Бир неча йиллардан буён аждодларимиз меросини ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгида ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, ушбу йўналишда фаол меҳнат қилаётган ижодкорларни муносиб рағбатлантириш ва тақдирлаш мақсадида "Сарҳисоб" танлови ўтказилиб келинади.
Айтиш керакки, "Сарҳисоб" танлови диний-маърифий йўналишда қалам тебратиб, ижодини ривожлантираётган қалам аҳлини, ёш иқтидорларни аниқлашга ва уларни муносиб рағбанлантиришга хизмат қилмоқда.
Танлов икки босқичда ўтказилди. Дастлаб ҳудудий босқич ғолиблари аниқланди. Вилоят миқёсида ғолибликн қўлга киритганлар республика босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. Республика босқичига ўтган иштирокчиларнинг ижодлари махсус ҳайъат томонидан кўриб чиқилди. Юборилган материаллар орасидан танлов шартларига жавоб бермайдиганлари чиқариб ташланди. Хусусан, қоғозга чиқарилмай фақат мақола линки жўнатилган мақолалар, сайтлардан тўлиқ кўчириб олинган маълумотлар шулар жумласидандир.
Танлов бешта йўналиш бўйича ташкил этилди – “Йилнинг энг фаол тарғиботчиси”, “Телевидение”, “Радио”, “Даврий матбуот” ва “Интернет”. Шунингдек, танлов натижасида йил давомида фаоллиги билан алоҳида ажралиб турган энг яхши ижодий иш бўйича ягона ўринли – "Жаҳолатга қарши – маърифат" мавзусидаги энг яхши ижодий иш йўналиш ҳам ўрин олди. Ушбу номинациялар бўйича республикамизнинг турли вилоятидан фаол ижодкорлар иштирок этишди.
Аммо 2020 йилги коронавирус пандемияси сабабли танлов ғолибларини тақдирлаш бироз муддатга сурилди. Қолаверса коронавирус пандемияси давом этаётгани учун онлайн тартибда ўтказилди. Ҳайъат аъзолари томонидан қуйидаги иштирокчилар танлов ғолиби деб топилди:
БОШ МУКОФОТ – ЭНГ ЯХШИ ИЖОДИЙ ИШ
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Холиқназаров Нуриддин
ТЕЛЕВИДЕНИЕ ЙЎНАЛИШИ
1-ўрин: Тўлқин Шамсиев, “Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар” муҳарририяти режиссёри (“Ҳидоят сари” кўрсатуви);
2-ўрин: Баҳадир Абдираманов, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси.
3-ўрин: Мирзамақсуд Алимов, Андижон вилояти бош имом-хатиби;
РАДИО ЙЎНАЛИШИ
1-ўрин: Исҳоқ Арабов, “Зиё чашмаси”, “Маърифат зиёси”, “Имом Бухорий ўгитлари” дастурлари муҳаррири;
2-ўрин: Баҳромжон Турсунов, Фарғона шаҳар “Жўйдам” масжиди имом-хатиби;
3-ўрин: Муҳаммади Қораев, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари, Қарши шаҳар "Қумқишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби.
ДАВРИЙ МАТБУОТ ЙЎНАЛИШИ
1-ўрин: Азизбек Холназаров, “Шамсуддинхон Бобохонов НМИУ” муҳаррири.
2-ўрин: Салимжон Шокиров, Андижон шаҳри “Хонақо” жоме масжиди имом-хатиби.
3-ўрин: Қурбонали Пирматов, Фарғона шаҳри Бешариқ тумани “Узун” жоме масжиди имом-хатиби.
ИНТЕРНЕТ ЙЎНАЛИШИ
1-ўрин: Раҳматуллоҳ Жалилов, Фарғона вилояти Марғилон шаҳар “Саҳоба Зайд ибн Ҳориса” жоме масжиди имом-хатиби, Fargonaziyo.uz сайти муҳаррири.
2-ўрин: Руҳиддин Акбаров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими.
3-ўрин: Муҳаммад Юсуф Тўрақулов – Андижон Олтинкўл тумани бош имом-хатиби.
ЭНГ ФАОЛ ТАРҒИБОТЧИ ЙЎНАЛИШИ
1-ўрин: Жалолиддин Ҳамроқулов, Тошкент шаҳри “Новза” жоме масжиди имом-хатиби, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси;
2-ўрин: Жасур Раупов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби;
3-ўрин: Саттаров Хайрулло, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари.
Танлов ғолибларига танлов мезонига кўра, 3-ўринга – мини печь, 2-ўринга – блендер, 1-ўринга – чангютгич, Олий мукофотга эса замонавий (Smart) Телевизори топширилади.
Аллоҳ таоло барча ғолибларни Ўзининг розилиги билан мукофотласин. Дин хизмати, мусулмонлар манфаати йўлида олиб бораётган хайрли амалларида Ўзи куч-қувват ато этсин. Барчамизни дини хизматига қабул қилганлар қаторида қилсин!




Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Илмга қизиқиш, аввало, манбага мурожаат қилишдан бошланади. Тарихни чуқур англаш эса уни китоб, қўлёзма ва ишончли илмий манбалар орқали ўрганишни талаб этади. Янги ўқув йилини янги билим ва катта мақсадлар билан бошлаган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 1 босқич талабалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Талабалар ташрифни, дастлаб Марказнинг кутубхонаси билан танишишдан бошлади.
Бу ерда улар илмий изланиш учун муҳим бўлган адабиётлар, тарихий манбалар ва турли йўналишлардаги илмий нашрлар билан танишди. Кутубхона нафақат китоблар жамланган маскан, балки тадқиқотчи учун зарур бўлган билим ва манбаларни бир жойга жамловчи муҳим илмий-маърифий макон сифатида намоён бўлди.
Айниқса, ислом тарихи, маданияти, илм-фани ва аждодларимизнинг илмий меросини ўрганаётган ёшлар учун бундай муҳитнинг аҳамияти катта. Чунки аудиторияда ўрганилган билимни мустаҳкамлаш, мавзу бўйича қўшимча маълумот излаш ва илмий изланиш олиб боришда манба билан ишлаш кўникмаси муҳим ўрин тутади.
Мазкур ташриф ёшлар учун навбатдаги экскурсия эмас, балки тарих, илм-фан ва миллий ўзлик билан бевосита юзма-юз келиш имконини берган муҳим маърифий учрашув бўлди.
Институтнинг бўлажак исломшунослари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказнинг бой экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган цивилизация жараёнлари, ислом маданиятининг ривожланиши, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ҳамда аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси билан яқиндан танишдилар.
Марказнинг Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, илм-фан ва маърифат тараққиётига бағишланган экспозициялари талабалар эътиборини тортди.
Тарихий манбалар, ноёб қўлёзмалар, қадимий ашёлар ва замонавий музей технологиялари уйғунлиги орқали намойиш этилган маълумотлар ёшларнинг ўтмиш ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.
Бу ерда улар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби буюк аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси билан боғлиқ маълумотларни кўздан кечирдилар.
Айниқса, бир вақтлар шу заминларда яратилган илмий кашфиётлар бугунги замонавий фанларнинг шаклланишида қандай аҳамият касб этгани талабалар учун қизиқарли бўлди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олаётган ёшлар учун бундай масканнинг аҳамияти, табиийки, янада катта. Чунки улар ўзлари ўрганаётган диний-илмий мероснинг тарихий илдизларини нафақат китоблардан, балки Марказ экспозицияларида бевосита кўриш имконига эга бўлдилар.
Талабаларнинг фикрича, Марказдаги энг муҳим жиҳатлардан бири — тарихнинг оддий саналар ва воқеалар кетма-кетлиги сифатида эмас, балки илм-фан, тафаккур ва инсоният тараққиёти билан боғлиқ яхлит жараён сифатида намойиш этилганидир.
“Бу ерда аждодларимизнинг илм-фанга қўшган ҳиссасини кўриб, улар билан фахрланиш туйғуси янада кучайди. Айниқса, ислом дини ривожи билан бирга илм-маърифат ҳам юксалиб борганини кўриш биз учун жуда катта таассурот қолдирди”, — дейди институтнинг 1-босқич талабаларидан бири.
Ёшлар Марказнинг кутубхона фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ерда жамланган илмий адабиётлар, тарихий манбалар ва тадқиқотлар бўлажак мутахассисларнинг келгусидаги таълим ва илмий изланишлари учун муҳим манба бўлиши таъкидланди.
Ташриф давомида талабалар учун Марказнинг фақат тарихий меросни намойиш этувчи маскан эмас, балки илмий изланиш, маърифат ва замонавий тафаккур уйғунлашган муҳим платформа эканлиги янада яққол намоён бўлди.
Талабалар Марказ билан танишиш жараёнида ўзлари таҳсил олаётган соҳа — исломшуносликнинг қанчалик катта илмий мерос ва тарихий масъулият билан боғлиқлигини ҳам чуқурроқ ҳис этдилар.
Шу маънода, янги ўқув йилининг дастлабки кунларида ташкил этилган мазкур ташриф талабалар учун янги билимлар сари ташланган муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги ушбу маърифий ташриф эса бўлажак исломшунослар учун янги ўқув йилини тарих сабоқлари, илмга қизиқиш ва катта мақсадлар билан бошлашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати