Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448

Убайдулла Уватов – манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси

24.02.2021   3202   3 min.
Убайдулла Уватов – манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси

Инсон хотира билан тирик, қадри билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардан бири саналади.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида таниқли шарқшунос олим, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Убайдулла Уватов таваллуд топган сана муносабати билан ёш тадқиқотчилар республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди, дея хабар бермоқда Академия матбуот хизмати.

“Убайдулла Уватов – манбашунослик ва ҳадисшунослик дарғаси” мавзусидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов, Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Халқаро ислом академияси раҳбарияти, олимнинг узоқ йиллик сафдоши, Академия профессори Аҳаджон Ҳасанов, илмий-тадқиқот марказлари раҳбар ва ходимлари, давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан ҳамда маданият ва санъат намояндалари, профессор-ўқитувчилар, олимлар, марҳум устознинг яқинлари, шогирдлари ва талабалар иштирок этди.

Конференцияда сўзга чиққанлар устознинг илм йўлида кўрсатган беназир меҳнати, бой илмий-маънавий фаолияти, ўзидан қолдирган бебаҳо маънавий мероси, унинг бугунги кундаги аҳамиятига тўхталиб ўтишди. Убайдулла Уватов хотирасига бағишлаб “Зиё” медиа маркази томонидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

Олим ёшларга хос шижоат, ғайрат билан мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси эди, – дейди Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов. – Айниқса буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ишига бор куч-ғайратини сафарбар қилиб, ёш авлодни тинчлик, инсонпарварлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялашда барчага ўрнак эди.

Убайдулла Уватов мустақиллик йилларида ислом оламида жуда машҳур бўлган, аммо ўз ватанида исми ҳам нотаниш бўлган кўплаб алломаларимизнинг ҳаёт йўли, илмий-маънавий меросини халқимизга таништиришдек шарафли ишни амалга оширди. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Абул Муин Насафий, Абу Зайд Ломиший каби юртимизда камолга етган кўплаб алломалар ҳақида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида илмий-маърифий рисолалар нашр эттирди.

Шунингдек, олим ўз илмий фаолияти давомида 300 дан ортиқ мақола, 50 га яқин китоб ва рисолалар тайёрлади. Мазкур илмий ишлар орасида рус, араб, турк тилларида чоп этилган тадқиқотлар ҳам талайгина бўлиб, улар Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистонда нашр этилган. “Ўрта Осиё олимлари қомуси” (Тошкент, 2007), “Ўзбекистон буюк алломалар юрти” (Тошкент, 2010), “Буюк юрт алломалари” (Тошкент, 2017) каби салмоқли тўпламлар ҳам олимнинг кўп йиллик машаққатли меҳнати натижасидир.

Устознинг ёрқин хотирасига бағишлаб ўтказилган анжуман барчада катта таассурот қолдирди. Анжуман якунида йиғилганлар Убайдулла Уватов ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари хотирасида меҳрибон ва хушфеъл, жонкуяр устоз бўлиб қолиши шубҳасиз эканини таъкидлашди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний таълим соҳасида илк бор Республика анжумани бўлиб ўтади

19.08.2026   11075   1 min.
Диний таълим соҳасида илк бор Республика анжумани бўлиб ўтади

Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.

Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.

Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.

Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари