Ҳар сафар отам Тошкентга келганларида, "Ўғлим, мени Чорсуга олиб бор" дейдилар. Машинамга миндириб йўлга отланамиз. Чорсу бозорига яқинлашганда эса "Болам сен ишларингни қилавер, мен Кўкалдошни ёнида тушиб қоламан" деб, ёлғиз айланмоқчи бўладилар. Сабабини сўрасам айтмайдилар.
Алҳамдулиллаҳ ўтган куни яна Тошкентга келдилар. Кутганимдек Чорсуга олиб боришимни сўрадилар...
Яқин қолганда, яна ёлғиз ўзлари тушиб қолдилар. Бу гал қандай бўлмасин билиб оламан дея, машинани четроққа қўйиб ортларидан сездирмай кузата бошладим.
Аввал, Хўжа Аҳрор Валий масжидига кириб намоз ўқидилар. Сўнгра масжиддан тушиб Кўкалдош мадрасасининг ён томонидан деворларига тикилиб, нималарнидир пичирлаб, юриб борардилар.
Мадрасанинг дарвозасига келганда бироз туриб қолдилар. Мен ҳам сездирмасдан яқинлашдим. Мадраса ички ҳовлисига кириб диққат билан томоша қилиб, айланиб чиқдилар ва яна дарвозадан чиқа туриб қўлларини дуога очдилар, мен эса нима деб дуо қилаётганини эшитиш учун ортларидан яқинлашдим.
Отам эса дуо қиларди: Аллоҳим, бу мадрасани, дининг, Каломинг ўргатиладиган масканни то қиёматгача бало-қазолардан асрагин, фаолиятига хайр ва барака бер, минглаб қорилар, олимлар чиққан бу жойдан яна Бухорийлар, Термизийлар, Шайх Муҳаммад Содиқлар чиқишини насиб эт. Бу даргоҳни, устозларини ва талабаларини баракали қил, омин, Аллоҳу акбар.
Дуо қилиб бўлгач, мадрасага қараб кўзларида ёш билан, овозлари титраганча шундай дедилар: Эй илмхона, эй олимлар бешиги, эй Кўкалдош! Аслида сен тошлардан қурилган битта иморатсан. Аммо, вазифанг сени улуғ даражаларга етказди. Мен сени яхши кўраман, чунки бир вақтлар сенда ўқиш менга армон бўлган... Лекин, Аллоҳга ҳамд бўлсин-ки, қалбимга қувонч бўлган, кўзимнинг нури, фарзандим-жигарбандим сенинг бағрингда 4 йил таълим олиб, Исломни, Қуръонни, фиқҳни, шариатни ўрганди. Бугун, имом бўлиб, минглаб инсонларни маърифатга, тўғри йўлга даъват этяпти. Мен сендан розиман, сен ҳам биздан рози бўл...
(Отамнинг кўзларидан оқаётган ёш юрагимни эзди)
Саййид Аброр Умар
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ