Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Қуръон илмлари: ҚИРОАТЛАРНИНГ МАНБАСИ

12.03.2021   11699   28 min.
Қуръон илмлари: ҚИРОАТЛАРНИНГ МАНБАСИ

ТЎРТИНЧИ ҚИСМ

ҚИРОАТЛАР ВА ҚОРИЛАР

«Қироат» сўзи арабча масдар бўлиб, луғатда «жамлаш» ва «кўшиш» деган маънони билдиради. Зотан, қироат қилган шахс ҳарфларни жамлаган ва бир-бирига қўшган бўлади. Қуръони Карим ҳам сураларни ва ўтган илоҳий китоблардаги маъноларни ўзида жамлагани учун Қуръон деб номланган. Буни биз китобнинг аввалги саҳифаларида айтиб ўтдик.

Уламолар истилоҳида, хусусан, Ибн Жазарийнинг таърифида эса: «Қироатлар Қуръон калималарини адо этиш кайфияти ҳақидаги ва уларнинг ихтилофларини нақл қилувчига нисбат берадиган илмдир».

Ибн Жазарий қорининг таърифида қуйидагиларни айтади: «Қори – қироат олими бўлиб, уни оғзаки ривоят қилган кишидир. Мисол учун, агар у «Тайсир» китобини ёд олган бўлса ҳам, агар ўша китобдаги нарсаларни силсилага асосан, оғизма-оғиз олмаган бўлса, уни бошқаларга ўқитишга ҳаққи йўқ. Чунки қироатлар фақатгина эшитиш ва оғзаки нақл қилиш билан ҳукм қилинадиган нарсадир».

«Тайсир» – қироат илмининг имомларидан бири Абу Амр Донийнинг етти қироатга бағишланган «Ат-Тайсир фил-қироатил-ашр» номли китобидир.

Ушбу таърифдан Қуръони Каримни китобдан ўқиб олган, овоз ёзиш воситаларига тақлид қилиб ўрганиб олган-лар ва бошқа шу кабилар ҳеч қачон қори бўла олмаслигини англаб оламиз. Агар бир киши ўз ҳолича тажвид китобларини пухта ўрганса, сўнг қироатга оид бошқа китобларни ҳам ёдлаб, сув қилиб ичиб юборган бўлса, ўзи Қуръони Каримни энг машҳур қориларга ўхшатиб тиловат қилаётган бўлса ҳам, қори бўлмайди. Фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етадиган силсилага аъзо бўлган қоридан оғзаки эшитиб, ёдлаб, ўша устозга қайта тиловат қилиб, ижозатини олган кишигина қори бўлади.

Уламоларимиз Қуръони Карим ва қироатлар ўзига хос икки алоҳида-алоҳида нарсалар эканини таъкидлаганлар. Бу борада имом Заркаший қуйидагиларни айтадилар:

«Билки, Қуръон ва қироатлар айри-айри икки ҳақиқатдир. Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга баён ва эъжоз – ожиз қолдириш учун нозил бўлган ваҳийдир. Қироатлар эса ўша ваҳий лафзларининг ҳарфлар ёзилиши ёхуд енгил, оғир ва шу каби талаффуз кайфиятидаги турличалигидир».

 

ҚИРОАТЛАРНИНГ МАНБАСИ

Қироатларнинг манбаи ваҳийдир. Бу ҳақда бир қанча оятлар ва ҳадислар келган.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида шундай деб марҳамат қилади:

وَإِذَا تُتۡلَىٰ عَلَيۡهِمۡ ءَايَاتُنَا بَيِّنَٰتٖ قَالَ ٱلَّذِينَ لَا يَرۡجُونَ لِقَآءَنَا ٱئۡتِ بِقُرۡءَانٍ غَيۡرِ هَٰذَآ أَوۡ بَدِّلۡهُۚ قُلۡ مَا يَكُونُ لِيٓ أَنۡ أُبَدِّلَهُۥ مِن تِلۡقَآيِٕ نَفۡسِيٓۖ إِنۡ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا يُوحَىٰٓ إِلَيَّۖ إِنِّيٓ أَخَافُ إِنۡ عَصَيۡتُ رَبِّي عَذَابَ يَوۡمٍ عَظِيمٖ١٥

«Қачонки уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга рўбарў бўлишдан умид қилмайдиганлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен уни ўзимча алмаштира олмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсагагина эргашаман. Албатта, мен Роббимга осий бўлсам, буюк Кун азобидан қўрқаман», деб айт» (15-оят).

Аллоҳ таоло Нажм сурасида шундай дейди:

وَمَا يَنطِقُ عَنِ ٱلۡهَوَىٰٓ٣ إِنۡ هُوَ إِلَّا وَحۡيٞ يُوحَىٰ٤ عَلَّمَهُۥ شَدِيدُ ٱلۡقُوَىٰ٥

«У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) юбориладиган ваҳийдан ўзга нарса эмас. Унга шиддатли қувват эгаси таълим берди» (3-5-оятлар).

Аллоҳ таоло Ҳаққо сурасида марҳамат қилади:

وَلَوۡ تَقَوَّلَ عَلَيۡنَا بَعۡضَ ٱلۡأَقَاوِيلِ٤٤ لَأَخَذۡنَا مِنۡهُ بِٱلۡيَمِينِ٤٥ ثُمَّ لَقَطَعۡنَا مِنۡهُ ٱلۡوَتِينَ٤٦

«Ва агар у Бизга баъзи ёлғон сўзларни тўқиса... албатта, Биз уни қудрат билан тутамиз. Сўнгра, албатта, унинг шоҳ томирини кесамиз» (44-46-оятлар).

Ушбу оятлардан кўринадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларича Қуръони Каримдан бирор нарсани ўзгартиришга қодир эмаслар. Шундай экан, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа бирор одам мутлақо ўзгартира олмаслиги турган ran.

Бу борадаги Суннатда келган далиллар Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги мавзуда келтирилган. Бу ерда мазкур сарлавҳа остидаги маълумотлар доирасида келмаган бир ҳадисни эслаб ўтиш билан кифояла-намиз.

Убай иби Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Жаброил ва Микоил алайҳимассалом олдимга келишди. Жаброил ўнг тарафимга, Микоил чап тарафимга ўтирди. Шунда Жаброил алайҳиссалом:

«Қуръонни бир ҳарфда қироат қил», деди. Микоил эса:

«Ундан зиёда қилишини сўра, ундан зиёда қилишини сўра», деди. Ниҳоят, етти ҳарфга етди. Ҳамма ҳарф шофий ва кофийдир».

Насаий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам истаганларича ўқий олмайдилар. Балки фаришталар олиб келган ваҳий асосида қироат қиладилар. Бу борадаги ҳадислар мутавотир даражасига етгандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. У зотга Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олишни Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатганини аввал айтиб ўтдик.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан Қуръони Каримни эшитиб, ўрганиш билан бирга, у кишига ўқиб ҳам берар эдилар. У зот Қуръони Каримни ҳар йили Рамазон ойида бир марта Жаброил алайҳиссаломга бошидан охиригача ўқиб берар эдилар. Вафот этадиган йиллари Қуръони Каримни бошидан охиригача икки марта ўқиб берганлар.

Ўз навбатида саҳобаи киромлар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни Аллоҳ таоло нинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида қабул қилиб олар эдилар. Аста-секин саҳобаи киромларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошлади. Улар бошқа саҳобаи киромларга Қуръони Карим қироатидан дарс ҳам берадиган бўлдилар.

Қироатда устоз бўлган саҳобаи киромлардан ҳазрати Усмон, ҳазрати Алий, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Дардо, Ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумни мисол тариқасида зикр қилишимиз мумкин. Катта саҳобийлар кичикларига ва кейинроқ Исломга кирганларга қироатни ўргатар эдилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб ва бошқа саҳобаи киромларга қироатдан устоз бўлганлар.

Ўз навбатида саҳобаи киромлардан кейинги авлод тобеъинлар ҳам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай бўлса, ўшандай ҳолида қабул қилиб олдилар. Аста-секин тобеъинларнинг ичида қироат бўйича кўзга кўринганлари зоҳир бўла бошлади. Улар ҳам бошқаларга Қуръони Карим қироатидан дарс берадиган бўлдилар.

Тобеъинларнинг вақтига келиб, Ислом кўп жойларга тарқалган, мусулмонларнинг сони кўпайган ва ҳар бир ўлка ўз қориларига эҳтиёж сезиб қолган эди. Шунинг учун ҳам тобеъинлардан қироатга моҳир ва устоз бўлганлари ҳақида маълумот олмоқчи бўлсак, уларнинг турли ўлкаларга бўлиб зикр қилинганини кўрамиз.

Тобеъинлардан ўзининг қироати ва Қуръон устози деган номи билан Мадинада машҳур бўлганлар: Ибн Мусайяб, Урва, Солим, Умар ибн Абдулазиз, Сулайман ибн Ясор, Ато ибн Ясор, Муъоз ибн Ҳорис, Абдурраҳмон ибн Ҳурмуз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Муслим ибн Жундуб, Зайд ибн Аслам ва бошқалар.

Тобеъинлардан Қуръони Карим қироати ва устозлиги билан Маккада машҳур бўлганлар: Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Икрима, Ибн Абу Мулайка ва бошқалар.

Тобеъинлардан Қуръони Карим қироати ва устозлиги билан Куфада машҳур бўлганлар: Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шураҳбил, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдурраҳмон Суламий, Саъид ибн Жубайр, Иброҳим Нахаъий, Шаъбий ва бошқалар.

Тобеъинлардан Қуръони Карим қироати ва устозлиги билан Басрада машҳур бўлганлар: Абу Олия, Абу Ражо, Наср ибн Осим, Яҳё ибн Яъмур, Ҳасан, Ибн Сирин, Қатода ва бошқалар.

Юзинчи ҳижрий санага келиб, ақоид, фиқҳ ва бошқа соҳаларда, жумладан, қироат бобида ҳам мусулмонларнинг сонлари, миллатлари, ирқлари, тиллари ва эҳтиёжларининг ҳаддан ташқари кўпайгани эътиборидан, алоҳида илмий асосга суянган йўналишлар пайдо бўлди. Бу давр ва шароит талаби эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар соф ва фасиҳ араб тили соҳиблари эдилар. Улар учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийин эмас эди. Уларнинг ҳаммалари юқори даражадаги олим кишилар эдилар. Энди эса араблардан кўра араб бўлмаган мусулмонлар кўпайиб кетган эди. Араблар ҳам аввалгиларига ўхшамас эди. Ушбу ва яна бошқа бир неча омиллар Қуръони Карим қироати бўйича алоҳида илм пайдо бўлишига ва илмнинг имомлари пайдо бўлишига олиб келди.

Қироатлар ва қорилар анча кўпайиб кетди. Аста-секин уларни тартибга солиш бошланди. Ниҳоят, имом Ибн Мужоҳид (ҳижрий 245-324 й.) раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Ас-Сабъа фил-қироат» номли кихобини ёзиб, етти машҳур қироатни бир китобга жамлаб, тартиб берди ва барча буни қабул қилди. Бу қироатларнинг бир-биридан фарқи баъзи бир сўзларнинг талаффузида ва шунга ўхшаш кичик нарсаларда, холос. Буни бир қанча фиқҳий мазҳаблардан фақат тўрттаси танлаб олинганига қиёслаш мумкин.

Энди ўша иттифоқ қилинган етти қироат ва уларнинг имомлари кимлар экани ҳақида қисқача маълумот олайлик.

  1. Нофеъ Маданий қироати.

Имом Абу Рувайм Нофеъ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Рувайм Лайсий. У киши ҳижрий 70 йили таваллуд топиб, 169 санада вафот этган. Етти машҳур қироат имомларининг бири Имом Нофеъ Маданий асли асфиҳонлик бўлган. Қора танли, гўзал хулқли ва табиатан ҳазилкаш инсон. Имом Нофеъ Маданий ишончли ва аҳли солиҳ кишилардан эди. Одамларга етмиш йилга яқин қироатдан дарс берган. Мадинада одамларга қироатдан раис бўлиш шу кишига насиб этган. Имом Нофеъ Маданий турли қироатлар бўйича олим ва ўз юртида ўтган имомларнинг изидан эргашувчи зот бўлган.

Имом Нофеъ Маданий раҳматуллоҳи алайҳи қачон гапирса, оғзидан мушк ҳиди келар эди. Унга: «Одамларга қироатдан дарс беришдан олдин хушбўй суртиб оласиз-ми?» дейилса, «Хушбўйга қўлимни ҳам теккизмайман, уни суртмайман ҳам. Аммо тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман, у зот оғзимга қироат қилганлар, ўшандан бери оғзимдан мана шу ҳид чиқади», дер эди.

Имом Нофеъ Маданийдан жуда кўп одамлар қироатни олган. Уларнинг ҳисобига етиб бўлмайди. У киши Мадинаи Мунавварада вафот этган.

Имом Нофеъ Маданий раҳматуллоҳи алайҳининг қироати бугунги кунда ҳам имом Осим қироатидан кейинги энг кўп тарқалган қироат бўлиб келмоқда. Ҳозирда Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Нигерия, Мали ва бошқа Африка давлатларида айнан шу қироат кенг тарқалган.

Имом Нофеъ Маданий раҳматуллоҳи алайҳининг икки ровийлари – Қолун ва Варш.

Қолун Ийсо ибн Мийно ибн Вардон ибн Ийсо ибн Абдуссамад ибн Умар ибн Абдуллоҳ Маданий 220 ҳижрий санада вафот этган. У кишининг куняси Абу Мусо, лақаби Қолун бўлган. Қироати яхши бўлгани учун Имом Нофеъ Маданий унга шу лақабни берган. Зотан, «қолун» румий тилда «яхши» деганидир. У киши Мадинаи Мунавваранинг қориси бўлган.

Имом Қолуннинг катта бобоси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврида асирга тушган румликлардан эди. Уни асирга туширган одам Мадинага, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига олиб келган ва ансорийлардан бир киши сотиб олган.

Абу Муҳаммад Бағдодийдан ривоят қилинишича, Қолун раҳматуллоҳи алайҳининг қулоғи карнайни эшитмайдиган даражада кар бўлган. Аммо унинг ҳузурида бирор қори қи-роат қилса, эшитган. Ибн Абу Ҳотим айтади: «У қулоғи кар бўлса ҳам, Қуръон ўқитар эди. Ўқувчининг хатосини ва оҳангни бузишини лабидан билиб олар эди».

Варш – Усмон ибн Абдуллоҳ Абу Саъид Қибтий Мисрий ҳижрий 110 йилда туғилиб, 197 йилда вафот этган.

Имом Нофеъ у кишини «Варшон» деган қушга ўхшатиб, «Кел, Варшон», «Ўқи, Варшон», деб мурожаат қиларди. Кейин бу исм қисқариб, «Варш», дейиладиган бўлди ва бу лақаб у кишига исм бўлиб қолди. Имом Варш кейинчалик ҳам шу исм билан чақирилишни хуш кўрар ва: «Бу исмни менга устозим Нофеъ берганлар», дер эди. Баъзилар: «Варш – сутдан тайёрланадиган маҳсулот бўлган, имом Варш эса оппоқ одам бўлгани учун устози эркалаб шундай лақаб берган», дейишган. У киши муҳаққиқ қориларнинг шайхи ва тартил аҳлининг имоми бўлган. Ўз замонида Миср диёрининг қироат бўйича раислиги шу кишида бўлган. У кишининг қироати жуда ҳам гўзал, овози ниҳоятда ширали, тиловати тинглаб тўймайдиган даражада чиройли бўлган.

  1. Ибн Касир Маккий қироати.

Имом Абдуллоҳ ибн Умар ибн Абдуллоҳ ибн Зозон ибн Феруз ибн Ҳурмуз ибн Касир Маккий. Имом Ибн Касир 45 ҳижрий санада туғилиб, 120 ҳижрий санада вафот қилган. У киши Макка аҳлининг қироат бўйича имоми бўлган. Ўзи Маккаи Мукаррамада туғилган. Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Айюб Ансорий, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан учрашган ва улардан ривоят қилган.

Имом Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи фасоҳатли, балоғатли, сўзамол, оппоқ соқолли, новча, жуссадор, буғдойранг, шаҳлокўз киши бўлган. Соч-соқолини ҳинолаб юрган. У киши салобатли ва виқорли зот бўлган.

Имом Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳидан жуда кўп одамлар қироат ўрганганлар.

У кишининг икки ровийлари – Баззий ва Қунбул.

Баззий Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абу Базза Маккий. У киши 170 ҳижрий йилда туғилиб, 250 са-нада вафот этган.

Имом Абулҳасан Баззий асли форс бўлиб, Ҳамадон аҳлидан эди. У киши Соиб ибн Абу Соиб Махзумийнинг қўлида мусулмон бўлган.

Бу имом Макканинг қориси ва Масжидул Ҳаромнинг муаззини бўлган. У киши қироатда имом бўлиш билан бирга, муҳаққиқ ва энг яхши иш бажарувчи ҳам бўлган.

Қунбул Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Холид ибн Саъид Маккий. У киши ҳижрий 195 йилда туғилиб, 291 санада вафот этган.

Имом Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ибн Холид ибн Саъид Маккий «Қунбула» номли қавмдан бўлгани учун Қунбул деган номни олган. У киши Ҳижозда қориларнинг шайхи бўлган. Унинг ҳузурида илм олиш учун чор атрофдан одамлар келиб турган. У зотнинг сийрати жуда ҳам яхши бўлган. Узоқ умр кўрган. Одамларга қироатдан дарс беришни ўлимидан етти йил олдин тўхтаттан.

  1. Абу Амр Басрий қироати.

Имом Забон ибн Алоъ ибн Аммор ибн Урён Мозаний Басрий. У киши ҳижрий 68 санада туғилиб, 154 санада вафот этган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ва бошқалардан ҳадис эшитган. Етти имом қорилари ичида ундан устози кўпи йўқ.

Имом Абу Амр Басрий раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони Каримни ва араб тилини энг яхши биладиган кишилардан эди. У киши садоқатли, ўта ишончли, зоҳид, кўп ибодатли ва кароматлар соҳиби бўлган зот эди.

Абу Амр Басрий Маккаи Мукаррамада туғилиб, Басрада ўсди ва Куфада вафот этди.

У кишининг икки ровийлари – Дурий ва Сусий. Қироат имомининг ровийси унинг қироатини илмий равишда қабул қилиб, бошқаларга етказишда хизмат қилган бўлади.

Дурий – Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Дурий. ҳижрий 246 санада вафот этган. «Дур» Бағдоддаги мавзелардан бирининг номи бўлиб, ушбу қироат имоми Дурий раҳматуллоҳи алайҳи ўша ерга нисбат берилган. У киши ўз замонасида кишиларнинг яхши кўрган шайхи, ишончли, саботли улуғ кишиси бўлган.

Имом Дурий қироатларни биринчи бўлиб жамлаган зотдир. У киши қироатларни ўрганиш ва жамлаш учун жуда кўп сафарларда бўлган. Етти ҳарфдаги қироатларни яхши билган.

Имом Сусий – Абу Шуайб Солиҳ ибн Зиёд ибн Абдуллоҳ Сусий. Ҳижрий 261 санада вафот қилган. У киши ўта ишончли ва саботли зот бўлган. Қироатни Абу Муҳаммад Язидийдан олган. Ҳафсдан имом Осимнинг қироатини олган. Етмиш ёшида вафот этган.

  1. Ибн Омир Шомий қироати.

Имом Абдуллоҳ ибн Омир ибн Язид ибн Тамим ибн Рабиъа Яҳсубий. У киши ҳижрий 8 йилда таваллуд топиб, 118 санада вафот этган. Имом Ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳининг куняси Абу Имрон бўлган. У киши қироатда Шом аҳлининг имоми бўлган.

Имом Ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳи улуғ тобеъинлардан ва катта имомлардан эди. Шу билан бирга, машҳур олим ҳам бўлган. У киши Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳининг даврида кўп йиллар давомида мусулмонларга умавийлар жомеъ масжидида имомлик қилган. Имом Ибн Омир Дамашқда бир вақтнинг ўзида имомлик, қозилик ва қориларнинг шайхи мақомида фаолият олиб борар эди. Одамлар у зотнинг қироатига жамланган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топганларида, Имом Ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳи икки ёшда эди. У кўпгина саҳобаларни кўрган ва улардан илм олган.

Имом Ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳи 110 ёшида, яъни ҳижрий 118 санада Дамашкда Ашуро куни вафот этган.

У кишининг икки ровийлари – Ҳишом ва Ибн Заквон.

Ҳишом Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр ибн Майсара Қозий. У киши ҳижрий 153 йилда туғилиб, 245 санада вафот этган.

Ҳишом ибн Аммор раҳматуллоҳи алайҳи Дамашқ аҳлининг имоми, хатиби, қироат устози, муҳаддиси ва муфтийси бўлган. У киши илмни нақл қилишда, фасоҳатда, балоғатда, ривоятда машҳур бўлган. У зотга улуғ ёш, соғлом ақл ва тўғри фикр ризқ қилиб берилган эди. Одамлар қироат ва ҳадисдан дарс олиш учун Ҳишом ибн Аммор раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурига узоқлардан келишарди.

Ибн Заквон Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир ибн Заквон Қураший. У киши ҳижрий 173 йилда туғилиб, 242 санада вафот этган.

Ибн Заквон раҳматуллоҳи алайҳи машҳур устоз, ишончли ровий, Шомда қироат шайхи ва Дамашқ масжидининг имоми бўлган.

Абу Зуръа айтади: «Ибн Заквоннинг замонида Ироқда ҳам, Ҳижозда ҳам, Шомда ҳам, Мисрда ҳам, Хуросонда ҳам ундан кўра қироатда пешқадам одам бўлмаган».

  1. Осим Куфий қироати.

Имом Осим ибн Абу Нажуд Куфий. Имом Осимнинг куняси Абу Бакр. У киши машҳур қори бўлган. Таҳқиқ, балоғат, фасоҳат ва ширин овоз ила қироат қилиш билан машҳур бўлган. Имом Осим тобеъинлардан бўлиб, Ҳорис ибн Ҳассон Бакрий, Рифоъа ибн Ясрибийдек саҳобалардан ривоят қилгани айтилади. Қуръони Карим қироатини Зирр ибн Ҳубайшдан, имом Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг устозлари Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Ҳабиб Суламий ва кўплаб тобеъинлардан олган.

Имом Осим раҳматуллоҳи алайҳи Куфада қироат илмининг шайхи, етти қорининг бири бўлган. У киши ўзида фасоҳат, таҳқиқ ва тажвидда пешқадамликни жамлаган эди. Қуръони Карим қироатида овози энг гўзал одамлардан бўлган.

Имом Осим ибн Абу Нажуд ҳижрий 127 санада Куфада вафот этган.

У кишининг икки ровийлари – Ҳафс ва Шуъба.

Ҳафс – Ҳафс ибн Сулаймон ибн Муғира Баззоз Куфий. Куняси Абу Амр. Бу киши имом Осимнинг ўгай ўғли бўлган. У кишининг тарбиясида ўсган. Қуръони Карим қироатини ёшлигидан имом Осимдан жуда ҳам дақиқ равишда ўрганган.

Ҳафс ибн Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 90 йилда туғилиб, 180 санада вафот этган.

Айнан имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат ҳозирги кунда бутун олам бўйлаб тарқаган. Бизнинг диёримизда ҳам қадимдан шу қироат жорий бўлган. Бизнинг қироат имомимиз имом Осим, ровийимиз Ҳафсдир.

Шуъба Абу Бакр Шуъба ибн Аббос ибн Солим Куфий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 95 йилда туғилиб, 193 санада вафот этган.

Шуъба ибн Аббос раҳматуллоҳи алайҳи катта имом ва амал қилувчи олим бўлган. У киши суннат илмининг имомларидан бўлган. Шуъба ибн Аббос раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони Каримни ўн саккиз минг марта хатм қилган, имом Осим раҳматуллоҳи алайҳидан уч марта ўтказган.

  1. Ҳамза Куфий қироати.

Имом Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора ибн Исмоил Зайёт Таймий. У киши ҳижрий 80 йилда туғилиб, 156 санада вафот этган.

Имом Ҳамза ибн Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳи етти машҳур қорининг биридир. У киши Куфада Имом Осимдан кейин одамларнинг қироатдаги имоми бўлган. У зот ўта ишончли, Аллоҳнинг Китоби тажвидини яхши биладиган, фароиз илмининг олими бўлган. Шу билан бирга, ҳадис илмида ҳофиз ва обид ҳам бўлган. Имом Ҳамза ибн Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳи тобеъинлардан бўлиб, баъзи саҳобаларни кўрган.

У кишининг икки ровийлари – Халаф ва Халлод.

Халаф – Халаф ибн Ҳишом ибн Саълаб ибн Халаф Баззоз Бағдодийдир. У киши ҳижрий 150 йилда туғилиб, 229 санада вафот этган.

Халаф ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳи ўн ёшида Қуръони Каримни ёд олган. У зот ишончли, зоҳид, обид ва олим одам эди. У киши имом Ҳамзага ровий бўлиш билан бирга, ўзи алоҳида қироатга имом ҳам бўлган.

Халлод – Халлод ибн Холид Сайрафий Куфий. У киши ҳижрий 119 йилда таваллуд топиб, 220 санада вафот этган.

Халлод ибн Холид Сайрафий раҳматуллоҳи алайҳи қироатда ўта ишончли имомлардан бўлиши билан бирга, ориф, муҳаққиқ ва машҳур устоз ҳам бўлган.

  1. Кисоий қироати.

Имом Алий ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Феруз Ҳамза Кисоий. У кишининг куняси Абулҳасан. У зот ҳижрий 119 йилда таваллуд топиб, 189 санада вафот этган.

Имом Кисоий Ҳамза Зайётдан кейин Куфанинг қироат бўйича имоми бўлган. Қироатни Ҳамзадан олган. Қуръони Каримни ундан тўрт марта ўтказиб олган. Басрага бориб, Халилдан араб тили қоидаларини олган.

Абу Убайд «Китабул-Қироат»да қуйидагиларни айтади: «Кисоий қироатларни танлар эди. У қироат аҳлидан эди. Қироат унинг ҳунари ва санъати эди. Қироатни ундан кўра тўғри биладиган одам йўқ эди».

Абу Бакр Анборий айтади: «Кисоийда бир неча ишлар жамланган эди. У наҳв бўйича одамларнинг энг билағони бўлган. Ғариб сўзларни билишда тенги йўқ эди. Қуръон борасида ягона эди. Унинг ҳузурида кўп одамлар жамланарди. У курсига ўтириб, Қуръони Каримни аввалидан охиригача ўкир эди. Одамлар эшитиб, турли нарсаларни ўрганар эдилар».

Имом Кисоий раҳматуллоҳи алайҳи бир неча китобларнинг муаллифидир. Жумладан, у зотнинг «Китабу маъанил-Қуръан», «Китабул-қироат», «Китабул-адад», «Китабун-навадир» каби асарлари бор.

У кишининг икки ровийлари – Абу Ҳорис ва Ҳафс Дурий.

Абу Ҳорис – Лайс ибн Холид Багдодий. У киши ҳижрий 240 санада вафот этган.

Лайс ибн Холид Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи ўта ишончли, ҳозиқ инсон бўлган.

Ҳафс Дурий – Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Дурий. У киши 246 ҳижрий санада вафот этган. Бу зот ҳақидаги маълумотлар аввал ўтди.

Баъзи бир уламолар мазкур етти қироатга яна учни қўшиб, ўн қироат, яна бошқалар ўнга тўртни қўшиб, ўн тўрт қироат ҳам қилишган. Аслида эса улардан бошқалари ҳам бўлган. Бу қироатлар, уларнинг хусусиятлари, ораларидаги фарқлари ва яна шунга ўхшаш нарсалар ҳақида алоҳида-алоҳида китоблар ҳам ёзилган.

Агар қироатлар орасидаги фарқлар асосан баъзи бир сўзларни талаффуз қилиш оҳангида эканини эътиборга оладиган бўлсак, мусулмон умматининг Қуръони Каримга қанчалар аҳамият берганига қойил қолмай, илож йўқ. Фақат Қуръони Каримнинг талаффузи учун шунчалар катта ва мислсиз илмий ишларии амалга ошириш ҳеч бир китобнинг, ҳеч бир умматнинг тарихида бўлмаган.

Ҳозирга келиб, мазкур қироатлар ичида кўпчилик томонидан қабул қилиниб, амалда қолгани иккитадир.

Биринчиси – Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат.

Бу қироат Ислом оламининг машриқ ва марказий тарафининг барчасида кенг тарқалган.

Иккинчиси – Имом Нофеъдан Варш ривоят қилган қироат. Бу қироат асосан Ислом оламининг мағрибига тарқалган.

Бу икки қироат орасидаги фарқларни мутахассис аҳли илмлар аниқ фарқлашлари мумкин. Мисол учун, Осим қироатида «Йа айюҳаннабийю» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Йа айюҳаннабиу» деб ўқилади. Осим қироатида «Ваддуҳа» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Ваддуҳе» деб ўқилади. Ҳолбуки, бу сўзлар мусҳафи шарифда бир хил ёзилади.

Албатта, ҳар бир қироатнинг имоми шогирдларига ўз устозидан қандай эшитган бўлса, айнан ўзини нақл қилган. Бирор ҳарфнинг талаффузида бошқача бўлишига йўл қўйилмаган. Шундай тарзда силсила давом этиб келаверган. Қайси бир талаба қироатни тўғри қиладиган бўлиб етишса, устози унга «ижозат» деб аталувчи ҳужжат берган. Уша ҳужжатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб борадиган ўз устозлари санади ҳам аниқ келтирилган. Бу эса ҳар бир қорининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланишини таъминлаган. Устоздан расмий шаҳодатнома олган қори Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етадиган санадга эга бўлган. Шунинг учун ҳам устоз кўрмаган, ўзича Қуръони Каримни ўқиб олган ёки устозидан «ижозат» олмаган кишилар қори деб ҳисобланмаган.

Бу борада мусулмон уммати қилган тенги йўқ улкан меҳнат, эҳтиёткорлик ва мислсиз фидокорлик ҳар қанча мақтовга сазовордир.

Дунёда ҳеч бир китоб бу шаклдаги эҳтимомга сазовор бўлган эмас.

Дунёда ҳеч бир уммат ўз китобига бу шаклда фидокорлик кўрсатган эмас.

Айтиб ўтилган маълумотларнинг тасдиғи сифатида ватанимизда қироат илмининг кейинги даврда тарқалиши ва қарор топишида катта ҳисса қўшган қори боболаримиздан бирларининг машҳур етти қироат бўйича «ижозат» силсилаларини ҳужжат ва далил сифатида келтиришни лозим топдик.

Бу санад Мулла Рўзи домла ибн Муҳаммад Толеъ алайҳирраҳманинг  етти  мутавотир  қироатдан  олган «ижозат»идир. Унда Мулла Рўзи домла ибн Муқаммад Толеънинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган устозлар силсиласи, яъни санади баён қилинган.

(Асар асл қўлёзмадан олинган рақамли нусхадан таржима қилинди)

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Бу – “Етти қироат”нинг машойихлардан, ишончли умматдан махлуқотларнинг афзали Расулуллоҳгача бўлган мутавотир санадларидир.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадислар ваҳий эканига Қуръоний далиллар

24.08.2026   34190   36 min.
Ҳадислар ваҳий эканига Қуръоний далиллар

Пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан эмас, балки Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларига ваҳий нозил қилиши билан амалга ошиши етти қатъий далил орқали исботлаб берилди. Шунингдек, пайғамбарларга келадиган ваҳий икки тур – тиловат қилинадиган (матлув) ва тиловат қилинмайдиган (ғайри матлув) бўлиши ҳам кўрсатиб ўтилди
 

Энди эса Қуръони каримнинг бир қатор оятларини келтирамиз. Улар ўз матни, мазмуни ё бошқа далил кўмаги билан шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан шариат ўлароқ баён этилган, аммо Қуръонда бўлмаган ҳукмлар ҳам ваҳийдир. Бу оятлар ваҳийнинг бир тури – тиловат қилинмайдигани (илоҳий китобга кирмагани) ҳам борлигига далолат бўлади.


Бундай оятлар жуда кўп бўлиб, барчасини бирданига жамлашга ҳожат йўқ. Зеро, бир оятнинг ўзиёқ ҳақиқатни англаш учун кифоя қилади. Шундай бўлса-да, муқаддас Китобимизнинг услубига эргашган ҳолда, суннатнинг ваҳий эканини қатъий исботловчи оятлардан кўпроқ келтириш лозим топилди. Чунки бу масаланинг ғоятда муҳимлиги боис шу маънодаги сўзлар Қуръони каримда турли услублар билан қайта-қайта таъкидлаган. Мусҳафи шарифни шарҳлашда, ислом аҳкомларини баён қилишда ҳам бу масала энг муҳим пойдевор ҳисобланади.


1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ботаётган юлдуз билан қасамки, биродарингиз (Муҳаммад алайҳиссалом) адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир. Унга (бу ваҳийни) кучга тўлган бир зот (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир» [Нажм сураси, 1–5-оятлар].


Аллоҳ таоло тонг отаётганда ботадиган юлдузлар билан қасам ичиб, Пайғамбарнинг ҳақ йўлда эканини, адашмагани ва йўлдан озмаганини маълум қилди. Бу ерда «адашган» – ҳақ ва аниқ йўлни билмай, илмсизлик билан қоронғуликда қадам босган жоҳил. «Йўлдан озган» эса ҳақни била туриб, қасддан ва онгли равишда ундан юз ўгириб, бошқа йўлга кетган кимсадир.


Бу оят Аллоҳ таолонинг Ўз қасами билан мустаҳкамланган буюк гувоҳлиги бўлиб, бундай шаҳодат Расулининг барча ҳолат ва ишларда тўғри йўлда эканини тасдиқлайди. Шунингдек, келтирган барча нарсалари – Китоб бўлсин ё ҳадис – тўғри ва ҳақ эканига далил бўлади.


Сўнг Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни янада мустаҳкамлаб, «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деяпти. Кейин «У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деб, таъкидни энг олий чўққига чиқаряпти. Оятдаги чеклов (ҳаср) услуби ваҳийдан ташқари ҳар қандай эҳтимолни рад этади. Яъни, у зот алайҳиссаломнинг гаплари фақат ва фақат нозил қилинаётган ваҳийдир. Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзи Қодир Парвардигордан келган ваҳий эканига энг олий тасдиқдир. Бу эса, «ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деган гап шунчаки мажоз эмас, балки айнан ҳақиқат эканини кўрсатади.


Бу ибора умумий маъно ташийди, яъни у зотнинг оғизларидан чиққан барча сўзларни ўз ичига олади. Зеро, араб тили қоидаларига кўра, инкор гап таркибидаги феъл инкор қилинган накра (номаълумлик) сўз ҳукмида бўлиб, умумий маънони англатади. Демак, у зотнинг шариат ва динни етказиш билан боғлиқ ҳар бир гапи шу умумий маънога киради. Буни фақат Қуръонга хослаб қўйиш учун ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, оятнинг маъноси: «У зот айтган ҳар бир гап – Китоб бўлсин ё ҳадис – фақатгина нозил қилинаётган ваҳийдир», деганидир.


Бу оятнинг умумий маънога эга экани ва нафақат Қуръонни, балки ҳадисни ҳам ўз ичига олишини Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис қўллаб-қувватлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаб қолиш ниятида ёзиб борар эдим. Қурайшликлар мени бундан қайтариб: «Расулуллоҳдан эшитган ҳамма нарсангни ёзяпсанми? Ахир, Расулуллоҳ ҳам оддий инсон бўлсалар, баъзан ғазаб устида ҳам гапирадилар-ку!» деди. Шундан кейин ёзишдан тўхтадим ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим. У зот бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: «Ёзавер, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу ердан фақат ҳақиқат чиқади», деб буюрдилар» [Абу Довуд ва Доримий ривоят қилган].


Уламоларнинг фикрига кўра, бевосита ваҳий келмаган пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ижтиҳодлари билан ҳукм чиқаришлари жоиз бўлган. Бу ҳолат юқоридаги «у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деган умумий қоидага зид келмайди. Чунки Аллоҳ таоло ўша вазиятларда у зотга ижтиҳод қилишга изн берган. Бу рухсатнинг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига ваҳийсидир. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодларида ҳам барибир Аллоҳнинг ваҳийсига эргашган бўладилар. Бунга Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили билан айтган ушбу сўзлари далилдир: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман» [Анъом сураси, 50-оят].


Шундай экан, у зотнинг ижтиҳодлари ва ўша ижтиҳод таянадиган асосларнинг барчаси ваҳийдир, асло ҳавойи хоҳиш эмас. Зеро, бу рухсат гўё Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангиз, у Менинг ҳукмимдир», яъни «Қалбингизга солинган ҳар бир нарса Менинг иродамдир» деганидек гап. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқий ваҳий ҳисобланади ва юқоридаги умумий қоидага тўлиқ мувофиқ бўлади.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодларида хато бўлиши эҳтимоли бор, деб ҳисоблайдиган уламолар мазҳабига кўра эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ижтиҳодда янглишган бўлсалар, Аллоҳ таоло уни ўша ҳолатда қолдирмаган, балки ваҳий йўлларидан бири билан дарҳол ҳақиқатни баён қилиб берган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дин сифатида мустаҳкамланиб, қарор топган ҳукмларда қандай ҳавойи хоҳиш билан гапирмаганлари сингари ҳали якуний тўхтамга келинмаган ва ижтиҳод қилган масалаларида ҳам асло нафсларига таяниб сўз юритмаганлар. Балки у зотнинг айтганлари бевосита ваҳий келмаганда ижтиҳод қилишга берилган илоҳий рухсатга – яъни, барибир ваҳийга асосланган бўлган.


Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз Расулига ижтиҳод қилишга рухсат бериши гўё унга: «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангинг ва Мен уни шундайлигича қолдирсам, демак, у Менинг ҳукмимдир», деб айтиши кабидир.


2. Қуръони каримнинг қатор оятларида «ҳикмат» сўзи «Китоб» сўзи билан кетма-кет келган. Уларнинг бир қисмида икки калима ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўргатилгани баён қилинган бўлса, бошқа қисмида иккисининг ҳам Ҳақ таоло томонидан нозил қилингани очиқ-ойдин айтилган.


Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: «Эй Раббимиз! Уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбар юборгин! Албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикмат соҳиби)дирсан » [Бақара сураси, 129-оят].


Яна Аллоҳ таоло бундай дейди: «Шунингдек, сизларга ўзингиздан бўлмиш бир пайғамбар юбордикки, у сизларга оятларимизни ўқиб беради, сизларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайди, сизларга Китоб (Қуръон) ва ҳикматдан (Ҳадисдан) таълим беради ва билмаганларингизни билдиради » [Бақара сураси, 151-оят].


Ҳақ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Ҳолбуки, улар илгари очиқ хато-залолатда эдилар» [Оли Имрон сураси, 164-оят].


Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «У (Аллоҳ) омийларга (яъни, аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишиларга) ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (пайғамбар келишидан аввал) илгари очиқ залолатда эдилар» [Жумъа сураси, 2-оят].


Эътибор беринг, ушбу оятларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъминларга Китоб ва ҳикматни ўргатишлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беришларига боғлаб келтирилмоқда. Яъни, Китоб ва ҳикматни ўргатиш оятларни тиловат қилишдан бутунлай бошқа нарсадир. Буни илоҳий баёндаги сўзларнинг турлича келгани ҳам кўрсатиб турибди. Зеро, Аллоҳ таоло дастлабки ҳаракатни «тиловат» деб, кейингисини эса «ўргатиш» деб атаяпти. Таълим бериш эса шунчаки тиловат қилишдан фарқ қилади. Қолаверса, араб тили қоидаларига кўра, сўзларни бир-бирига боғлаб сўзлаш (атф) улар ўртасида маъно жиҳатидан фарқ борлигини билдиради. Айниқса, кейинги уч оятда Китоб ва ҳикмат таълими билан тиловат «уларни поклайдиган» мазмунидаги жумла билан ажратилгани бу икки тушунча бир-бирини шунчаки шарҳлаб келувчи синонимлар эмаслигини яна бир бор қатъий тасдиқлайди.


Оятларни тиловат қилишнинг маъноси ҳаммага тушунарли. Китобни ўргатиш эса Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни баён қилиб бериш демакдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари далил бўлади: «Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят] Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни шарҳлаш, ундаги қисқа ҳукмларни батафсил тушунтириш ва мавҳум жойларига ойдинлик киритиш вазифасини юклаган. Бу улуғ вазифа эса фақатгина ҳикматни ўргатиш орқали амалга ошади. Ҳикмат эса – Аллоҳ таоло у зотга ваҳий қилган суннатдир.


Бу таҳлил “ҳикмат” сўзи Китобга боғланиб келган бошқа оятларда ҳам Қуръондан фарқли ўлароқ алоҳида бир асос – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканига ёрқин далилдир.


Қуръонда “ҳикмат” деб аталган ушбу шарафли набавий суннат Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ваҳий эканини очиқ-ойдин кўрсатувчи оятлар ҳам бор. Жумладан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай амр этади: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга насиҳат сифатида нозил қилган Китоб ва ҳикматни (ҳадисларни) ёдингизда тутингиз!» [Бақара сураси, 231-оят].


Яна бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга фазлу марҳамати улуғ бўлди» [Нисо сураси, 113-оят].


Ушбу оятлардаги «Китоб ва ҳикмат» деган илоҳий сўзлар ҳикмат худди Қуръони карим каби Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини очиқ кўрсатади. Чунки у “Китоб” сўзи билан ёнма-ён ва унга боғланиб келмоқда.


Шундай қилиб, дастлабки мисоллардаги оятлар орқали ҳикматнинг Китобдан бошқа нарса экани исботланди. Кейинги мисоллар билан бу ҳикмат ҳам худди Китоб каби Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий ваҳий экани ўз тасдиғини топди. Ана шу ваҳий набавий суннатдир, валлоҳу аълам.


Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ Китоб билан ҳикмат ўртасидаги бу фарқни қатъий таъкидлаб, мазкур оятлар шарҳида бундай деган: «Аллоҳ Китобни зикр қилди – у Қуръондир. Шунингдек, ҳикматни зикр қилди. Мен Қуръон илмини яхши биладиган, ўзим рози бўлган олимлардан эшитдимки, улар: «Ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», деди. Бу гап айни ҳақиқатдир».


Имом Шофеъий маъқуллаган ва Қуръон олимларидан нақл қилган бу қараш барча салаф солиҳлар ва етук муфассирларнинг якдил иттифоқидир.


Ибн Касир ўз тафсирида бундай ёзади: Ҳикмат – суннат деганидир. Буни Ҳасан Басрий, Қатода, Муқотил ибн Ҳайён, Абу Молик ва бошқалар айтган. Шунингдек, у «диндаги чуқур тушунча» деб талқин қилинган. Бу икки фикр ўртасида қарама-қаршилик йўқ, бири иккинчисининг мазмунига уйғундир».


Бу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, бу оятлардаги “ҳикмат” сўзини «суннат» деб тафсир қилган олимлар, тилшунослик жиҳатидан ҳикмат ва суннат сўзлари мутлақ маънодош (синоним) демоқчи эмас. Чунки луғат дарсликларида, жумладан, Халил ибн Аҳмад Фарафидийнинг «Китобул айн» асарида келтирилишича, «ҳикмат» сўзи тилда “илм” ва “адолат” маъноларини англатади. Муфассирлар оятнинг келиш ўрни ва матн сиёқини ҳисобга олиб, уни илм ва адолатнинг энг олий даражада намоён бўлиши, яъни ҳадис деб изоҳлаган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳикматни ҳам нозил қилинган нарсалар қаторига қўйиши ва уни Китоб билан бирга қайд этиши унинг айнан ҳадис эканига яққол далилдир. Чунки Аллоҳ таоло томонидан Китобдан ташқари нозил қилинган ягона манба – бу ҳадисдир.


3-4-5. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз. Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнг рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз! Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қўшилмангиз! Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади» [Бақара сураси, 187-оят].


Ушбу улуғ оятнинг аввалида рўза кечаларида аёл билан қовушиш ҳалол қилингани таъкидланмоқда. Бирор нарса ҳалол қилиндими, демак, ундан олдин ҳаром бўлган. Шунингдек, оятнинг давомидаги «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз» деган сўзлар ҳам қовушишга изн берилишидан олдин бу амал тақиқланган бўлганини билдиради. Ваҳоланки, бу тақиқ ҳақида Қуръонда бирор оғиз сўз йўқ. Демак, ўша дастлабки тақиқ Аллоҳ таолонинг тиловат қилинмайдиган ваҳийси бўлмиш набавий суннат билан собит бўлган.


Имом Бухорий Абу Исҳоқдан, у Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Рамазон рўзаси нозил бўлган илк даврларда мусулмонлар Рамазон ойи бўйи (кечаси ҳам) аёлларига яқинлик қилмасди. Бироқ баъзилар ўзини тия олмай, нафсига хиёнат қилиб қўйди. Шунда Аллоҳ таоло «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган нарсани умид этаверингиз» деган оятни нозил қилди».


Оятдаги «тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз» деган кўрсатма Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга берилган енгиллик бўлиб, исломнинг илк давридаги ҳукмни бекор қилди. Илк даврдаги тартиб эса, юқоридаги ҳолатдек, набавий суннат орқали маълум эди. У пайтларда рўзадор ифтор қилгач, фақат хуфтон намозигача ёки ундан олдин ухлаб қолгунига қадар еб-ичиши мумкин эди. Ухлаб қолса ёки хуфтон намозини ўқиб қўйса, кейинги куннинг оқшомигача еб-ича олмасди. Бу мусулмонларга жуда катта машаққат туғдирганди. Шунда Аллоҳ таоло тонг отгунча еб-ичишга изн берди. Ана ўша эски қийин ҳукм ҳам Қуръонда мутлақо зикр қилинмаган, балки фақат ҳадис билан собит бўлганди.


«Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амр висол рўзасини, яъни оғиз очмасдан бир неча кунни бир-бирига улаб рўза тутишни тақиқлайди. Саҳиҳ ҳадисларда мусулмонлар висол рўзасидан қайтарилган, фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос равишда жоиз қилинган эди.


Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Висол рўзаси тутманг», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз висол рўзаси тутасиз-ку?» дейишди. У зот: «Мен сизлардек эмасман. Мен тунаётганимда Раббим мени таомлантиради ва сув беради», деб жавоб бердилар.


Висол рўзаси тутиш у зотнинг ўзларигагина тегишли хусусиятлардан эди. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, у зотга бу ишда алоҳида қувват ва кўмак бериларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга висол рўзасининг жоиз бўлиши алоҳида бир шариат ҳукми бўлиб, у ҳам Қуръонда зикр қилинмаган, балки тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали қарор топган. Буни у зотнинг ўзлари ваҳийдан ташқари иш қилмаганлари ҳақидаги мана бу оятлар тасдиқлайди: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман», шунингдек, «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир» [Юнус сураси, 15-оят] ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб айтганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» [Ҳаққо сураси, 44–46-оятлар].


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг висол рўзаси тутишлари ваҳийдан ташқари ва унга таянмаган ҳолда бўлганида эди, у зот Аллоҳнинг «Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амрини ўзгартирган ва Унинг номидан шариат жорий қилган бўлиб қолардилар, бу эса умуман мантиққа зиддир.


Хуллас, Бақара сурасининг 187-ояти набавий суннатнинг Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий эканига бир йўла уч кучли далилни ўз ичига олган.


6. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни, Ҳафсага) бир сўзни пинҳона айтганини эсланг! Энди қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбар алайҳиссаломни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач, у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки (Пайғамбар алайҳиссалом Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар бергач, у: «Сизга бу хабарни ким берди?», деган эди, «Менга Билгувчи ва Хабардор Зот хабар берди», деди» [Таҳрим сураси, 3-оят].


«Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбарни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач» сўзлари шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирига яширинча айтган ва ҳеч кимга айтмасликни буюрган сирнинг очилиб қолганини Аллоҳ таоло Пайғамбарига билдирган. Лекин Қуръон орқали амалга ошмаган. Чунки Қуръондаги мазкур оят ўша воқеа содир бўлиб ўтганидан кейин, ўтган замон феъли шаклида у ҳақда шунчаки хабар беряпти, холос. Демак, бу билдириш ва огоҳлантириш, шубҳасиз, тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали содир бўлган. Бинобарин, ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан ташқари ҳам ваҳий нозил бўлганига ёрқин далилдир. Ана шундай ваҳий у зотнинг суннатлари бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ваҳийдан бошқа нарсага таяниши сира ҳам мумкин эмас. Бунга Аллоҳ таолонинг у зот тили билан айтган ушбу сўзи далилдир: «Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳийгагана эргашурман». Далилларнинг бу жамланмасидан равшан бўладики, Суннат – Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳийдир.


7. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади: «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, (уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта, бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир. Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари(га уйланиш ҳаром қилинди) – агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз), сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ва опа-сингилни жамлашларингиз (яъни, бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишингиз ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир. Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар (уруш-жангларда) эга бўлган чўриларингиз ҳалолдир. (Бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз! Маҳр белгиланганидан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда (яъни, улар ўз ихтиёри билан ҳаққи-маҳридан кечиб юборишида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир» [Нисо сураси, 22–24-оятлар].


Ушбу оятларда эркак киши учун уйланиш ҳаром бўлган аёллар баён қилинган. Ваҳоланки, жоҳилият даврида уларнинг баъзилари, масалан, отанинг хотинига уйланиш ва икки опани-сингилни баробар никоҳга олиш кабилар мумкин эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу икки ҳолат зикрида «Магар илгари ўтган бўлса» деб марҳамат қилди ва ислом шариати билан буларнинг барчасини қатъий ҳаром қилди.


Охирида «Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди», яъни юқорида саналганлардан ташқари бошқа ҳар қандай аёлга уйланиш сизлар учун жоиздир, дейилди.


Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир (шубҳасиз) йўллар билан ривоят қилинган ва бутун уммат уламолари бир овоздан ижмо қилган ҳақиқат шуки, ушбу оятларда саналмаган бўлса-да, никоҳи ҳаром бўлган бошқа тоифа аёллар ҳам бор. Масалан, бир аёлни ўз аммаси билан ёки бир аёлни ўз холаси билан бир вақтда никоҳга олиш тақиқланган. Бошқача айтганда, насаб-қариндошлик жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган икки аёлнинг бирини эркак деб фарз қилинганда, у иккинчисига уйланиши ҳаром бўладиган даражада яқин бўлса, у ҳолда бу икки аёлни бир никоҳда жамлаш мутлақ ҳаром ҳисобланади.


Хўш, ушбу тақиқ мана шу оятларда ёки Қуръони каримнинг бошқа бирор жойида борми?! Йўқ, фақат набавий суннатда бор. Суннат эса, боя таъкидланганидек, Аллоҳнинг ваҳийсидир. Қолаверса, бу ҳукмлар Аллоҳ таолонинг: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» [Ҳашр сураси, 7-оят] деган амри доирасига ҳам тўлиқ киради.


8. Ҳақ таоло бундай амр қилади: "(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» [Қиёмат сураси, 16–19-оятлар].


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келган пайтда, Қуръон оятларидан бирор нарса унутилиб ёки тушиб қолмасин деган хавотирда, у зот билан баробар тилларини қимирлатиб, оятларни тезда қайтаришга ҳаракат қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятлар орқали у зотга Жаброил Қуръон келтирганда шошмасдан, диққат билан тинглашни ва тилларини қимирлатмасликни буюрди. Бунинг эвазига Аллоҳ таоло Қуръонни у зотнинг қалбларига муҳрлаб қўйишни, уни Жаброил ўқиганидек мукаммал адо этишини осон қилиб беришни ҳамда ундаги мухтасар (қисқа) ҳукмларни батафсил шарҳлаб, унинг маъноларини у зотнинг ўзларига ёки у зотнинг тиллари орқали бутун инсониятга ойдинлаштириб, баён қилиб беришни Ўз зиммасига олди.


Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий тушаётган пайтда жуда катта машаққат ва қийинчилик сезар, (оятларни ёдлаб қолиш учун) тез-тез икки лабларини қимирлатар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг!» – яъни, уни жим туриб, диққат билан тингланг, – «Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган оятларни нозил қилди. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом қайтиб кетгач, у зот ваҳий қилинган оятларни худди Жаброил ўқиб бергандек ўқир эдилар».


Ибн Касир ўз тафсирида ёзади: «Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатода, Мужоҳид, Заҳҳок ва бошқа муфассирлар: «Ушбу оятлар айнан мана шу воқеа сабабли нозил бўлган», деб айтган».


«Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» сўзлари Қуръон нозил бўлганидан кейин уни тушунтириб, шарҳлашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олганига кафолатдир. Бу баён ё бевосита Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирилган ёки у зотга қилинган илоҳий ваҳий орқали у зотнинг тиллари билан инсониятга етказилган. Шуни унутмаслик керакки, баён (шарҳ сўзлари) мубайяндан (шарҳланаётган нарсадан) мутлақо фарқ қилади. Демак, бу ўриндаги баён Қуръоннинг ўзидан бошқа нарсадир. Аллоҳ таоло «Бизнинг зиммамиздадир» деб, бу баённинг ҳам Ўз ҳузуридан бўлишини таъкидлади ва «Сўнгра» боғловчисини қўллаш орқали бу шарҳ Қуръон нозил бўлганидан кейин амалга ошишини билдирди. Шундай экан, Аллоҳ таоло зиммасига олган ушбу баён Қуръондан ташқари алоҳида бир манба – У Зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тиловат қилинмайдиган ваҳий ўлароқ юборган Суннат эканидан бошқа эҳтимол қолмайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана сўзларига қўшимча далилдир: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].


9. Аллоҳ таоло бундай буюради: «Эй мўминлар, жума кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига – жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. Энди қачон намоз адо қилингач, Ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверингиз. Аллоҳни кўп зикр қилингизки, шояд нажот топурсизлар. (Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (имон ва яхши амаллар учун бериладиган ажр-мукофот) ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир!» [Жумъа сураси, 9–11-оятлар].


Аллоҳ таоло мўминларга жума намозига азон айтилганда, савдо-сотиқни бас қилиб, намозга шошилишни буюряпти. Шундан келиб чиқиб, барча уламолар имомнинг қаршисида айтиладиган иккинчи азондан кейин савдо қилиш мумкин эмаслигига ижмо қилган. Шунингдек, намоз тугагач, тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу карамидан ризқ излашга рухсат берилди ҳамда бу жараёнда ҳам Парвардигорнинг зикридан ғофил бўлмаслик, нажотга эришиш учун Уни кўп эслаш амр этилди.


Сўнгра Аллоҳ таоло саҳобаларга ушбу оят нозил бўлишидан олдин содир бўлган бир воқеа сабабли гина қилди. Ўшанда жума куни азон айтилганда, намозга шошилиш ҳақидаги ушбу буйруқ ҳали нозил бўлмаган эди ва улар жума хутбаси пайтида келган карвон туфайли тижорат ортидан кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда тик турган ҳолларида ёлғиз қолдирганди. Зеро, у пайтларда жума намози хутбадан олдин ўқилар эди. Кейинчалик бу ҳукм ўзгартирилиб (насх қилиниб), хутба намоздан олдинга сурилган.


Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади: «Бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума хутбасини ўқиётганларида, Мадинага тижорат карвони келиб қолди. Одамлар чиқиб кетди ва у зот билан бор-йўғи ўн икки киши қолди. Шунда Аллоҳ таоло «(Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар» деган оятни нозил қилди» [Имом Бухорий ривояти].


Демак, оятдаги «улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар» деган жумла мазкур уч оят нозил бўлишидан олдин, жума намозидан кейинги хутба пайтида саҳобалар томонидан содир бўлган воқеанинг хабаридир. Бундан шундай хулоса чиқадики, жума намози «жума кунидаги намозга чорланса, дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар!» деб бошланувчи ушбу оятлар нозил бўлишидан олдин ҳам шариатда бўлган ва унга амал қилинган. Ваҳоланки, Қуръони каримда бу оятдан олдин жума намозининг фарз қилинганини кўрсатувчи бошқа бирор оят мавжуд эмас. Шундай экан, жума намозининг ибодат ўлароқ жорий қилиниши фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган.


10. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].


Аллоҳ таоло Ўз Расулига Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни батафсил тушунтириш ваколатини топширяпти. Ана шу илоҳий ваколатга таяниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда умумий тарзда келган барча аҳкомларни батафсил баён қилиб берганлар. Бу ҳукмлар ибодат, муомала, никоҳ-оила муносабатлари, жиноятлар, шунингдек, оилавий, ижтимоий ва халқаро алоқаларни қамраб олган.


Масалан, намозни оладиган бўлсак, унинг вақтларини аниқ белгилаган, ракатлар сонини, ўқилиш тартибини, шарт бўлган амаллар ва бузадиган нарсаларни ажратиб берган, муқимлик, сафар ва хавф намозлари ўртасидаги фарқларни кўрсатган ким эди? Ёки закотга эътибор беринг, закот берилиши фарз бўлган барча мол-мулкларнинг миқдорини, ундан қанча ажратилишини ким белгилаб берган? Туянинг нисоби бештадан бошланиши ва ундан битта қўй берилиши, қорамолники ўттизтадан бошланиб, ундан бир яшар бузоқ берилиши, қўй-эчкиники қирқтадан бошланиб, битта қўй ажратилиши, кумуш борасида ҳар икки юз дирҳамдан чорак ушр (икки ярим фоиз), олтин бўйича эса ҳар йигирма мисқолдан ярим мисқол берилиши каби қоидаларни ким жорий қилган?


Шунингдек, ҳаж ибодатини биз биладиган бугунги мукаммал шаклга ким келтирган? Ҳажнинг рукнлари нималардан иборат, уни нималар бузади, Арафотда туриш қачон бошланиб, қачон тугайди, қайси ҳолатда қурбонлик вожиб бўлади ва ҳажнинг уч тури (ифрод, қирон, таматтуъ) қандай бажарилади – буларни ким тизимлаштириб берган?


Бундай саволларни рўза ибодатига ҳамда савдо, ҳавола, ижара, шериклик, кафиллик каби барча кундалик муомалаларга ҳам худди шундай татбиқ қилиш мумкин.


Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасини ўз-ўзларидан, Аллоҳнинг ваҳийсисиз айтдиларми ё ваҳий биланми?!


Кимда-ким «бу ҳукмларни ўзларидан чиқарганлар» деб ҳисобласа, у ҳолда Аллоҳ таолонинг «Айтинг: «Мен фақат Раббимдан ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман» деган амрига ҳамда у зот ҳақидаги «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман», «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан Пайғамбарга) нозил қилинаётган бир ваҳийдир» деган қатъий сўзларига қарши чиққан бўлади. Қолаверса, бундай қараш «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун» деган оят билан бирга келган «Сўнгра уни – Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган илоҳий ваъдага ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» деган қатъий огоҳлантиришга мутлақо зид келади.


Шундай экан, бу борада ягона тўғри ҳақиқат қолади – ушбу батафсил баён ва шарҳларнинг барчаси фақат ва фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий орқали амалга оширилгандир.

11. Пайғамбарларнинг кўплиги ва Аллоҳ таоло нозил қилган китобларнинг озлиги – Аллоҳ таоло ўзи пайғамбарлиги ва элчилигига танлаб олган зотларга тиловат қилинмайдиган ваҳий ҳам туширганига қатъий далилдир.


Шундай қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Аллоҳ таолодан ваҳий экани қуръоний далиллар билан ўз исботини топди.


Кейинги мақолаларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эргашиш вожиб бўлган ҳужжат эканини баён этишга азму қарор қилдик, иншоаллоҳ.

 

Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Ҳадис илми мактаби ўқитувчи,

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот

маркази илмий ходими

 

Мазкур мақолага Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2026 йил 28 июлда 02/336-сонли хулоса берилган.  

 

Ҳадиси шариф