Инсон ўз нафсини атрофидаги бошқа одамлардан яхшироқ деб ҳисоблаши нафс касаллигининг белгиси саналади.
Муолажа услуби
Кимки бу хасталикдан шифо топмоқчи бўлса, ўзини ҳам, нафсини ҳам доимо назорат қилишга одатлансин. Чунки ҳар бир нафс эгаси камчиликларини ўзи билганчалик бошқа ҳеч ким билмайди. Шунинг учун инсон бошқалар ҳақида ҳамиша яхши гумонда бўлиши ва ўзини улардан устун қўймаслиги лозим.
Гуноҳ ва камчиликларини ёдида тутиши, бошқалар ундан яхши эканига ишониши керак. Бобом менга Абу Абдуллоҳ Сижжий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу сўзларини айтиб бергандилар: “Ўзингни ҳаммадан устун (фазилатли) деб ҳисобламасанг фазл эгасисан, ўзингни фазилатли деб билсанг, сенда ҳеч қандай фазл йўқ”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ