Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби кафедра мудири Баҳром Хўжанов Тошкент ислом институти талабалари учун “Замонавий геосиёсий жараёнлар ва ислом омили” мавзусида маъруза қилиб берди.

Ҳозирги замонда халқаро ва геосиёсий муносабатлар жуда мураккаб тус олган. Геосиёсатни тушиниш инсоният ва мамлакатларнинг ҳамжиҳатликда яшаши ва хавфсизлик борасидаги чораларини илмий усулда режалаштиришига ёрдам беради. Мутахассислар, ижтимоий-иқтисодий, экологик, демографик, ахборот, диний, маданий савиясига кўра фарқли мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни тўғри таҳлил қилиши ҳамда мамлакатларнинг ўзаро муносатларини холисона баҳолай олиши лозим.

Шунинг учун ҳам талабалар билан ўтказиладиган илмий суҳбатлар сиёсий тафаккурни ривожлантиришда катта аҳамият касб этади. Бу омил юртимиз манфаати ва келажакдаги истиқболли халқаро режаларни амалга оширишда давлатлар сиёсатидан бохабар бўлишга сабаб бўлади.
Б.Хўжанов ўз маърузасида ислом оламида рўй бераётган геосиёсий жараёнлар ҳақида зарур маълумотлар берди. Бундан ташқари, мусулмон мамлакатларининг сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятининг ютуқ ва камчиликларини фактлар асосида таҳлил қилиб берди. Мазкур маъруза талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Албатта, ҳар бир илмни ўз мутахассисидан ўрганиш жуда муҳим бўлиб, натижада катта манфаатлар хосил бўлади. Илмий учрашувлар ёшлар ўртасида кўпроқ ўтказилиши керак. Чунки, мана шундай суҳбатлар уларнинг турли хил ғаразли ғоя ва мафкуралардан асрашда бирламчи рол ўйнаши ҳеч кимга сир эмас.



Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Аллаберганов Аллаберган
Бугун, 11 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти тарихида биринчи марта магистрантларнинг диссертация ҳимояси старт олди!
Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Ушбу муҳим воқеада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммедов, институт ўқитувчи ва талабалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Институт ректори Уйғун Ғофуров ва бошқалар бу тарихий қадам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг амалий натижаси эканини, мамлакатимизда диний-маърифий соҳани янги босқичга олиб чиқиш ва юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш тизимининг самараси эканини алоҳида таъкидлашди.
Ҳозирда Тошкент ислом институтида «Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти» ҳамда «Ҳадис илмлари» мутахассисликлари бўйича жами 20 нафар магистрант таҳсил олмоқда.
Илк 10 нафар магистрант ўқиш давомида 52 та илмий мақола ва тезис нашр эттиргани, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ислом цивилизацияси марказида илмий амалиёт ўтаб, ноёб қўлёзмалар билан ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлагани эътироф этилди.
Бу ҳимоялар юртимиз диний таълим тизими ривожидаги муҳим босқич бўлиб, келажакда бой илмий-педагог кадрлар салоҳиятини оширишга ва аждодларимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати