Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Ноябр, 2024   |   22 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:58
Қуёш
07:21
Пешин
12:15
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:19
Bismillah
23 Ноябр, 2024, 22 Жумадул аввал, 1446

КИШИ ЯХШИ КЎРГАНИ БИЛАН БИРГАДИР

18.03.2021   3407   14 min.
КИШИ ЯХШИ КЎРГАНИ БИЛАН БИРГАДИР

Қўшнига яхшилик қилиш

Васиятда айтилганидек, агар шўрва қилсак, сувини кўпроқ солиб, қўшнига ҳам улашишимиз лозим. Чунки хоҳлаймизми-йўқми, овқат пиширсак, ҳиди албатта қўшниникига ҳам ўтади. Овқатдан қўшнига чиқарсак, у ҳам шундан баҳраманд бўлади.

Ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин” (Имом Муслим ривояти), дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса: “Аллоҳ наздида қўшниларнинг энг яхшиси қўшниларига яхшилик қилувчисидир” (Имом Термизий ривояти), дейилган.

Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Менинг иккита қўшним бор. Уларнинг қай бири менга ҳақлироқ?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эшиги яқин бўлгани”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ояти каримада қўшничилик тўғрисида бундай дейилади:

﴿۞وَٱعۡبُدُواْ ٱللَّهَ وَلَا تُشۡرِكُواْ بِهِۦ شَيۡ‍ٔٗاۖ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَٰنٗا وَبِذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱلۡجَارِ ذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡجَارِ ٱلۡجُنُبِ وَٱلصَّاحِبِ بِٱلۡجَنۢبِ وَٱبۡنِ ٱلسَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتۡ أَيۡمَٰنُكُمۡۗ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يُحِبُّ مَن كَانَ مُخۡتَالٗا فَخُورًا٣٦

«Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинглар)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо, 36).

Ояти каримада қўшни мўмин ёки кофир деб ажратилмаган. Шунинг учун муфассирлар кофир қўшнига ҳам яхшилик қилиш керак, дейди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса, қўшнисига азият бермасин”, дедилар.

Ҳадисда қўшнига азият бермаслик Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтириш билан ёнма-ён келяпти. Демак, мўмин киши қиёмат кунига ва Аллоҳнинг ягоналигига ишонса, қўшнисига зарар бермаслиги, азият етказмаслиги керак.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшни ҳақида шунчалик кўп васият қилди, қўшни қўшнисидан мерос олармикан, деб ўйлаб қолдим”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Аллоҳга қасам, мўмин бўлолмайди”, деб уч марта айтдилар. “Ким у, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашганида: “Қўшнисига ёмонлик қилган киши”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Қўшнини мўмин ёки ғайридин деб ажратиб бўлмайди. Мусулмон бўлмаган қўшнининг ҳам ўзига яраша ҳақлари борлиги очиқ айтилган.

“Қўшни уч хил бўлади: учта ҳақи бўлган қўшни, иккита ҳақи бўлган қўшни ва битта ҳақи бўлган қўшни. Учта ҳақи бўлган қўшни – ҳам қариндош, ҳам мусулмон қўшнидир. Унинг қариндошлиги туфайли бир ҳақи, мусулмонлиги туфайли иккинчи ҳақи ва қўшничилиги сабаб учинчи ҳақи бор. Иккита ҳақи бўлган қўшни – қариндош бўлмаган мусулмон қўшни. Унинг мусулмонлиги туфайли бир ҳақи, қўшнилиги сабаб иккинчи ҳақи бор. Мусулмон бўлмаган қўшнида фақат битта – қўшничилик ҳақи бор” (“Тафси­ри Қуртубий”, 5-жилд, 184-бет).

“Эшиги энг яқин бўлган қўшни яхшилик қилиш учун энг лойиқ қўшнидир” (Имом Бухорий ривояти).

“Ким қўшни дейилади?” деган савол ҳам динимизда жавобсиз қолмаган. Бу саволга турлича жавоб берилган.

Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Овози эшитилиб турадиганлар барчаси қўшнидир”, дейди. Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиз ҳар томондан қирқ уйнинг қўшни бўлишини айтган.

Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ): “Энг яқин қирқта уй, ҳар томондан қирқта уй, бақирса, эшитиладиган масофадаги уйлар, бомдод намозини бир масжидда ўқийдиган кишилар, масжидда такбир овозини эшитган кишилар қўшнилардир”, деган (“Тафсири Қурту­бий”, 3-жилд, 111-б.).

Бу сўзларнинг баъзилари ҳадислар асосида айтилган бўлса-да, лекин кимлар қўшни бўлиши замон ва маконга қараб, ўзгариб туради. Шундай экан, бу борада энг яхши ўрнак ҳар бир жойнинг ўзига ярашадиган яхши урф-одатларидир.

Тарихдан биламиз, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ойша онамизга: “Қурбонлик гўштини тарқатишда аввал яҳудий қўшнимиздан бошла...” деганлар.

Қўшни дейилса, ҳеч ким ажратилмайди, мусулмон-ғайримусулмон, дўст-душман, муқим-мусофир, яхши-ёмон, ҳаммаси назарда тутилади. Мусулмон кишининг энг асосий ахлоқий вазифаларидан бири қўшнига озор бермаслигидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Мусулмон тили ва қўли билан бошқа мусулмонларга озор бермайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти).

Оиламиздан кейинги энг яқин ижтимоий қатламни қўшнилар ташкил этади. Яхши-ёмон кунларда қўшнилар коримизга ярайди. Мўмин киши ўзи эришган неъматларни қалбида қўшниларига раво кўриши, ўзи ёмон кўрган нарсаларни қўшниларига ҳам раво кўрмаслиги лозим. Демак, қўшни қўшнига асло зарар бермаслиги керак.

Қўшни ҳақлари тўғрисида сўраган саҳобага Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Касал бўлса, бориб кўр, вафот этса, жанозасида қатнаш, қарз сўраса, бер, қийин аҳволда бўлса, ёрдам қил. Бошига мусибат тушса, тасалли бер, уйинг томини баланд кўтариб, унга етиб турадиган шамол ва шабададан тўсма, пиширган нарсангдан унга ҳам чиқар!” деганлар.

Хуллас, қўшнига моддий ёки маънавий азият бериш мумкин эмас. Моддий азият уйига, боғига, мол-мулкига зарар етказиш билан бўлади. Маънавий азият эса, ор-номусига, шаъни ва номига тажовуз қилиш билан бўлади.

Баъзан “фалончи киши қўшниси билан муроса қилолмас экан” деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Бу сингари ёмон ҳолатларнинг олдини олиш керак. Бундай иллатлар Ислом динига ҳам, ўзбекчиликка ҳам асло тўғри келмайди.

Қўшнига бунча кўп яхшилик қилишнинг нима кераги бор, деган ноўрин савол хаёлдан ўтиши мумкин. Яхши қўшни бўлишнинг ҳикмати катта. Қилган яхшиликларимиз сабаб қўшнилар оғиримизга ярайди. Диний, ҳиссий ва маънавий яқин қўшнилар қариндошлардан кўра тезроқ ёрдамга етиб келади.

Яхши қўшничилик ижтимоий ҳузур-ҳаловат ва адолатни қарор топтириш ҳамда осойишта ҳаёт учун энг муҳим омиллардан саналади. Қўшнилар ҳақларига риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш хотиржамлик гаровидир.

Мана, қўшничилик одобларини олдин билмаган бўлсак, энди билиб олдик. Билиш билан чекланмасдан, уни ҳаётимизга татбиқ қилишимиз зарур.

 

Киши яхши кўргани билан биргадир

عَنْ أَنَس بنِ مالك رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَن رَجُلاً سَأَلَ رَسُولَ اللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “مَتَى السَّاعَةُ؟قَالَ لَهُ رَسُولُ اللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “مَا أَعْدَدْتَ لَهَا؟قَالَ:“حُبُّ اللَّهِ وَرَسُولهِقَالَ: “أَنْتَ مَعَ مَنْ أَحْبَبْت

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Қиёмат қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёматга нима тайёрладинг?” дедилар. У: “Аллоҳ ва расулига муҳаббатни тайёрладим” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан”, дедилар» (Имом Бухорий).

Аллоҳ таоло ва расулига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббати у саҳобани қиёмат қачон бўлиши ҳақида сўрашга ундади. Чунки у қиёматда ҳисоб-китоб бўлишини билади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг саволига савол билан жавоб бердилар: “Қиёматга нима тайёрладинг?” У қилган яхшиликларини, савоб ишларини санаб ўтирмай, қалбида борини айтиб қўя қолди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг бу гапига эътироз билдирмадилар, “Сен севганинг билан бирга бўласан”, дедилар. Чунки мўминларнинг имони нафс ва шаҳватлардан ғолиб келганидагина Аллоҳнинг муҳаббатига ошно бўлади.

Сўраган одам мана шундан хавотирда эди. Агар банданинг шаҳватга ўчлиги ва дунёга очкўзлиги бўлмаса, қалби жўш уради, охират учун тайёрлана бошлайди, эзгу амалларидан савоб ва ажр умид қилади. Агар қиёмат ҳақида сўз кетса, ёмонликларини эслайди, яхши насиҳатларга қулоқ тутади, тўғри амал қилишни ўйлайди. Агар шу ишларга ўзини лойиқ кўрса, тақдиридан рози бўлади, ёлғонни кўрса, юз ўгиради. Яхши амаллари билан дўзахдан нажот топишни умид қилади. Савоб йўлидаги яхшиликлари ва ёмонликлари қиёмат куни мезонда ўлчанади. Яхшилиги кўп бўлса, мукофотга эришади, ёмонлиги кўп бўлса, жазосини олади. Сўров­чи қалбидаги ҳамма нарса Парвардигор муҳаббати олдида эътиборсиз қолади. Унинг қалбида Аллоҳга севгиси тўлиб-тошади. Мана шу нарса сўровчининг қиёматга тайёргарлигидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Сен севганинг билан бирга бўласан”, деганларининг ҳикмати шунда (“Наводирул усул фи маърифати аҳодисир расул”, 667-б).

Сўровчи бошқаларга кўра ижтиҳоди кучли, қалби ихлосли, имони пок, ўзи шубҳа-гумонлардан узоқ, олий хулқлар билан зийнатланган, тубанликлардан пок бўлгани боис, Аллоҳ Ўз севгисига эриштиради. Зеро, Аллоҳ севгисига Уни севганларгина етишади.

Аллоҳ таоло айтади:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مَن يَرۡتَدَّ مِنكُمۡ عَن دِينِهِۦ فَسَوۡفَ يَأۡتِي ٱللَّهُ بِقَوۡمٖ يُحِبُّهُمۡ وَيُحِبُّونَهُۥٓ أَذِلَّةٍ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ أَعِزَّةٍ عَلَى ٱلۡكَٰفِرِينَ يُجَٰهِدُونَ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَلَا يَخَافُونَ لَوۡمَةَ لَآئِمٖۚ ذَٰلِكَ فَضۡلُ ٱللَّهِ يُؤۡتِيهِ مَن يَشَآءُۚ وَٱللَّهُ وَٰسِعٌ عَلِيمٌ٥٤

«Эй имон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирур, улар Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи, Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлур» (Моида, 54).

Аллоҳ таоло банда қалбини очса ва ёриштирса, ғафлатдан огоҳ этса, ўша қалбда Парвардигорига муҳаббати жўш урмаслиги мумкин эмас.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирор инсон Аллоҳ ҳузурида худди туялардай итоатда бўлмагунича ва ўз нафсини паст санамагунича имон чўққисига ета олмайди”, деганлар.

Бошқа ҳадисда: “Бир нарсани севишинг сени кўру кар қилади”, дейилган.

Инсон қалби битта: агар дунёни севса, уни кўр қилади ва охират ҳақида эшитгиси келмайди. Зеро, севги қалбда алангаланадиган ҳароратдир. Агар қалбга шаҳват ҳарорати кирса, уни кўр қилади ва бошқа нарсалар ҳақида эшитишдан тўсади. Қалб охиратни севса, муҳаббати туфайли дунёни устун кўрмайдиган бўлади.

Инсон қалби табиатан юксакликка интилувчан яратилган. Инсон илм аҳлини кўрса, уларнинг қадри улуғ, насибаси баланд эканини ҳис этади. Охират аҳлини кўрса, қалби юмшайди. Қалбига Аллоҳнинг улуғлиги ва азаматининг муҳаббати тушса, қалби юқоридаги ҳолатлардагидан ҳам қаттиқроқ юмшайди. Муҳаббат аҳли олдинги қавмлар каби улкан саодат ва бахт топиб, бошқалардан фарқли тарзда, Аллоҳ Ўз хоҳиши билан уларни ҳидоятга йўллади. Улар икки тоифа бўлиб, бу ҳақда Қуръони карим бундай дейди:

ﱹ  ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢﮣﱸ

«...Аллоҳ унга (динга) Ўзи хоҳлаган кишиларни танлар ва Унга инобат қиладиган кишиларни ҳидоят сари йўллар» (Шўро, 13).

Биринчи тоифадагилар пайғамбарлар бўлиб, Аллоҳ уларни ҳеч шубҳа ва тараддудсиз бу йўлга бошлаган. Иккинчиси авлиёлар бўлиб, улар муҳаббатлари туфайли Аллоҳга дўст бўлишган.

Аллоҳ таоло айтади:

ﱹﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯﱸ

«...мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи...» (Моида, 54).

Муфассирлар бу оятда назарда тутилган икки тоифа: истиқомат аҳллари ва яқийн аҳллари назарда тутилган дейди.

Истиқомат аҳллари ўз ҳақларини мўминлар ҳақидан паст қўяди, мўминга раҳмдил бўлади ва лутф кўрсатади, уни ўзларидан ҳам яхши кўради. Мўминни азиз деб билишади, Аллоҳ йўлида тинимсиз ҳаракат қилишади ва бу йўлда одамларнинг маломатидан қўрқишмайди.

Муфассирлар яқийн аҳлларини Аллоҳнинг ҳар бир хоҳиши олдида ўзларини хор тутувчилардир, дейди. Уларга Аллоҳ баъзи сирларни ошкор қилади. Улар ҳеч бир тараддудсиз Аллоҳга ўз ихтиёрларини топширади. Ботилдан устун туриб, ҳар қандай чорасиз ҳолатда ҳам ундан юз ўгиришади. Нафс яқийн аҳлини алдашга йўл тополмайди. Улар маломатчининг маломатидан қўрқмайди. Яқийн аҳли қалбида одамлардан хавф йўқ.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йиғлаганларида, у зотдан: “Нега йиғлаяпсиз?” деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг ширк келтиришингиздан ва енгил шаҳватга берилишингиздан ниҳоятда хавфдаман”, дедилар.

Мақтов ва мақтанишни яхши кўриш енгил шаҳват ҳисобланади. Бу одамзоддаги энг кучли нарсалардандир. Ҳунармандлар, қорилар, зоҳидлару парҳезкорлар шунга мубтало бўлган. Мақтов ва мақтаниш гуноҳларни енгил санашга олиб боради ва савоблардан четланишга сабаб бўлади. Киши мақтов ва мақтанишни яхши кўрмаслиги керак, акс ҳолда, икки дунё саодатидан бенасиб қолади. Мақтовни суймаган инсон қалбида фақат Аллоҳнинг улуғлиги бўлади, дили Аллоҳ раҳматига тўлади. Аллоҳнинг раҳматига муштоқлик қалбдаги бекорчи нарсаларни ўлдиради ва қалбни поклайди. Натижада, қалб маломатчиларнинг маломатларидан қўрқмайдиган бўлади. Агар у шу босқичлардан ўтса. Аллоҳнинг ягоналигини ҳис этади ва Унинг жамолини истайди. Унинг қалбини мана шу улуғлик эгаллайди, ўтирса ҳам, турса ҳам фақат шуни ўйлайди ва бу нарса умрининг мазмунига айланади (“Наводирул усул фи маърифати аҳодисир расул”, 668-б).

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Аллоҳ таолони хос танийдиган қанча-қанча валийлар бор, улар танилмаган ҳам, билинмаган ҳам”.

Собит (розияллоҳу анҳу) айтади: «Ҳеч кимни масхара ва мазах қилманглар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) бизларга айтиб берди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бақиъда эканларида олдиларида кўзлари шилпиқ, билаклари тирналган, оёқлари ингичка, эгнига икки жанда кийиб олган, идишда сотиш учун ёғ кўтарган бир саҳройи бор эди. Расулуллоҳ унга: “Эй нурли киши”, дедилар. Саҳройи: “Лаббай”, деди ва: “Ким мендан ёғ сотиб олади? Мени касодга учраган, деб ўйладингизми?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй нурли одам, инсонлар наздида касод бўлсанг ҳам, Аллоҳ ҳузурида касод бўлмайсан. Агар Мадинага келсанг, меникига туш, мен ҳам водийга чиқсам, сеникига тушаман”, дедилар”» (“Наводирул усул фи маърифати аҳодисир расул”, 669-б).

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Ота-онага яхшилик қилиш!

Кутубхона
Бошқа мақолалар

#Янгиликлар “ЖУМАДАН ЖУМАГАЧА” (22.11.2024)

22.11.2024   4099   1 min.

Жумодул аввал ойининг навбатдаги ҳафтасида рўй берган диний-маърифий соҳадаги муҳим янгиликлар билан танишинг!

00:00 Анонс
00:51 Ўзбекистоннинг бағрикенгликда бошқа давлатларга намуна экани эътироф этилди
01:35 Муфтий ҳазрат талабалар билан дилдан суҳбат қилдилар
02:16 Пойтахтда ўтказилган амалий тадбирлар аҳоли учун манфаатли бўлди
03:29 Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди
03:58 Самарқанд ва Қашқадарё имомларининг малакаси оширилди
04:43 Наманганда диний бағрикенглик  бўйича йиғилиш бўлиб ўтди
05:19 Имом Доримий меросига бағишланган танлов ғолиблари тақдирланди
05:37 Имконияти чекланганлар учун навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат
06:13 Муфтий ҳазратлари бугун "Абдуллоҳ ибн Ҳузофа” масжидига бордилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

#Жумадан_жумагача