Қадимий Деҳлидаги машҳур “Жоме” масжиди Шоҳжаҳон ташаббуси билан 1656 йилда қуриб битказилган. Иншоот қурилишида беш минг нафар ишчилар олти йил мобайнида хизмат қилишган. Унинг асл номи “дунё вакили бўлган масжид”дир. Ҳовлисига йигирма беш минг намозхон сиғади. Кийик терисига ёзилган Қуръони карим нусхаси мажсиднинг асосий ёдгорлиги саналади.
Шоҳжаҳон томонидан “Жоме” масжидга Бош имом этиб Сайид Aбдулғофур Шоҳ Бухорий тайинланади. У буюк бобокалонимиз, муҳаддис илмининг султони Имом ал-Бухорий авлодларидандир. Буни қарангки, “Жоме” масжиди ташкил топгандан ҳозирги вақтга қадар 13 нафар имом айнан Бухорий нисбасига эга бўлган.
Бундан ташқари, Шоҳжаҳон Aгра, Aжмер ва Лаҳорда ҳам бир қанча масжидлар бунёд эттирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Тарихчилар Усмонли султонларининг ҳаж зиёратига бормаганига икки сабабни кўрсатадилар:
1. Хавфсизлик муаммолари:
Султонлар ҳаж сафарига боришда хавфсизлик муаммоларига дуч келган бўлишлари мумкин. Улар учун ҳажга бориш оддий одамларникидан фарқли равишда мураккаб бўлган, чунки султоннинг йўлда ҳужумга учраш хавфи катта эди. Бу ҳолат катта қўшин билан сафар қилишни талаб қиларди. Ҳаж ниятида йўлга чиқиб қон тўкишга сабаб бўлмаслигини афзал билганлар.
2. Давлат бошқарувидаги масъулият:
Султонлар мамлакатни муддатсиз тарк этиш хавфли деб ҳисоблашган. Ҳаж сафарлари бир неча ой давом этгани сабабли, давлатни ҳукмдорсиз қолдириш анархия ва сиёсий беқарорликка олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун султонлар ҳаж ўрнига давлат бошқаруви ва харбий юришларга устунлик берганлар.
Вақт ўтиши билан Усмонлилар сулоласига бу анъанага айланди. Султонлар “ҳажжи бадал” қилишни тайинлаган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Усмоний султонлари Макка ва Мадинага доим эътибор қаратган. Улар ҳар йили хайрия карвонларини жўнатиб, муқаддас шаҳарларнинг аҳолисига молиявий ёрдам кўрсатганлар ва Ҳарамайн масжидларини таъмирлаб, кенгайтириб турганлар.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.