Диёримизда 130 дан ортиқ миллат ва элат тинч-тотув, ўзаро ҳурмат-эҳтиром билан яшаб келмоқда. Аммо диний қадриятларни эркинлигидан ғаразли мақсадда фойдаланувчилар ҳам бор.
Миссионер сўзи лотин тилидаги “mission” сўзидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса “вазифасини бажарувчи” деган маънони билдиради. “World Book” (Жаҳон китоби) энциклопедиясида эса “Миссионер – бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган киши”, деган фикр қайд этилган. Бу маълумотлардан келиб чиқиб хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, миссионерлик – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Насронийлик (христианлик)да турли секталар борлиги бутун дунёда катта муаммога айланган. Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг охирларида ривожланган мамлакатларда мазкур диннинг 1500 дан 5000 гача турли йўналишлари бўлган. Лекин аҳоли уларни қабул қилмаганликлари учун кўп йўналишлари йўқолиб ҳозирда айрим мамлакатларида 170 га яқин секта ва уларнинг 800 та шахобчаси мавжуд экан.
Аслида Христиан динида Православлик (русча-чин эътиқод) -1054 йилда христианликнинг бўлиниши натижасида ташкил топган.
Католиклик (юнонча-бутун жаҳон) -1054 йилда христианликнинг бўлиниши натижасида ташкил топган.
Протестантлик (лотинча-норози бўлиш, келишмаслик) ўрта асрларда католикликдан ажралиб ташкил топгач, унинг ўзида турли оқимлар кўпайди.
Баъзи кишилар секталар ва уларга даъват қилаётган “Миссионер”ларнинг нима зарари бор, дейишлари мумкин. Шу жиҳатга эътибор бериш лозим.
Биринчидан, миссионерлик билан маълум бир дин кириб келади. У билан бирга ўзгача дунё қараш, урф – одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама – қаршиликларни вужудга келтиради.
Иккинчидан, “даъват”лари билан бир динни иккинчи диндан устун қўйиш, ўз диндошларига яхши муносабату, бошқа диндагиларга ёмон муносабат пайдо бўлади. Бу эса оила, қавм – қариндошчилик ҳамда жамият бирдамлигига салбий таъсир кўрсатиб, одамларнинг оиласида, жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишда, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда ҳам можаролар бўлишига олиб келади.
Учинчидан, миссионерларни макрига тушиб уларнинг ъзоларига айланиб қолишлари, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида қабиҳ ишларга ҳам қўл урилади. Умуман олганда, бу услуб эгалари ўз муаммолари билан кишиларни машғул қилдириб, мамлакатнинг бошқа муҳим вазифаларидан аҳолини чалғитишни мақсад қилиб қўйган.
Миссионерлар мамлакатимизга тил, компьютер ўргатиш, турли – туман ўқув марказлари ёки ҳар хил хайрия ишлари олиб борувчи нодавлат ташкилотлари қиёфасида кириб келишга интилади.
Санаб ўтилган омилларнинг ўзиёқ бундай секталар ва уларнинг даъватчилари жамият ва давлатга катта хавф ва зарар келтираётганини маълум қилади.
Миссионерлар ўз даъватларида ўз дини билан уларнинг дини ўртасидаги ўхшашликларга тўхталади. Масалан, Исо пайғамбар Исломда ҳам пайғамбар сифатида тан олинади, дейди. Сўнг Исо алайҳиссаломнинг буюклиги, Қуръоннинг бир нечта оятларида зикр этилганлигини айтиб, Инжилдаги мисоллар билан бойитади. Бундан ташқари миссионерлар ўзларини китобларида айрим Қуръони карим оятларини ҳам келтириб, мақсадлари йўлида хизмат қилдирмоқчи бўлади. Бу ҳолатни ўзбек тилида чоп қилинган китобларда ҳам кузатиш мумкин. Миссионерларни бу қилмишлари икки юзламачи эканликларини кўрсатади.
Қуръоннинг бир – неча оятини хақ деб билишса, нега исломни қабул қилишмайди ёки унга ҳужум қилишдан ўзларини тийишмайди? Ҳолбуки улар Қуръонни инкор этадилар. Унда нега Қуръонга суянадилар, деган савол туғилади. Ва бунга жавоб битта – бу уларнинг қилмишлари макрдан бошқа нарса эмаслиги, яъни зоҳирий амаллари билан асл мақсадлари бир эмаслигига далолатдир.
Уларнинг харакатлари тагида эртанги кунга мўлжалланган катта сиёсий найранглар ётибди. Бу найранглар ортида қандай қора мақсадлар яширинган? Мамлакатимизнинг асосий аҳолиси ислом динига мансуб бўлиб, деярли 1500 йилдан бери аждодларимиз мусулмон бўлиб келган. Бугунги авлод ҳам бутун ҳаёти давомида шу динга эътиқод қилади. Урф – одати, маънавий тарихи бир хил халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш, мамлакатни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш – мана улар кўзлаган асл мақсад! Секта даъватчиларнинг ортларида турганлар уларни маблағ билан таъминлаш, бу диёрларни маданий ва маънавий истило қилиш ва ўзлари мустаҳкам ўрнашиб олиш учун ўз макрларига илинганлардан фойдаланади.
Бунга тарих ва тажриба гувоҳ. Миссионерлар айрим ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтирадилар. Натижада у ерларда халқ орасида нотинчликлар пайдо бўлади. Ҳомийлар уларни қўллаб-қувватлашади, оқибатда мамлакатни парчалашгача олиб боради. Бунга мисол: Шарқий Тимор ўлкаси аҳолисини “христиан”лаштиргандан кейин бу ўлкаларда тўполонлар пайдо бўлди, бутун ғарб олами оёққа турди ва Шарқий Тиморни Индонезиядан ажратиб олди.
Миссионерларнинг макрига тушиб қолиш осон, аммо улардан халос бўлиш ниҳоятда қийин. Бугунги ғоялар кураши даврида доимо ҳушёр бўлиш замоннинг талабидир. Шунинг учун ҳар бир ота-она, мураббий, хусусан имом хатиблар қолаверса, ватанга муҳаббати бўлган фуқаро ҳам энг аввало ўзи, сўнг фарзанди ва ёшларни миссионерларни макри ва найрангидан огоҳ қилиб, уларнинг зарарли оқибатларидан сақлаши лозимдир.
Мураббий ёш авлодга тарбия бераётганида миссионерларнинг даъватини қабул қилган мусулмон кофирга айланиб қолишлигини алоҳида тушунтириши шартдир. Бундан ташқари ёшларни миссионерларнинг арзимаган ёрдамларига, жумладан ишлатилган либослар ва муддати ўтган дорилар ҳамда бўтқа ва супдан иборат бўлган егуликларга имонини сотмасликни тушунтириш керак. Акс ҳолда, Аллоҳ сақласин, имонини сотган киши ватанини ҳам сотади.
Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлни топишга сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсаларидан яхши эканлигини эсдан чиқармайлик.
Аминжон Исмоилов,
Сирдарё тумани бош имоми
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
“Ботил даъволарга асосли раддиялар” китоби асосида тайёрланди.