Алҳамдулиллаҳ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидлар сони яна биттага кўпайди!

Фарғона вилояти Адлия бошқармаси Ўзбекистон туманидаги “Ўқчи” жоме масжидини давлат рўйхатидан ўтказди, бу тўғридаги гувоҳномани жоме ходимларига топширди.
Янги масжид туманнинг “Ўқчи” маҳалласи ҳудудида жойлашган. Масжид ҳам шу маҳалла номи билан аталди.
Маълумот учун, ушбу жоме очилиши билан Республикамиздаги масжидлар сони 2084 тага, Фарғона вилоятидаги масжидлар сони 200 тага етди.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Сурхондарё вилояти (http://muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/25316) ва Қорақалпоғистон Республикасида (http://muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/25323) очилган янги масжидлар ҳақида хабар берган эдик.

Аллоҳдан ушбу масжидга ҳисса қўшган барчадан рози бўлсин, уни мўмин-мусулмон халқимизга муборак қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бухоро туманида “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасида кенг қамровли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. “Имом Бухорий” жоме масжидида бошланган мулоқотларда вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов, диний соҳа ходимлари, отинойилар ва маҳалла фаоллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида тузилган ишчи гуруҳлар ҳудуддаги 6 та масжид ва 20 та маҳаллага бириктирилиб, хайрли амаллар амалга оширилди. Жумладан, нуронийлар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, беморларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Шунингдек, низоли ва муаммоли оилалар билан ўтказилган суҳбатлар натижасида бир нечта хонадонларда ярашувга эришилди.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида масжид ҳовлисига манзарали ва мевали кўчатлар экилган бўлса, “Ғунча” болалар боғчасига уюштирилган ташриф жажжи болажонларга ҳақиқий байрам қувончини улашди. Бу каби тадбирлар жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Naqshband.uz