"Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай".
Улуғ аждодимиз Имом Бухорий ҳазратларининг бу ҳикматли сўзлари дунё мусулмонлари учун шиорга айланган десак муболаға бўлмас.
Илм талабидаги инсон эса Аллоҳ таолонинг ҳузурида азиз ва мукаррам саналади.
Толиби илмларни эъзозлаш, уларни қўллаб-қувватлаш савоби ва мукофоти улкан амаллардандир.
Вақф хайрия жамоат фонди томонидан диний таълим даргоҳларида таҳсил олаётган талабалар доимий равишда рағбатлантирилиб келинмоқда.
Зеро, фонднинг бош вазифаларидан бири ҳам шу.
Бугун, диний таълим муассасалари талабалари орасидан энг иқтидорлиларига тақдим этиладиган "Имом ал Бухорий" стипендиясининг илк ғолиби Тошкент Ислом институти талабаси Маҳаммадхонова Муҳлиса, Вақф хайрия жамоат фонди томонидан 7 020 000 сўм билан мукофотланди.
Аллоҳ таолодан сўраб қоламизки, ушбу стипендия соҳиблари келажакда аждодларимиз каби етук олим, фақиҳ ва муҳаддис бўлиб етишади.
Сафимизга қўшилинг: @vaqfuz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати