Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Имом Мотуридийга тош отманг!

14.02.2021   3104   8 min.
Имом Мотуридийга тош отманг!

Имом Ғаззолий аҳли сунна вал-жамоа ақийдавий мазҳабининг тарихи ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни ёзади: “Калом бир илм бўлиб, унинг мақсади аҳли суннанинг ақийдасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз пайғамбари тилида ҳақ ақийдани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, унинг ҳақида Қуръон ва хабарлар нутқ қилди. Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бидъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳли ҳақнинг ақийдасини бузмоқчи бўлдилар. 

Бас, Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали аҳли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинади. Ана шундан илми калом пайдо бўлди”.

Аҳли сунна вал-жамоа деганда суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар деган маъноларни кўзда тутилади. Бу борада имом Ашъарий ва Мотуридийлар аҳли Сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олинганлар. 

Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафида – Ашъарий басралик, Мотуридий самарқандлик бўлса ҳам ва бир – бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларини бирданига аҳли сунна вал-жамоа мазҳабининг имоми деб эътироф қилиниши бу мазҳабнинг ақийдаси доимо барча юртларда маълум ва машҳур эканига ёрқин далилдир.

Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг калом мактабини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг калом йўналиши асосида ишлаб чиққанлар. У кишининг ўндан ортиқ асарлари соф исломий таълимотга даъват қилганлиги билан жуда аҳамиятлидир, хусусан, улардан иккитаси муҳим. Улардан биринчиси Қуръон тафсирига оид бўлиб, “Таъвилот ал-Қуръон”  деб аталади. Яна у “Таъвилоту аҳли ас-сунна” (“Суннат аҳлининг изоҳлари”) номи билан 12 (ўн икки) жилдлик қилиб нашр қилинган. Унинг аҳли суннат ва жамоат ақоидининг асосини ташкил қилувчи асари “Китоб ат-тавҳид” (“Аллоҳнинг ягоналигини исботлаш китоби”) деб номланган. Мазкур “Китоб ат-тавҳид” асари йирик ҳажмли, ўзида аҳли суннат ва жамоат ақоидининг мураккаб масалаларини муфассал равишда қамраб олгани боис, уни қисқартирилиб, “Рисолат ат-Тавҳид” (“Тавҳид рисоласи”) асари яратилган.

“Китоб ат-тавҳид” калом илмига оид асарларининг энг аҳамиятга молики ҳисобланади. Асар айни долзарб ва тўғри йўлда эканлиги боис ҳозирги кунга қадар барҳаёт ва амалда бўлиб келмоқда. Биз имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг чин ворислари сифатида бу асарнинг мазмун-моҳияти, унда кўтарилган ғоя ва асослар билан танишиш ва ўз навбатида сиз ўқувчиларни ҳам ундан бақадари ҳол хабардор этишни мақсад қилдик.

Китобда ёритилган ақидавий масалалар ҳақида гапиришдан олдин унинг кириш қисмидаги ҳамду сано ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик. Катта ҳажмли асарнинг ҳамд қисмида бир олам маъно мужассам бўлган десак муболаға бўлмайди. Чунки имом Мотуридий ушбу асарнинг таълифига киришар экан, нақадар адашиб кетишдан чўчиганлари, ўзларини ўта камтарлик ила ҳокисор тутиб, Аллоҳ таолодан мадад сўраганининг гувоҳи бўламиз. Шу даржадаги илм ва тақво соҳибини адашганликда айблаган муткаббир Абдулло Зуфар кабилар у зотнинг энг бўлмаганда мана шу камтарлик хусусиятларидан озгина бўлса ҳам хулқланганларида эди бу даражада гумроҳликка йўл қўймас эдилар.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Матн: “Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. У шундай Зотки, Ундан ўзга ҳар бир кишиларга айтилган барча ҳамдлар ҳам аслида Унинг Ўзига қайтади”.

Шарҳ: Ҳамдни ўзида оят ва ҳадис маънолари мужассам. Ҳамд иккита маънони ўз ичига олади. Биттаси мақтов бўлса, иккинчиси шукрдир. Яъни, мақтов – Аллоҳ таолони улуғлик, чиройли сифатлари билан мақташ. Шукр эса, таом ва бошқа неъматлар, умуман ҳар қандай ҳолатда ҳам мўмин бандадан Аллоҳ таолога изҳор этиладиган ташаккурдир. Яъни, банда тарафидан “Алҳамдулиллаҳ” – “Аллоҳга ҳамд, шукрлар бўлсин”, дейиш орқали шукрни баён қилишдир. Аллоҳдан ўзга бошқаларни қанча мақтамайлик бари бир бу мақтовлар Аллоҳ таолога қайтади. Шунда Аллоҳ таолони мадҳ этган, Унга шукр қилган бўламиз. Чунки, ҳадиси шарифда “Ким Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур қилмайди” (АбуҲурайра розияллоҳу анҳудан Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган) дейилган. Аллоҳ таолонинг яхшилигини билмаган шахс банданинг яхшилигини билармиди?! Бундай нусхалар доимо ва ҳар кимга нисбатан ношукр бўладилар. Демак, кимки, бирор бандага шукр қилса, уни мақтаса у Аллоҳ таолога шукр қилган бўлади. Бирор бандани яхшилик сифатларини мадҳ этса Аллоҳ таолони мадҳ қилган бўлади.  Чунки, бандага шунча илм, салоҳият, истеъдод, қобилият, хислат ва фазилатларни Аллоҳ таоло бергандир.

Матн: “Ҳамма неъматларинг ададича Сенга ҳамд бўлсин!”

Шарҳ: Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир” (Наҳл сураси, 18-оят)”, деди. Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ҳам шуни эътироф этган ҳолда дуо қилмоқдаларки, Эй Парвардигор, Ўзинг ҳамдимизга шундай барака ато этгинки, у неъматларингни ўз ичига олсин. Аслида Сенинг неъматларингни санаб адоғига ета олмаймиз, шунингдек, шукрини ҳам биз ожиз бандалар адо эта қила олмаймиз. Фақат, Ўзинг бизни шунга муваффақ айла, дея.

Матн: “Ва неъматларнинг зиёдасига ҳам баробар бўладиган ҳамд бўлсин!”

Шарҳ: У зот ушбу сўзлари билан Аллоҳ таолодан илтижо ва дуо қилиб, Сенга ҳамд айтсам менга неъматларингни зиёда қиласан, ана шу зиёда қилиб берган неъматларингга муносиб ҳамд бўлишини насиб қилгин, демоқдалар.

Матн: “Бу ҳамдимиз бизнинг Унинг розилигига етказсин, Аллоҳ биздан рози бўлсин

Шарҳ: Бир улуғ зот Аллоҳга шукр қилар экан, ҳар бир неъматларини эслаб, улар учун шукрини изҳор этарди. Охири, эй Парвадигор, неъматларинг шунчалик кўп эканки, менинг шукрим уларга етмас экан, шукрини адо қилолмас эканман, деганида Аллоҳ таолодан, энди шукр қилдинг, мазмунидаги ишора зоҳир бўлган экан. Шукр бу, киши ўзини ожиз ва камтарлигини тавозе билан эътироф этишдир.

Матн: “Рисолат (Аллоҳ таоло юборган диний таълимотлар) у билан хотималанган зот (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловат йўлламоғини, саломлар нозил қилишини Аллоҳдан сўраймиз. Шу каби у зотнинг биродарлари бўлмиш жамики Расуллар, Аллоҳнинг дўстлари бўлмиш авлиё зотларга ҳам саловат саломлар йўллашни Аллоҳдан сўраймиз. Ва Аллоҳ таолодан адашиш, залолатдан паноҳ беришини ҳамда сўз ва амалда бизни икром қиладиганини ато этишини Унинг Ўзига рағбат қиламиз, юзланамиз, дуо қилиб сўраймиз”.

Мана азизалар, асарнинг кириш қисмида битилган ҳамду сано билан қисқача танишдик. Агар эътибор берсак, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз ва барча расулларга саловат ва саломлар йўллаш билан бирга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ушбу рисола орқали ўзларини адашиш, залолатга дуч келиш, хатога йўл қўйишидан асрашини ўтиниб сўраётганларига гувоҳ бўламиз. Иншаллоҳ, бу китобнинг ҳали сиз азиз ўқувчилар билан бўлишадиган ўринлари кўп, Аллоҳ насиб қилганича уларни сизга етказишда давом этамиз.

Обиджон Хурсандов - Самарқанд Ақида мактаби устози

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Иордания ОАВ Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёти ҳақида ёзмоқда

07.09.2026   47043   5 min.
Иордания ОАВ Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёти ҳақида ёзмоқда

Иорданиянинг етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Нодиржон Турғуновнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган интервьюси чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Суҳбат Иордания Миллий ахборот агентлиги (Petra), “Al Rai” газетаси, шунингдек, “Hala”, “Roya News”, “Jafra News”, “AlAnbat News”, “Johina News”, “Nabzal Balad”, “Al Qubba News” янгиликлар агентликлари ва Араб ахборот агентликлари федерацияси томонидан кенг ёритилди.

Интервьюда элчи Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб, кенг қамровли йўналишларни қамраб олаётганини таъкидлади. Икки томонлама ҳамкорлик ўзаро ҳурмат, ишонч ва халқларимиз ўртасидаги тарихий яқинлик тамойилларига асослангани алоҳида қайд этилди.

Нашрда Иордания Қиролининг 2025 йилда Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи алоҳида аҳамиятга эга бўлгани таъкидланди. Ташриф давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган музокаралар икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. Элчи айни босқичда асосий устувор вазифа олий даражада эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқаришни таъминлашдан иборат эканига урғу берди. Шу муносабат билан сўнгги вақтларда бир қатор юқори даражадаги делегацияларнинг ўзаро ташрифлари амалга оширилди.

Суҳбатда Президент Шавкат Мирзиёев ва Қирол Абдулла II нинг иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш, ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш, маданиятлараро мулоқотни илгари суриш ҳамда минтақавий барқарорликни таъминлаш масалаларидаги ёндашувлари ўхшаш экани қайд этилди. Сиёсий ҳамкорлик ҳақида тўхталиб, элчи Ўзбекистон ва Иордания мунтазам мулоқот олиб бораётгани, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро майдонларда яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Элчи 2025 йилда ўзаро товар айланмаси ҳажми аввалги йилга нисбатан деярли икки бараварга ошганини маълум қилди. Шунингдек, 2026 йил апрель ойида ўтказилган Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди. Унда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, қўшма кўргазмалар ташкил этиш ва Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини йўлга қўйишга келишиб олинган. Иордания вакиллариниyг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки икки мамлакат компаниялари ўртасида бевосита алоқаларни мустаҳкамлаш учун қўшимча имконият бўлди.

Транспорт алоқаларини ривожлантириш контекстида Амман ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани олқишланди. Жорий йилнинг 1 июлидан эътиборан “Royal Jordanian” авиакомпанияси икки давлат пойтахтлари ўртасида ҳафтасига икки марта мунтазам рейсларни амалга оширишни бошлади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Иордания фуқаролари учун ўзаро визасиз режимнинг жорий этилиши туризм ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Туристик салоҳият ҳақида гапирганда, элчи Ўзбекистон Самарқанд, Бухоро ва Хива каби дунёга машҳур тарихий шаҳарларга эга эканини, Иордания эса Амман, Петра ва Вади-Рам каби ноёб қадамжоларни таклиф этишини таъкидлади. Келгуси ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида фармацевтика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, логистика, таълим, маданият ва ислом мероси соҳасидаги тадқиқотлар белгиланди.

Ўзбек-иордан муносабатларининг гуманитар таркибий қисмига тўхталинганда, 2026 йил 8 июль куни Иорданиянинг Фатволар бўйича бош бошқармаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани қайд этилди. Бундан ташқари, тўғридан-тўғри авиақатнов ва визасиз режим шароитида зиёратни тарихий ва маданий объектларга ташриф билан уйғунлаштирган “Умра плюс” форматида қўшма туристик дастурларни ишлаб чиқиш имконияти таъкидланди.

Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳақида сўз юритар экан, элчи “Ўзбекистон — 2030” Стратегияси мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт қарашларини акс эттиришини билдирди. Таъкидланганидек, илк бор мамлакат ялпи ички маҳсулоти 145 миллиард доллардан ошди, экспорт ҳажми 33,4 миллиард долларга етди, жалб қилинган хорижий инвестициялар эса 43,1 миллиард долларни ташкил этди. Қашшоқлик даражаси 5,8 фоизгача камайди.

Шунингдек, жорий йилда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаётгани, сўнгги йиллар иқтисодиёт, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида туб ислоҳотлар даври бўлгани таъкидланди.

Интервью якунида элчи Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичидаги асосий устувор йўналишларни кўрсатиб ўтди. Улар орасида иқтисодий ўсиш ва меҳнат унумдорлиги сифатини ошириш, инновациялар ва “яшил” энергетикани ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва инсон капиталини юксалтириш ўрин олган. Ушбу жараёнлар халқаро шериклар, жумладан Иордания учун ҳам инвестициявий ва технологик лойиҳаларни амалга оширишда янги имкониятлар очади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари