Бобур Мирзо «Мубайян» асарини Ҳиндистон юришлари даврида, ҳижрий 928 (милодий 1521) йилда шеърий йўлда тасниф этган. Китоб хотимасида айтади:
Маккийдан Расул кетганидин
Ҳижрат айлаб, Мадина етганидин –
Йил тўқуз юз йигирма секиз эди,
Фиқҳда Бобур ушбу назм деди.
Асарда соғлом исломий ақийда – Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди ва ислом дини рукнлари фиқҳий масалалари равшан баён қилинган бўлиб, валиаҳд Ҳумоюн Мирзо ва Комрон Мирзога дастуруламал сифатида мўлжалланган. Чунончи, «Китоб назмининг сабаби» бўлимида фарзандларига хитоб қилиб айтади:
Билгасен, эй хужастаи фарзанд,
Жигарим бирла жонима пайванд;
Масъалаларки, ул зарур эрди,
Билмасанг, динингга қусур эрди.
Яъни: «Эй муборак, яхши, бахтли фарзандим, жон ва жигаримга пайвандим! Шундай зарур масъалалар бор эдики, агар уларни билмасанг, дину иймонингга қусур – нуқсон етар эди”.
Етди кўнглумғаким, йиғиштурсам,
Назм тартибида сиғиштурсам,
То ани забт қилгасен осон,
Ул масоилни билгасен яксон.
Тонглалиқ кундаким, ҳисоб ўлғай,
Менга ажру сенга савоб ўлғай.
“Шу сабабдан кўнглимга келдики, бу масъалаларнинг барчасини жамласам ва назм тартиби билан баён этсам, токи бу фиқҳий масалаларни осон эгаллаб, уни бирдай билиб олгайсан. Бундан эрта қиёмат куни ҳисоб-китоб бўлган вақтда сенга ажр-мукофот, менга ҳам савобу самара бўлгай».
Демак, Бобур бу асарни ўз фарзандларига ва уларнинг сиймоси орқали бутун туркий китобхонларга ислом илмларини эгаллашлари учун ёдгор қилиб қолдирган. Яна ушбу васиятомуз сатрларни ҳам битадики:
Бебақо дунё иши саҳлдурур,
Дин ишин қилғай улки, аҳлдурур.
Яъни: “Ўткинчи дунё иши енгилдир, осондир, аммо дин ишини эса фақат аҳли – лаёқати, ҳаққи-ҳуқуқи бўлган кишилар қилади”.
Бутун умри меҳнат, машаққат, дард ва жангу жадаллар билан ўтган шоҳ Бобур дунёнинг ишини енгил ва осон деб санаши ва охират ишига улкан аҳамият бериши у зотнинг қандай улуғ қалб, сабот ва матонат эгаси эканлигини англатади.
Дину донишда ҳар кун афзун бўл,
Давлату бахт ила Ҳумоюн бўл.
Комрон бўл жаҳонда, давлат кўр,
Юз туман обрўю иззат кўр.
Бобур бу байтларда икки фарзандининг исмини айтиш орқали исмлар маъносига ҳам эътиборни қаратади ва шу номларга муносиб-мувофиқ инсонлар бўлишни уларга васият қилади: «Дину донишда ҳар кун ортиб, ривожланиб, давлату бахт билан Ҳумоюн – муборак, бахтиёр бўл. Жаҳонда Комрон – муродига етган бахтли инсон бўлиб, давлат кўр ва юз минг обрўю иззат кўр!» – дейди.
Таъкидлаш жоизки, Бобур Мирзо “Бобурнома” асарида ҳам бир неча ўринда нозик фиқҳий масалаларга тўхталиб ўтади. шунингдек, унда масофа ўлчов бирлиги бўлган ҳиндча “куруҳларни мил (ўлчов бирлиги) билан тайин қилилди” дейди ва шу ўринда “Мубайян” асаридан уч байт келтириб, олти мисрада ўлчов бирлигининг арабча, ўзбекча, форсча, ҳиндча мил, куруҳ, қадам, қари, тутам, элик, жави арзий каби еттита истилоҳини қўллайди: “Бир мил тўрт минг қадамдир (1848 метрдир). Билгинки, ҳинд эли уни бир куруҳ (4000 газ) дейди. Бу қадамни бир ярим қари дедилар[1] (қари – бир метр чамасидаги ўлчов бирлиги). Билки, ҳар қари олти тутамдир. Бир тутам тўрт эликдир, яна бир элик олти жави арзий (олти бармоқ эни) бўлди, бу илмни билиб ол”. Яъни, Бобур Мирзонинг донишманд фақиҳ эканлиги бошқа асарларидан ҳам маълум бўлиб туради.
[1] Бобурнома, Тўқуз юз ўттиз бешинчи (1528) йил воқеалари, Ўзбекистон Фанлар академияси нашриёти, 1963 йил, 423-бет.
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати