بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ للهِ رب العالمين وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا ونبينا مُحَمَّدٍ الأمين ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ:
ҲАЛОЛ ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР
Муҳтарам жамоат! Динимизда ҳалол касб қилишга тарғиб қилинган бўлиб, танбаллик ва ишёқмаслик каби кишининг ўзига ҳамда жамиятига зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилган. Киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига итоат этади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда касбу кор қилишга амр қилиб шундай деган:
هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِنْ رِزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ
яъни: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк сураси 15-оят).
Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъй-ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган бўлиб, ҳатто бу нарса фарз даражасига кўтарилгандир. Бу ҳақда
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"طَلَبُ كَسْبِ الْحَلاَلِ فَرِيْضَةٌ بَعْدَ الْفَرِيْضَةِ"
(رواه الإمام البيهقي عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه)
яъни: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Имом Муҳаммад аш-Шайбоний илм талаб қилиш қандай фарз бўлса, ҳалол касб қилиш ҳам худди шундай фарздир, деганлар.
Мўмин киши ҳалол ризқ топиш ҳаракатида бўлганда, Аллоҳнинг амрига мувофиқ амал қилиши билан бирга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига ҳам амал қилаётган шахс ҳисобланади. Зеро, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
"مَا أَكَلَ أَحَدٌ طَعَامًا قَطُّ خَيْرًا مِنْ أَنْ يَأْكُلَ مِنْ عَمَلِ يَدِهِ"
(رواه الإمام ابن ماجه عَنِ الْمِقْدَامِ رَضِي اللَّه عَنْه)
яъни: “Киши ўз қўл меҳнати билан топганидан кўра яхшироқ ва покизароқ таом емайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозирги пайтда ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларимизга жуда кўп имкониятлар яратилмоқда. Мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳалол ризқ талабида бўлсак, ўзимиз ва ўзгаларни фаровон ҳаёт кечиришлари ҳамда мусулмон кишини иш билан таъминлаш ва уни ҳожатини чиқаришга сабабчи бўламиз, иншааллоҳ. Чунки, мусулмон биродарининг қалбига хурсанчилик киргизиш Аллоҳнинг наздидаги энг афзал ва суюкли амалдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَحَبُّ الناسِ إلى اللهِ أنفعُهم للناسِ، وأَحَبُّ الأعمالِ إلى اللهِ عزَّ وجلَّ سرورٌ تُدخِلُه على مسلمٍ، تَكشِفُ عنه كُربةً، أو تقضِي عنه دَيْنًا، أو تَطرُدُ عنه جوعًا ، ولأَنْ أمشيَ مع أخٍ في حاجةٍ ؛ أَحَبُّ إليَّ من أن اعتكِفَ في هذا المسجدِ يعني مسجدَ المدينةِ شهرًا، ومن كظم غيظَه ولو شاء أن يُمضِيَه أمضاه؛ ملأ اللهُ قلبَه يومَ القيامةِ رِضًا، ومن مشى مع أخيه في حاجةٍ حتى يَقضِيَها له؛ ثبَّتَ اللهُ قدمَيه يومَ تَزِلُّ الأقدامُ
(رواه الإمام الطبراني عن ابن عمر رضي الله عنهما)
яъни: “Аллоҳга энг севимли банда одамларга кўпроқ манфаати тегадиганидир. Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишингиз, ундан ғам ташвишларини аритишингиз, зиммасидаги қарзини узиб беришингиз, очлигини кетказишингиздир. Мусулмон биродаримнинг ҳожатини чиқариш йўлида юришим Масжидун Набавийда бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир. Ким ўч олишга қодир бўла туриб ғазабини ютса, Аллоҳ унинг қалбини қиёмат кунида ўзининг розилиги билан тўлдиради. Ким биродарининг ҳожати билан юриб, уни раво қилса, Аллоҳ қадамлар тоядиган кунда унинг қадамларини собит қилиб қўяди” (Имом Табароний ривоятлари).
Мазкур ҳадисдан, модомики банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида эканлиги маълум бўлади.
Азизлар! Шуни унутмаслигимиз керакки, молу давлат берилган кимсаларнинг молларида камбағалларнинг ҳаққи бор. Ўша ҳақларни адо қилсалар уларга жаннат ваъда қилинган. Шундай экан, муҳтож кимсалар уларнинг олдига такрор-такрор боришларидан малолланмасинлар. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бошқа мусулмонларнинг ҳожатлари билан машғул бўлишлари учун уларга неъматлар ато қилгандир. Агар улар бу неъматнинг ҳаққини адо қилиб, ўз эгаларига топширсалар, Аллоҳ уларни неъмат ичра бардавом қилади ва барокатли қилади. Агар малоллансалар, Аллоҳ таоло улардан бу неъматини олиб қўяди, бошқа бандаларига беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
إِنَّ للهِ عِنْدَ أَقْوَامٍ نِعَمًا أَقَرَّهَا عِنْدَهُم مَا كَانُوا فِي حَوَائِجِ الْمُسْلِمِينَ مَا لَمْ يَمَلُّوهُمْ، فَإِذَا مَلُّوهُمْ
نَقَلَهَا اللهُ إِلَى غَيْرِهِمْ
(رواه الإمام الطبراني عن عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رضي الله عنهما)
яъни: “Баъзи кишиларга Аллоҳ таоло неъмат ато қилганки, модомики улар мусулмонларнинг ҳожатини чиқаришда малолланмасалар, Аллоҳ таоло улардаги бу неъматни бардавом қилиб беради. Бордию, малолланадиган бўлсалар, улардаги неъматларни ўзгаларга ўтказиб юборади” (Имом Табароний ривоятлари).
Демак, Аллоҳ таоло кимни мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришга муяссар қилган бўлса, бу у киши учун катта бахт ва улкан шарафдир.
Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва мана шундай мартабани берган Аллоҳга доимо ҳамд айтиб, бу эзгу ишда пешқадам ва бардавом бўлишимиз керак. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
" وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ، مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ уни ёрдамидадир” (Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ҳар бир тадбиркор қўни-қўшни, қавму қариндошлари ичида иш топа олмаётган кимсаларга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаб, иш билан таъминлаб, бола-чақасини ҳалол касб билан таъминлашига сабабчи бўлса, юқоридаги ажру савоб ва ваъдаларга эришади, иншааллоҳ.
Афсуски, бугунги кунимизда баъзилар томонидан содир бўлаётган тош-тарозудан уриб қолиш, шартнома ва ваъдага вафо қилмаслик, шубҳали ёки сифатсиз (халққа зарарли) маҳсулотларни сотиш, хизматни сифатли бажаришга аҳдлашиб, аҳдини бажармаслик, халққа зарур бўлган озиқ-овқат ва дори-дармонларнинг нархини асоссиз, сунъий равишда қиммат қилиш каби ишлар шариат чегарасидан чиқиш ва Аллоҳни ғазабига дучор бўлишдир. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло саховатли, мард ва ўзгаларга фойдаси тегадиган кишиларни севади. Киши халққа фойда келтира олмаётган бўлса, ҳеч бўлмаса, зарари тегмай туришининг ўзи ҳам катта ёрдам! Мана шунинг ўзи тақво бўлади. Шунинг учун ҳам Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳга тақво ҳақида бирорта китоб ёзиб беринг дейилганда: “Ана савдо-сотиқ ҳақида китоб ёзиб қўйибман-ку!”, – деган эканлар. Демак, кишининг тақвоси ўзаро олди-берди муомалаларида ва бандалар олдидаги ўзининг бурчларини ўтаётганда ҳам билинади.
Муҳтарам азизлар! Уламоларимиз тирикчилик учун касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даража ва мартабаларга бўлганлар.
Биринчиси – фарз даража бўлиб, бу кишининг ўзи ва оиласининг зарурий эҳтиёжларини қондириш ҳамда қарзларини узишга етадиган миқдордаги маблағни топишдир.
Иккинчиси – мустаҳаб даража бўлиб, бу ўзининг эҳтиёжидан ташқари фақир-камбағалларга ҳам ёрдам бериш, дўст-ёр ва яқинларига мурувват кўрсатиш мақсадида мол-дунё орттиришга ҳаракат қилишдир. Ўзгаларга ёрдами тегадиган кишини Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаб бундай деганлар:
"أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاس"
(رواه الإمام الطبراني عَن ابْنِ عُمَر رضي الله عنهما)
яъни: “Одамларнинг ичида Аллоҳга энг маҳбуби одамларга кўпроқ манфаати етадиганидир (Имом Тобароний ривоятлари).
Учинчиси – мубоҳ даражадаги касбу кор. Бу фаровон ҳаёт кечириш учун зиёда мол орттирмоқ. Бу ҳам агар ҳалолдан бўлса жоиздир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
"مَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا اسْتِعْفَافًا عَنِ الْمَسْأَلَةِ وَسَعْيًا عَلَى الْعِيَالِ وَتَعَطُّفًا عَلَى الْجَارِ لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَوَجْهُهُ كَالْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ"
(رواه الإمام البيهقي عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)
яъни: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой каби порлаган ҳолда Аллоҳга йўлиқади” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Тўртинчиси – макруҳ даража бўлиб, бу манманлик, кеккайиш, кибру ҳаво ва мақтаниш учун гарчи ҳалолдан бўлса ҳам мол-мулк топиш. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"وَمَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا مُفَاخِرًا مُرَائِيًا مُكَاثِرًا لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَهُوَ عَلَيْهِ غَضْبَانُ"
(رواه الإمام البيهقي عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)
яъни: “Ким мол-дунёни мақтаниш, кўз-кўз қилиш ва бошқалардан кўплиги билан фахрланиш учун талаб қилса, Аллоҳ таолога унга ғазаб қилган ҳолида йўлиқади” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман, деган эзгу ва покиза ниятларда ишига йўл олган инсонга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Шунинг учун Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"مَنْ بَاتَ كَالًّا مِنْ طَلَبِ الْحَلالِ بَاتَ مَغْفُورًا لَهُ"
(رواه الإمام ابن عساكر عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُا)
яъни: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган ҳолда ўрнига ётса, туни гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтади” (Имом Ибн Асокир ривоятлари).
Дарҳақиқат, ризқни берувчи Аллоҳ эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ризқни қанча миқдорда бериш Аллоҳ таолога ҳавола, банданинг вазифаси эса ҳаракат қилиш бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ
وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ
(سورة سباء/39)
яъни: “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39- оят).
Биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига шукрона қилсак, иншоаллоҳ, турмушимиз янада фаровон, юртимиз тинч, Осмонимиз мусаффо бўлади.
Аллоҳ таоло барча тадбиркорларимизнинг касбу корларига барака бериб, ҳалолдан ризқ-рўз топишни насиб айлаб, халқимиз турмушида фаровонликни янада зиёда айласин! Омин!
Келаси жума маърузаси “Динимизда соғлом турмуш тарзига эътибор” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси