Исломда инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга унинг атрофидаги барча нарсалар ҳам пок бўлишига катта аҳамият берилган. Турар жой, кўча-кўй, майдонлар, ишхоналар, таълим муассасалари, масжидлар, нақлиёт воситалари, дам олиш жойлари ҳамма-ҳаммаси пок бўлиши талаб қилинган.
عَنْ أَبِي مَالِكٍ الأَشْعَرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الطُّهُورُ شَطْرُ الْإِيمَانِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», дедилар». Муслим, Насаий ва Термизий ривоят қилганлар.
Поклик иймоннинг ярми дейилиши бежизга эмас. Иймонсиз ибодат асло қабул қилинмаслиги ва барча савоби беҳуда кетиши эътиборидан келиб чиқиб айтилмоқда ва поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилмоқда.
Исломда иймоннинг аҳамияти ва қадр-қиммати қанчалик юқори эканини яхши биламиз. Поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам Ислом дини озодалик, поклик ва тозаликка қанчалар эътибор берганини билиб олса бўлаверади.
عَنْ عَامِرِ بْنِ سَعْدٍ، عَنْ أَبِيهِ: قال رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ يُحِبُّ الطَّيِّبَ، نَظِيفٌ يُحِبُّ النَّظَافَةَ، كَرِيمٌ يُحِبُّ الْكَرَمَ، جَوَادٌ يُحِبُّ الْجُودَ، فَنَظِّفُوا أَفْنِيَتَكُمْ وَلَا تَشَبَّهُوا بِالْيَهُودِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Омир ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – карамни суяди, сахийдир – сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар» Термизий ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди», деганлари «Эй умматим, сизлар ҳам хушҳол бўлинглар» деганларидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло «озодадир – озодаликни суяди». Бинобарин, мусулмон киши доимо озода бўлмоғи даркор. «Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг, яҳудийларга ўхшаманг!»
Ҳовли-жойларимиз, кўча-кўйларимиз, турар жой ва майдонларимиз, ҳамма жойимизни озода тутишимиз лозим. Токи кўрган одам ҳавас қилсин. Бошқалар озода жойни кўрса, бу жой мусулмонларнинг жойи экан, дейдиган бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ أَوْ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш ва энг кичиги – йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Мусулмонларнинг озор берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлашини иймон шуъбаси даражасига кўтарган Ислом дини уларни атроф муҳитдаги барча нарсаларни пок тутишга, бунинг учун зарур бўлган барча чораларни кўришга ҳам чақирган.
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди
Диний соҳа ходимларининг интеллектуал ва жисмоний салоҳиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган тадбирлар қизғин баҳсларга бой бўлди.
Мусобақалар якунига кўра ғолиб ва совриндорлар аниқланди:
«Заковат» беллашувида:
1-ўрин — Урганч шаҳри жамоаси;
2-ўрин — Боғот, Тупроққалъа ва Гурлан туманлари жамоалари;
3-ўрин — Янгиариқ ва Шовот туманлари жамоалари.
Стол тенниси турнирида:
1-ўрин — Жумамуродов Жумамурод (Урганч шаҳри «Охун бобо» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин — Отажонов Давронжон (Қўшкўпир тумани «Шайх Абдулла» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин — Раҳматуллаев Зиёвуддин (Боғот тумани «Бежганик бобо» масжиди имом-ноиби).
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, эсдалик совғалари ҳамда қимматбаҳо туҳфалар билан муносиб рағбатлантирилди.
Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган диний соҳа ходимларининг эзгу саъй-ҳаракатларига муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати