Президент Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни Самарқанднинг туризм салоҳиятини, шу жумладан зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича лойиҳалар билан танишди.
Мазкур тақдимот чоғида ислом оламидаги энг муқаддас қадамжолардан бири – Имом Бухорий мажмуаси ва унинг атрофида амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари ушбу зиёратгоҳда олиб борилиши режалаштирилган лойиҳа бўйича яна бир бор ўз тавсияларини билдириб, мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.
13 февраль куни Имом Бухорий мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари, Самарқанд вилояти жамоатчилиги вакиллари ва оқсоқоллар иштирокида лойиҳани амалга ошириш олдидан тадбир ўтказилди.

Қуръони карим тиловат қилиниб, қурбонлик амалга оширилди.
Лойиҳа юзасидан жамоатчиликка батафсил маълумот берилди.
Мажмуадаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида Имом Бухорий мақбараси ҳозирги кўриниши сақланган ҳолда реконструкция қилинади. Шу пайтгача мақбара остидаги қабрни зиёрат қилиш учун етарли шароит мавжуд эмас эди. Янги лойиҳада қабр атрофини кенгайтириб зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайлик яратиш кўзда тутилган.
Саккиз минг ўринли муҳташам масжид қурилади. Мажмуа атрофида тўртта улкан минора қад ростлайди. Халқимизга хос турмуш тарзидан келиб чиқиб, ҳозирги айвонларга қўшимча равишда ички ва ташқи айвонлар барпо этилади.
Маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида замонавий меҳмонхоналар, халқаро андозаларга тўла мос келадиган маиший хизмат ва санитария-гигиена шохобчалари қурилади.
Яна бир эътиборли томони, мажмуада қурилиш-бунёдкорлик ишлари жараёнида бу ердаги тарихий ҳавуз ва бир неча юз йиллик чинор дарахтларига зиён етказилмайди. Уларни асраб-авайлаш, ўз ҳолида сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилади.
Мажмуада амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик ишлари махсус ташкил этилган жамғарма маблағлари ҳисобидан ташкил этилади.
Мулоқот чоғида мазкур муқаддас зиёратгоҳни нафақат халқимиз, балки дунё аҳли келиб зиёрат қиладиган масканга айлантиришга Давлатимиз Раҳбари доимий равишда алоҳида эътибор қаратаётганлиги таъкидланди.
Жамоатчилик вакиллари Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу хайрли иш заминимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий-маънавий меросидан дунё аҳлини баҳраманд этиш, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилишини ва бу савобли ишга халқимиз ҳам фаол иштирок этишини билдирдилар.
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, доцент Азалшоҳ Ҳамроев ҳаммуаллифлигида «Бухоро: шарафли ўтмишдан буюк истиқбол сари» номли салмоқли китоб-альбом чоп этилди.
Туркиянинг Истанбул шаҳридаги нуфузли «Mega basim» нашриётида юқори полиграфик сифатда чоп этилган ушбу 384 бетлик асар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган.
Китоб-альбомда Ислом цивилизацияси бешикларидан бири бўлган кўҳна Бухорои Шарифнинг уч минг йиллик шонли тарихи, бой маънавий-маданий мероси, шунингдек, буюк алломалар юртидаги муқаддас қадамжоларнинг ўрни алоҳида эътироф этилган.
Шу билан бирга, нашрда Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари ва ижтимоий тараққиёт юқори сифатли суратлар, аниқ маълумотлар ҳамда илмий асосланган матнлар орқали очиб берилган.
Мазкур нашр нафақат тарихий ва маърифий меросни ўрганишда қимматли манба, балки юртимиздаги тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва маънавий юксалишнинг ёрқин кўзгуси бўлиб хизмат қилади.
Янги китоб-альбом маърифатпарвар халқимиз ва китобхонларга муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати