Аллоҳ таоло жамиятнинг бузилишига олиб келадиган зинони ва унга олиб борувчи барча нарсаларни ҳаром қилган. Исро сурасида бундай марҳамат қилган: «Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир» (Исро сураси, 32-оят).
Оятда «зинога яқинлашманглар», дейилмоқда. Бу “зино қилманглар” деганидан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан узоқда бўлиши лозим.
Маълумки, Ислом бирор нарсани ҳаром қилса, унга етказувчи йўлни ҳам тўсади ва уни тақозо этувчи барча воситаларни ҳаром деб эълон қилади. Демак, зино ва унга боғлиқ бўлган фаҳшнинг ҳар қандай кўриниши мутлақо ҳаромдир! Зинонинг ҳаромлигини Аллоҳ зинодан узоқда бўлувчиларни мадҳ қилганидан ҳам билиб олиш мумкин.
Аллоҳ айтади: «Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир. Улар закотни адо қилгувчилардир. Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламаслар), албатта, улар маломат қилинувчи эмасдирлар. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир » (Мўъминун сураси, 1–7-оятлар).
“Оммавий маданият” таъсирида ёш йигит-қизлар беҳаёларча кийинишмоқда. Йигитлар ўзларига ярашмайдиган даражада кийим кийишлари, ташқи кўринишларини ўзгартириб юришлари ёки ҳар хил хунук услубда соч қўйишлари, баъзи йигитлар эса сочларини турмаклаб олиб, бир парча матони бошига ўраб олганига гувоҳи бўласиз. Ҳатто баъзи йигитлар қулоғига зирак тақиб олмоқдалар.
Шунингдек, ҳозирги пайтда баъзи қиз-жувонлар яримяланғоч ҳолда енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини “кўз-кўз” қилиб турувчи тор ва юпқа кўйлаклар кийиб, энг ачинарлиси, киндик ва болдирларини очиб, кўчада бемалол уялмай юрибдилар. Баъзилари ташқи кўринишларини ўзгартириб, бурунларига зиракча тақиб оляптилар. Миллатнинг забардаст ўғлонлари ва иболи қизларини йўқотиб бораётганимизни англаб етайлик.
Албатта, бугунги кунда бир жинслиларнинг никоҳланиши ёки жинсини ўзгартириш каби қабиҳ иллатлар ҳам “оммавий маданият”нинг энг ёмон кўринишларидан бири эканини унутмайлик.
Тарихда мазкур ишларни қилган қавмлар қаттиқ азобга дучор бўлишган. Лут алайҳиссалом қавми шундай ишларга муккасидан кетган эди. Лут алайҳиссалом ҳар қанча бу ишни қилмасликка чорласа ҳам, фаҳш ишлари кўпайса кўпаядики, камаймайди.
Шунда Аллоҳ томонидан икки азоб фариштаси юборилади. Лут алайҳиссалом ва бир неча имонли инсонларга шаҳардан ортларига қарамай чиқиб кетиш буюрилади. Улар чиқиб кетаётганларида шаҳарни даҳшатли чинқириқ тутади. Ҳамма жой остин-устин этилади. Бирорта тирик жон қолмайди. У ер текис майдонга айланади. Қавм Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлади.
Хулоса шуки, ўсиб келаётган ёш фарзандларимиз имон-эътиқодли, диёнатли, ор- номусли, ҳаёли бўлиши ҳамда дини, Ватани, ота-онаси, оиласи ва халқига муносиб хизмат қилиши учун уларни исломий руҳда тарбия қилишимиз жуда муҳим. Албатта, мусулмон эркак ва аёллар кийинишда, юриш-туришда, муомалада ҳамиша ҳаёли бўлиши ва иффатини асраши лозим. Бу эса гўзал исломий одоблардан саналиб, уларга амал қилиш ҳар бир мусулмон кишидан талаб этилади.
Бўстон тумани “Юнусобод” жоме масжиди имом-хатиби
Умиджон УСМОНОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 12-сонидан
Испаниянинг “Orta Lectura” нашрида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон турли нуфузли халқаро рейтингларда ҳамда хорижий давлатларнинг сайёҳлар учун тавсияларида юқори хавфсизлик даражасига эга мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
World Justice Project (WJP) томонидан эълон қилинган “Rule of Law Index 2025” натижаларига кўра, Ўзбекистон “Тартиб ва хавфсизлик” кўрсаткичи бўйича 143 та мамлакат орасида 17-ўринни, Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги 15 та мамлакат орасида эса 1-ўринни эгаллади.
WJP индекси 215 мингдан ортиқ фуқаролар ҳамда 4 минг 100 нафардан зиёд ҳуқуқшунос ва экспертлар ўртасида ўтказилган сўровномаларга асослангани билан аҳамиятлидир.
“Gallup” компаниясининг “2025 Global Safety Report” маърузасида таъкидланишича, Ўзбекистон аҳолисининг 86 фоизи кечаси ёлғиз юрганда ўзини тўлиқ хавфсиз ҳис қилади. Бу кўрсаткич дунё бўйича ўртача 73 фоизлик даражадан сезиларли даражада юқоридир. Шу билан бирга, “Law and Order Index”нинг кенгроқ кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз 100 дан 91 балл тўплади.
Institute for Economics & Peace томонидан тузиладиган “Global Peace Index 2026” натижаларига кўра, Ўзбекистон ўз позициясини 30 поғонага яхшилаб, 163 та мамлакат орасида 1,726 кўрсаткич билан 37-ўринга кўтарилди. 2026 йилги расмий ҳисоботда мамлакатимиз тинчлик кўрсаткичлари энг юқори суръатда яхшиланган давлатлар қаторига киритилди.
АҚШ Давлат департаменти “Travel Advisories” тизимида Ўзбекистонга “Level 1 – Exercise Normal Precautions” даражасини, яъни “Одатий эҳтиёт чораларига риоя қилиш” тавсиясини берган. 2026 йил январда янгиланган тавсияномада хавф даражаси оширилмади. Бу АҚШ Давлат департаменти томонидан халқаро саёҳатлар учун белгиланадиган энг паст хавф даражаси ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати