"Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай".
Улуғ аждодимиз Имом Бухорий ҳазратларининг бу ҳикматли сўзлари дунё мусулмонлари учун шиорга айланган десак муболаға бўлмас.
Илм талабидаги инсон эса Аллоҳ таолонинг ҳузурида азиз ва мукаррам саналади.
Толиби илмларни эъзозлаш, уларни қўллаб-қувватлаш савоби ва мукофоти улкан амаллардандир.
Вақф хайрия жамоат фонди томонидан диний таълим даргоҳларида таҳсил олаётган талабалар доимий равишда рағбатлантирилиб келинмоқда.
Зеро, фонднинг бош вазифаларидан бири ҳам шу.
Бугун, диний таълим муассасалари талабалари орасидан энг иқтидорлиларига тақдим этиладиган "Имом ал Бухорий" стипендиясининг илк ғолиби Тошкент Ислом институти талабаси Маҳаммадхонова Муҳлиса, Вақф хайрия жамоат фонди томонидан 7 020 000 сўм билан мукофотланди.
Аллоҳ таолодан сўраб қоламизки, ушбу стипендия соҳиблари келажакда аждодларимиз каби етук олим, фақиҳ ва муҳаддис бўлиб етишади.
Сафимизга қўшилинг: @vaqfuz
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимиз бўйлаб эълон қилинган «Маҳалла ободлиги ва меҳр-оқибат ойлиги» доирасида хайрли ва савобли тадбирлар изчил давом этмоқда.
Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири Дин ишлари бўйича қўмита, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ҳамда Хўжайли туманидаги «Пирим эшон» жоме масжиди ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиси Б.Разов, қози ўринбосари А.Джолаушиев, Хўжайли тумани бош имом-хатиби И.Шерниязов, шаҳар ва туман бош имомлари ҳамда жорий йилда Ҳаж зиёратини адо этиб қайтган ҳожи оталар иштирок этдилар.
Саховатпеша ҳомийлар кўмаги билан ташкил этилган ушбу акция доирасида туманнинг 14 та маҳалласида яшовчи 70 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Хонадонларга ташриф буюрилиб, фарзандлар учун мактаб формалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди, диний соҳа вакиллари ва ҳожи оталар фуқаролар билан самимий мулоқотда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладилар.
Халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик каби юксак қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган бу каби хайрия тадбирлари республикамиз бўйлаб давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати