Шу йил 8-10 ноябрь кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида “XXI Москва Халқаро Қуръони карим тиловати” мусобақаси ўтказилади.
Мазкур мусобақада қатнашиш учун Россия пойтахтига Яқин Шарқ, Aфрика, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёнинг 30 та давлатидан энг кучли қорилар етиб келган. Улар Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш ва тажвид қоидаси асосида чиройли тиловат қилиш йўналишларида ўзаро беллашади.
Танловнинг асосий қисми 8-9 ноябрь кунлари Россия Федерациясидаги Москва жоме масжидида (Выползов кўчаси, 7) бўлиб ўтади.
Энг яхши ҳофиз 10 ноябрь куни соат 18:00 да “Космос” меҳмонхонасида XXI Москва халқаро қироат танловининг ёпилиш маросимида чиқиш қилади. Унда Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий, Шайх Равил Гайнутдин ва Ислом олами давлатларидан келган фахрий меҳмонлар қатнашади.
Мазкур мусобақада Тошкент ислом институти битирувчиси Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этади.
Аллоҳ таоло Ватанимиз шаънини ҳимоя қилаётган Ҳабибуллоҳ қорига улкан зафар ва муваффақиятлар ато этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Кеча, 14 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Финландия мусулмонлари жамияти имоми Рамил ҳазрат Беляев бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Фин юртининг дин пешволари айни кунларда мамлакатимизда кенг нишонланаётган 16 ноябрь – "Халқаро бағрикенглик куни" муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Финландия ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, ўтган ойда Финляндия Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги дўстона алоқаларни янги босқичга кўтаргани, айниқса, ижтимоий-иқтисодий, таълим, илм-фан, маданият, туризм соҳаларида ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, хусусан, ўтган йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияcининг Финландияга сафари жуда ҳам самарали кечганига урғу берилди.
Финландия делегацияси мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик борасидаги ишларни юқори баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув самимий руҳда ўтиб, томонлар эсдалик совғалари алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати