XX – XXI асрларга келиб турли хил диний оқимлар сони кўпайиб кетдики, бизнинг тинч ва осуда диёримизда ҳам унинг салбий таъсири бироз кучайди. Бунинг олди олинмаса, ёшларимизнинг онгини заҳарлашни мақсад қилган ғанимларимиз уларнинг тарбиясида ушбу оқимлар таъсирини кучайтириш, маънавий ва маърифий, ғоявий курашни амалга оширишга тинмай уринмоқдалар. Биз бугун ана шундай диний оқимлардан бири бўлган сохта салафийлик ҳақида тўхталиб, бу оқимнинг мақсад, ғоя ва иддаоларини, бошқача қилиб айтганда, асл башарасини очиб ўрганишга харакат қиламиз.
Сохта салафийлик – Исломдаги аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч даврига мувофиқ равишда ҳаётга тадбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир.
Исломда “салаф” деганда, ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Луғавий маъноси ҳам “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” деган маънони беради.
Охирги йилларда аксар бемазҳаблар тарафдан саҳоба ва тобеинлар манҳажи ниқоби остида “салафийлик” байроғини баланд ҳилпиратиш ҳолатлари кўпайди. Наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг издошлари ҳам бугун “ваҳҳобий” деган атамадан воз кечишиб ўзларини солиҳ салафлар йўлидамиз деб иддао қилишмоқда. Носируддин Албоний шахсияти худди ўша “салафийлик” тарғиботчилари орасида доҳийлик касб қилган шахслардан биридир. Салафийлар Носир Албоний шахсиятига баҳо беришда жуда ҳаддан ошишган. Уни “Аср муҳаддиси”, “Суннат билимдони”, “Суннат ҳомийси” ва ҳоказо баландпарвоз илмий унвонлар билан лақаблаб олишган.
Шунингдек, салафийлар орасида охирги йилларда фиқҳий ва ҳатто ақидавий аҳкомларда ҳам Албоний фикрларига мурожаат қилиш ҳолатлари бирламчи одатга айланди.
“Салафийлик” оқими раҳнамоларидан бири Носир Албонийнинг тўрт мазҳаб ақидаси ва фиқҳига хилоф равишда чиқарган бемаза фатволари қатор териб чиқилган. Аҳли сунна эътиқодли ҳар бир аҳли илм бу фатволар билан танишиб чиқар экан айрим ўринларда беихтиёр “астағфируллоҳ” деб ёқа ушлайди. Баъзи ўринларда эса Носир Албонийнинг мантиқсиз фатволаридан кулгиси келса, айрим жойларда динимиз номидан гапирган бу одамга ачиниб йиғлагиси ҳам келади.
Модомики Ислом дини фиқҳи ва ақидаси билан қизиқар экансиз, диний маълумотларни интернет орқали тарқатиш сув ичишдан ҳам осон бўлган бугунги теҳника даврида сизнинг ҳам Носир Албоний номига кўзингиз тушган бўлса керак. Зотан салафийлар томондан тарқатилган кўплаб рисола ва мақолаларда бу одамнинг номи албатта бир неча бор зикр қилиб ўтилади.
Шу нуқтаи назардан токи сизнинг эътиқодингизда Носир Албоний шахсияти буюк ислом олими сифатида шаклланиб қолмаслиги, ўзингиз билмаган ҳолда унга тобе бўлиб қолмаслигингиз учун унинг асли салафи солиҳларга қарши чиқарган фатволарини ошкор қилишга жазм этдик. Токи унинг асли ким эканини сиз аниқ ва равшан билиб олинг! Носир Албонийга туҳмат, деган фикр пайдо бўлмаслиги учун ҳар бир фатвонинг аниқ манбаси унинг тагида алоҳида изоҳ сифатида ёзиб кўрсатилди.
Иддао: “Иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж каби 5 та фарздан ташқари жиҳод – олтинчи фарз ва ҳар бир мусулмон учун фарзи айн”дир.
Раддия: Иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж исломнинг 5 та аркони ҳисобланади. Ундан бирор нарса олиш ёки қўшишга фақат Аллоҳ ва унинг Расули ҳақлидир. Шулардан закот ва ҳаж қодир бўлганларга фарзи айн ёки қодир бўлмаганларнинг зиммасидан соқит бўлади.
Хўш, ақидапарастларга кимлар эргашади?! Албатта, билимсиз, онгида бўшлиқ пайдо бўлган одамлар, айниқса, ёшлар эргашади. Кўп миллатли юртимизда ақидапарастликка қарши кескин ва оммавий мафкуравий кураш олиб борилмоқда. Шундай экан, биз ёшларимизни ҳар томонлама баркамол, эл-юрт иши учун фидойи, чин ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг онгида ёт ва заҳарли ғояларга жой қолдирмаслик, уларни фойдали ишларга жалб этиш каби хайрли ишларни, тадбирларни амалга оширсак, юртимиз келажаги бўлган фарзандларимиз бизлардан кўра ҳам бахтли бўлади деган умиддаман.
Рашидов Аброрхўжа
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ходими
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси