Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан муборак Рамазон ойини муносиб тарзда кутиб олиш, уни юқори савияда ўтказиш ва Таровеҳ намозларида мўмин-мусулмонларга қулай шарт-шароитлар ҳозирлаш мақсадида масжидларда тайёргарлик ишлари бошланди.




Жумладан, масжидларда Таровеҳ намозларига қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш мақсадида, жорий йилнинг 10 апрель, шанба куни “Озодалик куни” ўтказилади.
Коронавирус касаллиги билан боғлиқ мураккаб вазият давом этаётганини инобатга олган ҳолда таровеҳ намозларида санитария-эпидемиологик назорат кучайтирилади. Хусусан, намозхонлар тиббий ниқобда бўлиш, оралиқ масофани сақлаш, ташриф буюрувчилар тана ҳароратини ўлчаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин тартиб-қоидаларига риоя қилинади.
Масжидларда электр, газ ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда намоз ўқиладиган жойлар муҳофазасига катта эътибор қаратилади, техник жиҳозларнинг созлиги кўрикдан ўтказилади.
Имом-хатиблар тамонидан ОАВ ва Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган чиқишлари қилинади. Шунингдек масжидлардаги Таровеҳ намозларининг шукуҳи, мўмин-мусулмонларнинг хушкайфияти ҳам кенг ёритилади.
Аллоҳ таоло юртимиз ва дунё мусулмонларини Рамазон ойига эсон-омон етказиб, Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказишимизни насиб айласин. Ушбу улуғ ойда бўладиган тоат-ибодатлар ва дуо илтижоларимиз сабабидан бутун дунёдан вабо ва офатларни кўтарсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
"Ҳаж – 2026" мавсумини муваффақиятли ташкил этиш, юртдошларимизнинг муқаддас ибодатларини эмин-эркин ва беталафот адо этишларини таъминлаш борасида Ўзбекистон Ишчи гуруҳи томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ушбу фидокорона хизматлар нафақат зиёратчиларимиз, балки Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилотлар томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда.
Хусусан, ҳаж мавсумида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи нуфузли "Ар-Рифода" ширкатининг раҳбарияти томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари Камолиддин Маҳкамов ва Муҳаммад Амин Насриевларга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, ташаккурнома билан тақдирланди.
Мазкур юксак мукофот ва эътироф вакилларимизга ҳаж мавсуми давомида юзага келган ташкилий ишларни тезкор ва самарали бартараф этганлари ва юқори даражадаги қулайликларни ҳозирлашдаги фаол хизматлари учун топширилди. «Ар-Рифода» ширкати раҳбарияти юртдошларимизнинг ташкилотчилик қобилияти ва фидоийлигини юқори баҳолаб, келгуси фаолиятларида муваффақиятлар тилади.
Бу каби эътирофлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш сифати йилдан-йилга юксалиб бораётганининг, икки давлат ўртасидаги диний-маърифий алоқалар янги босқичга чиққанининг амалий намунасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати