- Беш вақт намозни жамоат билан ўқиш савоблими ёки танҳо ўқиш савоблими?
- Aлбатта, жамоат билан ўқиш савоблидир. Жамоат билан ўқилган намознинг савоби ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража зиёдадир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жамоатни тарк этган кишиларга дашном берар эдилар, шу сабабдан намозни жамоат билан ўқиш суннати муаккададир.
- Жамоат ҳисобланиши учун неча киши бўлиши керак?
- Имомдан бошқа бир киши бўлса, жамоат бўлади. Лекин жамоат қанча кўп бўлса, савоби шунча зиёда бўлади.
- Масжид бўлмаса ҳам жамоат бўладими?
- Имом билан ўқилса, қайси ерда ўқилса ҳам жамоат бўлаверади.
- Намозни масжидга бориб ўқиш зарурми?
- Aлбатта, ғоятда зарурдир. Узр бўлмаган ҳолда ҳар намозни масжидга бориб ўқишга ҳаракат қилмоқ керак.
- Масжидга кирганда ва чиққанда қайси оёқни аввал қўйиш лозим?
- Масжидга кирганда аввал ўнг оёқни, чиққанда эса чап оёқни қўйиш керак.
- Масжидга кирганда нима деб дуо қилинади?
«Aллоҳумма ифтаҳли абваба роҳматик», деб дуо қилинади. Маъноси: «Эй Aллоҳ, менга раҳматинг эшикларини очгин».
- Масжиддан чиққанда нима деб дуо қилинади?
«Aллоҳумма инни асъалука мин фазликал ъазим», деб дуо қилинади. Маъноси: «Эй Aллоҳ, албатта мен Сендан улуғ фазлингни талаб қиламан».
- Масжидга кирганда нима қилмоқ керак?
- Масжидга кирганда суннат намозини ва «Таҳийятил масжид» (масжид ҳақига), деб
номланган намозни ўқиш лозим.
- Масжид ичида қандай ўтириш керак?
- Ғоятда одоб ва тавозеъ билан ўтириш керак. Дунёвий ҳеч бир иш қилмаслик, дунёвий сўзларни сўзламаслик, ўйнамаслик ва кулмаслик керак. Aксинча, мумкин қадар зикрда, тасбеҳда, дуода бўлиш, Қуръон ўқиб ўтириш ё нафл намозга машғул бўлиш лозим.
Масжид ичида туфламаслик ва бурунни қоқмаслик, масжид Aллоҳга ибодат қиладиган жой, деб ғоятда сидқидилдан эътиқод қилиб ўтириш лозим. Саримсоқпиёзга ўхшаш бадбўй нарсаларни еб масжидга кириш макруҳдир.
- Имом бомдод намозининг фарзини ўқиётганда етишган кимса икки ракат суннатни ўқийдими ёки ўқимайдими?
- Фарзнинг охирги ракатига етишиш мумкин бўлса, масжиднинг бир тарафида суннатни тезроқ ўқиб, ундан сўнгра имомга эргашган маъқул. Aгар суннатни ўқиган ҳолда фарзнинг охирги ракатига етишмайдиган бўлса, суннатни ўқимайди, балки тезлик билан имомга эргашади.
- У қолган икки ракат суннатни фарзни ўқигандан кейин қазо қиладими?
- Қазо қилмайди, қолган ҳолича қолади.
- Имом пешин намозининг фарзига киришган пайтда етишган киши нима қилади?
- Тезлик билан имомга эргашади, суннатга машғул бўлмайди.
- Фарзни ўқигандан сўнг тўрт ракат суннатни қазо қиладими?
- Фарздан сўнг ўша тўрт ракат суннатни қазо қилади, кейин икки ракат ўқийди.
- Бир киши масжидга кириб пешин намозининг тўрт ракат суннатини ўқишга киришганда муаззин иқомат айтиб такбир туширса ва имом фарзни ўқишни бошласа, у киши нима қилади?
- Бошланган намозни икки ракат қилиб салом бериб, нафлга қолдириб, тезлик билан имомга эргашади. Имом билан фарзни ўқигандан сўнг тўрт ракат суннатни аввал қазо сифатида ўқиб, сўнг икки ракатни ўқийди.
- Пешин намозининг тўрт ракат суннатидан уч ракатини ўқигандан сўнг муаззин иқомат айтса, нима қилади?
- У вақтда тўрт ракатни тамом қилиб, имомга эргашади. Фарздан сўнг тўрт ракат суннатни қазо қилиш лозим эмас.
"Ибодати исломия"дан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло умматни бирлик, меҳр-оқибат ва биродарлик асосида яшашга буюрган. Бироқ тарих давомида мусулмонларнинг сафини бузиш, улар орасига адоват ва низо уруғини сочишга уринган кимсалар ҳамиша топилган. Шунинг учун ҳар бир мўмин фитнанинг хавфини англаб, унинг домига тушиб қолмаслик учун доимо ҳушёр бўлиши лозим.
Авс ва Хазраж воқеаси — фитнанинг аччиқ сабоғи
Мадина аҳлидан бўлган Авс ва Хазраж қабилалари Исломдан олдин узоқ йиллар давомида ўзаро адоват ва қирғинбарот жангларда яшар эдилар. Айниқса, “Буос” кунида содир бўлган қаттиқ жанг икки томоннинг қалбида оғир из қолдирган эди. Аллоҳ таоло уларни Ислом неъмати билан шарафлаб, қалбларини бирлаштирди. Кечаги душманлар бугун бир-бирининг жонидан азиз биродарларга айландилар. Аммо мусулмонларнинг бу аҳиллигини кўра олмаган баъзи душманлар улар орасига фитна солишни мақсад қилдилар.
Бир куни улар Авс ва Хазраж вакилларига “Буос” кунидаги воқеаларни, жангдаги қаҳрамонлик ва фахрланишга арзийдиган ҳолатларни эслата бошладилар. Аввалига оддий суҳбат бўлиб кўринган бу гаплар аста-секин баҳсга, баҳс эса жанжалга айланди. Ҳатто икки қабила яна қурол кўтариб, ўзаро жанг қилиш даражасигача етиб борди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етгач, у зот саҳобалари билан дарҳол уларнинг олдига бордилар ва шундай дедилар:
"Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқмайсизларми?! Мен ҳали орангизда бўла туриб, сизлар жоҳилият даъволарига чақириласизларми?! Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоят қилганидан, унинг сабабидан сизларни азиз қилганидан, жоҳилият ишларидан қутқарганидан ва қалбларингизни бир-бирига улфат қилганидан кейин яна шу ҳолатгами қайтмоқчисизлар?!".
Шунда улар ўзларига келиб, душман макрига алданганларини англадилар. Икки томон йиғлаб, бир-бирини қучоқлаб, кечирим сўрадилар ва фитна ўчоғи сўнди. Бу воқеа Ислом тарихида мусулмонларнинг душман фитналарига қанчалик тез алданиб қолишлари мумкинлигини, аммо Қуръон ва Суннатга қайтиш орқали ҳар қандай низони бартараф этиш мумкинлигини кўрсатиб беради.
Қуръоннинг бирликка чақируви
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонига маҳкам ёпишингиз ва бўлиниб кетмангиз. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эслангиз: бир вақтлар бир-бирингизга душман эдингиз, У зот қалбларингизни улфат қилди ва Унинг неъмати билан биродарларга айландингиз» (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Яна бир оятда: «Фитна қатлдан ҳам оғирроқдир» (Бақара сураси, 191-оят).
Ушбу оятлар мусулмонлар ўртасидаги бирликнинг нақадар улуғ неъмат эканини ва фитнанинг эса жамият учун ҳалокатли офат эканини кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг огоҳлантиришлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мўмин мўминнинг биродари. Унга зулм қилмайди ва уни душманга ташлаб қўймайди" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Яна бир ҳадисда: "Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз ўгирмангиз, бир-бирингизга адоват қилмангиз. Эй Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлингизлар" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида бундай дедилар: "Фитналар қоронғи тун парчалари каби келади" (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис мўминни ҳар қандай шубҳали чақириқлар, адоват уруғини сочувчи гаплар ва мусулмонларни бўлишга қаратилган ҳаракатлардан эҳтиёт бўлишга чақиради.
Хулоса
Бугунги кунда ҳам турли ижтимоий тармоқлар, асоссиз хабарлар, ғийбат ва бўҳтонлар орқали мусулмонлар орасига фитна солишга уринишлар учраб туради. Шунинг учун ҳар бир мўмин эшитган ҳар бир хабарни текшириши, ҳиссиётга берилмаслиги ва уммат бирлигини сақлашни ўзининг муҳим вазифаси деб билиши керак.
Авс ва Хазраж воқеаси бизга бир ҳақиқатни ўргатади: мусулмоннинг ҳақиқий кучи унинг қуролида эмас, балки бирлигидадир. Қалблар бирлашган жойда Аллоҳнинг раҳмати бўлади, фитна ва адоват ҳукмрон бўлган жойда эса барака кўтарилади. Аллоҳ таоло барчамизни фитналарнинг ошкораси ва махфийсидан асрасин, қалбларимизни биродарлик ва муҳаббат билан мустаҳкамласин.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби