Бугун жамиятимизда учраётган ўз жонига қасд қилиш кўпинча васвасага берилишдан келиб чиқмоқда. Бу иллатнинг олдини олиш учун ўлим ҳақидаги ёндашувимизни тўғрилаб олишимиз даркор.
Ўлим бу ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, ҳисоб қилинадиган вақт, қабр, жаннат боғларидан бир боғ ёки дўзах чоҳларидан бир чоҳ бўлишини исботлайдиган ҳолатдир. Унинг ҳақиқий маъносини тушуниб, ҳис этган бобо, бувиларимиз бўлар-бўлмасга бу сўзни айтишдан ўзларини сақлаганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри “ўлим” сўзини қўлламайди. Балки “Фалон киши дунёдан ўтибди”, “Бўлмай қолибди”, “Омонатни топширибди” каби ибораларни ишлатиш урфга айланган.
Бугун эса бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиш бу иллатнинг авж олишига асосий сабабдир. Айримлар ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини айтмоқда. Ҳатто айрим оналар фарзандларига нисбатан қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб, қарғайдилар ёки дакки беради.
Жиддий сабаблардан яна бири меҳр-шафқат етишмаслигидир. Доимо бир-бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан уриш-жанжаллар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг қалби дунёни оиласи тимсолида тасаввур этади. Бора-бора ўлим оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб туюлади унга.
Афсус, бунинг исботини кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Ҳали онги мукаммал шаклланиб улгурмаган айрим мактаб ёшидаги болаларда ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатининг содир бўлишини ушбу сабаблардан деб айтиш мумкин.
Бу офатдан сақланиш учун Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар. Уларнинг дўстлари йўлдан уришда уларга ёрдам берадилар. (Бу ишда) сустлик қилмайдилар” (Аъроф сураси, 201–202-оятлар).
Муқаддас динимиз таълимотида инсон ҳаёти дахлсизлиги, унинг қадр-қимматини асраш каби муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. Мисол учун, ҳадиси шарифларда инсон ўзини ўлдириши у ёқда турсин, ҳатто ўлимни хаёлга келтиришдан ҳам қайтарилган. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан ҳеч бирингиз (ўзига етган зиён сабабли) ўлимни орзу қилмасин...” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳаёт имтиҳон майдонидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримнинг кўплаб оятларида хабар берган. Жумладан, Балад сурасида бундай дейди: “Ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” (4-оят).
Дарҳақиқат, синовларда чиниққан инсонгина ҳақиқий саодатга эриша олади. Акс ҳолда, инсон бир мартагина бериладиган ҳаёт имкониятини қўлдан бой бериб, инсоний қадр-қиммати ва иймонини шайтоннинг васвасасига алданиб поймол қилиши ҳеч гап эмас.
Инсон ҳаётининг барча жабҳаларида турли-туман синовларга, қарама-қаршиликларга тўқнаш келмасдан муваффақиятга эриша олмайди. Ҳаётда учрайдиган синовларнинг қаршисида тун қанчалик қоронғи ёки узун бўлмасин, албатта, файзли тонг отишини кутгандек дадил тура олиш чин инсоний фазилатдир. .
Мусулмон киши бошига тушадиган яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таоло томонидан эканига иймон келтиради. Бусиз унинг иймони мукаммал бўлмайди. Иймоннинг мазкур шарти нафақат тилимизда, балки амалимизда ҳам ўз татбиқини топиши лозим. Агар мана шу тушунча мустаҳкам ўрин олса, дунё ҳаётида бошимизга тушадиган ҳар қандай қийинчиликлар қаршисида шошиб қолмайсиз.
Ўткир УМИРҚУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом
академияси магистранти
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати