Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Кофир деманг!

21.03.2021   3170   8 min.
Кофир деманг!

Динимиз таълимотига кўра, банда Аллоҳнинг ягоналигига, Фаришталарига, муқаддас китобларига, барча Пайғамбарлар Унинг элчиси эканига, Охират кунига, тақдирнинг яхши ва ёмони ҳам Аллоҳдан эканига, ўлгандан кейин Қиёмат куни қайта тирилишига имон келтирса ва қатъийлик билан фарзни инкор этмаса ҳамда ҳаромни ҳалол демаса ҳақиқий имонли мўмин ҳисобланади.

Ҳанафий мазҳабига кўра, имон – Аллоҳнинг ҳузуридан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган барча нарсаларнинг ҳақлигига тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир. “Тил билан иқрор қилиш” – “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур росулуллоҳ”, яъни Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир”, деган сўзларни талаффуз қилишдир. “Қалб билан тасдиқлаш” эса юқоридагиларнинг барчасига қалбда заррача ҳам гумон ва шубҳа қолдирмасдан ишонишдир.   

Инсоннинг имонини ҳисоб-китоб қилиш улкан масъулият бўлиб, кишининг мусулмон ёки кофирлигини муҳокама қилиш ҳуқуқи ҳар кимга ҳам берилмаган. Чунки имоннинг макони инсоннинг қалбида, қалбнинг муҳокамаси эса бандаларга берилмаган, балки фақатгина Аллоҳнинг ҳукмидадир.

Маълумки, имоннинг зидди “куфр” бўлиб, у “беркитмоқ”, “кофир бўлмоқ”, “динсиз бўлмоқ” каби маъноларни англатади. Қалбида умуман имони бўлмаган шахсга эса «кофир» дейилади.

Бу сўзни ишлатишнинг юки ўта оғир ва оқибати жуда хатарли эканини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг хадисларида алоҳида таъкидлаганлар. Имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Агар бир киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккаласидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади”, дедилар.

Бундан келиб чиқадики, қалбида заррача имони бор кишини куфрда айблайдиган инсоннинг ўзи диндан чиқиб, кофир бўлиш хатари вужудга келади.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар қалб зулмга мойил бўлса, золимларни яхши кўради. Қайси тоифани яхши кўрса, улар жумласидан бўлади. Агар қалб Ҳаққа ва унга эргашганларга мойил бўлса, уларга дўст бўлади. Бунинг сабаби шуки, амал ва сўзларнинг юзага чиқиши қалбга боғлиқдир. Шунинг учун ҳам, тил билан имон келтириб, қалб билан имон келтирмаган банда Аллоҳнинг наздида мўмин эмас ва аксинча, қалб билан имон келтириб, тил билан имон келтирмаган банда Унинг наздида мўминдир”, деб таълим берганлар.

Ҳижрий 970 йилда вафот этган Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлмиш Ибн Нажийм раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, деганлар.

Бу билан бизга кўп бўлиб кўринган тўқсон тўққиз, Яратганнинг ҳузурида ҳеч нарсага арзимас бўлиши, биз учун кам бўлиб кўринган арзимас бир нарса эса Аллоҳ учун барча нарсадан аҳамиятли бўлиши мумкинлигини англатади.

Шу билан бирга, биргина далил инсоннинг имони бор эканини тасдиқлайдиган бўлса, уни мусулмонлар сафида олиб қолиш, қолган мусулмонлар зиммасидаги шарт ва лозим бўлган вазифа эканини ҳам англатади.

Аммо бугунги кунда динда ҳаддан ошиб ғулувга кетган тоифа ва оқимлар бу масалада “мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейишлик учун биргина далил топилса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига мутлақо тескаридир.

Ислом тарихи экстремистик оқимлар куфр масаласида Исломнинг моҳиятига зид даъволар билан чиққанидан гувоҳлик беради. Хусусан, “хавориж ёки хорижийлар” номи билан тилга олинадиган тоифанинг “гуноҳ иш қилган мўминни кофир, фаҳш ишни қилган мусулмонни эса диндан чиққан”, деган иддаоси қирғин-барот урушларнинг келиб чиқишига ва кўплаб мусулмонларнинг қони тўкилишига сабаб бўлган эди.

Бу эса Аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳабига мутлақо зид эътиқоддир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куфр борасидаги ҳадисларига эътибор қаратсак, уларда жумладан бундай дейилади: “Мусулмон билан куфрнинг ўртасида, намозни тарк қилиш бордир” (Муслим ривояти), “Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ кофир бўлибди” (Имом Ҳоким ривояти).

Шу каби ҳадисларда келган масалалар ҳақида Аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳабининг якуний хулосаси шуки, хадисларда зикр этилгани каби ишларга йўл қўйган мўмин қилаётган ишида қатъийлик билан фарзни инкор этмаса ва ҳаромни ҳалол санамаса, шариат таъқиқлаган муҳокамага киришмаса кофир бўлмайди, балки ўта оғир гуноҳкор бўлади.

Абу Довуд Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар.

Шу ерда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг мазкур ҳадисга берган шарҳиларини келтириш ўринли бўлади: “Калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола! “Лаа илааҳа иллаллоҳу”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида - шу!

Бугунги кунда йўл қўйилаётган катта хатолардан бири, куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилинаётганидир. Масалан, уламолар “фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади”, деган фатвони чиқарганлар. Бу эса мазкур тоифага мансуб кишиларнинг ҳар бири кофир, дегани ҳам эмас. Куфр фатвосини якка шахсларга нисбатан беришдан аввал, у ҳақида сўраб суриштириб, аниқлик киритиб, шахсан баҳс олиб бориб, унинг куфрда эканини исботлагач, бўйнига қўйиш лозим бўлади.

Ақийда илми уламолари: “Баъзи бир гап куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм ҳам чиқиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муайян шахсни, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, кофир деб ҳукм чиқарилмайди”, деб ҳукм берганлар.

Қуръони каримнинг “Нисо” сурасининг 10-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар. Ушбу ояти каримадаги қўрқитиш, шунга ўхшаш бошқа оятларда ҳам борлиги ҳақдир. Аммо мана шу оятга биноан, аниқ бир шахсга келганда, бу одам, албатта, дўзахга тушади, деган қатъий ҳукмни айтиб бўлмайди.

Аҳли қибла бўлган бир кишининг бу каби  ҳолатларда дўзахга киришига даб-дурустдан гувоҳлик бериш мутлақо билим ва савиясизликдир. Чунки у мазкур оят маъноси ва ҳукмини билмаслиги мумкин. Билгач эса гуноҳидан тавба қилиши, шу гуноҳни ювадиган савоб ишларни амалга ошириши, Қиёмат кунида Шафоатчининг шафоатидан баҳраманд бўлиши ёки бошқа имкониятлардан фойдаланиб жаннатга кириш эҳтимоли мавжуд. Буларни мутлақо эътибордан қолдириш мумкин эмас!

Бир одамнинг куфр гапни айтгани сабаб қозининг ҳузурига келтирилса, қози гувоҳларнинг даъволаридаги масала – куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. Агар айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапдан тонишнинг ўзи тавба ҳисобланади.

Агар айбдор мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим, деса унга тушунтирилади. Бундан кейин ҳушёр бўлишни уқтирилиб, бу ҳолатда қўйиб юборилади.

Аммо ўша одам, мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим, деса, уни тавба қилишга чақирилади ҳамда тавба қилгунига қадар қамаб қўйилади.

Хулоса шундан иборатки, куфр гапни очиқ айтган ва тан олиб турган одамга Исломнинг муомаласи шу бўлгач, имони бор эканини тасдиқлаётган ва Исломга имкон қадар амал қилаётганларни турли баҳона ва асоссиз сабаблар туфайли кофирга чиқариш ва уларга турли кўринишдаги зулмни раво кўриш бизнинги ақийдамизга мутлақо тўғри келмайди.

Шундай экан, мусулмоннинг имонини муҳокама қилишга ўта хушёр бўлишимиз лозим.

 

Манбалар асосида

Акмалхон Аҳмедов тайёрлади

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қаноат – битмас хазина

02.09.2026   25325   9 min.
Қаноат – битмас хазина

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов билан суҳбат

 

– Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, одамни борига рози бўлиб, йўғига сабр қилишга ундайдиган гўзал фазилат – қаноат ҳақида гаплашсак. Аввало, қаноат деганда нимани тушунамиз?
 

– Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ. Қаноат – инсонга берилган неъматларни қадрлаш, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиш, бор нарсага шукр қилиш ва ҳалол йўл билан ҳаёт кечиришдир.


Қаноат – бу қўл қовуштириб ўтириш, меҳнат қилмаслик, бирор касбнинг бошини тутмаслик ёки “борига шукр” деб тараққиётдан ортда қолиб кетиш эмас. Мусулмон киши, ҳадиси шарифда таъкидланганидек,  дунё ишларида ҳаракат қилади, ризқини излайди, касб-ҳунар ўрганади, оиласи учун меҳнат қилади. Аммо қалбида: “Менга берилган неъматнинг эгаси Аллоҳ таолодир”, деган эътиқодда бўлади.


Инсон қанча бой бўлмасин, агар қалбида қаноат бўлмаса, ўзини камбағал ҳис қилиши мумкин. Аксинча, мол-дунёси кўп бўлмаган инсоннинг қалби хотиржам, шукр қилувчи бўлса, у чинакам бойдир. Шу боис уламолар қаноатни қалбг бойлиги, деб таърифлашган.


– Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қаноат ҳақида нима дейилгани ҳам ўқувчиларга қизиқ, албатта.


– Ҳа, шундай. Ислом таълимотида қаноат улуғ фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят), деб марҳамат қилган.


Ислом дини инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эриштирувчи дастуриламал, ҳаёт манҳажидир. Аммо динимизнинг асл моҳиятини, унинг таълимотлари барча замон ва маконларга мувофиқ келишини англаб етмаган кишилар уни таркидунёчиликка айлантириб қўядилар, динга амал қилиш учун дунёдан ажралиб чиқиш керак, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Парвардигори олам инсонга ато қилган барча неъматлари ҳам охиратни, ҳам дунёдаги насибани излаш воситаси эканини айтмоқда.


Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг обидроғи бўласан. Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан. Ўзингга ёққанини одамлар учун ҳам яхши кўр, мўмин бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, муслим бўласан. Кулгини кўпайтирма. Чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонни ўзига берилган неъматларни қадрлашга тарғиб этганлар.


Баъзан инсон ўзидан бойроқ кишига қараб: “Унинг машинаси бор, уйи катта, кийими яхши, имконияти кўп”, деб ўзини камбағал ҳис қилади. Лекин ўзидаги неъматларга қарамайди. Бошқа бир инсон эса касал бўлиб ётибди, соғликка муҳтож. Яна бири фарзандли бўлишни орзу қилади. Демак, биз кўпинча ўзимизда бор нарсаларнинг қадрини уларни бой бергачгина англаб етамиз. Шу боис мўмин инсон ҳар куни: “Аллоҳ таоло менга қанча неъматлар берган-а. Ўзига шукр”, деб ҳамду сано айтиши керак.


– Демак, қаноат инсоннинг бахтли яшашига ҳам сабаб бўлар экан-а?


– Албатта. Қаноат билан бахт ўртасида катта боғлиқлик бор. Бугунги кунда инсоннинг кўзи кўп нарсага тушади. Телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларнинг ҳаётини кўрамиз. Кимдир янги машина харид қилганини, кимдир янги иморат қурганини, кимдир чет элга саёҳат қилганини кўрамиз.


Агар инсон ўз ҳаётини доимо бошқаларнинг ҳаёти билан солиштираверса, қалбида норозилик пайдо бўлади: “Нега менда йўқ? Нега унда бор? Нега унинг ҳаёти яхши?” деган саволлар кўпайиб боради. Бу эса инсоннинг хотиржамлигини йўқотади.


Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий масалаларда инсон ўзидан пастроқ ҳолатдаги кишиларга қарашини ўргатганлар. Яъни инсон ўзидан бойроқ кишига қараб ҳасрат қилмасдан, ўзидан камроқ имкониятга эга бўлган кишиларни кўриб, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсин.


– Айримлар қаноатли кишининг ҳаётга интилиши паст, деб тушунадилар. Бунга динимиз қандай қарайди?


– Бу қаноат тушунчасини нотўғри англашдан келиб чиқади. Мусулмон киши меҳнаткаш бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнат қилишга, ҳалол ризқ топишга тарғиб этганлар.


Деҳқон ерга уруғ сепиб, кейин “Аллоҳ ризқ беради”, деб уйида ўтирмайди. У ер ҳайдайди, уруғ сочади, суғоради, меҳнат қилади ва натижасини Аллоҳдан кутади. Тадбиркор ҳам ҳаракат қилади, талаба ўқийди, ҳунарманд ҳам меҳнат қилади. Қаноат шу ҳаракатдан кейин инсоннинг қалбидаги ҳолатдир. Яъни, қўлимиз меҳнатда, қалбимиз Аллоҳга боғланган бўлиши керак.


– Бугунги ёшлар орасида “кўпроқ пул топиш”, “бой бўлиш”, “қиммат машина олиш” каби мақсадлар кучайиб бормоқда. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?


– Мол-дунёга эга бўлиш ёмон эмас. Ислом бойликни ҳаром қилмаган. Ҳаром қилингани – бойликнинг инсон қалбини эгаллаб олиши, уни ҳаромга бошлаши ва Аллоҳ таолонинг зикридан, тоат-ибодатидан унуттиришидир.


Ҳалол меҳнат билан бойиган инсон жуда кўп хайрли ишлар қилиши мумкин. Камбағалларга ёрдам беради, масжидлар ва мадрасалар қуради, илмга хизмат қилади, етимларни қўллаб-қувватлайди. Мол-дунё қўлда бўлса – неъмат, қалбда бўлса синовдир.


Ёшларимизга шуни ўргатишимиз керак: катта мақсад қўйиш мумкин. Аммо мақсад ҳалол бўлиши керак. Ризқ ҳалол бўлиши керак. Меҳнат ҳалол бўлиши керак. Энг муҳими, инсон дунёвий мақсадга эришаман деб охиратни бой бермаслиги лозим.


– Фарзандларимизга қаноатни қандай ўргатишимиз мумкин?


– Энг яхши тарбия намуна бўлишдир. Ота-она “қаноатли бўл” деб, ўзи доимо бошқаларнинг мол-дунёсини муҳокама қилиб юрса, бола гапга эмас, амалга қарайди. Фарзандларимизга кичиклигидан: “Нон – неъмат. Уни исроф қилма”, “Ота-онангнинг меҳнати қадрига ет”, “Бошқаларга ҳасад қилма”, деган тушунчаларни сингдириш керак.


Боланинг истаган ҳамма нарсасини муҳайё қилавериш тўғри эмас. Чунки инсон хоҳлаган нарсасига осонгина эришаверса, берилган неъматнинг қадрини билмай қўйиши мумкин. Баъзида фарзандга: “Ҳозир имконимиз йўқ, сабр қиламиз”, дейиш ҳам тарбия, ҳам унинг қаноатли бўлишига замин яратади.


– Қаноат билан тақдирга рози бўлишни қандай тушунтирган бўлардингиз?


– Мўмин киши Аллоҳ таолонинг тақдирига иймон келтиради. Лекин тақдирни баҳона қилиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларини ташлаб қўймайди. Касал инсон: “Тақдир экан”, деб даволанишдан воз кечмайди. Ризқ излаётган киши меҳнат қилишни ортга сурмайди. Талаба ўқишни тўхтатмайди. Биз сабабларни қиламиз, натижасини Аллоҳдан кутиб яшаймиз. Агар натижа биз кутгандек бўлмаса, “Нега бундай бўлди?” деб Аллоҳнинг тақдирига норози бўлмаймиз. Мана шу ҳолат инсон қалбига катта хотиржамлик беради.


– Сўнгги савол: инсон қаноатли бўлиши ва шу фазилатга эга бўлиши учун нима қилиши керак?


– Бунинг учун, аввало, шукрни канда қилмаслиги керак. Ўзини ҳадеб бошқалар билан солиштирмаслиги зарур. Чунки ҳар кимнинг тақдири, ризқи ва ҳаёт йўли ҳар хил бўлади.


Ҳалол меҳнат қилиб, исрофдан тийилиши шарт. Инсон кўп нарсага эга бўлиш билан бахтли бўлиб қолмаймиз. Керакли нарса билан кифояланишни ўрганишимиз лозим.


Эҳтиёжманд инсонлар ҳолига қараш керак. Инсон ўзидан камроқ имкониятга эга кишиларни кўрса, ўзининг неъматларини янада чуқурроқ ҳис қилади.


Аллоҳ таоло билан муносабатимизни мустаҳкамлашимиз шарт. Намоз, дуо, Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор инсоннинг қалбини поклайди. Қалби Аллоҳга боғланган инсон дунёвий нарсаларга ҳаддан зиёд боғланиб қолмайди. Ва ўшанда қиноат битмас хазина эканини англаб етади.

 

Т.НИЗОМ суҳбатлашди.

Мақолалар