Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг фарзанди Абдулбосит Мансуров вафоти муносабати билан Шайх ҳазратларининг барча оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Шу йил 25-26 март куни Жиззах, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидан “Ҳаж – 2026” мавсумига саралаб олинган гуруҳ раҳбарлари учун махсус ўқув семинари ўтказилди. Унда мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, зиёратчилар учун муносиб шароитлар яратиш ва ибодатларни юқори савияда ташкил этиш масаласи муҳокама этилди.
Мазкур ўқув машғулотларини Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Бобомурод Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш маркази директори Мақсуд Каримов, Бухоро вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Отабек Авезов ва Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Нурсултонхон домла Абдуманнонов олиб борди.
Семинар давомида нотиқлар томонидан элликбошиларга яқинлашиб келаётган муборак сафарнинг ташкилий жиҳатлари, зиёратчилар билан ишлашда одоб-ахлоқ қоидалари ва қонунчилик меъёрларига риоя қилиш юзасидан муҳим кўрсатмалар берилди. Хусусан, ҳаж амалларини адо этиш тартиби, муборак қадамжоларни зиёрат қилиш одоблари ва зиёратчиларга маънавий кўмак беришда гуруҳ раҳбарларининг масъулиятига алоҳида урғу қаратилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати