунингдек, оғзи шалоқ,  хулқи бузуқ кимса билан суҳбатлашишдан ҳам болани эҳтиёт қилиш керак.

Отанинг болаларига лоқайд бўлиши охири ҳунук оқибатларга сабаб бўлади. Лоқайдлик ёмон иллат бўлиб, у бола тарбиясининг бузилишига катта йўл очади. Ота сусткашлик қилиб, бурчини адо этмагани ва манфаатли илм ҳамда солиҳ амалдан ўргатмагани оқибатида ўз фарзандидан манфаат топа олмайди. Фарзанд ҳам отасининг яхшилигидан ва манфаатидан маҳрум бўлиб ўсади. Хусусан, агар фарзанд ўғил бўлса, унга ипакдан тайёрлаган кийим кийгазиш мумкин эмас. Бу унинг жисми ҳамда тарбиясига салбий таъсир этиб, уни аёлтабиат қилиб қўяди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ипак ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари). Гўдак мукаллаф бўлмаса-да, ота-она мукаллафдир. Уларнинг болани ҳаром йўлга кириб кетиши учун имконият яратиб беришлари ножоиз, албатта. Негаки, бола нимага одатланса, ундан ажралиши оғир бўлади.

Боланинг қобилияти ва қизиқишига қараб иш тутиш, уни қайси ишга қобилияти бор, қандай ишларни уддалай олишини назарда тутиш зарур. Ота-она фарзандларини фаҳм-фаросатли, хотираси кучли, тезда илғаб оладиган ва билимга рағбатли деб билишса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёр экани аломатидир. Модомики, қалб лавҳаси бўм-бўш экан, унга илмни нақш қилишсин ва бу билан илм унинг қалбига муҳрланиб, ривожланиб борсин. Агар болада баҳодирлик ва шунга ўхшаш спорт турларига қобилияти сезилса, уни ўзи ёқтирган спорт тури билан мунтазам шуғиллантириш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

ХОТИМА

Азиз ота-оналар! Зиммангизда нақадар оғир масъулият турганини ҳис қиляпсизми? Бу ишда йўл қўйилган биргина хато қанчалар ёмон оқибатларга олиб келишини унутманг. Тарбиянинг яхши-ёмонлиги, назоратингиз қатъий ёки сустлиги, фарзандингизнинг имони, ақли, илмий салоҳияти, хулқ савияси жамиятдаги ўрнига нечоғли ижобий ёки салбий таъсир кўрсатишини англадингизми? Шу чоққача бу йўлда бажарган ишларингизнинг салмоғини бошдан дўппини олиб қўйиб, мулоҳаза қилиб кўрдингизми? Ҳақиқий ота-она бўла олиш вазифасини қай даражада бажараётганингиз ҳақида ўзингизга савол бериб, қониқиш ҳосил қилдингизми ёки йўқми? 

Агар бу саволларга қониқарли жавобингиз бўлмаса, демак, сиз ўз масъулиятингизга етарли ёндаша олмаяпсиз. Изланишда, топишда давом этинг. Агар муаммолар чангалига тушмасдан, саволларга ижобий жавоб топган бўлсангиз, демак, тўғри йўлдасиз ва бу йўлда янада мустаҳкам бўлинг!

Бу ўта мураккаб вазифани уддалаб, ёқимли ва тотли ҳиссини туйиб, ҳузурини кўраётган бахтли ота-оналар бунга қандай эришди экан? Бу қадар залворли ишни эплаган муҳтарам ота-оналар бу жараёнда асосий эътиборларини нималарга қаратдилар?

Бу сингари саволлар, олдиларида фарзанд тарбиясидек нозик, жиддий, масъулияти, улкан вазифа турган ҳар бир ота-онани ўйга толдириши табиий, албатта. Қуйидаги икки нарсага эътибор қаратилса, бу машаққатли йўлни босиб ўтиш енгилроқ кечади:

  1. Аввало, ҳар бир ота-она юқорида баён қилинган тарбия ва одобларни фарзанди қалбига тўғри, самимий, секинлик билан, босим ўтказмасдан сингдириб бориши ҳамда тарбиянинг ҳар бир жабҳаси болаларга қай даражада таъсир этаётганини кузатиб бориши керак. Фарзандларининг ақлий ва хулқий жиҳатидан доим хабардор бўлиб, ўз вазифасини нечоғли бажараётганини ҳам холис баҳолаб борсин.
  2. Яна бир эътиборли жиҳат, фарзанднинг бўш вақтидан унумли фойдаланиш. Фарзанд бўш пайтида унга ўзига хос вазифа белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ. Ана шунда ота-она уйда бўлса-бўлмаса ҳам, бола ўз зиммасидаги вазифалар билан банд бўлади.

Агар ота-она фарзанд бўш вақтида у билан бирга шуғулланишга вақт  ажрата олсалар, нур устига нур. Бу вазият фарзандга доимо бир хил эмас, балки турли машғулотларни бажариш имконини беради. Бир хил ишга машғул бўлиш фарзандни зериктириб, рағбатини сўндириб боради. Ота-она кўмагида фарзанд ёшига доир қўшимча китоб ва газеталар ўқийди, қизиқарли масалаларни муҳокама қилади, ибратли ривоят ва воқеалар эшитади ва ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олади. Табиий, буларнинг барчаси мактабда олаётган билимларини мустаҳкамлайди, онгини ўстиради, фикрининг теран, тўғри йўлда дадил ва бардавом бўлишини таъминлайди. Натижада, фарзанд солиҳ, доно ва фозил бўлиб, фақат ўзини эмас, балки кўпчилик манфаатини ҳам кўзлайдиган, халқпарвар инсон бўлиб етишади.

Афсуски, айрим ота-оналар ўз дилбандларининг келажакда ана шундай комил инсон бўлиб вояга етишини ҳатто ўйлаб ҳам кўришмайди. Улар вақтларини маишатбозлик, ўткинчи ҳой-ҳавасларга сарф қилишни маъқул кўришади. Фарзанд ҳам ота-онасининг йўлидан изма-из келиши эса ҳатто хаёлига келмайди. Бундай бефарқ ота-оналар нафақат ўзига, балки ўғил-қизи, келажак авлодига ҳам зулм қилган бўлади.

Ота-онанинг ҳолати шу бўлса, бошқа ким ҳам унинг фарзандини имон ва эътиқодда собитқадам қилиб тарбиялайди? Ахир ким уларга яхши хулқ, гўзал одоб, иззат-ҳурматни ўргатади? Ким ҳам уларни соғлом ва довюрак қилиб ўстирарди? Яна ким уларнинг қалбида илм-маърифатга рағбат уйғотиб, диёнатли қилиб вояга етказади? Ким уларга бошқалар ҳақини адо қилишни, жамият, халқ ва Ватан олдидаги бурчларни бажариш масъулиятини сингдиради? Ким уларнинг мурғак қалбларига бу каби эзгу хислатлар уруғини экади?

Ахир уларнинг дунёга келишига сабаб бўлган ота-она шунча беғам бўлишса, ким улар учун жон куйдириб, қайғуради? Бундай ота-оналарнинг фарзандлари зиёли инсон бўлишга ҳаққи йўқми?

Шундай экан, муҳтарам ота-она, фарзанд тарбиясида сиздан доимо огоҳ ва сергак бўлиш талаб этилишини унутманг! Ота-онанинг юксак вазифаларини ёдга солиб, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисиларини яна бир бор келтиришни лозим кўрдик:

قَالَ رَسُول الله - صلى الله عليه وسلم - والرَّجُلُ رَاعٍ في أهْلِهِ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ ، وَالمَرْأةُ رَاعِيَةٌ في بيْتِ زَوْجِهَا وَمَسْؤُولَةٌ عَنْ رَعِيَّتِهَا. (متفق عليه)

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эркак ўз аҳлига бошлиқ ва у қўл остидагига масъулдир. Аёл эрининг уйида бошлиқ ва у ўз қўл остидагига масъулдир...”, дедилар».

ما نحل والد ولدا من نحل أفضل من أدب حسن (رواه الترمذي)

“Ота фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарса беролмайди” (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло оила раҳбарларини инсон тасаввурига сиғдира олмайдиган даражадаги улкан азобдан огоҳ этиб, шунинг баробарида уларнинг зиммаларига улкан масъулият юклади. Тарбияга масъул ҳар бир кишининг қалбида ва кўз ўнгида мудом ушбу оят жаранглаб туриши лозим:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ قُوٓاْ أَنفُسَكُمۡ وَأَهۡلِيكُمۡ نَارٗا وَقُودُهَا ٱلنَّاسُ وَٱلۡحِجَارَةُ عَلَيۡهَا مَلَٰٓئِكَةٌ غِلَاظٞ شِدَادٞ لَّا يَعۡصُونَ ٱللَّهَ مَآ أَمَرَهُمۡ وَيَفۡعَلُونَ مَا يُؤۡمَرُونَ٦

«Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)» (Таҳрим, 6).

Дарҳақиқат, дунёда аёвсиз бир “қилич” бор, бу вақтдир. У тиғи шундай ўткирки, Аллоҳнинг маҳбуб бандалари бўлмиш пайғамбарларни ҳам аямади. У шундай аёвсизки, ҳатто ҳайбату важоҳатлари дунёни ларзага солган жаҳонгир, саркардаларга ҳам шафқат қилмади.

Аммо уларнинг устунлиги бор: Парвардигор инъом этган вақтнинг бир бўлаги ҳисобланмиш умрдан оқилона фойдаланиб, “қилич”нинг домига тушмасдан бурун уни кесишга улгурганларидир. Шу боис уларнинг умрлари поёнига етганида ҳам бу “қилич” аёвсиз тарзда эмас, балки мулойим ва оҳисталик билан ишини бажарган. Тилсимотларга тўла бу умрнинг заволи, қанчалар аянчли бўлишига қарамасдан, вақтни ҳам ўз домига ютгувчи ажалдир. Ҳар бир инсонга пойма-пой, нафасма-нафас таъқиб қилаётган, ризқ тугашини интизорлик билан кутаётган бу ажал тўсатдан келади. Шунинг учун ҳар бир ота-она зиммасидаги вожиб  амалларни пайсалга солмасдан, вақтида адо этиши шарт. Хуллас, қиладиган ишларимиз, ечимини кутаётган муаммоларимиз талайгина. Зеро, дунёдаги шармандаликдан ва охиратдаги азобдан қутилишнинг бирдан-бир чораси ҳам шундан иборатдир.

Инчунин, Аллоҳ таоло бандаларини огоҳ этиб, бундай дейди:

وَأَنِيبُوٓاْ إِلَىٰ رَبِّكُمۡ وَأَسۡلِمُواْ لَهُۥ مِن قَبۡلِ أَن يَأۡتِيَكُمُ ٱلۡعَذَابُ ثُمَّ لَا تُنصَرُونَ٥٤ وَٱتَّبِعُوٓاْ أَحۡسَنَ مَآ أُنزِلَ إِلَيۡكُم مِّن رَّبِّكُم مِّن قَبۡلِ أَن يَأۡتِيَكُمُ ٱلۡعَذَابُ بَغۡتَةٗ وَأَنتُمۡ لَا تَشۡعُرُونَ٥٥

«Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Раббингизга қайтингиз ва унга бўйин сунингиз! Сизларга, ўзларингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан илгари, Раббингиз (томони)дан сизларга нозил қилинган гўзал нарса (Қуръон)га эргашингиз!» (Зумар, 54–55).

Сўзим охирида, ота-онадек улуғ мақомга, улкан бахтга мушарраф бўлган ва барча диндош, имондош, қибладош катта-кичик, ёшу қари, эркак-аёл ва барча азизларимга камоли ҳурмат ила шуни айтаманки, ушбу тарбия услублари нафақат фарзандларимизга, балки барчага баробар тааллуқлидир. Аввало тарбияга ўзи амал қилган мураббий ҳақиқий мураббийдир! Шу йўл билан руҳиятни пок тутиб, сўнгра бу эзгу сифатларни фарзандларга сингдирилса, манфаати улуғ бўлади, иншааллоҳ. Яратган Раббимиз бу хизматлар эвазига икки дунё саодати ҳамда битмас-туганмас ажр-савобларига мушарраф айлайди, иншааллоҳ!

Аллоҳ таоло бандаларининг ҳар бир қилган амалларидан хабардор – “Хобийр”, билгувчи – “Алийм”, жазо ёки мукофот бергувчи Улуғ Зот:

وَقُلِ ٱعۡمَلُواْ فَسَيَرَى ٱللَّهُ عَمَلَكُمۡ وَرَسُولُهُۥ وَٱلۡمُؤۡمِنُونَۖ وَسَتُرَدُّونَ إِلَىٰ عَٰلِمِ ٱلۡغَيۡبِ وَٱلشَّهَٰدَةِ فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ١٠٥

«Айтинг: “Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур» (Тавба, 105), дея марҳамат қилгандир.

Аллоҳ таоло бутун инсониятга тўғри йўлни кўрсатувчи, саодатга етакловчи Ислом динини ҳидоят йўли қилиб танлади. Ким бу йўлга эгашса, итоат қилса, ҳақиқий саодат, фароғат ва ҳаловатга мушарраф бўлади.

 

КИТОБ БИТДИ (барчамизни боамаллардан қилсин...)

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Мўмин гуноҳ қилса, кофирга айланадими?

07.05.2025   457   12 min.
Мўмин гуноҳ қилса, кофирга айланадими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бугунги кунда кўплаб мусулмон юртларида жамият ичида тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган жиддий муаммолардан бири – такфир, яъни мусулмонларни “кофир” деб фатво чиқаришнинг кўпайганлигидир. Бу масала кейин пайдо бўлган масалалардан ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилгани ҳеч кимга маълум эмас. Бу мавзу жуда нозик ва ўта хатарли масала бўлиб, мавзуни яхши англаш учун аввало куфрнинг маъноси ва таърифини тушуниб олиш лозим.


Куфр тушунчаси ва унинг таърифи

“Куфр” имоннинг зидди бўлиб, у луғатда “беркитиш” ва “ёпиш” маъносини англатади. Ибн Форис шундай дейди: “Куфр – иймоннинг зиддидир. У ҳақиқатни ёпиш ва беркитиш маъносида ишлатилади”. (Мaқoйис aл-луға, 5/191). Уламолар куфрни таърифлашда турли ибораларни айтиб ўтганлар, жумладан Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Куфр – Аллоҳнинг Роб эканлигини инкор қилиш, Қуръонда нубуввати тасдиқланган бирор пайғамбарнинг пайғамбарлигини инкор қилиш ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган, бутун умматнинг иттифоқи билан саҳиҳ экани маълум бўлган нарсани инкор қилишдир. Шунингдек, бирор амални бажариш куфр экани далиллар билан тасдиқланган бўлса, шу амални бажариш ҳам куфр ҳисобланади” (Ал-Фасл фил-милал вал-аҳво ван-ниҳал, 3/118).

“Ал-Мавсуатул-Фиқҳия”да шундай дейилган: "Шариатда куфр – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динидан экани аниқ ва зарурий равишда маълум бўлган нарсани инкор этишдир. Масалан, Аллоҳнинг борлигини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини ёки зинонинг ҳаромлигини инкор қилиш шу жумладандир" (Ал-Мавсуатул-Фиқҳия. 15/34)


Такфирнинг тарихий илдизлари

Энди бу масаланинг тарихига назар ташласак, мусулмонларни кофирга чиқаришга биринчи бўлиб журъат қилганлар “хаворижлар” фирқаси ҳисобланади. Улар “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофирга айланади”, “Ёмон амал қилган мусулмон Исломдан чиқади”, деб ҳисоблаганлар. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан “жаҳаннам итлари” деб номланган, мусулмонларни кофирга чиқариб, уларнинг қонини ҳалол санайдиган бу тоифа қаердан келиб чиққан? Бу борада Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Талхис ал-Хобир” асарларида қисқача тўхаталиб, шундай деганлар: Аслида хавориж сўзи “хуруж”, яъни “қарши чиқиш” сўзидан олинган бўлиб, улар Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанликлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар аввалига Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафида эдилар ва Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан бирга Жамал ва Сиффин жангларида иштирок этишган эди. Сиффин жангининг ниҳоясида шом аҳли мағлубият яқинлигини сезгач мусҳафларни найзаларга илиб, қарши томонни Аллоҳнинг китобини орада ҳакам қилишга чақиришни маслаҳат беришди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу аввалига бу фикрни унчалик маъқул кўрмадилар. Лекин У зотнинг сафдошлари орасида Аллоҳнинг китобини ҳакам қилишга рози бўлганлар кўпчилик эди. Натижада, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар қонини тўкмаслик ҳақидаги истаклари устун келиб, ҳакамликка рози бўлдилар. Аммо хаворижлар кейинроқ бу қарорни инкор қилдилар ва: “Ҳакамликни қабул қилиб, хато қилибмиз! Энди хатони тузатишимиз керак! Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳукм йўқ! деб бақира бошладилар”. Улар Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва ҳакамликка рози бўлганларнинг барчасини кофир деб “фатво” чиқардилар ва фақат тавба қилиб, уларга қўшилганларни имонда қолган деб ҳисобладилар. Ҳаттоки бу гумроҳлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат башоратини эшитган Ҳазрати Алидек зотга: “Сен ўзингни кофир деб тан ол, сўнгра тавба қил, ана шунда биз сенга итоат қиламиз”, дейишгача бордилар. Албатта, Али розияллоҳу анҳу бунга рози бўлмадилар. Шундан сўнг хаворижлар У зотга қарши чиқиб, уруш очдилар (Талхис ал-Хобир, 6/2709).

Бора-бора хаворижарнинг қиладиган иши мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа бўлмай қолди. Уларнинг бу ашаддий мавқифлари қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Энг ёмони, ақида бобида кераксиз ихтилофлар авж олди. Натижада ақида пойдевори дарз кетди. Фақат Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари жасорати ва улкан меҳнати эвазига бу дарз қайтадан тўғриланди.

Такфирнинг хатарлари

Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир. Бу ишнинг жуда нозик ва ўта хатарли эканини тушуниш учун қуйида Қуръон ва Суннат ҳамда уламоларимизнинг сўзларидан бир қанча далилларни келтириб ўтамиз. Аллоҳ таоло айтади:

يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا إِذَا ضَرَبْتُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَتَبَيَّنُوا وَلَا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلَامَ لَسْتَ مُؤْمِنًا

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: “Бану Салим қабиласидан бир одам бир гуруҳ саҳобанинг олдидан қўйларини боқиб ўтиб қолди ва уларга салом берди. Саҳобалар: “Биздан қўрққанидан салом берди, бўлмаса, бермас эди”, дедилар-да, уни ўлдириб, қўйларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳайдаб бордилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”, оятини нозил қилди. (Тафсир Ибн Касир, 2/337). Аллоҳ таоло ушбу оятда мусулмонларни шошқалоқлик билан бировни имонсиз деб ҳукм қилишдан қайтармоқда, Зеро бировнинг қалбида имон бор йўқлигини фақат Аллоҳ таологина билади. Шунинг учун ҳар қандай шубҳа ёки тахмин асосида инсонни мўминликдан чиқариш, унга душманларча муносабатда бўлиш мутлақо нотўғри ва ҳаромдир.

Пайғамбаримиз сoллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам мусулмонни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ قَالَ: «إِذَا كَفَّرَ الرَّجُلُ أَخَاهُ فَقَدْ بَاءَ بِها أَحَدُهُمَا.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши биродарини кофирга чиқарса, албатта, иккисидан бири куфрга дучор бўлади”, дедилар (Саҳиҳи Муслим, 123-ҳадис).

Яъни, ким, мўмин биродарини кофир дейиш мумкин, деган эътиқодда кофир деса, ўзи кофир бўлади. Чунки ҳалолни ҳаром деб билиш куфр бўлади. Бу ҳолатда кимнингдир иймонига, шаҳодатига ҳамла қилиб, уни кофирга чиқармоқда. Натижада унинг ўзи кофир бўлади. Иккинчи фикр шуки: Бировни “Эй кофир”, дейиш кишини куфрга олиб боради. Яъни бундай дейишда кофир бўлиб қолиш хавфи бор. Бу инсон бугун кофир бўлмаса-да, бора-бора бир кун диндан чиқиб қолади (Шарҳи Нававий 2/50).

Шундай экан, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини яхшилаб ўйлаб қўйиш керак бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганар:

عَنْ أَنَسِ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «ثَلَاثٌ مِنْ أَصْل الْإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا الله ، وَلَا نُكَفِّرُهُ بذَنْبٍ، َلَا تُخْرِجُهُ مِنَ الْإِسْلَامِ بِعَمَل

Уч нарса иймоннинг аслидир: “Лаа илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз” (Абу Довуд ривояти 2532-ҳадис). Яъни калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. “Лаа илаҳа иллаллоҳу”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, нари борса осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида мана шу!


Такфирга шошилмаслик борасида уламоларнинг сўзлари

Аҳли сунна вал-жамоа уламолари мусулмонни куфрда айблаш масаласида ниҳоятда эҳтиёт бўлишга буюрганлар. Буюк муҳаддис ва фақиҳ Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Ал-Ақида ат-Таҳовия асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз” (Ал-Ақида ат-Таҳовия). Бу эса шуни англатадики, агар бир мусулмон гуноҳга қўл ургани билан уни ҳалол деб билмаса, у ҳануз Ислом доирасида қолади. Зеро, гуноҳ бошқа, куфр бошқа.

Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ ҳам бу борада машҳур ҳанафий олими Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтирадилар: “Агар мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (Шарҳ аш-Шифа).

Бу сўзлар мусулмонни осонликча такфир қилиш нақадар катта хатарларга олиб боришини очиқ-ойдин кўрсатмоқда. Ислом шариатида кишининг имонидан чиқиши фақат аниқ ва қатъий далилларга таяниши лозим. Гумон ёки нотўғри талқин асосида бировни кофирга чиқариш жамиятни улкан фитна сари етаклайди. Шу боис, мўмин киши доимо ўз биродари ҳақида яхши гумонда бўлиши лозимдир.


Бугунги кунда такфир муаммоси

Юқоридаги далиллар ва тарихий мисоллар такфир масаласининг нақадар нозик ва хатарли эканини таъкидлайди. Афсусуки, бугунги кунда такфир масаласи яна долзарб муаммолардан бирига айланиб, баъзи гуруҳлар томонидан нотўғри талқин қилинмоқда. Айрим экстремистик ҳаракатлар ва радикал оқимлар мусулмонларни осонгина кофирликда айблаб, жамиятда бўлиниш ва фитнага сабаб бўляпти. Уларнинг тарғиботи натижасида ёшлар орасида мутаассиблик кучайиб, ўзини ҳақ, бошқаларни эса ботил деб биладиган кайфият шаклланмоқда. Бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – илмсизлик, Қуръон ва Суннатни нотўғри тушунишдир. Кўпчилик мутаассиб кишилар исломий илмларни мустаҳкам ўрганмасдан, айрим шубҳали манбалар ёки нотўғри тарғиботлар таъсирида қолиб, нотўғри қарашлар гирдобига тушиб қолишмоқда.


Хулоса

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ислом ақида бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундай мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана шу асосли мезонга эга бўлиш учун эса исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик ҳамда ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина, ўнг ёки сўлга бурилиб, ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфининг олди олинган бўлади.

Сўзимиз сўнгида Роббимиздан сўраймизки: Эй Роббимиз, бизни дунё ва охиратда ҳидоят топган бандаларинг қаторига қўшгин! Бизни фитналардан узоқ, ҳақ йўлда собит қилинган ва Сенинг ризойинга эришган зотлардан қилгин. Амин!

Азимжон РИХСИБОЕВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.