«لا خيبة عند معونته، ولا زيغ عند عصمته -سبحانه-!»
«Унинг ёрдами бор экан ноумидлик йўқ! Унинг ҳимояси бор экан йўлдан оғишлик йўқ!».
Имом Абу Мансур Мотуридий роҳимаҳуллоҳ
Изоҳ: Ушбу каломни Имом Абу Мансур Мотуридий роҳимаҳуллоҳ Фотиҳа сурасини тафсир қилар экан зикр қилганлар. «Фақат сенгагина ибодат қиламиз ва фақат сендангина ёрдам сўраймиз» ояти тафсири сўнгида хулоса ўрнида айтиб ўтганлар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларини ҳар доим ёрдами ила қўллаб-қувватлар экан, ҳеч қачон улар ноумид бўлмайди ва тушкунликка тушмайди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига сазовор бўлган бандаларини асло ҳимоясиз ташлаб қўймайди. У Зотнинг ҳимоясида бўлган бандалар асло ҳақ йўлдан тойилмайди ва ҳаргиз адашмайди.
Шунинг учун ҳам Фотиҳа сураси охирида ғазаб қилинган ва адашганларнинг йўлидан паноҳ тилаш ва ҳидоят берилганларнинг йўлини сўраш таълими берилган.
Модомики, бандалар буюрилган буйруқларга амал қилса ва қайтариқлардан қайтса етарли! Аллоҳ таолога ҳақиқатда ибодат қилиш билан юқоридаги икки муҳим неъмат: «ёрдам» ва «ҳимоя»га лойиқ бўлинади.
Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмон бандаларини тўғри йўлда бардавом қилсин!
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати