Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Май, 2026   |   4 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:21
Қуёш
04:59
Пешин
12:25
Аср
17:28
Шом
19:45
Хуфтон
21:16
Bismillah
22 Май, 2026, 4 Зулҳижжа, 1447

ИМОМ МОТУРИДИЙ АДАШМАГАН

09.02.2021   4631   7 min.
ИМОМ МОТУРИДИЙ АДАШМАГАН

Кейинги вақтларда “Мотуридийлар, Ашъарийлар адашган” қабилидаги ижтимоий тармоқларда турли хил маърузалар кўпайиб қолган. Жумладан, яқинда Абдуллоҳ Зуфар номли шахснинг “Аллоҳ қаерда? Мотуридий ва Ашъарийлар” мвзусидаги суҳбатини тингладим.  Бу каби маърузаларни эшитган сари, айтаётган гаплари ҳеч бир илмий асосга эга эмаслигини тушуниб борарканман, кўплаб саволлар қийнай бошлайди. Нима учун етарлича диний илмга эга бўлмаган, саводсиз бир кимсалар мужтаҳид имомларнинг йўлларини хато деб айтмоқдалар? Уларнинг мақсадлари нима? Нима учун ўн асрдан зиёд вақтдан буён бир жамоа бўлиб, “Ҳидоят имоми” дея ўзлари ном берган имомга эргашиб келаётган мусулмонларни ва алломаларни энди улар адашган демоқда? Улар наҳотки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳ таоло умматимни ҳеч қачон залолат устида жамламайди” (Имом Ҳоким ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган), деган ҳадисларидан кўр-кўрона кўз юмадилар? Ваҳоланки, бугунги кунда дунёдаги мусулмонларнинг 92,5 фоизи Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидадир. Яъни,  Мотуридий, Ашъарий йўналишида амал қилиб келмоқда. Агар бу мазҳаб хато йўналишда бўлса эди, Аллоҳ таоло унинг умрини узоқ ва унга эргашувчилар сафини бунчалик кўп қилиб қўймаган бўлар эди-ку?

  Шунингдек, бизнинг диёрларимизда сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш Мотуридийлик ақидавий йўналиши кенг ёйилган. Бу йўналиш асосчиси бизнинг юртдошимиз Фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик йўналиши асосчиси “Имом ал-ҳудо” (“Ҳидоят йўли имоми”), “Имом ал-мутакаллимин”, (“Мутакаллимлар имоми”) номлари билан улуғланган Абу Мансур Мотуридийдир.

Имом Мотуридийга Ислом уламолари турли хил илмий унвонларни берганлар. Масалан, “Имомул ҳудаа” (ҳидоятга бошловчи имом), “Аламул ҳудаа” (ҳидоят маёғи), “Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн” (мусулмонларнинг ақидаларини ҳар хил бидъат ва хурофотлардан тозаловчи киши), “Раису Аҳлис суннаҳ” (Аҳли сунна вал жамоа раиси) ва бошқалар.

Бу сифатлар ва унвонлар у кишининг ўз издошлари қалбидан чуқур жой олганини, суннатга ёрдам бериш ва ҳимоя қилиш йўлида салмоқли натижаларга эришганини кўрсатади.

Имом Мотуридий Аҳли сунна вал жамоа ақидасини шарҳлаш ва ёритиб беришда муҳим рол ўйнаган атоқли исломий шахсиятлардан бири ҳисобланади.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир, ақида ва фиқҳ фанларига оид бир қанча китоблар ёзиб, улкан илмий мерос қолдирганлар. Масалан, Қуръони карим тафсирига доир “Таъвилоту аҳлис-сунна” китобини ёзганлар. Ҳижрий етти юз етмиш бешинчи йилда вафот этган имом Абдул Қодир Қураший бу китобга: “У тафсир бобида ҳеч қандай асар унга тенг келолмайдиган бир китобдир. Ҳатто бу фан соҳасида ундан олдингилар ёзиб кетган асарлар ҳам унга яқин келолмайди”, деб таъриф берган.

Имом Кафавий Имом Мотуридийнинг таржимаи ҳоли ҳақида шундай дейди: “Мутакаллимларнинг имоми, мусулмонларнинг ақидаларини ҳар хил бидъат ва хурофотлардан тозаловчиси бўлган бу кишига Аллоҳ таоло тўғри йўлга ҳидоят қилиб қўйиш билан мадад берган эди. Шунинг учун ҳам у тўғри динни ҳимоя қилишга бел боғлаб улкан асарлар битди. Ботил ақидалар соҳибларининг сўзларига раддиялар берди”.

Имом Маҳмуд Зоҳид Кавсарий айтадилар:

“Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийлар машриқу ва мағрибда Аҳли суннат ва жамоат имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор”.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ турли ботил ақидавий фирқалар кўпайганда у киши саҳобалар, тобеъинлар ва замондошлари: таба тобеъинларнинг соғлом ақидаларини жамлаб, шарҳладилар ва Аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилдилар.

 Баъзи жоҳил тоифалар даъво қилгани каби У зот янги дин ёки янги ақида олиб келмаганлар. Балки, турли фирқалар томонидан Аҳли сунна вал жамоа ақидасини бузиб талқин қилиш бошланганда, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Пайғамбаримиз ва саҳобаи киромлар тутган йўл қайси экани шарҳлаб билдирилган. Бу ишда Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қолдирган илмлари ва ижтиҳодларидан кўп фойдаланганлар. Сабаби, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ устозларининг устози орқали Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадга етиб борадилар. Яъни, икки устоз воситасида Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад силсиласига боғланади.

Демак, Ислом уммати эътироф қилган ва бир овоздан қабул қилган мужтаҳид олимларга Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ қанчалик яқин бўлганликлари ва ўша даврдаги соф ислом билим булоқларидан сув ичганликлари маълум бўлмоқда.

Ўзгаларни адашган дейишдан айниқса мужтаҳид, ислом уммати эътироф этган имомларни хатокор деб айтишдан сақланиш, балки ҳар бир киши ўзини адашиб кетмаслигини Аллоҳ таолодан сўраши зарур. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳт васаллам ҳам адашиб кетишдан қаттиқ хавотирда бўлганлари ҳадисларда ривоят қилинган:

Имом Байҳақий ўзининг “Шуъаб ал-имон” номли асарида Али Шаторийдан қуйидагиларни баён қилади: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочимни Ҳуд сураси оқартирди деб айтганингизни эшитдим”, деди.

Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа шундай”, деб жавоб бердилар.

“Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сурадаги пайғамбарлар қиссаси-ми ёки уларнинг умматларининг ҳоли-ми сизнинг сочингизни оқартирди”.

“Йўқ, пайғамбарлар ҳам уларнинг умматлари ҳақидаги оятлар ҳам сочимни оқартиргани йўқ. Балки сурадаги “Бас, (эй, Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг!” ояти сочимни оқартирди”, дедилар.

Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ўзидан тўғри йўлда мустақим қилишини сўраб кўп дуо қилар эдилар. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йа, муқаллибал қулуби саббит қалбий аъла дийник (Ё, Қалбларни ўзгартирувчи Зот, қалбимни ўзингнинг динингда собит қил)” деб дуо қилар эдилар.

Имом ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг ўндан ортиқ асарлари соф исломий таълимотга даъват қилганлиги билан жуда аҳамиятлидир, хусусан, улардан иккитаси муҳим. Улардан биринчиси Қуръон тафсирига оид бўлиб, “Таъвилот ал-Қуръон”  деб аталади. Яна у “Таъвилоту аҳли ас-сунна” (“Суннат аҳлининг изоҳлари”) номи билан 12 (ўн икки) жилдлик қилиб нашр қилинган. Унинг аҳли суннат ва жамоат ақоидининг асосини ташкил қилувчи асари “Китоб ат-тавҳид” (“Аллоҳнинг ягоналигини исботлаш китоби”) деб номланган. Мазкур “Китоб ат-тавҳид” асари йирик ҳажмли, ўзида аҳли суннат ва жамоат ақоидининг мураккаб масалаларини муфассал равишда қамраб олган. Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзларининг “Китоб ат- тавҳид” асарларининг таснифига киришар экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ушбу рисола орқали ўзларини адашиш, залолатга дучор келиш, хатога йўл қўйишидан асрашини илтижо қилиб сўраганларига гувоҳ бўламиз. Иншаллоҳ, бу китобнинг ҳали сиз азиз ўқувчилар билан бўлишадан ўринлари кўп, Аллоҳ насиб қилганича уларни сизга етказишда давом этамиз.

Минг йиллардан бери мусулмонлар маҳкам тутган мана шундай йўналишларда барчамиз собит туриб, фарзандларимиз ва ёш авлодга ушбу тушунчаларни сингдиришимиз айни муддаодир. Ёшларимиз ўз эътиқоди ва мазҳабини яхши билса, ҳар хил оқим аъзолари уларни чалғита олмайди ва тўғри йўлда бардавом бўладилар, иншаллоҳ.

 

Обиджон Хурсандов - Самарқанд Ақида мактаби устози

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қурбонлик: шартлари, одоблари ва вақти

21.05.2026   4308   7 min.
Қурбонлик: шартлари, одоблари ва вақти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин

 

Қурбонлик луғатда “яқинлашмоқ”, “яқин бўлмоқ” маъноларини билдириб, истилоҳда бу сўз Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида жонлиқ сўйишни англатади.

Қурбонлик Ислом динининг вожиб бўлган улуғ амалларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар сураси, 2-оят).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайити куни эрта билан ўзлари қурбонлик қилардилар ва бошқаларни ҳам курбонлик қилишга тарғиб этардилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имконияти бўла туриб, қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин”, деганлар (Имом Аҳмад, Ибн Можа ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса-ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар.

 

Қурбонлик тарихига бир назар

Қурбонлик ҳижрий иккинчи йил вожиб бўлган бўлсада, лекин унинг тарихи анча узоқларга – Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади ва у зотдан бизга қолган амаллардандир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қурбонлик қилинглар! Албатта, у отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Қурбонлик қилишдан мақсад нима?

Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж сураси, 37-оят).

Шунингдек, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади.

Аллоҳга ҳар қанча шукр қилсак, шунча оз. Холис Аллоҳнинг Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Аллоҳнинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.

Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.

 

Қурбонлик кимларга вожиб?

Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт.

1. Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик қурбат бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи ибодат бўлиб кофир унга аҳл эмас (Бадоеъус саноеъ).

2. Озод бўлиш. Чунки қулнинг мулки бўлмайди (Ал баҳрур роиқ).

3. Нисоб эгаси бўлиш.

4. Муқим бўлиш. Мусофирга қурбонлик вожиб эмас. Гарчи сафарда нисоб миқдорига эга бўлса ҳам. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мусофир зиммасига қурбонлик вожиб эмас”.

 

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар

Қурбонлик қуйидаги ҳайвонлардан бирини сўйиш билан адо топади:

Қўй (қўй дейилганда эчки ҳам тушунилади), қорамол ва туядир. Ушбу ҳайвонлардан бошқа ҳайвонлар қурбонлик ўрнига ўтмайди.

Қўйда ёлғиз бир киши, қорамол ва туяда эса бир кишидан етти кишигача шерик бўлиб адо қилишлари мумкин. Қўй олти ойлик ва ундан катта бўлиши шарт. Қорамол икки ёш ва ундан катта бўлиши шарт, туя беш ёш ва ундан катта бўлиши шарт.

Шу билан бирга, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон семиз, йўғон ва ёши катта бўлиши афзал саналади. Қурбонликка ярамайдиган айби ёки нуқсони бор ҳайвонларни сўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ичимизда туриб: “Тўрт нафар ҳайвон қурбонликка ярамайди: кўзи кўрлиги билиниб турган (айбли) ҳайвон, касали зоҳир касал ҳайвон, чўлоқлиги зоҳир чўлоқ ва ўрнидан тура олмайдиган ўта озғин ҳайвон”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Курбонлик қилинадиган ҳайвон айбдан холи бўлиши лозим. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қулоғи, ёки думи, ёки кўзининг бир қисмидан кўпроғи йўқ бўлса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

Касал, чўлоқ ва озғин ҳайвонлар сўядиган жойга ўз оёғи билан юриб бора олмаса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

 

Қурбонлик қилиш вақти

  • қурбонлик ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади.
  • ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботиши билан тугайди.

 

Қурбонликнинг қийматини садақа қилиш мумкинми?

Қурбонлик талаб этилган жонлиқлардан бирини сўйиш орқали адо этилади. Жонлиқни сўймай, жонлиқни ёки унинг миқдорига тенг маблағни бериш қурбонлик ҳисобланмайди. Балки садақа ҳисобланади. Алоуддин Косоний раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Бир киши қурбонлик кунларида қўйнинг ўзини ёки қийматини садақа қилса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Чунки қурбонликнинг вожиблиги қон оқизишга боғлиқдир” (Бадоеъус саноеъ).

 

Қурбонлик одоблари

Қурбонлик қилиш вожиб бўлган киши қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим:

Аввало – Қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Бошқалар “кўрсин” ёки “эшитсин”, деган ниятдан йироқ бўлади.
Иккинчи одоб – қурбонлик қилувчи соч, соқолига ва баданига ҳеч нарса теккизмаслиги. Қурбонлик қилишни ирода қилган киши зулҳижжа ойининг биринчи кунидан бошлаб, то ҳайит куни қурбонликни бажаргунга қадар соч-сақолини олмайди ва баданининг бошқа жойларига ҳам тиғ теккизмаслиги мустаҳабдир. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон сизлардан бирортангиз қурбонлик қилишни ирода қилса, сочига ва терисига ҳеч нарса теккизмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Учинчи одоб – қурбонлик қилишда айб ва нуқсони бор ҳайвонни қурбонлик қилишдан сақланиш.
Тўртинчи одоб – қурбонликни ўз қўли билан қилиш. Қурбонлик қилувчи ўз қўли билан сўйиши мустаҳабдир. Аммо ўзи сўйишни билмаса ёки бошқа сабабларга кўра ўзи сўймасдан, бошқага сўйдиришнинг зарари йўқ.
Бешинчи одоб – қурбонликнинг вақтини риоя қилиш.
Олтинчи одоб — сўйиш одобларига риоя қилиш.

Ҳайвонларни сўйишнинг ўзига хос одоблари, мустаҳаблари бордир. Туяни тик турган ҳолида олдинги чап оёғини боғлаб, бўйнининг пастидан, кўкраги тамондан сўйиш, қорамол ва қўйларни эса чап томони билан ётқизиб, томоғининг тагидан сўйиш, пичоқнинг ўткир бўлиши, уни сўйиладиган ҳайвоннинг олдида ўткирламаслик, бошқа ҳайвоннинг кўз олдида сўймаслик шулар жумласидандир.

Аллоҳ таоло қилаётган ҳар бир амалимиз қаторида ушбу қурбонликларимизни ҳам Ўзининг ризолиги учун қилинган ибодатлар қаторида қабул айласин!

Даврон НУРМУҲАММАД