Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Сентябр, 2026   |   21 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:29
Қуёш
05:51
Пешин
12:22
Аср
16:59
Шом
18:57
Хуфтон
20:15
Bismillah
03 Сентябр, 2026, 21 Рабиъул аввал, 1448

БОБУР ВА ИСЛОМ: «МУБАЙЯН»НИНГ ЁЗИЛИШ САБАБИ

17.02.2021   4519   4 min.
БОБУР ВА ИСЛОМ: «МУБАЙЯН»НИНГ ЁЗИЛИШ САБАБИ

Бобур Мирзо «Мубайян» асарини Ҳиндистон юришлари даврида, ҳижрий 928 (милодий 1521) йилда  шеърий йўлда тасниф этган. Китоб хотимасида айтади:

Маккийдан Расул кетганидин

Ҳижрат айлаб, Мадина етганидин –

Йил тўқуз юз йигирма секиз эди,

Фиқҳда Бобур ушбу назм деди.

 

Асарда соғлом исломий ақийда – Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди ва ислом дини рукнлари фиқҳий масалалари равшан баён қилинган бўлиб, валиаҳд Ҳумоюн Мирзо  ва Комрон Мирзога дастуруламал сифатида мўлжалланган. Чунончи, «Китоб назмининг сабаби» бўлимида фарзандларига хитоб қилиб айтади:

 

Билгасен, эй хужастаи фарзанд,

Жигарим бирла жонима пайванд;

Масъалаларки, ул зарур эрди,

Билмасанг, динингга қусур эрди.

 

Яъни: «Эй муборак, яхши, бахтли фарзандим, жон ва жигаримга пайвандим! Шундай зарур масъалалар бор эдики, агар уларни билмасанг, дину иймонингга қусур – нуқсон етар эди”.

 

Етди кўнглумғаким, йиғиштурсам,

Назм тартибида сиғиштурсам,

То ани забт қилгасен осон,

Ул масоилни билгасен яксон.

Тонглалиқ кундаким, ҳисоб ўлғай,

Менга ажру сенга савоб ўлғай.

 

“Шу сабабдан кўнглимга келдики, бу масъалаларнинг барчасини жамласам ва назм тартиби билан баён этсам, токи бу фиқҳий масалаларни осон эгаллаб, уни бирдай билиб олгайсан. Бундан эрта қиёмат куни ҳисоб-китоб бўлган вақтда сенга ажр-мукофот, менга ҳам савобу самара бўлгай».

Демак, Бобур бу асарни ўз фарзандларига ва уларнинг сиймоси орқали бутун туркий китобхонларга ислом илмларини эгаллашлари учун ёдгор қилиб қолдирган. Яна ушбу васиятомуз сатрларни ҳам битадики:

 

Бебақо дунё иши саҳлдурур,

Дин ишин қилғай улки, аҳлдурур.

 

Яъни: “Ўткинчи дунё иши енгилдир, осондир, аммо дин ишини эса фақат аҳли – лаёқати, ҳаққи-ҳуқуқи бўлган кишилар қилади”.

Бутун умри меҳнат, машаққат, дард ва жангу жадаллар  билан ўтган шоҳ Бобур дунёнинг ишини енгил ва осон деб санаши ва охират ишига улкан аҳамият бериши у зотнинг қандай улуғ қалб, сабот ва матонат эгаси эканлигини англатади.

 

Дину донишда ҳар кун афзун бўл,

Давлату бахт ила Ҳумоюн бўл.

Комрон бўл жаҳонда, давлат кўр,

Юз туман обрўю иззат кўр.

 

Бобур бу байтларда икки фарзандининг исмини айтиш орқали исмлар маъносига ҳам эътиборни қаратади ва шу номларга муносиб-мувофиқ  инсонлар бўлишни уларга васият қилади: «Дину донишда ҳар кун ортиб, ривожланиб, давлату бахт билан Ҳумоюн – муборак, бахтиёр бўл. Жаҳонда Комрон – муродига етган бахтли инсон бўлиб, давлат кўр ва юз минг обрўю иззат кўр!» – дейди.

Таъкидлаш жоизки, Бобур Мирзо “Бобурнома” асарида ҳам бир неча ўринда нозик фиқҳий масалаларга тўхталиб ўтади. шунингдек, унда масофа ўлчов бирлиги бўлган ҳиндча “куруҳларни мил (ўлчов бирлиги) билан тайин қилилди” дейди ва шу ўринда “Мубайян” асаридан уч байт келтириб, олти мисрада ўлчов бирлигининг арабча, ўзбекча, форсча, ҳиндча мил, куруҳ, қадам, қари, тутам, элик, жави арзий каби еттита истилоҳини қўллайди: “Бир мил тўрт минг қадамдир (1848 метрдир). Билгинки, ҳинд эли уни бир куруҳ (4000 газ) дейди. Бу қадамни бир ярим қари дедилар[1] (қари – бир метр чамасидаги ўлчов бирлиги). Билки, ҳар қари олти тутамдир. Бир тутам тўрт эликдир, яна бир элик олти жави арзий (олти бармоқ эни) бўлди, бу илмни билиб ол”. Яъни, Бобур Мирзонинг донишманд фақиҳ  эканлиги бошқа асарларидан ҳам маълум бўлиб туради.

 

[1] Бобурнома, Тўқуз юз ўттиз бешинчи (1528) йил воқеалари, Ўзбекистон Фанлар академияси  нашриёти,  1963  йил,  423-бет.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳалол бўлинг, рост сўзланг, иймон ва инсонийликни асранг!

19.08.2026   33472   4 min.
Ҳалол бўлинг, рост сўзланг, иймон ва инсонийликни асранг!

Ҳалоллик ва ростго‘йлик инсоннинг шахсий фазилатлари бо‘лиш билан бирга, оила мустаҳкамлиги, жамият тараққиёти ва ижтимоий муносабатларнинг барқарорлигини та’минлайдиган муҳим миллий, диний, ма’навий-ахлоқий қадриятлардир.

Ислом динида ҳалоллик ва ростго‘йликка инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи муҳим тамойиллар сифатида қаралади. Ҳалол ва ҳаромни фарқлаш, шубҳали ишлардан сақланиш, о‘згаларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмаслик, ростго‘й ва адолатли бо‘лиш инсоннинг нафақат шахсий камолоти, балки жамият олдидаги мас’улиятини ҳам белгилайди.

Қур’они карим оятлари ва Пайг‘амбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ко‘плаб ҳадиси шарифларида инсонларни ҳалоллик ва ростго‘йликка да’ват қилиш, ҳар доим ҳалол бо‘лишга ундаш, алдов ва ёлг‘он гувоҳлик беришдан қайтаришга алоҳида э’тибор қаратилган. Зеро, ҳалоллик ва ростго‘йлик инсоннинг ма’навий камолотини, имони мустаҳкам ва ахлоқи го‘заллигини намоён этувчи энг муҳим фазилатлардир. Ҳаром ва ёлг‘он эса нафақат шахснинг обро‘си ва унга ишончини емиради, балки жамиятда о‘заро ишончсизлик, адоват ва низолар келиб чиқишига ҳам сабаб бо‘лади.

Аллоҳ таоло "Наҳл" сурасининг 105-оятида бундай марҳамат қилган: “Ёлг‘он со‘зларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина то‘қийдилар. Айнан о‘шаларнинг о‘злари ёлг‘ончилардир”.

Бу о‘ринда ёлг‘оннинг қанчалик ог‘ир ма’навий иллат экани баён қилиниб, унинг Аллоҳнинг оятларига муносабат билан бог‘лиқ жиҳати ко‘рсатиб бериляпти. Оятнинг нозил бо‘лиш сабаби Макка мушрикларининг Пайг‘амбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан турли асоссиз да’воларни илгари сургани, жумладан, у зотни ёлг‘ончиликда айблаганидир. Улар Қур’они каримни го‘ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг о‘злари то‘қиб чиқаргани то‘г‘рисида асоссиз да’воларни илгари сурган. Қур’они карим эса бундай иддаоларни очиқ-ойдин рад этган.

Аслида ёлг‘онни фақат имонсиз кишиларгина то‘қийди. Чунки, мо‘мин киши ёлг‘онни катта гуноҳ деб билади. Ёлг‘он сабабли қиёматда азобга қолишдан қо‘рқади. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда ростго‘й бо‘лишга интилади. Ҳатто о‘з манфаатига зид бо‘лган ҳолатларда ҳам ҳақиқатни айтишни афзал билади. Зеро, ҳақиқий имон инсонни фақат ибодатларга эмас, балки юксак ахлоқий фазилатларга ҳам ундайди.

Ислом та’лимотида ҳалоллик ва то‘г‘рисо‘злик мақталган, ёлг‘он гапириш ва ҳақиқатни яшириш кескин қораланган. Жумладан, Пайг‘амбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Набийсоллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ростго‘йликни о‘зингизга лозим тутингиз (ростго‘й бо‘лингиз)! Чунки, ростго‘йлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши доим рост гапирса, Аллоҳнинг ҳузурида “сиддиқ” (о‘та ростго‘й) деб ёзиб қо‘йилади. Ёлг‘ондан сақланинг! Чунки, ёлг‘он фожирликка (гуноҳ ва бузуқликка) етаклайди, фожирлик эса до‘захга етаклайди. Киши ёлг‘он гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида “каззоб” (о‘та ёлг‘ончи) деб ёзиб қо‘йилади”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ростго‘йлик ва ёлг‘ончиликнинг инсон ахлоқи, ма’навий ҳаёти ва охиратига қай даражада та’сир қилишини очиқ тарзда баён қилиб беряптилар. Ҳадис мазмунидан англашиладики, инсоннинг жаннатга ёки до‘захга тушишида унинг тили, я’ни ростго‘йлиги ё ёлг‘ончилиги ҳал қилувчи омиллардан экан.

Пайг‘амбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол ва ҳаром о‘ртасидаги шубҳали нарсалардан сақланган киши дини ва обро‘йини пок сақлаши борасида бундай марҳамат қилганлар: Но‘’мон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг о‘ртасида шубҳали нарсалар бор. Ко‘п одамлар буни билмайди. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обро‘йини пок сақлайди...” (Имом Бухорий ривояти).

Бу о‘ринда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни эҳтиёткорлик ва покликка да’ват этмоқдалар. Чунки, ҳалоллик тамойилларига амал қилган инсон ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида, жумладан, со‘зида, оилавий муносабатларида, та’лим олишда, меҳнат фаолиятида ва жамиятдаги о‘заро муносабатларида адолат, поклик ва ростго‘йликка интилади. О‘згаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилади, бировнинг мол-мулки ёки меҳнатининг маҳсулига тажовуз қилмайди, алдов, хиёнат ва манфаатпарастликдан узоқ бо‘лишга ҳаракат қилади. Бундай фазилатлар инсоннинг шахсий обро‘-э’тиборини юксалтириш билан бирга жамият а’золари о‘ртасида о‘заро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлайди.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳалоллик ва ростго‘йлик ижтимоий ҳаётнинг барқарорлигини, инсонлар о‘ртасидаги ишонч ва жамият тараққиётини та’минловчи муҳим ма’навий-ахлоқий асосдир. Ислом та’лимотидаги ҳалоллик, ростго‘йлик, адолат ва омонатдорликка оид ко‘рсатмалар бу қадриятларнинг инсон ва жамият ҳаётидаги о‘рни нақадар муҳим эканини ко‘рсатади. Ҳар бир инсон о‘з ҳаёти ва фаолиятида ҳалоллик, ростго‘йлик, адолат ва виждонлиликни устувор тамойилга айлантирса, жамиятда сог‘лом ма’навий муҳитни шакллантириш имконияти ортади.

Ё‘лдошхон Исаев, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар