Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

БАЛОҒАТГА ЕТГАН ЙИГИТ, ҚИЗ ОДОБИ. ЭР-ХОТИН МУНОСАБАТИ.

10.02.2021   4097   23 min.
БАЛОҒАТГА ЕТГАН ЙИГИТ, ҚИЗ ОДОБИ.  ЭР-ХОТИН МУНОСАБАТИ.

 

Тарбия босқичларининг узвий боғлиқлиги

Фарзанд туғилишидан то уйланиш ёшигача бўлган даврда олиб бориладиган барча тарбиявий босқичларни бевосита узвий боғлаш керак.

Биринчи, тарбиянинг эътиқодий қисми. Дастлаб, фарзанд ёшлигида эътиқодий тарбия назорат қилиниб, болага Аллоҳдан қўрқиш, буйруқларини бажариш, қайтариқларидан сақланиш ҳамда Яратганга ибодат қилиш ўргатилади.

Иккинчи, тарбиянинг одоб қисми. Фарзандга ҳар доим Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак сийратлари ва улуғларнинг насиҳатлари ўргaтилиб, гўзал хулқлар ҳақида сабоқ берилади. Шу жараёнда ҳадис ва ҳикматларни ўргатиб, уларга амал қилиш уқтирилади. Шунингдек, саҳобалар, тобеинлар, муҳаддислар ва барча улуғ зотлар ҳаёти, мунаввар ахлоқларидан ибрат олиш ўргатилади.

Учинчи, тарбиянинг илмий қисми. Тарбиянинг асосий жиҳатларидан бири фарзандга илм ўргатадиган устознинг олим ва солиҳ бўлишидир. Ўз ўрнида устозни ҳурмат қилиш ҳам илмнинг тез сингишига сабаб бўлади. Шунинг баробарида фарзанднинг муносиб дўст танлаши ҳам муҳим. Дўст илмга чанқоқ бўлса, иккиси илм йўлидаги машаққатларни бирга енгади.

Тарбиянинг уч қисми баён қилинди. Бундан ташқари бўлган барча жараёнларни ҳам бир-бирига боғлаб, тўлдириб сингдириб борилса, мақсад ҳосил бўлади. Фарзандда жаҳолатни мағлуб эта оладиган маърифат пайдо бўлади. У ҳақиқий комил инсонга айланиб, турли ҳийлаларга алданмайди. Бузуқликларга қарши нафрат ҳисси пайдо бўлади.

Фарзандда ушбу сифат ва фазилатлар уйғунлашса, мунаввар нур таратаётган ҳилол сингари, ўз ёғдуси ва тафтини сочаётган қуёш мисоли жамиятга фойдали инсон бўлиб вояга етади.

 

Балоғатга етган йигит, қиз одоби

Ота-она ва муаллимлар зиммасига динимиз вожиб қилган масъулиятлардан бири фарзанднинг 12–15 ёшида кечадиган, балоғатга етиш белгилари сезилганида нималарга эътибор беришни очиқ тушунтиришдир. Ўғил бола бу пайтда уйқудан уйғонганида кийимида суюқ рангсиз суюқлик ёки намни кўрса, нима эканини билмайди. Шунинг учун ота бу ҳолатни яхши тушунтириши ва бундан кейин шундай ҳолат бўлганда қандай йўл тутишни ўргатиши лозим. Қиз болада эса балоғат ёшида ҳайз келиши кузатилиб, оналар бундай ҳолатда нимага эътибор беришни очиқ тушунтириши талаб этилади.

Фарзанд ушбу ёшдан эътиборан шаръан мукаллаф, яъни балоғатга етган ҳисобланиб, Аллоҳнинг олдидаги бурчлари ва жамиятдаги вазифаларига нисбатан масъулиятни ҳис этиши зарур. Катта ёшдагиларга нима вожиб бўлса, энди улар зиммаларига ҳам ана шу ҳукмлар шарт бўлади.

Ислом дини ота-онага фарзанднинг одоблари яхши бўлиши учун муҳим вазифаларни юклади. Айрим оилаларда фарзанд эҳтилом бўлгач, ғусл қилиш зарур эканини билмай, бепарво юриши кузатилади. Баъзи оилаларда эса қиз бола ҳайздан сўнг чўмилиш лозимлигини билмайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандига тортинмасдан балоғат ҳукмларини баён қилиши шарт. Сўнг эса мураббийлар бу борадаги маслаҳат ва тавсияларни таълим беради.

Аксинча, бу таълимотлар вақтида етказилмаса, нопоклик фарзанд учун оддий ҳолга айланади. Секин-аста қалби қотиб, имонига зиён етади. Шу боис ушбу мавзуга доир фиқҳий масалаларни баён қиламиз:

Биринчиси, ўғил ёки қиз бола уйқусида эҳтилом бўлса, уйғонганидан сўнг кийимида намлик кўрмаса, ғусл вожиб бўлмайди.

عن خولة بنت حكيم انها سألت النبي صلى الله عليه و سلم عن المرأة ترى في منامها ما يرى الرجل فقال ليس عليها غسل حتى ينزل الماء كما ان الرجل ليس عليه غسل حتى ينزل. (رواه أحمد والنسائي)

Аҳмад ва Насоий ривоят қилади: Ҳавла бинти Ҳаким Набийдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  эркаклар тушида кўрган нарсани аёл киши кўргани ҳақида сўради. Ул зот: “Нозил бўлмагунча ғусл вожиб бўлмайди, худди эркакларда ҳам нозил бўлмагунча ғусл вожиб бўлмаганидек”, дедилар.

وفي رواية النسائي: أنها سَأَلْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الْمَرْأَةِ تَحْتَلِمُ فِي مَنَامِهَا فَقَالَ إِذَا رَأَتْ الْمَاءَ فَلْتَغْتَسِلْ.

Набийдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тушида эҳтилом бўлган аёл ҳақида сўралди. Шунда: “Агар сувни кўрса, ғусл қилсин”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Иккинчиси, ўғил ёки қиз бола уйғонганидан сўнг кийимида намлик кўрса, эҳтиломни эслай олмаса ҳам, унга ғусл қилиш вожиб бўлади:

عن عائشة قالت: سئل رسول الله صلى الله عليه و سلم عن الرجل يجد البلل ولا يذكر احتلاما قال " يغتسل " وعن الرجل يرى أن قد احتلم ولا يجد البلل قال " لا غسل عليه " فقالت أم سليم المرأة ترى ذلك أعليها غسل ؟ قال " نعم إنما النساء شقائق الرجال " . (رواه أبو داود والترمذي)

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилади: Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эҳтилом бўлганини эслолмаган, аммо кийимида намлик кўрган киши ҳақида сўради. Шунда: “Ғусл қилади”, дедилар. Эҳтилом бўлган, аммо намликни кўрмаган киши ҳақида сўради. “Унга ғусл лозим эмас”, дедилар. Умму Сулайм: “Уни (намликни) кўрган аёлга ғусл вожиб бўладими?” деди. “Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг ярми”, дедилар.

Учинчиси, маний шаҳват билан отилиб чиқса, ғусл вожиб бўлади:

عن على قال كنت رجلا مذاء فسألت النبى -صلى الله عليه وسلم- أو سئل عن ذلك فقال « فى المذى الوضوء وفى المنى الغسل ». (رواه أحمد)

Имом Аҳмад ривоят қилади. Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтади: «Мен кўп мазий кўрар эдим. Набийдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўрадим. Ул зот: “Мазийда таҳорат олинади, манийда ғусл қилинади”, дедилар».

Тўртинчиси, “ҳашафа”, яъни эркак жинсий аъзосининг бош қисми аёл жинсий аъзосига кириши ҳар иккисига ғуслни вожиб қилади.

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: إذا التقى الختانان وغابت الحشفةُ فقد وجب الغسلُ أنزل أو لم ينزلْ. (رواه الطبراني في الأوسط)

Табаронийнинг “Асват” асарида келтирилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар икки жинсий аъзо учрашса ва ҳашафа ғойиб бўлса, маний чиқадими ёки йўқми, ғусл вожиб бўлади”, дедилар.

Бешинчиси, аёлнинг ҳайз ва нифос муддати тугаши ғуслни вожиб қилади. Бу ҳақда:

وَلَا تَقۡرَبُوهُنَّ حَتَّىٰ يَطۡهُرۡنَۖ

«...то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз!..» (Бақара, 222).

“ط”- ҳарфи ташдидли ўқилганида “ғусл қилгунича” деган маънони англатади.

Қуйидаги ҳадис ушбу ҳукмни қувватлайди:

عن عائشة: أن فاطمة بنت أبي حبيش كانت تستحاض فسألت النبي صلى الله عليه و سلم فقال ( ذلك عرق وليست بالحيضة فإذا أقبلت الحيضة فدعي الصلاة وإذا أدبرت فاغتسلي وصلي ). (رواه البخاري)

Имом Бухорий ҳазрат Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: Фотима бинти Ҳубайш истиҳоза бўлар эди. Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда сўради. У зот: “Бу (қон) томир бўлиб, ҳайз эмас. Агар ҳайз келса, намозни тарк қил, агар ҳайз тугаса, ғусл қил ва намоз ўқи”, дедилар. Ҳайзга қиёсан нифосдан кейин ҳам ғусл қилиш собит бўлди.

Истиҳоза – уч кундан кам ёки ҳайзнинг ўнинчи кунидан сўнг ва нифоснинг қирқ кунидан сўнг зоҳир бўладиган қон.

Олтинчиси, фарзанд қандай ғусл қилишни ўрганиши лозим.

Ғуслнинг фарзлари. Оғизни чайиш; бурунни ачиштириб сув билан чайқаш; бутун баданга сув етказиб, ишқалаб ювиш. Аллоҳ таоло бундай дейди:

وَإِن كُنتُمۡ جُنُبٗا فَٱطَّهَّرُواْۚ

«...Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!..» (Моида, 6).

عن أبي هريرة : عن النبي صلى الله عليه و سلم قال تحت كل شعرة جنابة فاغسلوا الشعر وأنقوا البشر. (رواه أبو داود والترمذي)

Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир соч толаси ости нопокдир, бас, сочни ювинглар ва терини покланглар”, дедилар.

Ғуслда тана аъзоларини сув билан ювиш керак. Ушбу шаръий ҳукмга кўра, тананинг барча аъзолари – киндик, икки қулоқнинг зоҳирий жойлари ва қўлтиқ остини ишқалаб ювиш вожиб бўлади. Баъзи кишиларда “кўз ва қулоқнинг ичини чўп билан ювиш керак” деган нотўғри тушунча бор. Қулоқ ичи қўл борган жойгача ювилади.

Ғуслнинг суннатлари. Танадаги нопокликни кетказиш ва таҳорат қилиш, барча аъзоларга уч мартадан сув етказиш, охирида оёқларни сув тўпланган жойдан бошқа ерда ювиш, ният қилиш, тасмия айтиш, мисвок ишлатиш, соқол, бармоқларга ҳилол қилиш, бадандаги нопокликни имкон бўлса, ишқалаб кетказиш ғуслда суннат амаллардир.

Бу ҳақда “Олти китоб” соҳиблари ривоят қилади. Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу), Маймуна онамиз (розияллоҳу анҳо) айтади:Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жанобатдан ғусл қилаётганларида қўлларини уч марта ювдилар. Кейин идишдан сув олиб, чап қўллари билан аврат аъзоларини покладилар. Сўнг чап қўлларини ерга урдилар ва қуритдилар, таҳорат қилдилар. Бошларига уч ҳовуч сув қўйдилар, ҳар ҳовучда икки кафтлари сувга тўлди. Кейин айрим аъзоларини ювдилар. Охирида бошқа ерга ўтиб оёқларини ювдилар”.

Эркакнинг ўрилган сочи бўлса, ечиш вожиб бўлади. Токи сочлари орасига сув етсин. Аммо аёлнинг ўрилган сочи бўлса, ечиш вожиб эмас, балки соч тагига сув етказиш кифоя.

 

Таяммумнинг шартлари

Агар ғусл учун керак бўлган сув бир мил узоқда бўлса ёки кун совуқлиги боис касал бўлишдан қўрқилса, йиртқич ҳайвон ёки душман сувни эгаллаб олган бўлсаю, ўзи ё молига ҳамласидан қўрқилса, таяммум қилиш жоиз бўлади.

Таяммум юзга масҳ тортиш учун қўлни ер жинсидан бўлган нарсага, масалан тупроқ, тош ёки қум, ёки кишига ўтирган ғубор бўлиши мумкин, унга қўлини уриб юзга суриш ва иккинчи маротаба уриб, қўлларнинг тирсаклари билан қўшиб масҳ қилишдир.

Аллоҳ таоло баён қилади:

فَلَمۡ تَجِدُواْ مَآءٗ فَتَيَمَّمُواْ صَعِيدٗا طَيِّبٗا فَٱمۡسَحُواْ بِوُجُوهِكُمۡ وَأَيۡدِيكُم مِّنۡهُۚ

«...(лекин) сув топмасангиз, пок тупроққа таяммум қилиб, ундан юзларингиз ва қўлларингизга суртинг!..» (Моида, 6).

Таяммум тартиби қуйидаги ҳадисда баён қилинган:

عَنْ جَابِرٍ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « التَّيَمُّمُ ضَرْبَةٌ لِلْوَجْهِ وَضَرْبَةٌ لِلذِّرَاعَيْنِ إِلَى الْمِرْفَقَيْنِ ». (رواه الدارقطني)

Дорақутний ва Ҳоким ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таяммум икки зарбдир, юзга масҳ қилиш учун бир зарб ва қўлни тирсаги билан масҳ қилиш учун яна бир зарб”,  дедилар.

Таяммумда таҳорат билан бажариш лозим бўлган, яъни намоз ўқиш каби ибодатларни бажаришни ният қилиш шарт. Таяммумдан мақсад катта ва кичик нопокликни кетказишни қасд қилишдир. Катта нопоклик жанобат, кичик нопоклик таҳоратсизликдир.

Еттинчиси, жанобат вақтида ман қилинган амаллар. Улар қуйидагилар:

– ҳайз ва нифос пайтида аёлга рўза тутиш ва намоз ўқиш ман этилади. У рўза қазосини тутади, намоз қазосини эса ўқимайди.

“Саҳиҳ” китобларда баён қилинган:

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: كَانَ يُصِيبُنَا ذَلِكَ فَنُؤْمَرُ بِقَضَاءِ الصَّوْمِ وَلاَ نُؤْمَرُ بِقَضَاءِ الصَّلاَةِ. (رواه مسلم)

Ойша (розияллоҳу анҳо): “Бизга бу (ҳайз ёки нифос) етарди. Бизга рўза қазоси буюрилиб, намознинг қазоси буюрилмади”, дедилар.

– Каъбани тавоф қилиш;

– Аёл ҳайз ёки нифос пайтида қўшилиш.

Аллоҳ таоло баён қилган:

فَٱعۡتَزِلُواْ ٱلنِّسَآءَ فِي ٱلۡمَحِيضِ

“... Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз...” (Бақара, 222).

عن حرام بن حكيم عن عمه أنه سأل رسول الله صلى الله عليه و سلم ما يحل لي من امرأتي وهي حائض ؟ قال " لك ما فوق الإزار ". (رواه أبو داود)

Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Саъддан ривоят қилади: Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Хотиним ҳайз кўрганида нимаси ҳалол?” деб сўрадим. Ул зот: “Сенга изор устидаги (ҳалол) бўлади”, дедилар.

Демак, эркак кишига ҳайз ёки нифосда бўлган хотини билан қўшилишдан бошқа ҳолатлар жоиздир.

Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида яҳудийлар аёлларини ҳайз ёки нифосдан поклангунларича бир уйга қамаб қўяр эди. Бундай аёлларга овқат тайёрлаш, эр ва фарзандлари билан гаплашиш мумкин эмасди. Насронийларда эса бунинг батамом акси – умуман масофа сақланмасди.

Муқаддас динимиз ўрта меъёрни танлаб, кишиларга том маънода инсонийликка тўғри келадиган, ҳақиқий йўлни кўрсатди. Бу билан аёллар ҳақ-ҳуқуқлари таъминланди ҳамда ҳайз ва нифосга доир масалалар тартибга солинди.

Аёл ҳайз ва нифос пайтида Қуръони каримдан бирор оят ўқиши жоиз эмас:

عن ابن عمر : عن النبي صلى الله عليه و سلم قال لا تقرأ الحائض ولا الجنب شيئا من القرآن. (رواه الترمذي)

Имом Термизий ва Ибн Можа Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳайз кўрган ва жунуб аёл Қуръондан бирор нарса ўқимайди”, дедилар.

Аммо зикр, сано мақсадида, масалан: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”, “Алҳамдулиллаҳ”, дейиши жоиздир.

Таҳоратсиз, жунуб ҳолда ёки ҳайз ва нифос пайтида Қуръони каримни ғилофсиз ушлаш мумкин эмас. Бунда ғилоф Қуръонга ёпишмаган бўлиши шарт.

Аллоҳ таоло баён қилганидек:

لَّا يَمَسُّهُۥٓ إِلَّا ٱلۡمُطَهَّرُونَ٧٩

«Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар» (Воқеа, 79).

Бу масалада қуйидаги ҳадислар келтирилган:

عن حكيم بن حزام ، أن النبي صلى الله عليه وسلم لما بعثه واليا إلى اليمن قال : « لا تمس القرآن إلا وأنت طاهر ». (رواه الحاكم في المستدرك)

Ҳоким “Мустадрак” асарида ривоят қилади. Ҳаким ибн Ҳизом айтди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени Яманга жўнатаётганларида: “Қуръонни фақат пок ҳолда ушлагин”, дедилар».

Шунингдек, жунуб киши намоз ўқиши, масжидга кириши, Каъбани тавоф қилиши мумкин эмас. Аммо жунуб киши рўза тутиши дуруст. Жунублик намозни кеч ўқишига сабаб бўлса, гуноҳкор бўлади.

Уйқусида эҳтилом бўлган киши уйғонгач, кийимида манийдан нам кўрса, уни ювиш билан тозалайди. Агар қуруқ ҳолда кўрса, ишқалаш билан ҳам пок бўлади.

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ كُنْتُ أَفْرُكُ الْمَنِىَّ مِنْ ثَوْبِ رَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- إِذَا كَانَ يَابِسًا وَأَغْسِلُهُ إِذَا كَانَ رَطْبًا. (رواه الدارقطني)

Дорақутний “Сунан” асарида ва Баззор “Муснад” асарида ривоят қилади: Ойша (розияллоҳу анҳо) айтдилар: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кийимларида маний қуриган бўлса, уни ишқалаб тозалардим, агар ҳўл бўлса, уни ювардим”.

Шу зайлда динимиз таълим берган поклик қоидаларини ота-она бирма-бир фарзандга ўргатса, ҳар бир ота-она ўзи орзу қилганидек олиму фозил, оқилу доно, комил фарзандлар вояга етади.

 

Эр-хотин муносабати

Аллоҳ таоло инсонга наслини давом эттириши учун шаҳвоний истак берди. Ушбу истакни қондириши учун ҳалол йўлни кўрсатиб, илоҳий ҳукмларни баён қилди. Шунинг учун динимизнинг мазкур эҳтиёжни тўғри йўл билан қондириш, оила қуриш ва наслни давом эттириш ҳақидаги ҳикмат ва фазилатлари борасида сўз юритамиз. Бу масалалар яқин келажакда оила қуриш остонасида турган фарзандлар тарбиясида муҳим ўрин тутади.

Маълумки, инсон табиати жинсий эҳтиёжни қондиришга мойил. Одам зоти борки, ана шу таскинга муҳтож. Аммо инсон Яратган ато этган ақл-идроки билан бу эҳтиёжни тўғри ва ҳалол йўл билан қондириши лозим. Динимиз бундай амални юксак баҳолайди ва қўллаб-қувватлайди. Аксинча, уйланишдан ўзини мосуво қилишни эса, ўзига зулм ҳисоблаб, қоралайди. Маъқулланган жиҳат никоҳ асосида эр-хотинлик, яъни оила қуриш билан бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَمِنۡ ءَايَٰتِهِۦٓ أَنۡ خَلَقَ لَكُم مِّنۡ أَنفُسِكُمۡ أَزۡوَٰجٗا لِّتَسۡكُنُوٓاْ إِلَيۡهَا وَجَعَلَ بَيۡنَكُم مَّوَدَّةٗ وَرَحۡمَةًۚ

«Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир...» (Рум, 21).

Мазкур оятга биноан Ислом оила қуришга жиддий тарғиб қилади. Уйланишни тарк қилишдан қайтаради. Жаноб Сарвари коинот, бу ҳақда уйланишга қодир бўлган умматларга сабоқ сифатида, ушбу ҳадисни баён қилганлар:

عن أبي نجيح ، أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال : « من كان موسرا لأن ينكح ، ثم لم ينكح ، فليس مني ». (رواه الطبراني في الكبير)

Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким уйланишга қодир бўлиб уйланмаса, у мендан эмас”, дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Уч киши Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйларига келиб, бири: “Мен туни билан намоз ўқийман”,  деди. Кейингиси: “Ҳар куни рўза тутаман”, деди. Охиргиси: “Мен ҳеч қачон уйланмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга қасам, мен сизлардан кўра тақводорроқман. Лекин мен рўза тутаман ва ифтор қиламан (рўза тутмаган куним бўлади), кечаси намоз ўқийман ва ухлайман, уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”, дедилар».

Бу ҳадисдан қодир киши уйланиши зарурлиги ва у Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларини тутган бўлиши маълум бўлмоқда. Акс ҳолда Муҳаммад (алайҳиссалом) у “мендан эмас”, яъни менинг йўлимда эмас, дедилар.

Қодир бўлиш деганда қайси жиҳатлар эътиборга олинишини уламолар батафсил баён қилишган:

а) шундай кишилар бор, бирор дард туфайли ёки бошқа сабабдан жинсий ожиз бўлади. Унинг шифо топиши учун ҳеч бир омил кор қилмайди. Бундайлар учун уйланиш мумкин эмас. Чунки унинг уйланишдан кўзланган мақсадларга эҳтиёжи, насл давом эттиришга имконияти ҳам йўқ.

б) айрим инсонлар бор, қувватга эга, аммо руҳий хасталиги боис уйланиши макруҳ. Чунки бундай инсонларнинг  уйланган аёлга зулм қилиши ва ёмонликка гирифтор этиш хавфи бор.

в) баъзи одамлар бор, шаҳватини ҳаромдан тия олади, аммо уйланса, оила боқишни эплолмайди, нафақага қодир эмас. Бу тоифадагилар учун уйланмаслик яхшироқ. Чунки оила масъулиятини бўйнига олган кишига оила таъминоти вожиб бўлади.

г) бир тоифадагилар бор, шаҳватларини ҳаромдан тия олмайди. Агар уйланса, айни вақтда оиласини боқишни эплаш даражасида эмас. Бундайлар учун уйланиш мубоҳ, улар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтганларидек, рўза тутиши афзал.

д) айрим тоифа кишилар бўлади, соғлом, бақувват, уйланишга қодир, шаҳватини ҳаромдан тийишга қурби етади. Мабодо оила қургудек бўлса ҳам, бемалол рўзғор тебрата олади. Булар учун уйланиш мустаҳаб ва суннат.

е) кўпчиликни ташкил этадиган тоифа вакиллари бор, улар ҳар томонлама, жисман ва руҳан соғлом бўлиб, юқорида зикр этилган нуқсонлардан холи. Аммо шаҳватини ҳаромдан тийишга эса ожиз. Агар уйланадиган бўлса, оиласининг таъминотини эркин бажаради. Ушбу тоифадагилар учун уйланиш вожибдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйланишнинг улкан ҳикматларидан бири ҳақида бундай баён қилганлар:

عَنْ أَبِى ذَرٍّ أَنَّ نَاسًا مِنْ أَصْحَابِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالُوا لِلنَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- يَا رَسُولَ اللَّهِ ذَهَبَ أَهْلُ الدُّثُورِ بِالأُجُورِ يُصَلُّونَ كَمَا نُصَلِّى وَيَصُومُونَ كَمَا نَصُومُ وَيَتَصَدَّقُونَ بِفُضُولِ أَمْوَالِهِمْ. قَالَ « أَوَلَيْسَ قَدْ جَعَلَ اللَّهُ لَكُمْ مَا تَصَّدَّقُونَ إِنَّ بِكُلِّ تَسْبِيحَةٍ صَدَقَةً وَكُلِّ تَكْبِيرَةٍ صَدَقَةٌ وَكُلِّ تَحْمِيدَةٍ صَدَقَةٌ وَكُلِّ تَهْلِيلَةٍ صَدَقَةٌ وَأَمْرٌ بِالْمَعْرُوفِ صَدَقَةٌ وَنَهْىٌ عَنْ مُنْكَرٍ صَدَقَةٌ وَفِى بُضْعِ أَحَدِكُمْ صَدَقَةٌ ». قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ أَيَأْتِى أَحَدُنَا شَهْوَتَهُ وَيَكُونُ لَهُ فِيهَا أَجْرٌ قَالَ « أَرَأَيْتُمْ لَوْ وَضَعَهَا فِى حَرَامٍ أَكَانَ عَلَيْهِ فِيهَا وِزْرٌ فَكَذَلِكَ إِذَا وَضَعَهَا فِى الْحَلاَلِ كَانَ لَهُ أَجْرٌ ». (رواه مسلم)

Имом Муслим “Саҳиҳ” асарида Абу Заррдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари айтди: “Ё Расулуллоҳ, бойлар савобда биздан ўтди. Улар биз ўқигандек намоз ўқийди, биз рўза тутгандек рўза тутади ва моллари кўплиги боис садақа қилади”.

Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сизларга садақа қилиш имконини бермадими? Албатта, ҳар бир тасбеҳ садақа, ҳар бир такбир садақа, ҳар бир таҳмид (ҳамд айтиш) садақа ва ҳар бир таҳлил садақа, яхшиликка буюриш садақа, ёмонликдан қайтариш садақа ва сизларни авратингизда, яъни жинсий яқинлик садақадир”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, биримиз шаҳватини қондирса, савоб бўладими?” деб сўрадилар. “Агар ҳаромда қондирса, гуноҳ бўлармиди?” дедилар. Улар: “Ҳа”, дедилар. Набий (алайҳиссалом): “Шунга ўхшаш, агар ҳалолдан қондирилса, савоб бўлади” дея марҳамат қилдилар».

Мазкур ҳадисда никоҳ билан бир-бирларига ҳалол бўлган эр-хотин ўзаро қўшилишида ҳам савоб борлиги билдирилди. Бундан мақсад, шариат доирасида бажарилган ҳар бир иш беҳуда эмас, балки Парвардигор улкан ажрлар ато қилади. Ҳар бир мўмин Аллоҳнинг буюрган фарз амалларини бажариши, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) умматларига баён қилган зарур амалларда собит туриши талаб этилади. Саҳобалар Аллоҳ ризолиги, дин равнақи ва жамият манфаатини шахсий манфаатларидан устун қўярдилар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ахлоқсизликдан сақланиш;

Эр ва хотин ҳамжиҳатлиги;

Касаллик ва офатлардан сақланиш;

Руҳий ва нафсий таскин топиш;

Солиҳ зурриёт қолдириш;

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Ҳамдардлик билдирамиз

21.11.2024   5236   1 min.
Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари  бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.


Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.


Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.


Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.


Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.


«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси