Бишр ибн Мансур айтади: «Айюбнинг ҳузурида ўтириб, кўп кераксиз гаплардан гаплашдик». Шунда Айюб: «Тилни тийинглар. Хоҳласам, бугун гапирган ҳар бир сўзимни айтиб бера оламан», деди.
Аллоҳ кенгчилик берса, фарзандларингга кўрсат
Ҳаммод айтади: «Айюб қачон бозорга борса, қўлида оиласи учун бирор нарса кўтариб олган бўларди. Бир куни ёғ солинган шиша идиш кўтариб олганини кўриб, бу ҳақда ундан сўрадим. У шундай деди: «Ҳасандан эшитганманки, мўмин Аллоҳ таолодан гўзал одоб олади. Агар у кенгчилик қилса, Аллоҳ ҳам унга кенгчилик қилади. Агар сиқиб қўйса, Аллоҳ ҳам унга тор қилиб қўяди».
«Солиҳлар гулшани» китобидан
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати