Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ деди: «Ўнта зое бўладиган, беҳуда нарса борки, улардан манфаат йўқдир:
1. Амал қилинмайдиган илм.
2. Ихлос бўлмаган ва (суннатга) иқтидо қилинмаган амал.
3. Ундан инфоқ қилинмайдиган мол-дунё. Унинг жамловчиси дунёда (бахиллик қилиб) баҳраманд бўлмайди ва охирати учун ҳам ўзидан олдинга (садақотлар кўринишида) тақдим этмайди.
4. Аллоҳнинг муҳаббатидан холи бўлган, Унга интилиб шавқ қилмайдиган ва У билан сирдош бўлмайдиган қалб.
5. Унинг тоати ва хизматидан ажралган жисм.
6. Маҳбубнинг ризосига боғланмаган ва унинг амрларига мувофиқ юрмайдиган муҳаббат.
7. Беҳуда кетаётгани идрок қилинмаган, яхшилик ва қурбатни ғанимат билинмаган вақт.
8. Бекорчи, фойдаси бўлмаган нарсаларга машғул бўлган фикр.
9. Унга хизмат қилиш сени Аллоҳга яқинлаштирмайдиган ва дунёингга салоҳият бўлиб қайтмайдиган инсонни хизматини қилиш.
10. Тутқичи Аллоҳнинг қўлида бўлган бир бандадан қўрқишинг ва умид қилишинг. У Унинг қабзасида асир бўлса ва ҳатто ўзигада зарар ёки фойда, ўлим ёки ҳаёт бера олмаса. Буларнинг бари фойдасиз ва зое нарсалардир.
Манба: @arabicuz
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати